РОССИЯ ВА КОРЕЯ КАБИ ЮРТЛАРДАГИ ГЎШТ МАСАЛАСИ

23dae32ed0deb6861712d8bf7c88220eСавол:

Мен ва яқинларим Москвада ишлаймиз. Бизлар магазиндан товуқ гўштини олиб ейишга тўғри келади. Шу товуқ гўштини ейиш масаласи бўйича бир тушунча берсангиз.

Жавоб:

Москва, умуман, Россия ва Европа, Корея ва Хитой мамлакатлари бўлмиш асли кофирлар юртида, мусулмонобод бўлмаган юртда яшаётган мусулмонлар умумий дўкон ва бозорлардан гўшт сотиб олишлари жоиз эмас. Чунки, кофир ва мушрикларнинг сўйган гўштлари – гарчи у сигир, туя, қўй ва товуқ бўлса ҳам, ҳаром бўлади. Сигир, туя, қўй ва товуқ кабиларнинг гўшти қачонки “бисмиллоҳ” айтиб сўйилсагина ҳалол бўлади, акс ҳолда ҳаром бўлади. Кофиристон юртида агар шу гўшт ҳалол эканлигига исбот бўлса, “Ҳалол” сертификати бўлса, у ҳолда уларни сотиб олиб, истеъмол қилиш мумкин. Россия ёки Корея каби мамлакатларда яшовчи мусулмонлар, у ерга ишлашга кетаётганлар, энг аввало, ибодатини қаерда қилиши ва гўштининг ҳалол топишлиги имконияти бор-йўқлигини суриштиришлари ва шунга шароит бўлгандагина у ёққа сафарга отланишлари керак. У ерга боргандан кейин масжидлар топиб, у ердаги имом-домлалар, масжид ходимлари ва намозхон мусулмонлардан ҳалол гўшт топишга ёрдам беришларини сўрашлари даркор. Зотан, бир луқма ҳаромни емаслик бутун дунё ва дунёдаги бор нарсаларда яхшироқдир! Сўфи Аллоҳёр бобомиз: “Тарки як зарра шубҳа дар маҳшар, Беҳ зи сад ҳаж бигуфт Пайғомбар!” (“Бир зарра миқдоридаги шубҳани тарк қилиш – қиёматда юзта ҳаждан кўра яхшироқ!”), деган байтни айтганлар.
Айрим кишилар “Саҳиҳи Бухорий”даги қуйидаги ҳадиси шарифни далил қилишиб, гўштни “бисмиллоҳ” айтиб еявериш мумкин, у кофирлар юртида ҳам ҳалол бўлади, дейишади. “Саҳиҳи Бухорий”да қуйидаги ҳадис келтирилган:

أَنَّ قَوْمًا قَالُوا لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ قَوْمًا يَأْتُونَا بِاللَّحْمِ لَا نَدْرِي أَذُكِرَ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ أَمْ لَا فَقَالَ سَمُّوا عَلَيْهِ أَنْتُمْ وَكُلُوهُ قَالَتْ وَكَانُوا حَدِيثِي عَهْدٍ بِالْكُفْرِ

“Бир гуруҳ одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, “Одамлар бизга гўшт келтиришади. Уларнинг “бисмиллоҳ” айтган-айтмаганини билмаймиз”, дейишди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга сизлар “бисмиллоҳ” айтинг-да, уни еяверинглар!”, дедилар. Бу куфрдан янги чиққанларнинг даври эди” (Бухорий, 7/5507).
Мазкур ҳадисни кофирлар юртида ҳам гўштни бемалол сотиб олиб, уни “бисмиллоҳ” айтиб еявериш мумкин, деб далил қилиш бир неча жиҳатлардан тўғри эмас. Бу ерда қуйидаги бир қанча ҳолатларга эътибор бериш керак бўлади:
Биринчидан, бу воқеа исломнинг илк даврларида, ислом ибтидосида бўлиб ўтган. Бу ҳадиси шарифнинг ўзида ҳам қайд қилинган. Саҳрода яшовчи, исломни илк қабул қилган бадавий араблар шаҳарларга гўшт олиб келиб сотишарди. Шу гўштларнинг ҳукми бу ерда сўралган. У араблар саҳрода яшаса ҳам мусулмон бўлганлари учун сўйганлари ўз-ўзидан ҳалол деб ҳукм қилинган. Уларнинг жонлиқ сўйганида “бисмиллоҳ”ни айтиб сўйиш-сўймаслигини суриштиришга ҳожат бўлмаган. Саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан уларнинг жонлиқ сўйганида “бисмиллоҳ”ни айтиб сўйиш-сўймаслигини суриштиришга ҳожат борми-йўқми эканини сўрашган. Шахсан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари яшаётган даврда, ислом диёридаги умумий ҳукм ҳақида бу ҳадисда маълумот берилган.
Иккинчидан, айтганимиздек, бу ислом диёрида бўлиб ўтган ҳодиса ва мусулмонобод юртга нисбатан айтилаётган умумий ҳукм ҳисобланади. Ҳақиқатдан ҳам, мусулмонлар юртида ва мусулмонларнинг бозорларида сотилаётган гўштларнинг ҳалол сўйилган-сўйилмаганини, “бисмиллоҳ” айтилган-айтилмаганини суриштиришга ҳожат йўқ. Масалан, туғилиб-ўсган туманимиз бозорида мол, қўй ёки товуқ гўштининг ҳалол сўйилган-сўйилмаганини суриштирга ҳожат йўқ, мусулмонобод юрт бўлгани боис гўшт сотиб олиб ейилаверади. Мусулмонларнинг бозорида гўшт сотаётган одамнинг мусулмонлигининг ўзи гўштнинг “бисмиллоҳ” айтиб сўйилганига далолат қилади. Демак, мусулмонларнинг бозорида мусулмон қассоб, агар туя, мол, қўй ва товуқ каби гўшти шариатда ҳалол қилинган жонлиқларнинг гўштини сотаётган бўлса, демак, уларни сотиб олиб еявериш мумкин. Кимдир, шунга ҳам шубҳа билдириб, ўзи аниқ билган қассобдан гўшт сотиб олмоқчи бўлса, бу унинг ўзининг иши. Бу ерда фатво бошқа, тақво бошқа.
Учинчидан, шариатда: اَلْأَصْلُ فِى الْأَشْيَاءِ اَلْإِبَاحَةُ – “Барча нарсалар аслида мубоҳ (ҳалол)дир”, деган қоида мавжуд. Уни ҳаромга айлантириш учун аниқ далил бўлиши керак. Ҳаромлигига аниқ далил бўлмаган барча нарсалар мубоҳ (ҳалол) дейилади. Шак-шубҳа билан ҳалол нарса ҳаромга айланиб қолмайди. Чунки, لَا عِبْرَةَ لِلتَّوَهُّمِ – “Тахмин-шубҳанинг ва ваҳима қилишнинг эътибори йўқ!”, деган фиқҳий қоида бор. Бироқ, гўштларнинг ҳукми бунинг тескариси. Яъни, гўштлар аслида ҳаром ҳисобланади. Ҳатто туя, мол, қўй ва товуқ гўштлари ҳам асли ҳаром. Уларнинг ҳалолга айлантирадиган аниқ далили бўлиши шарт. Акс ҳолда, аслидек ҳаром бўлиб тураверади. Чунки, اَلْيَقِينُ لَا يَزُولُ بِالشَّكِّ – “Аниқлик шак-шубҳа билан йўқолмайди!”, деган фиқҳий қоида бор. Аниқ ҳаром нарса “бисмиллоҳ” айтилганмикин, деган шубҳа билан ҳалол бўлиб қолмайди. Гўштни ҳалолга айлантирадиган нарса “бисмиллоҳ” айтиб сўйилган бўлишидир. Мусулмонларнинг “бисмиллоҳ” айтиб сўйишлари аниқ, чунки, улар шунга буюрилган. Кофирларнинг эса “бисмиллоҳ” айтмаслиги аниқ, чунки, улар бундай ҳукмнинг борлигини ҳам билишмайди. Демак, мусулмонларнинг сўйгани ўз-ўзидан ҳалол экани ҳамда кофир ва мушрикларнинг сўйгани ўз-ўзидан ҳаром экани аниқ!
Тўртинчидан, кофиристонда мусулмонлар юртидан олиб келиб мусулмонлар томонидан сотилаётган гўштлар ҳам бўлиши мумкин. Сотувчи ўз маҳсулоти борасида берган гувоҳлиги ўтмайди, деган фиқҳий қоида бор. Чунки, у ўз гўштини ўтказиш учун айтаётган бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан, кофиристон диёрида сотилаётган ўз гўштлари борасидаги сотувчининг гувоҳликлари инобатга олинмайди. Сотувчининг гапи билан эмас, бошқа далил ва ҳужжатлар билан унинг ҳалоллиги аниқланиши керак.
Бешинчидан, шариатда китобий бўлган ғайридиннинг сўйгани ҳалол, деган қоида борлигини пеш қилиб, кофиристондаги гўштларни ҳалолга чиқариш тўғри эмас. Китобий бўлган ғайридин деганда фақат насроний христианлар ва яҳудий жуҳудлар тушунилади. “Қуръон”да ҳақиқатдан ҳам қуйидаги ояти карима бор:


الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ

“Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир” (Моида, 5).
Бугунги мусулмонларга ҳам ишонч йўқолиб бораётган бир даврда кофир ва мушриклар у ёқда турсин, аҳли китоб бўлган насроний христианлар ва яҳудий жуҳудларга мутлақо ишонч йўқдир! Бу оятда аҳли китобларнинг сўйганларининг ҳалол қилинишининг сабаби, улар ўз динларига амал қилишадиган бўлса, “бисмиллоҳ” (яъни, унинг маъноси бўлмиш Аллоҳ номи билан) сўйишга қаттиқ бўйсинишлари эди. Бироқ, вақтлар ўтиб, улар динларидаги шу каби ҳукмларни унутишиб, динларидаги ҳукмларни ўзгартириб, ўзгарганига ҳам амал қилишмайдиган бўлишди. Жонлиқларни Аллоҳнинг исми билан сўйиш у ёқда турсин, уларда электр токи каби нарсалар билан ҳаром ўлдириб бўлиб сўйиш оммалашди. Ҳатто Европадаги айрим давлатларда жонлиқларни мусулмончасига ҳалоллаб сўйиш қонунан таъқиқлаб қўйилди. Шунинг учун ҳам, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу саҳиҳ ривоятга кўра, ўз давридаёқ бундай деб кўрсатма берганлар:

لَا تَأْكُلُوا ذَبَائِحَ نَصَارَى بَنِي تَغْلِبَ فَإِنَّهُمْ لَمْ يَتَمَسَّكُوا مِنْ دِينِهِمْ إِلَّا بِشُرْبِ الْخَمْرِ

“Бани тағлиблик насронийларнинг сўйган жонлиқларини еманглар. Чунки, улар ўз динларидан фақат ароқ ичишнигина ушлаб қолганлар” (Шофеъий, 1/1594; Абдурраззоқ, 4/8570; Ибн Абу Шайба, 4/10034-10035; Таҳовий, 13/5341; Байҳақий, 9/18579; Табарий, 2/1612).
Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ “Мушкил ал-асор” асарларида эса саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг мажусий ўтпарастлар ва араб насронийларининг сўйган жонлиқ гўштларини ейишдан қайтарганликларини ҳам ривоят қилганлар (13/5342).
Юқоридаги маълумотлардан ХУЛОСА қиладиган бўлсак, Россия, Европа, Корея ва Хитой каби асли кофиристон бўлган юртларда юрган ватандошларимиз еяётган гўштларига ниҳоят даражада эҳтиёт бўлишларини, ҳаромни ҳалолга чиқармасликларини, ҳаромдан ҳазар қилишиб, ўзларининг мусулмонлик бурчларини адо этишларини, барака ҳалолликда эканини унутмасликларини, гўштнинг ҳалоллигини аниқ билгандан кейин истеъмол қилишларини илтимос қиламиз. Ўзга юртларга сафарга чиқаётганларга озиқ-овқати, хусусан, ейдиган гўштининг ҳалоллиги ва ҳалолдан топиши имкониятини режалаштириб олгандан сўнг отланишларини ўтинамиз. Ҳалол ва ҳаром масаласида саркашлик, қайсарлик, ўзбошимчалик, тортишув, ўзини оқлаш кабилар кетмайди. Яратган Парвардигори олам инсоф ва тавфиқдан айирмасин, тақво ва парҳезга муваффақ айласин! Омин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *