ИМОМ МОЛИК

17243Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ  – жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафдан жаннат башоратини олган Аҳли суннат жамоасининг тўрт буюк фиқҳий йўналишидан бири – Моликийлик мазҳабининг раиси ва асосчиси, Шайҳ ул-ислом, уммат ҳужжати, ҳижрат диёри – Мадинаи мунаввара имомидир.

Тўлиқ исми:  Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ибн Ҳорис ал-Асбаҳий.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг туғилган санаси ҳақида турли фикрлар бўлиб, улар ичида имом Заҳабийнинг “Сияр”даги қавлига кўра, энг ишончлиси ҳижрий 90 (мелодий 709) йили табаъа тобеинлар даврида Мадинаи мунаввара шаҳрида туғилган. Худди шу йили Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходими машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу вафот этган эди.

Имом Молик дунёга келган ҳонадон илм ва ҳадис ривояти билан машғул зиёлилар оиласи эди. Онаси Олия бинт Шурайк оқила, фозила аёл бўлиб имом Моликнинг ҳаёт йўлини танлашида ўрни беқиёс катта бўлган. Бобоси Молик, отаси Анас ва амакиси Суҳайл ҳадис ривоят қилардилар. Оталари ичида биринчи бўлиб Ислом динига Абу Омир кирган. Унинг саҳобалигида ихтилоф бор. Баъзилар саҳоба деган, баъзилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришмаган деган. Лекин асри саодатда яшагани аниқ.

Қози Ийёз раҳимаҳуллоҳ Абу Омирни саҳобалар қаторида санаган ва Бадрдан ташқари барча ғазотларда қатнашган, деган.

Имом Зарқонийнинг зикр қилишича, имом Молик ибн Анаснинг Бобоси Молик тобеинларнинг улуғларидан бўлган. Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг дафн ишларида мутасаддилардан бўлган. Молик ибн  Абу Омир ҳижрий етмиш тўртинчи санада вафот этган.

Имом Моликнинг зеҳнлари жуда ҳам ўткир эди. Тезда Қуръони Каримни ёд олдилар. Бир эшитишларида ўттизта ҳадисни ёд олар эдилар. Қуръони каримни ёд олиб бўлгач, ўз истаги ва оиласининг ташвиқлари билан илм ўрганишни бошлайди. Бу ишда унга энг кўп онаси Олия ҳоним қизиқиш кўрсатди. Онасига илм ўрганишга бормоқчи эканлигини айтганида, унга энг гўзал либосларини кийдириб, салласини ўраб “Энди бор, ўқи, ёз” деган экан.

Бундан ташқари, Олия ҳоним ўғли Моликка замонасининг машҳур олими Робиатур Райнинг ёнига боришини, ундан илм ва одоб ўрганишини тайинлайди. Бу ташвиқот билан имом Молик Робиа ибн Абдуррахмоннинг дарсларига қатнашиб, ёшлигида раъйга (мужтаҳид ислом олимларининг очиқча билдирмаган бир масала ҳақида диний далиллардан, яъни Қуръони карим, ҳадис ва ижмодан чиқарган ҳукмлари) асосланган фиқҳ илмини ўрганди. Бошқа олимларнинг ҳам дарсларига қатнашди. Айниқса, ёнидан ҳеч айрилмаган устози Абдуррахмон ибн Хуррузнинг дарсларидан кўп фойдаланади.

Бу устози ҳақида шундай деганди: Ибн Хуррузнинг дарсларига ўн уч йил қатнашдим. Ундан шундай илмлар ўргандимки, уларнинг бир қисмини ҳеч кимга айтолмайман. У бидъат аҳлига раддия бериш ва инсонлар ихтилофли масалалар хусусида уларнинг энг билимдони эди.

Имом Молик замонидаги бутун олимлардан унумли фойдаланган ва илм бобида буюк фидокорлик кўрсатган эди. Бу йўлда ҳар турли қийинчиликларга сабр қилиб, борини сарфлаган, ҳатто таҳсил олиш учун уйини ҳам сотган эди.

Талабалик даври ҳақида ўзи шундай дейди: “Пешин вақти ҳазрати Умарнинг ўғли Абддуллоҳ озод этган Нафлнинг олдига борардим ва дарвозаси олдида кутардим. Нафл ҳазрати Умардан нақл этилган илмларни ва унинг ўғли Абдуллоҳнинг илмини олган олим эди. Унинг дарвозаси олдида кутар эканман, қуёшнинг шиддатли иссиғидан сақланишга соя жой топа олмасдим. Нафл ташқарига чиққанида одоб билан салом бериб, уни ранжитмасдан ортидан уйга кирардим. Сўнгра “Абдуллоҳ ибн Умар шу масалаларда нима деган?” деб сўрардим. У саволларимга жавоб берарди.” Шу тариқа ундан илм олардим.

Имом Молик устози Нафлдан ҳазрати Умарнинг ва ўғли Абдуллоҳнинг илмларини ўзлаштирди. Бундан ташқари, Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий ва Саййид ибн ал-Мусаййиб каби Тобеъинлардан илм ўрганганди. Имом Молик талабалик даври ҳикояларида шундай дейди:

Ҳайт кунларидан бир байрам куни эди. Ҳайит намозини ўқигандан кейин “бугун Ибн Шиҳобнинг бўш вақти бўлса керак”, деб тўғри унинг уйига бориб, эшигининг олдида ўтирдим. Хизматчисига “эшикнинг олдида ким бор, қара” деганини эшитдим. Хизматчи келиб “Буғдойранг юзли талабангиз кутиб турибди экан” дегач, у “Дарҳол ичкарига олинглар” деди. Мени ичкарига киритдилар. Бироз кутдим, сўнгра Ибн Шиҳоб ёнимга келиб “Уйингга бормасдан тўғри шу ерга келибсанда, ҳали ҳеч нарса емагандирсан, шундайми?” деди ва мен “Йўқ” дегунимча овқат тайёрлашга амр қилди. Мен “Овқатга ҳожат йўқ” деб қаршилик кўрсатдим. У: “У ҳолда нима истайсан, қани гапир” деди. Мен ҳадис ўрганмоқчи эканлигимни айтдим. У “Ёзадиган нарсаларингни ол” деди. Мен дафтаримни олдим ва менга қирқта ҳадиси шариф ёздирди. Яна бироз айтишини истагандим “Ҳозирча шу етарли” деди.

Имом Моликнинг устозларидан яна бир Жаъфари Содиқ ҳазратлари бўлган. Бу ҳақда ўзи шундай ҳикоя қилади:

Жаъфар ибн Муҳаммаднинг олдига қатнардим. У жуда юмшоқ ва очиқ чеҳрали эди. Ёнида Расулуллоҳнинг исми эсланса юзи порлаб кетарди. Унинг мажлисига узоқ вақт қатнадим. Қачон бормай, ё намоз ўқиётган, ё рўза тутган ёки Қуръони карим ўқиётган бўларди. Таҳоратсиз ҳадиси шариф ривоят қилмасди. Маъносиз лағв сўзларни ҳеч оғзига олмасди. У тақво соҳиби, зоҳид, обид ва олимлардан эди. Ёнига келганимда суяниб ўтирган ёстиғини олиб, менга берарди.

Имом Молик яна имом Зуҳрий, Яҳё ибн Саид, Муҳаммад ибн Мункадир, Ҳишам ибн Амр, Зайд ибн Аслам, Робиа ибн Абдуррахмон ва кўплаб бошқа буюк олимлардан илм олади. Уч юз нафар Тобеъиндан, олти юз нафар табаъа тобеинлардан, жами тўққиз юз нафар устоздан ҳадис олган. Бундан ташқари, Саҳобалардан Умар ибн Хаттоб, ҳазрати Усмон, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдурахмон ибн Авф, Зайд ибн Собитнинг ва бошқа илоҳий ваҳий нузулига гувоҳ бўлган саҳобаларнинг фатволарини ҳамда ўзи кўришолмаган Тобеъинларнинг фатволарини ҳам ўрганди. Имом Молик илм ўрганишни бошлаганда ёши ўндан салгина ўтган эди. У ёшлик даврини ғанимат билар ва вақтининг асосий қисмини илм ўрганишга сарфларди. Кўрсатилган катта ғайрат ва тиришқоқлик натижасида имом Молик 21 ёшга етган ўспирин даврида фатво бериш даражасига етишади. У кишининг таълим ва тадрисга лаёқатли мутахасис бўлиб етишганига етмиш нафар замона олимлари гувоҳлик беради. Шундан кейин устозлари ва замонасининг фазилатли олимлари билан маслаҳатлашиб, уларнинг дуо-фотиҳаларини олгач, атрофига талабалар тўплаб таълим-тадрис ишига киришади.

Имом Моликнинг шуҳрати атроф ўлкаларга ёйилиб, турли ерлардан мусулмонлар илм талабида Мадинага ёпирила бошлайди. Шу тариқа у киши “Мадина олими”, “Ҳижрат диёрининг имоми” каби номлар билан довруғи оламга ёйилади.

Имом Молик тадрис ишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидида бошлаганлар. У киши табаррукан ҳазрати Умар ўтирган жойда ўтирар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд яшаган уйда яшарди. Шу тариқа улар яшаган муҳитда бўларди.

Ал-Воқидий айтади: Имом Молик масжидга келар, беш вақт ва жаноза намозларида бўларди. Хасталарни зиёрат қилар, керакли ишларини қилар, сўнгра масжидга келиб ўтирарди. Бу вақтда талабалари атрофига тўпланиб, дарс оларди. Анчадан кейин соғлиги сабабли уйида дарс беришга ўтдилар.

Ҳаж мавсумидан ташқари, бошқа вақтларда Мадиналиклардан истаган киши унинг дарсига қатнаша оларди. Дарсларни бутунлай уйида беришни бошлагандан кейин ҳаж мавсумида дарс тинглашга келганлар шунчалик кўп бўлардики, келганлар уйга сиғмасди. Шунинг учун аввал Мадиналикларни қабул қилиб, уларга ҳадис ривояти ва фатво бериб бўлгандан кейин навбати билан бошқаларни қабул қиларди.

Имом Молик ҳазратлари дарсларида виқорли ва жиддий бўлиб, кераксиз гапларни умуман гапирмасди. Бу одобни илм таҳсил олаётганлар учун ҳам шарт қилиб қўярди.

Агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, аввал таҳорат қилар, ўриндиққа яхшилаб жойлашиб олиб, сақолларини тартибга келтирар ва виқору ҳайбат билан ўтириб, ҳадис айтишни бошлар эдилар. У кишидан: «Нима учун бундай қиласиз?» деб сўрашса, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман», дер эканлар.

Имом Молик ҳазратлари эллик йил давомида дарс ва фатво бериш билан инсонларнинг мушкулларини осон қилди ҳамда талабалар етиштирди. Унинг талабаларидан ҳар бири мамлакатларининг мурожат этилувчи олимлари ва раҳбарлари бўлдилар.  У киши Имом Авзоъий, Имом Шофеъий, Яҳё ибн Саид каби машҳур олимларга устозлик қилдилар.

Имом Молик ҳазратлари тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмида буюк олим эди. Тафсир илмида ояти карималардан минглаб диний ҳукмлар чиқарган буюк муфассир ва мужтаҳид эди.

Ҳадис илмида эса жуда машҳур олим ва муҳаддис бўлиб етишган. Амир ибн Абудуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом, Нуайм ибн Абдуллоҳ, Зайд ибн Ашлам, Нафл Мавло ибн Умар, Салама ибн Динор, Кади Шурайк ибн Абдуллоҳ Наҳоий, Солиҳ ибн Кайсан, имом Зуҳрий, Сафвон ибн Салим ва бошқа кўплаб ҳадис олимларидан ҳадис ривоят этган эди.

Имом Молик Мадинаи Мунавварадан бошқа ёққа чиқишни асло ёқтирмас эдилар. Ҳатто халифалар илтимос қилиб, Ироққа келишларини сўраганда ҳам рози бўлмаганлар. У киши Мадинаи Мунаввара ичида доимо пиёда юрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуссалари кўмилган шаҳарда улов минмайман, дер эдилар.

Имом Моликнинг одоби, устозларига хизмат ва эҳтироми, шогирд ва талбалари олдида ўзини тутиши, шариат ва суннатга қаттиқ эҳтимомла амали ва тақвоси у кишининг халқ орасида обрўсини орттирди, виқорли ва ҳайбатли қилди. Бу ҳақда Саид ибн Ҳинд Андалусий айтадиларки, «Мен халифа Абдураҳмон ибн Муовиядек ҳайбатли одамни кўрмаган эдим. Имом Моликнинг олдиларига кирганимда, у кишининг ҳайбати олдида Ибн Муовиянинг ҳайбати ҳеч нарса бўлмай қолди».

Имом Шамсуддин Заҳабий “Сияр” да қуйидаги ривоятни келтиради:

Маъан ибн Исо Абу Мунзир Зуҳайр Таймийдан ривоят қилади, у айтган: Убайдуллоҳ ибн Амр Саъид ибн Абу Ҳинддан айтади, у Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан, у деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Одамлар мағрибу машриқдан илм истагида чиқишади, улар Мадина олимидан кўра олимроқ одам топа олишмайди”.

Абу уйяна худди шу ҳадис ҳақида айтарди: бу ҳадисда кўзда тутилган ўша олим Саъид ибн Мусаййиб деб билардим. Вақти келиб фикрим ўзгарди ва у Салмон ибн Ясор дедим. Кейин бу фикримдан ҳам қайтдим ва Солим ибн Абдуллоҳ дедим. Фикрим яна ўзгшарди ва мен бу ҳадисда фақат ва фақат имом Молик кўзда тутилган, чунки у ўз даврида Мадинанинг беназир олими эди, деган қатъий қарорга келдим. Қози Ийёз раҳимаҳуллоҳ шу фикр энг тўғриси, деган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алйҳи ва саллам ва ул зотнинг икки соҳиби – Абу Бакр ва умар розияллоҳу анҳумадан кейин Мадинанинг энг кўзга кўринган олим бу Зайд ибн Собит ва Оиша онамиз, кейин Абдуллоҳ ибн Умар, кейин Саъид ибн Мусаййиб, кейин имом Зуҳрий, кейин Убайдуллоҳ ибн Умар, кейин Молик ибн Анас бўлган.

Ибн Уйяна: имом Молик Ҳижоз ўлкасининг олими ва замонасининг ҳужжати эди, деган.

Имом Молик  ибн Анас раҳимаҳуллоҳ илмий изланишлари билан бир қаторда савдо билан ҳам шуғулланган. Буюк имом Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарларига бўлган юксак муҳаббати сабаб Мадинадан узоқ кетмай яшади.  У киши то умрининг охиригача Мадинада қолдилар. Умрининг сўнгги дамида йигирма икки кун бемор бўлди.

Исмоил ибн Абу Увайс шундай деган: Имом Молик касал бўлиб қолди. Яқинларидан ўлими олдидан нима деди, деб сўрадим. Улар: шаҳодат калимасини айтгач Рум сурасининг “لِلَّهِ الْأَمْرُ مِن قَبْلُ وَمِن بَعْدُ” (…олдин ҳам кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир) оятини ўқиб жон берди, дейишди.

Имом Молик касаллик туфайли 179-ҳижрий (милодий 803) йилда 89 ёшида Робиъул аввал ойининг ўн тўртинчи куни, душанба тонгда вафот этди. Унинг жанозасини Амир Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос Ҳошимий ўқиб берди. У кишини Мадинаи мунавварадаги машҳур “Бақиъ” қабристонига дафн этилган.

Имом Моликнинг уч нафар фарзанди бўлган. Икки ўғил ва бир қиз. Ўғилларининг исми Яҳё ва Муҳаммад, қизи эса Фотима деб номланган. Қизини ўзининг синглиси ва амакисининг ўғлига келин қилиб берган. Куёви Исмоил Ибн Абу Увайс. Синглиси амакисининг ўғлига турмушга чиққан уларнинг Исмоил деган ўғлига имом Моликнинг қизи Фотимани узатишган.

Ш. МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу-Ҳурайра” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *