Абул Ҳасан ал-Ашъарий

Lotin alifbosida

Абул Ҳасан ал-Ашъарий (260-330/873-941).

Абул Ҳасан Али ибн Исмоил ибн Исҳоқ ибн Солим ибн Абдуллоҳ ибн Мусо ибн Билол ибн Абу Бурда ибн Абу Мусо ал-Ашъарий Басра шаҳрида 260/873 йилда таваллуд топган. Абул Ҳасан ал-Ашъарий нисбани катта бобоси, сулола асосчиси – машҳур саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий (601-665)дан олган.

Абул Ҳасан ал-Ашъарий бошланғич сабоқларни ўз отасидан олган, кейинчалик ўз замонасининг таниқли олимларидан Абу Исҳоқ ал-Марвазий (вафоти 376/986) ва Ибн Сурайж (вафоти 371/981)дан фиқҳ илмини, Закариё ибн Яҳё ас-Сожий (835-920)дан ҳадис илмини ўрганади.

Эътиқод масъалаларини у мўътазилийа таълимотининг йирик вакили Абу Али ал-Жубоъий (850-917)дан ўрганиб, қирқ ёшигача мўътазилий бўлиб юрган. Лекин уни мазкур эътиқодий таълимот тўла қониқтирмас эди. Бир куни устози ал-Жубоъийдан уч ака-ука ҳақида савол сўрайди. Улардан биринчиси узоқ умр кўриб, умрини тоат-ибодатда ўтказган. Иккинчиси ҳам узоқ умр кўрган, лекин умрини гуноҳ ва маъсиятда ўтказган. Учинчиси эса ёш сағирлигида ўлиб кетган. Савол уларнинг қиёматдаги ҳолати ҳақида эди. ал-Жубоъий биринчиси умрини тоат-ибодатда ўтказгани учун жаннатга тушишини, иккинчиси эса умрини гуноҳ-маъсиятда ўтказгани учун дўзахга ҳукм этилишини, учинчиси эса тоат ҳам, гуноҳ ҳам қилмагани учун жаннатга ҳам, дўзахга ҳам кирмаслигини айтади. Абул Ҳасан ал-Ашъарий устозига эътироз билдириб:

“Аросатда қолган ука: “Агар мен катта акам сингари узоқ яшаганимда тоат-ибодат қилиб жаннатга киришим мумкин эди” деса, нима бўлади?” дейди.

ал-Жубоъий унинг эътирозига: “Аллоҳ унга: “Сенга узоқ умр берилганида, кичик аканг сингари гуноҳ-маъсият билан умр ўтказар эдинг. Мен буни олдиндан билиб, сени норасидалигингда вафот қилдирдим” дейди”—деб жавоб беради.

Шунда ал-Ашъарий: “Ундай бўлса, кичик ака: “Мен гуноҳкор банда бўлдим ва шу боис дўзахга маҳкумман. Мен ҳам норасидалигимда ўлдириб юборганингда, дўзахга кирмас эдим”, деб нолиса нима бўлади?” дейди.

Бу ҳақли эътирозга ал-Жубоъий жавоб бера олмайди. Мана шу хилдаги савол-жавоблар натижаси ўлароқ Абул Ҳасан ал-Ашъарий бу эътиқоддан воз кечади ва бутун умрини мўътазилийлар таълимотига қарши раддиялар қилишга бағишлайди.

Шундан кейин Абул Ҳасан ал-Ашъарий ўз шаҳри Басрадан Боғдодга кўчиб келади ва умрининг охиригача ушбу шаҳарда қолади. У Боғдод шаҳрида 330/941 йилда вафот этган. Баъзи тадқиқотчилар уни 324/936 йилда вафот қилган, деб айтганлар.

Абул Ҳасан ал-Ашъарий аҳли суннат ва жамоанинг ашъария эътиқодий таълимотига асос солади. Ашъарий яшаган даврда Самарқандда Абу Мансур ал-Мотуридий (вафоти 334/945) ҳам мотуридия таълимотини яратаётган эди.

Икки замондош имом бир-бирлари билан учрашмаган бўлсалар-да, уларнинг ақоидий қарашлари деярли бир хил чиққан. Айрим жузъий масалаларда лафзий ихтилофлар бўлиб, уларнинг асл мақсади бирдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, китобларда “мотуридиййа мазҳаби”, “ашъариййа мазҳаби” деган атамалар учраб қолади. Бундан имом Мотуридий ва имом Ашъарий алаҳида-алоҳида ақоидий мазҳаб тузишган, деган тушунча олиш тўғри эмас. Бу икки имом асло алоҳида мазҳаб тузган эмаслар. Балки, имом Мотуридий имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг илми каломга доир таълимотини ривожлантирган. Имом Ашъарий эса имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳнинг эътиқодий қарашларини ёйган.

Мазкур икки буюк таълимот бутун ислом оламида кенг тарқалди ва асрлар давомида мусулмонларни соф исломий эътиқодда бардавом бўлишига, ҳар хил эътиқодий оқимлар таъсирига тушиб қолмасликка, оят ва ҳадисларнинг маъноларини тўғри англаб, ҳаётга татбиқ этиб келишларига сабабчи бўлди.

Абул Ҳасан ал-Ашъарий элликдан ортиқ, юзга яқин асарлар ёзган бўлиб, уларнинг айримлари қуйидагилар:

1.“ал-Фусул фий ар-радд ъала ал-мулҳидин” (Худосизларга нисбатан раддиялар тафсилоти). Мазкур асарда Аллоҳга ишонмайдиганларга раддиялар, уларнинг ақидаларининг ботиллигини исботлайдиган далиллар баён этилган.

2.“ар-Радд ъала ал-мужассама” (Жисм дегувчиларга раддия). Аллоҳни жисм деб биладиган оқимларга нисбатан раддиялар берилган.

3.“Ийзоҳ ал-бурҳон фий ар-радд ъала аҳл аз-зайғ ва ат-туғён” (Адашиб, бурилиб кетганларга раддия борасида ҳужжатлар изоҳи). Мазкур асарда Абул Ҳасан ал-Ашъарий аҳли суннат ва жамоа ақидаларидан четга чиққан ўз даврида мавжуд оқим ва фирқаларга раддиялар берган.

4.“ан-Нақс ъала ал-Жубоъий” (ал-Жубоъийга нуқсон). Мазкур асарида муаллиф бир вақтлар устози бўлган мўътазилий ал-Жубоъий (850-917)нинг фикрлари ноқис эканлигини баён этган.

5.“Мақолот ал-мулҳидин” (Худосизларнинг гаплари). Мазкур асарида Абул Ҳасан ал-Ашъарий худосизларнинг гаплари ва фикрлари нималардан иборат эканлигини айтиб, уларга қарши фикрлар билдирган.

6.“Тафсиру Абул Ҳасан” (ал-Ашъарийнинг тафсири). Мазкур асар Қуръони каримнинг тафсирига бағишланган.

7.“Имомату Абу Бакр ас-Сиддиқ” (Абу Бакр ас-Сиддиқнинг халифалиги). Мазкур асарда энг улуғ саҳобий, биринчи халифа Абу Бакр ас-Сиддиқ (571-634)нинг халифалиги қонуний бўлганлиги исботланиб, шиаларнинг бу борадаги фикрларига қарши ҳужжатлар келтирилган.

8.“Халқ ал-аъмол” (Амалларнинг яратилгани). Мазкур асарида ал-Ашъарий инсон амаллари Аллоҳ томонидан яратилиши, инсон фақат уларни касб қилиб олиши, инсон оддий бажарувчи эканлигини баён қилади.

9.“ас-Сифаот” (Сифатлар). Мазкур асарида ал-Ашъарий Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида сўз юритади. Уларнинг азалий ва абадий сифат эканлигини исботлайди.

10.“ал-Иститоъа” (Имконият). Ушбу асарида Абул Ҳасан ал-Ашъарий аҳли суннат ва жамоанинг асосий эътиқодий баҳсларидан бўлмиш масъалага тўхталган. Иститоъат бу инсоннинг яхши ёки ёмон ишни қилишга бўлган имконияти, куч-қудрати, қувватидир. Ана шу имкониятига яраша инсон амалларни адо қилади.

Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг соф исломий ақидани мусулмонларга етказишдаги хизматлари беқиёсдир, унинг ақидавий таълимоти ҳозиргача мусулмонлар тмонидан маҳкам ушланиб келинмоқда.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *