Бева ва мискинларга ёрдам берувчи кишининг мартабаси

12191101_1712192022371380_7584581078599809819_oИслом дини доимо заиф ва муҳтож инсонларга катта эътибор қаратади. Уларни оғирини енгил қилиш ва ҳолидан хабар олишни ибодатларнинг энг афзал даражасига кўтаради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

الساعي على الارملة و المسكين كالمجاهد في سبيل الله

“Бева ва мискинларга ёрдам берувчи киши Аллоҳ таолонинг йўлидаги мужоҳид кабидир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида мусулмонлар ўзаро ҳамжиҳат ва раҳмдил бўлишга, бева ва мискинлардан иборат муҳтож ва заифларга ёрдам беришга ундамоқда. Ва бу ишни қилган инсонларга катта савобларни хабарини бермоқда. Агар бир инсон бева ва мискинларга ўз молидан инфоқ қилса, ёки бўлмаса бошқа бировни уларга ёрдам беришга чорласа, гўёки у Аллоҳ таолонинг йўлида юрган мужоҳид каби бўлади ҳамда савобда иккаласи бир хил бўлади. Чунки, молни сарф қилишда нафсга мухолиф бўлиш ва Аллоҳ таолонинг розилигини талаб қилиш бор.
Ушбу ҳадиси шарифда мужоҳид билан бева ва мискинларга ёрдам берувчи кишини ўхшатилишининг сабаби иккиси ҳам нафс ва шайтонга ғолиб келади. Мужоҳид динини тирилтириш учун ҳаракат қилса, мискинларга ёрдам қилувчи инсон жонларни тирилтиришга ҳаракат қилади.
Мужоҳид Аллоҳ таолонинг йўлида жанг майдонида динини ҳимоя қилиб, ўз жони ва молини сарф қилади. Бева ва мискинларга ёрдам берувчи киши эса ҳаёт майдонида ҳаракат қилиб чарчайди, вақтини ва молини сарф қилади. Ўзининг аҳли оиласига ёки бўлмаса ўткинчи лаззат учун эмас балки, жамиятдаги муҳтож инсонларга ёрдам қилади. Натижада қилган ишлари туфайли Аллоҳ таолонинг розилигига эришади ва унинг мартабаси муқарраб бандалар даражасига кўтарилади.
Демак, биз мўмин мусулмонлар бундай савобли ишларга доимо шошилишни ва бу ишда мусобақалашишни ўзимизга лозим тутсак, улуғ ажру мукофотларга эришамиз шу билан бир қаторда жамиятда ночор ва заиф инсонларни камайишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Иншааллоҳ!

Андижон шаҳар «Чинор» жоме масжид имом-хатиби

Мўминов Авазбек

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *