Бир масала юзасидан менга савол йўллашди. Савол мазмунини қисқача айтадиган бўлсам, бир киши бошқа бирисига дейлик, 5 йил муддатга 50 миллион сўм қарз берган. Тўлов муддати келганда эса девальвация туфайли мазкур сумманинг бошқа валютага нисбатан беш йил олдинги қиймати ўзгарган. Мисол учун долларга нисбатан мазкур пулнинг қиймати пасайган. Энди, у мазкур сумманинг беш йил олдинги бошқа валютадаги қийматини ёки масалан тилла ва кумушдаги миқдорини талаб қилиб олса бўладими? Агар бундай қилса, сўмда 50 миллиондан кўпроқ пул ундириши мумкин. Бу иш шаръан жоизми?
Баъзи аҳли илмлар буни жоиз деб билсаларда, аммо, тўрт мазҳаб уламоларининг жумҳури, жумладан ҳанафий мазҳаби олимлари ҳам саволда айтилган ишни ножоиз ва шаръан ҳаромлигини таъкидлайдилар. Чунки, бунда рибо хавфи мавжуд. Бунга бўлади, деб фатво бериш, ҳақлар ейилишига олиб келади.
Валюталар орасидаги девальвация* ва ревальвация* ҳолатлари ёхуд валютанинг товарга нисбатан инфляция* ва дефляцияга* учраши бор ва бўлиб келган нарса. Қарз бераётганда албатта шу нарсаларни ҳисобга олиш керак. Ёки ўша вақтда қарзни ўзи учун асосий ва барқарор деб билган валютасида бериши керак.
Молиявий фиқҳимизда «пулнинг касодга учраши» масаласи бор. Аммо, у ҳам юқоридаги кўринишга тааллуқли эмас. Бизнинг масаламиз фиқҳдаги «ғалоу-н-нуқуди ва рухсуҳо» яъни «пулларнинг бир-бирига нисбатан қийматининг кўтарилиши ёки тушиши» масаласига дохил бўлиб, пулнинг буткул касод бўлиб, муомаладан чиқиб кетиши ёхуд муомалада бемалол бўлмай узилиб қолиши яъни фақат маълум шахслардагина мавжуд бўлиб, қўл етар даражада бўлмаслиги ҳолатига тааллуқли эмас.
Бирор истилоҳий* пулда маълум муддатга қарз берилгач, қарзни тўлаш муддати етиб келгунча ўша пул буткул муомаладан чиқиб кетса ёки бекор қилинса, шу ҳолдагина ўша пулнинг қарз берилган вақтидаги бошқа нарсадаги қийматини талаб қилиш мумкин бўлади.
Масалан, 1988 йил собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан бирида яшовчи кишилардан бири иккинчисига 10 минг рубль миқдордаги пулни 10 йил муддатга қарз берди. Тўлов муддати келганда эса СССР парчаланиб кетган ва мазкур республика ҳам алоҳида мустақил давлат бўлиб, ўз валютасига эга бўлган эди. Унда ортиқ СССР нинг рубли муомаладан чиқиб кетган. Шу ҳолатда қарз 10 йил аввалги совет рублининг ўша пайтдаги бошқа валюта ёки олтин ва кумушдаги қиймати бўйича олиниши мумкин.
Аммо, пул расман муомалада бўлгани ҳолда шунчаки қийматининг тушиши (ёки ошиши) туфайли берилган миқдордан кўп олиш (ёки қайтаришда кам қайтариш) ёки худди шу амалиётни гўёки, жоизга айлантириш учун мазкур пулнинг берилаётган вақтидаги бошқа валюталарга нисбатан бўлган қийматига ёхуд олтин, кумуш каби халқий* пулларга чақиб, — дефакто — берилган пул суммасидан кўпроқ миқдор ундириб олиш уламолар жумҳури наздида ножоиз амал ҳисобланади.
Чунки, бунда насия рибоси вужудга келади. Аслида бу масала битта мухтасар ёзилмага сиғмайдиган даражада катта ва кўп тармоқли масалалардан ҳисобланади.
Қуйидаги кўринишларда бир валютада қарз бериб, бошқа валютада олиш ҳаром ҳисобланади:
- Қарз бериш асносида икки тараф қарзни бошқа валютада қайтарилишига келишиб олиши ва ўша пайтнинг ўзида уни бошқа валютага чақиб қўйишлари. Бунда насия рибоси мавжуд. Чунки, бу жинси ҳар хил пулларни насия айирбошлашга битим тузиш ҳисобланади. Бу эса шаръан жоиз эмас.
Аммо, қарзни тўлаш вақтида қарз миқдорининг тўлаш кунидаги қиймати бўйича бошқа валютада қайтариш жоиз. Мисол учун бировга бир ой муддатга 100 доллар қарз бердингиз. Муддати келганда қарздор сизнинг розилигингиз билан 100 долларнинг ўша кунги яъни тўлаш кунидаги қиймати бўйича сўмда қайтариши жоиз. Бу рибога кирмайди.
- Қарз бўйича шартномалашувчилар қарз олиш битими асносида бошқа ваютада қайтришга келишиб олмайдилар бироқ, қарзни тўлаш вақтида қарз эгаси мазкур сумманинг қарз берилган кундаги (эътибор беринг, қарз тўлаш кунидаги эмас!) бошқа ваютадаги қийматида талаб қилади. Бу ҳам ҳаром ва ножоиз ҳисобланади. Бу кўриниш ҳам насия рибосига киради.
- Қарз бир ваютада берилади ва қайтариш куни бошқа валютадаги курси бўйича олишга келишиб олинади. Аммо, тўлиқ қайтарилмайди. Масалан, бир киши бошқасига олти ой муддатга 1000 доллар қарз берган. Олти ойдан сўнг унинг сўмдаги курси бўйича ҳисобланса, дейликки, 8500 000 сўм чиқди. Шу пул қайтарилишга келишилди. Аммо, қарз берувчи мазкур сумманинг ярмини яъни 4 250 000 сўмни қайтарди ва қолганини насия қилди. Бу ҳам жоиз эмас. Чунки, турли валюта айирбошланганда нақд савдо қилиниши лозим. Акс ҳолда, уларнинг қиймати ўзгариши туфайли рибо юзага келади.
Энди, баъзилар ҳозирги кундаги қоғоз пулларни ҳақиқий пул ҳисобламагани учун уларни қадимдаги филслар яъни олтин ва кумушдан бошқа металлардан ясалган чақалар туркумига киритган ҳолда улардаги тафозул арзимас бўлганлиги учун юқоридаги ҳолатларга жавоз берган бўлиши мумкин.
Аммо, бу фикр жумҳур уламолар томонидан рад этилган ва кўпчилик томонидан қабул қилинмаган. Чунки, биринчидан қадимда фулуслар (чақа пуллар) одатда халқий пуллар бўлмиш олтин ва кумушдан иборат динор ва дирҳамлар орасидаги муомалада юз берувчи арзимас тафовутни мувозанатга келтириш учун ишлатилган бўлиб, уларни ҳозирги кунда бутун дунёда асосий пул сифатида муомалада бўлган қоғоз пулларга қиёслаб бўлмайди.
Негаки, бугуннинг валюталари қадимда муомала бўлган ўша динор ва дирҳамнинг вазифасини бажаради. Улар шунчаки, арзимас тафовутни мувозанатга келтирувчи фулус эмас балки, ҳар қандай каттаю кичик савдо ва битимлар айнан шу пулларда амалга оширилади.
Аслида фиқҳда истилоҳий пуллар деб юритилувчи бу каби валюталарни тавсифлаш борасида гарчи турли хил сўзлар айтилган бўлса-да, бугуннинг аксар олимлари ва фиқҳий академиялар етиб келган хулоса бўйича, улар ҳам қадимдаги динору дирҳам каби мустақил пул ҳисобланади ва уларда рибо жорий бўлиши мумкин. Яъни, улар рибо объекти бўла олади.
Мана шу хулоса қадимги уламоларимизнинг ҳам сўзларига таянган ва энг адолатли хулоса сифатида бугуннинг фақиҳлари орасида ҳукмрондир.
Бордию кимдир бугунги пулларни олтин ва кумушдан ясалган динору дирҳам каби халқий қиймат эмаслиги туфайлигина пул ҳисобламаса, унда ўз-ўзидан уларда бемалол тафозул бўлиши мумкин ва бу рибо ҳисобланмайди, деган нарсага олиб келади. Ва бунда судхўрлар учун байрам бўлади. Ахир, бугунги кунда аксар рибо муоамаласи айнан мана шу ваюталарда амалга ошириб келинади.
Ундан ташқари, бирор нарса худди динору дирҳамлар каби товар сотиб олиш, ўзаро динору дирҳамлар каби айирбошланиш, у билан қарз олди-берди қилиш ҳамда динору дирҳамлар каби бойлик сифатида йиғиб-тўплашга қобил бўлса, улар пул ҳукмини олади ва нақдайн (олтин ва кумуш пуллар)га эргаштирилади. Бинобарин, рибо объекти бўла олади.
Айтиш лозимки, бу масала, йиллар давомида юзлаб тадқиқотчилар ва фақиҳлар томонидан атрофлича ўрганилиб, ҳал бўлиб бўлган масала. Унинг ақлий ва нақлий далил-ҳужжатлари ҳам жуда етарли.
Таъбир жоиз бўлса, мазкур ҳукм бугуннинг деярли барча фақиҳлари томонидан иттифоқ қилинган масалалар сирасига киради.
Шундай экан, киши бугуннинг валюталарида қарз олди-берди қилаётганда илож қадар ўзганинг ҳаққини еб қўйишдан ҳазир бўлиши, рибо шубҳаси пайдо бўлган ўринларда ўзини тийиб, сабр қилиши мақсадга мувофиқ иш бўлади.
Тавсиямиз шундан иборатки, бировга қарз берар экансиз ваютанинг қадрсизланиш ҳолатини ҳисобга олинг. Шунга қараб, айнан ўзингизга маъқул бўлган валютада қарз беринг.
Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ
—————————————————————————————————-
*девальвация — бирор валютанинг бошқа пул бирлигига нисбатан қийматининг тушиши
*ревальвация — бирор валютанинг бошқа валютага нисбатан қийматининг ошиши
*инфляция — валютанинг товарга нисбатан қадрсизланиши
*дефляция — валютанинг товарга нисбатан қадрининг ошиши
*Истилоҳий пул деб аслий пул бўлмиш олтин ва кумушдан бошқа материалдан ташкил топган пул бирлигига айтилади.
*Халқий пул деганда олтин ва кумушдан зарб қилинган динору дирҳамлар каби яратилишда қиймат ўлароқ вужудга келган ва қиймати нисбатан барқарор бўлган пуллар тушунилади