Камолотда минг бало…

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

kamolotda-ming-balolarАгар сиз илм йўлига кириб юксак чўққиларни забт этишни мақсад қилган экансиз, шуни яхши билингки сизни бу йўлда оғир ва машаққатли синовлар кутади. Дўстларингиз сиздан юз ўгириб яккалаб қўйса, душманларингиз ғалаба қилса, касбу-корингиздан барака қочса, чаласавод ва жоҳиллар устингиздан кулса бунга асло парво қилманг ва кўзлаган олий мақсадингиз сари илдам қадам ташлашда давом этинг! Сабр-бардошли бўлинг! Асло мақсадингиздан чалғиб қолманг!

Илм аҳли ўз устида ишлаб, камалот сари интилар экан унинг бошига синов тарзида ҳар хил ташвишлар тушиши олдинги ўтган азизларнинг деярли барчасида бўлгани каби табиий бир ҳолдир. Тарихга назар солинг! Қайси пайғамбар қавму-қариндошлари ичида маломатга қолмаган?! Аллоҳнинг энг севимли қули Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёдга олинг, ахир ул зотни Ўз она ватанидан чиқиб кетишга мажбур қилмадиларми?! Расулуллоҳнинг бошига тушган бу каби кулфатлар Ул зотнинг деярли барча ворисларининг ҳам бошига тушган. Имомимиз Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Аҳмад, бобомиз имом Бухорийларнинг тортган азоб-уқубатлари, кўрган мусибатларини эсланг!

Атрофингиздаги ҳамкасб, ҳаммаслакларингиздан ўзиб тараққий қилар экансиз ортингиздан ҳасад, фитна, таъна-ю дашномлар таъқиб қилишига ҳам тайёр туринг. Иложи борича уларнинг фитнасига парво қилмасликка ҳаракат қилинг. Улар билан оввора бўлиб муҳим ишларингиз қолиб кетмасин! Илмий ишларингизда собитқадам бўлинг! Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтган эканлар:

هم يحسدوني شر الناس منزلة * من عاش في الناس يوما غير محسود

Улар менга одамларнинг энг ёмони бўлиб ҳасад қилишди

Одамлар ичида бирор кун ҳасад балосига учрамаганлари борми ўзи?!

Ҳанафий мазҳабимизда кўзга кўринган забардаст олимлардан шайҳ Мулла Али ҳазратлари ўзининг “Шамм ул-авориз фий замм ир-равофиз” аталмиш рисоласида шу мавзуга тўхталиб айтади:

و قد قيل من كمل من العلماء ابتلى بأربعة من الأشياء: «شماتة الأعداء و ملامة الأصدقاء و طعن الجهلاء و حسد العلماء

لكنني اقول كما قال وكيع من قول بديع الشعر

إن يحسدوني فإني غير لائمهم قبلي * من الناس أهل الفضل قد حسدوا

فدام  لي  و  لهم  ما  بي  و  ما  بهم * و مات  اكثرنا  غيظا  لما  وجدوا

Олдинги машойихлардан айтилган ҳақиқат бор: аҳли илмлар ичида комилликка эришганлар тўрт нарса билан синовдан ўтказилади:

1. Бошга тушган кулфатдан душманларнинг ҳурсандлиги;

2. Дўстларнинг маломат ва дашномлари;

3. Илмсиз жоҳилларнинг таъналари;

4. Олимларнинг ҳасадлари.

Лекин мен (бошига шу каби кулфат тушган зиёлилар қалбига таскин бериб) Вакиъ раҳматуллоҳи алайҳнинг айтган шеърини айтаман:

Гар менга ҳасад қилсалар-да мен улардан гина қилмасман

Мендан олдинги зиёлилар ҳам ҳасад балосига учраганку

Биз ўз фикр ва қарашларимизда бардавом бўлдик

Афсуски, аксаримиз ўзи эришган нарсага ғазабла ўтиб кетди.

Мавлоно Мулла Али. “Шамм ул-авориз фий замм ир-равофиз” 88 – Б.

Азиз дўстим! Сиз мисоли денгиз бўлинг, денгизга отилган тош унга зиғирча зиён қилмагани каби чаласавод фитначиларнинг фитнаси ҳам сизга салбий тасир этмасин! Аҳли илмлар ичида машҳур нақл бор:

أن من صنف فقد إستهدف

Кимки тасниф қилибди бас, нишон бўлибди!

Илмий омонатдорлик масъулиятини ҳис қилиб бирор илмий ишга қўл урсангиз шубҳасиз шу соҳа одамларининг нишонига айланасиз, сизга кимдир “гул” отар. Аммо “гул” отганлардан кўра “тош” отганлар кўп бўлади. Ахир Аллоҳтаолонинг каломини ўқиб берган Расулимизга “Бу олдингиларнинг эски сатрларидан бошқа ҳеч вақо эмас” дейишмаганмиди?! Илоҳий калом олдида сиз ожизнинг ёзган китоб ё мақолаларингиз нима бўлибди?!

Азиз дўстим! Сиз энг улуғ йўл—жаннат сари машаққатли синовлар билан ўраб чирмаб ташланган йўлдасиз. Йўл азоби оғир аммо мақсад олий! Мақсад ҳосил бўлганда тотган сониялик ҳузур-ҳаловат олдида унга қадар бўлган машаққатлар пашша қанотича ҳам бўлмай қолади! Шундай экан илм йўлида сиз учрашингиз мумкин бўлган минг-минг балолар сизни асло қўрқита олмасин!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *