Пайғамбар алайҳиссаломни ҳақоратлашнинг шаръий ҳукми

Lotin alifbosida

МАҲЗУН МУҚАДДИМА

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Payg`ambar alayhissalomni haqoratlashning shariy hukmiБугунги даврга келиб мусулмонлар билан ғайримуслимлар ўртасида авжга чиқаётган ва тез-тез юзага келаётган муаммолардан бири мусулмонларнинг севимли пайғамбари Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳунинг ғайримуслимлар томонидан ҳақоратланиш, масхара қилиниш ҳолатидир. Мусулмонларда ҳар бир пайғамбарга имон келтириш, уларни ҳурмат қилиш, таъзим ила тилга олиш фарз ва имоннинг шартларидан бири ҳисоблангани боис улар томонидан пайғамбарлардан бирортасини очиқчасига ҳақорат қилиш ҳолати асло кузатилмайди. Аммо, минг афсуски, ислом динига ишонмайдиган ва севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга имон келтирмайдиган тарафлар томонидан гўё демократияни – “мутлақ эркинлик”ни даъво қилиб, аниқки, мусулмонларнинг жиғига тегиб, Пайғамбар алайҳиссаломни сўкиш, ҳақорат қилиш, каррикатура қилиб масхара этиш, хорлашга уруниш ҳоллари кузатилиб турибди. Улар ўз подшоҳлари ва маликаларини ҳақорат қилиш ва масхаралашни таъқиқлаб қўйгани ҳолда, қоратанлини “негр” дейишни ҳақоратлаш деб баҳолагани ҳолда, кечирасиз-у, баччавозни “кўт” дейишни таҳқирлаш деганлари ҳолда, менинг Пайғамбаримга келганда, ҳа, айнан бизнинг Пайғамбаримизга келганда, “мутлақ эркинлик”ни даъво қилишлари маданиятли одамларнинг ва сиёсий жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Бунинг оқибатида ўзини тута олмайдиган имонли оломоннинг жазавага тушган ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Ҳар қандай мўъмин-мусулмон, қалбида озгина имони бор инсон ўзини ҳақорат қилинса, чидаши ва ҳақоратлаган кимсани кечириши мумкин, аммо умрининг мазмуни бўлмиш ўз Пайғамбари ҳақорат қилинганда чидаб тура олмайди, ҳақорат қилган нокасни кечира олмайди. Зотан, Пайғамбар алайҳиссалом ҳақоратланганда, унга қарши туриш, ҳақорат ва масхарага норози бўлиш имон белгиларидан биридир, ҳақоратга ва масхаралашга бепарво бўлиш эса, унга қалбида салгина бўлса-да розилик билдириш ёки хайрихоҳ бўлиш эса имондан чиқишдир, унга бепарво бўлганнинг ва рози бўлганнинг имонсизлигининг аломатидир!

Бировнинг эътиқоди камситилиши, ҳақорат қилиниши, асрлар давомида эътиқод қилиб келаётган анъана ва қарашлари масхара қилиниши жамиятни пораканда қилади, тинчликка рахна солади, давлат тузумини емиради, ҳамжамиятни ларзага солади. Бинобарин, ақлий-ахлоқий жиҳатдан ҳам, қонуний тарафдан ҳам бунга асло йўл қўйиб бўлмайди. Инчунин, инсон учун энг муқаддас бўлган дини ва пайғамбари ҳақорат қилиниши ва камситилиши жиноят деб баҳоланиши лозим бўлади.

Бироқ, ғайримуслим, кофир ва мушрикларни у ёқда қўйиб туринг, миллион-триллион афсуслар бўлсинки, мусулмонларнинг ўзлари томонидан севимли пайғамбарлари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг обрўлари ва ҳурматларини пасайтиришга уруниш ҳоллари бўлиб ўтган ва яна бўлаётган энг ёқимсиз ҳолатдир.

Бугунга келиб, мусулмонлар орасида ҳам севимли пайғамбаримизни масхаралаш, обрўлари ва ҳурматларини пасайтиришга уруниш, ул зоти шарифни ҳам ўзларига ўхшаган ҳамма одамлар қаторида деб, гапиришда ва ҳатти-ҳаракатда ҳурмат ва таъзим бажо келтирмасдан муомала қилиш ҳолатлари кузатилаётганига нима дейсиз?!

Бугунга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли шаҳарлари бўлмиш Мадинада – ул зоти шариф томонларидан ҳарам дея кўрсатма берилган жойда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари олдида бомба портлатиб, ўз-ўзини ва аниқ мусулмонлиги кўриниб турган мўъмин-мусулмонларни ўлдириб юборганлар ўзларини мусулмон, деб аташаётганларига нима дейсиз?!

Бугунга келиб, севимли пайғамбаримиз Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига зиёратга борилмайди, ким ана шу зиёратни ният қилиб уйидан чиқса, ҳаром ва бидъат иш қилган бўлади, деб туриб шармандали фатво бераётганларга нима дейсиз?!

Бугунга келиб, оламларга раҳмат бўлмиш Пайғамбари охирзамон соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида ҳурмат ва таъзим билан туришни, саломлар бериб, ул зоти шариф билан бир замон ҳамнафас бўлишни истаётган, у ерда дуолар қилиб, Аллоҳдан ўз истакларини амалга оширишни сўраётган одамларни уриб-сўкиб, “бу залолат бир бидъат!”, деб дўқ ураётган қаровулларга нима дейсиз?!

Бугунга келиб, Аллоҳнинг энг буюк пайғамбари, мўъмин-мусулмонларнинг энг севимли кишиси, оламларга раҳмат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари олдида сайру тамошога келганлар сингари расмларга тушиб, ул зоти шарифга орқа қилиб туриб олиб, ўз-ўзига маҳлиё бўлиб селфи қилаётган, аммо-бироқ, ўзларини ҳеч бир мўъминдан қолишмайдиган ихлосли банда қилиб кўрсатаётганларга нима дейсиз?!

Бугунга келиб, севимли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тааллуқли маконларни йўқ қилишга урунаётган, ширки акбар дея йўқ қилиб юборганларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари, мўйи мубораклари, идишларини ёки калишларини зиёрат қилишни, табаррук санашни эса ростакамига ширк деб баҳолаётганларга нима дейсиз?!

Бугунга келиб, “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” калимасини-да яхши айта олмайдиган умматга, ўзларининг оламларга раҳмат бўлмиш пайғамбарини тўлиқ танимайдиган оломонга билдириш ва англатиш мақсадида ҳар йили Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидлари – туғилган кунларини нишонлаб, шу баҳонада ул зоти шарифни бу охирзамон умматларига танитишни, англатишни йўлга қўйганларни айблайдиган, мавлидни бидъати залолат, ҳаққоний қабоҳат деб оламга жар солаётган ноаҳл-ножинсларга нима дейсиз?!

Бугунга келиб, менинг севимли пайғамбарим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё, Расулаллоҳ!” дея мурожаат қилаётган ва кўз ёшлари ила саловат айтаётган ёхуд намозлардан сўнг ўтириб қолиб, саловатлар айтиб туриб кетувчи ихлосли мўъминларга: “Сенинг бу ишинг ширкдир, залолатдир, бидъатдир!”, дея таъна қилаётган, лекин, ўзларини бирор марта ихлос ила саловат айтишаётганини кўрмайдиганингиз, янги тоифаларга нима дейсиз?!

Бугунга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насл-насабларидан бўлган, асрлар давомида ҳурмат-иззатда бўлиб келган, шоҳлар-да, хонлар-да уларнинг обрўларини сақлаб келган саййидзодаларни беҳурмат қилаётган, эшон боболарни ул зоти шарифнинг авлодидан эмас, деб туриб таъна-дашном қилаётган ўзлари ҳурматсиз ва обрўсиз одамларга нима дейсиз?!

Бугунга келиб, Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Муҳтарам Ҳабибим ва Мукаррам Пайғамбарим, руҳий ва руҳ-ул-оламина фидоҳунинг асрлар давомида амал қилиниб келаётган, ишониб келинаётган жонфидо ҳадиси шарифларини заифга ва ҳатто мавзуъ (сохта)га чиқараётган, ҳадеб саҳиҳлигига шубҳа билдираверадиган, амалдан қолдиришни хоҳлайдиган, ўзлари эса энг саҳиҳ ҳадисларга ҳам амал қилишдан қочадиган янги “ҳадисшунос”ларга нима дейсиз?!

Бугунга келиб, Пайғамбарим алайҳиссаломга алоқаси бор бирорта одамни – севиб-ардоқлаган, бирга ҳамсуҳбат бўлган, бирга ҳамсафар бўлган, бирга товоқдош бўлган, ҳатто ёстиқдош бўлган, иймонлашишган саҳобаларни ва ул зоти шарифнинг севимли аёлларини минбарларда туриб ҳақорат қилаётганларга, яна бу ишларини комил мусулмонлик деб атаётганларга нима дейсиз?!

Бугунга келиб, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳунинг меросхўрлари, ҳаққоний уламоларнинг олдин ўтганларини ҳам, яқинда дунёдан ўтиб, вафот қилиб кетганларини ҳам, ҳозирда ҳаёт бўлиб, исломга, диннинг ривожига бақадри имкон хизмат қилаётган олимларни-да ҳақорат қилиш ва масхара қилишни ўзларига касбу кор қилиб олган, яна ўзларини ҳақиқатгўй тақводор мусулмон қилиб кўрсатаётган “билармон”ларга нима дейсиз?!

Ҳа, буларни ўйлар эканман, қалбим маҳзунликка тўлганини ҳис қиламан. Бу мавзуда бирор мақола ёзишни узоқ вақтдан бери илтимос қилаётганлар бор эди. Бироқ, менга ҳам бу мавзуда бирор нарса ёзиш жуда оғирдир. Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳунинг ҳаққи-ҳурматлари учун бу оғир мавзуни шаръий жиҳатдан бақадри имкон ёритишим кераклигини англадим. Албатта биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг обрў ва ҳурматлари нақадар улуғ эканини, ул зотни ҳурмат ва таъзим қилиш исломий бурч, фарзи айн бир амал эканини, ул зотга ҳурмат ва таъзимимизни билдириб туришимиз мусулмонлик мажбурияти бўлишини одамларга билдириб, тез-тез англатиб туришимиз даркор экан. Бу борада қатор-қатор асарлар, кетма-кет мақолалар бериб боришимиз лозим экан. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севиш, ҳурмат бажо келтиришга бўлган муносабатнинг ҳар хиллиги бугунги кун умматларининг иттифоқи ва якдиллигини бузаётган экан. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари ва ҳурматларини олий даражада бир хил қилмас эканлар, улар ҳеч қачон иттифоқ бўла олмайдилар, улар ҳеч қачон якдил бўла олмайдилар, улар ҳеч қачон зафарга ва ғалабага ёр бўла олмайдилар!

Мазкур мавзу бўйича одатга кўра жуда узун мақола ёки батафсил йирик ҳажмли китоб ёзиш мумкин. Лекин, бугунги кун долзарблигидан келиб чиқиб, мавзуни одамларга тезроқ етказиш, яна бир бор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурмат ва таъзимлари буюк эканини англатиш мақсадида, асосий маълумотларни келтириш билан чекланамиз. Аллоҳ шугина ишимизни ҳам кўп ўрнида қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларига ноил айласин!

МАВЗУГА ОИД МАНБАЛАР

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни ҳақорат қилиш ва масхаралашнинг шаръий ҳукмлари баён этилган китоблар кўп бора тасниф қилинган. Илк бор бу борада Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ ўзининг “аш-Шифо би-таърифи ҳуқуқ ал-Мустафо” (“Муҳаммад Мустафо алайҳисссаломнинг ҳақ-ҳуқуқлари таърифи сабабли шифо”) асарида тўхталиб ўтганлар. Шундан сўнг ҳанбалий олимларидан Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бир насронийнинг Пайғамбар алайҳиссаломни сўкканини эшитиб қолиб, “ас-Сорим ал-маслул ъала шотим ар-Расул” (“Пайғамбарни сўкувчига қинидан суғирилган кескир қилич”) номли асарини битадилар ва мазкур масалани атрофлича кенг миқёсда алоҳида ўрганиб чиқадилар. Шофиъий мазҳабининг улуғ имомларидан Тақийуддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу масалани чуқур ўрганиб, шаръий ҳукмларни бирма-бир зикр қилганлар. Унинг асари “ас-Сайф ал-маслул ъала ман сабба ар-Расул” (“Пайғамбарни сўккан кимсага қарши чиқарилган қилич”) деб аталган. Ҳанафий олимларидан Мавло Ҳусомиддин раҳимаҳуллоҳ ҳам бу борада бир рисола битганлар. Ўн тўққизинчи мелодий асрга келиб, ҳанафий олимларининг таниқли фақиҳларидан бири Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ҳам алоҳида рисола битишга мажбур бўладилар. Унинг асари мазкур масалага бепарво қарамасликлари учун давлат раҳбарлари ва юрт эгаларига қаратилган эди. Шунинг учун асар “Танбеҳ ал-вуллот ва-л-ҳукком ъала аҳкоми шотими Хайр ал-аном ав аҳади асҳобиҳи ал-киром” (“Инсониятнинг яхшиси бўлмиш Зотни сўкканнинг ва мукаррам саҳобалардан бирортасини сўкканнинг ҳукмлари борасида ҳокимлар ва волийларга танбеҳ”) деб номланган. Булардан бошқа ҳам китоб ва рисолалар жуда кўп.

Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат қилиш, ул зотнинг обрў ва ҳурматлари нақадар буюк эканини дилдан англаш, ул зотга самимият билан таъзим изҳор қилишнинг йўли ул зоти шарифнинг сийратларини яхшилаб ўрганиш, бу ҳақидаги китобларни кўпроқ ўқишдир. Аҳли илмларга шу хилдаги китобларни оммага етказиб туриш мажбурияти бугунги кунда энг муҳим ҳолатлардан бири экан-да!

ПАЙҒАМБАРЛАРНИ СЎКИШ ВА ҲАҚОРАТ ҚИЛИШ ТАРИХИ

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни, шунингдек, барча пайғамбарларни ҳақорат қилиш ва масхаралаш тарихи жуда узоқ замонларга бориб тақалади. Бу ҳолат бизнинг севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётлик даврларида кўп содир бўлган. Муқаддас Китоб бўлмиш Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ҳам ул зоти шариф ва жумла пайғамбарларнинг ҳақорат қилиниш ҳоллари акс эттирилган. Бу ҳолат ислом давлатлари кенгайиб, мусулмонлар қўли баланд келган аввалги замонларда ҳам юз бериб турган.

Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ “Тафсири Жалолайн”да айтишича, яҳудийлар 43 (қирқ уч) нафар пайғамбарни ноҳақ ўлдиришган, қатлга қарши чиққан 170 (бир юз етмиш) нафар обидни ҳам ўлдиришган экан (Жалолиддин ал-Маҳбубий ва ас-Суютий. Тафсири Жалолайн. – Миср: Маймания, 1903. – Б. 31).

Имом ал-Қуртубий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Тафсир ал-Қуртубий” асарида айтишича, яҳудийлар Байту-л-муқаддаснинг ўзида 70 (етмиш) нафар пайғамбарни ўлдирганлар (Тафсир ал-Қуртубий. 10-жилд. – ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. 10/219).

Бу ҳақида Аллоҳ таолонинг ўзи хабар қилган:

انّ الذين يكفرون بآيت الله و يقتلون النبيين بغير حق و يقتلون الذين يأمرون بالقسط من الناس فبشّرهم بعذاب أليم

“Аллоҳнинг оятларини инкор этадиган, пайғамбарларни ноҳақ қатл қиладиган ва адолатга чақирувчи кишиларни ўлдирадиган кимсаларга аламли азоб ҳақида “башорат” беринг!” (Оли Имрон, 21).

Ҳа, улар, айнан яҳудийлар пайғамбарларни ўлдириб юборишган, улар Қуръонда табаррук номи зикр қилинган Закариё алайҳиссалом ва Яҳё алайҳиссалом каби пайғамбарларни ўлдириб юборганлар (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий. 1-жилд. – Ҳайъат ал-иғосат ал-исломий, 1988. – Б. 294).

Ҳа, айнан яҳудийлар Закариё алайҳиссаломни ўлдиришни қасд қилиб, орқасидан қувиб борган, ул зоти шариф дарахт ковагига яширинганида, ҳа, ўша яҳудийлар дарахтни арралаб, Аллоҳнинг пайғамбари Закариё алайҳиссаломни қоқ ўртасидан арралаб ташлаганлардир (Қаранг: Тафсир ал-Қуртубий. 10-жилд. – ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. 10/219).

Пайғамбар деб аталадиган Урмийё алайҳиссаломни умр бўйи ҳибсда сақлаганлар ҳам ўша яҳудийлардир. Тафсирларда номлари зикр этилган Шаъё алайҳиссаломни ҳам улар ўлдириб юборганлар. Бир ривоятда Мусо алайҳиссаломнинг қайиноталари пайғамбар Шуайб алайҳиссаломни ҳам улар ўлдирганлари зикр қилинган.

Ҳа, айнан яҳудийлар Исо алайҳиссаломдек буюк пайғамбарни ўлдиришга қасд қилиб, хочга михламоқчи бўлганлардир, ана ўшалардир.

Ҳа, айнан бадбахт яҳудийларга бизнинг севимли Пайғамбаримизни масхаралаш, ҳақорат қилиш, хор қилишга уруниш нима бўпти?! Пайғамбарларни масхаралаш, ҳақорат қилиш, хор қилиш уларнинг азалий одатидир. Аллоҳ таоло севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга таскин бериб, бундай хабар берган:

  و لقد ارسلنا من قبلك فى شيع الاوّلين. و ما يأتيهم من رسول الا كانوا به يستهزءون. كذلك نسلكه فى قلوب المجرمين. لا يؤمنون به و قد خلت سنّة الاوّلين

“Биз Сиздан олдин, аввалги тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Улар ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилмасдан қўймас эдилар. Шунингдек, уни (масхара қилиш истагини) барча жиноятчиларнинг дилларига солиб қўюрмиз. (Улар) унга (Қуръонга) имон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалгиларнинг йўллари (тажрибадан) ўтган эди” (Ҳижр, 10-13).

Ҳа, Пайғамбарларни масхара қилиш, уларни ҳақорат қилиш яҳудийларнинг азалий одати экан, буни Аллоҳ таолонинг ўзи уларга тақдир қилган экан.

Ҳа, мусулмонлар бу борада сабрли бўлмоқлари керак!

ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙҲИССАЛОМНИ СЎКИШ ВА ҲАҚОРАТ ҚИЛИШНИНГ ҲУКМИ БОРАСИДАГИ ОЯТЛАР

Аллоҳнинг расули Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуга озор етказиш ҳаром иш бўлиб, бу Аллоҳ таолонинг ўзи томонидан алоҳида таъкидланган:

و ما كان لكم ان تؤذوا رسول الله

“Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш асло мумкин эмасдир” (Аҳзоб, 53).

Пайғамбар алайҳиссаломга озор етказишнинг оқибати жуда оғирдир. Аллоҳ таолонинг ўзи бу ҳақида бундай эълон қилган:

انّ الذين يؤذون الله و رسوله لعنهم الله فى الدنيا و الآخرة و أعدّ لهم عذابا مهينا

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлар ва улар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб, 57).

Айни мазкур оятдан сўнг Аллоҳ таоло қуйидаги оятни ҳам нозил қилган бўлиб, унда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига озор бериш асносида мўъмин-мусулмонларга қилмаган ишлари борасида айб тўнкаб, озор етказишнинг гуноҳи зикр қилинган:

و الذين يؤذون المؤمنين و المؤمنات بغير ما اكتسبوا فقد احتملوا بهتانا و اثما مبينا

“Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” (Аҳзоб, 58).

Ҳа, Пайғамбар алайҳиссаломга озор берувчиларга аламли азоблар бор. Имон келтирган кимсаларга эса Ул зоти шариф раҳматдир:

و منهم الذين يؤذون النبىّ و يقولون هو أذن قل أذن خير لكم يؤمن بالله و يؤمن للمؤمنين و رحمة للذين آمنوا منكم و الذين يؤذون رسول الله لهم عذاب أليم

“Улар ичида Пайғамбарга азият етказадиган ва “У – қулоқ” (эшитганига ишонаверадиган) дейдиганлар ҳам бор. Айтинг: “У яхшилик қулоғи, Аллоҳга имон келтирувчи, мўминларга ишонувчи ва сизлардан имон келтирганларингиз учун раҳмат (манбаи)дир. Аллоҳнинг Расулига азият етказадиганлар – улар учун аламли азоб бордир!”  (Тавба, 61).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақорат ва масхара қилиб озор етказувчиларнинг алалоқибат ҳоли қуйидагича бўлади:

ملعونين أينما ثقفوا أخذوا و قتلوا تقتيلا

“Лаънатга дучор бўлган ҳолларида улар қаерда топилсалар, ушланурлар ва қириб ташланурлар” (Аҳзоб, 61).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ошкора озор бериш, ул зотни масхара қилиш у ёқда турсин, ҳатто ул зотга киноя қилиш ҳам шаръан таъқиқланган ва Аллоҳ таоло томонидан ман қилинган:

يا ايّها الذين آمنوا لا تقولوا راعنا و قولوا انظرنا و اسمعوا و للكافرين عذاب اليم

“Эй, имон келтирганлар! (Пайғамбарингизга) “Роино” демай, “Унзурно” дейингиз ҳамда (унинг сўзини) тинглангиз. Кофирларга (охиратда) аламли азоб бордир” (Бақара, 104).

Пайғамбар алаййҳиссалом саҳобаларга ваъз-насиҳат қилганларида, улар “Роино” – “Бизнинг ҳолимизга риоя қилинг!”, деган сўзни кўп айтар эдилар. Бу сўз яҳудийлар тилида сўкиш маъносида ишлатилар эди. Бадбахт яҳудийлар Пайғамбар алайҳиссалом билан гаплашганларида, ул зотни масхара қилиб, шу сўзни ишлатиб турардилар. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарининг шаънини ва обрўсини сақлаш мақсадида, бу сўзни ишлатишни мўъмин-мусулмонларга ҳам ман қилиб қўйди.

Яҳудийлар ўзларининг “Роино” деган сўкиш сўзларини масхараомуз ҳолатда Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан айтар, бир-бирларига ишора қилиб, бир-бирларига кинояли қарар эдилар. Саҳобалардан Саъд ибн Уббода разийаллоҳу анҳу уларнинг бу қилмишларини сезиб қолди ва уларга буни иккинчи бор такрорласа, уларни ўлдиришга қасам ичди. Келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга буни баён қилди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди. Бу оят бизга бугун яхши англаб олишимиз керак бўлган муҳим нарсани билдириб туради: оятда Пайғамбар алайҳиссаломни масхара қилган кофирларга охиратда аламли азоб борлиги ваъда қилинди-ю, бу дунёда уларга жазо таъйинлангани йўқ. Бу ояти карима Мадинада мусулмонлар куч-қувватга тўлган вақтда нозил қилинган эди. Расулуллоҳ (с.а.в.)ни масхара қилган яҳудийларни ўлдириш мумкин эди, лекин бундай қилинмади. Нима учун? Саъд ибн Уббода (р.а.) масхара қилганларни ўзлари шартта жазолаб қўя қолиши мумкин эди, ул зот кейинги давр одамларига ибрат ва ўрнак ўлароқ ўз ғазабларни босдилар ҳамда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан (яъни, раҳбардан) рухсат ва маслаҳат сўрадилар. Нима учун?

Юқоридаги ояти карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳолларига риоя қилишнинг фарзлиги, ул зотнинг обрўларини ўта аъло даражада сақлаш лозимлигини англатади. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз куниялари бўлмиш Абулқосим номини бошқаларга қўймасликни, ўз исмлари ила аталишини хоҳладилар: سمّوا باسمى و لا تكنّوا بكنيتى – “Исмим билан атанглар, куниям билан чақирманглар!” (Бухорий, 3/2120; Муслим, 3/2133; Аҳмад, 3/12754; Байҳақий, 9/19103; Ибн Абу Шайба, 5/25927).

Аллоҳ таоло эса қўшимча равишда ўз Расулининг шаъни-шавкатини бу хилда улуғлаб қўйди:

لا تجعلوا دعاء الرسول بينكم كدعاء بعضكم بعضا

(Эй, мўминлар!) Пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангиз!” (Нур, 63).

Пайғамбар алайҳиссаломни бир-биримизни чақиргандек “Эй, Муҳаммад!” ёки “Эй, Аҳмад!” деб чақириб бўлмайди, балки “Эй, Расулуллоҳ!” ёки “Эй, Набийуллоҳ!” дейиш лозим бўлади. Ҳатто Аллоҳ таоло ҳам ул зотни номи билан чақирмаган. Ҳа, мавлид байтларида айтилгани минг карра ростдир:

Жумла пайғамбарларни Тангрим номи бирлан чорлади,

“Ё, Набий!” деб чорлади, Сизни Худо, хуш келдингиз!

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари ва обрўлари шу даражада юксакки, ҳатто бирорта кимсага Муҳаммад деб исм берилган бўлса, ўша кимсани ким бўлишидан қатъи назар уриб ҳам, сўкиб ҳам бўлмайди! Буюк саҳоба Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу Муҳаммад номли бир кимсани сўкишаётганини эшитиб қолиб, бутун ислом оламига: “Ҳеч ким Муҳаммад исмли одамни сўкмасин ва лаънатламасин. Акс ҳолда, фарзандларингизга Муҳаммад исмини қўйманглар!”, дея буйруқнома мактуб йўллаганлар (Қаранг: Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанул: Усмония, 1901. – Б. 390-391).

ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙҲИССАЛОМНИ СЎККАН ЁКИ ҲАҚОРАТ ҚИЛГАН НОКАС КОФИРДИР!

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни ҳақорат қилган, ул зотни сўккан, масхара қилган ёки обрўларини тўкишга урунган одам ўша заҳотиёқ кофир бўлади! Бунга шак-шубҳа йўқ! Шунингдек, Аллоҳ таолонинг борлигини ва бирлигини инкор қилган, Уни сўккан, ҳақорат қилган, шунингдек, фаришталарни масхара қилган, Аллоҳнинг муқаддас китобларини инкор қилган ёки масхара қилган кимса, пайғамбарлардан бирортасини инкор қилган одам ҳам ўша заҳоти кофир бўлади! Лекин, унинг айби исботланмагунча, оммага кофир деб эълон қилинмай туради.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ улуғ мужтаҳид имомлардан бири Исҳоқ ибн Роҳвайҳ раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги фатвосини қайд қилганлар:

أجمع المسلمون أن من سبّ الله تعالى أو سبّ رسوله صلى الله عليه و سلم أو دفع شيئا مما أنزل الله تعالى أو قتل نبيا من أنبياء الله عزّ و جلّ إنه كافر بذلك و إن كان مقرا بكلّ ما أنزل الله تعالى

“Мусулмонлар ижмоъ қилганки, кимки Аллоҳ таолони сўкса, ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат қилса, ёки Аллоҳ таоло нозил қилган оятлардан бирортасини инкор қилса, ёки пайғамбарлардан бўлмиш бирор набийни ўлдирса, у ушбу қилмиши сабабли кофирдир! Гарчи у Аллоҳ таоло нозил қилган нарсаларнинг ҳаммасига иқрор бўлиб, мусулмонликни даъво қилиб турган бўлса ҳам!” (Қаранг: Ибн Обидин. Танбеҳ ал-вуллот ва-л-ҳукком // Расоил Ибн Обидин. 15-рисола. – Б. 294).

Буюк ватандошимиз, бухоролик таниқли ҳанафий олими Абу Ҳафс ал-кабир раҳимаҳуллоҳ “Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳатто соч толаларидан бирортасини айблаган мусулмон кофир бўлади”, деганлар (Қаранг: Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанул: Усмония, 1901. – Б. 386).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни сўккан ва масхара қилган одамнинг ўлдирилиши ҳақидаги ҳукмни Ибн ал-Мунзир раҳимаҳуллоҳ томонидан бутун мусулмонларнинг жами уламолари томонидан ижмоъ сифатида қабул қилинганлиги зикр қилинган (Ибн ал-Мунзир. ал-Ижмоъ. – Ажмон (БАА): Мактаба ал-Фурқон, 1999. – Б. 174).

Буни эсдан чиқармаслик керак: Пайғамбаримиз алайҳиссалом, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан, ҳақорат қилган ёки масхара қилган одам шу заҳоти кофир бўлади; маҳкамага тортилиб айби исботлангандан сўнг эса кофир деб оммага эълон қилинади; тавба қилишига муҳлат берилади, шу муддат ичида қилмишига пушаймон бўлмаса, қатл қилинади; жумҳур уламолар фикрича, унинг мол-мулки мусулмонлар ҳисобига давлат ғазнасига мусодара қилиб тортиб олинади. Уни ювиб ўтирилмайди, жаноза ўқилмайди, кафанланмайди, бир латтага ўраб кофирлар сингари кўмиб ташланади.

ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙҲИССАЛОМНИ СЎККАН ЁКИ ҲАҚОРАТ ҚИЛГАН ЎЛДИРИЛАДИ!

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни ҳақорат қилган, масхаралаган кимсанинг ўлдирилиши шаръий ҳад (жазо) сифатида қўлланилишига мусулмонлар уммати ижмоъ қилганлар. Шаръий жазолар насл-насабни сақлаш мақсадида зинокорликка, мол-дунёни сақлаш мақсадида ўғирликка, ақл-ҳушни сақлаш мақсадида ароқхўрликка, обрўларни сақлаш мақсадида туҳматчиликка, давлатнинг ҳимояси мақсадида қароқчиликка, дин бирлигини сақлаш мақсадида муртадликка қўлланилади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва таъриф-тавсифларига бағишланган ўзининг муҳим асарида Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ қуйидагича ҳукм чиқарганлар:

ان جميع من سبّ النبى صلى الله عليه و سلم او عابه او الحق به نقصا فى نفسه او نسبه او دينه او خصلة من خصاله او عرّض به او شبّهه بشئ على طريق السبّ له او الإزراء عليه او التصغير لشأنه او الغضّ منه و العيب له فهو سابّ له و الحكم فيه حكم السابّ يقتل … و كذلك من لعنه او دعا عليه او تمنّى مضرّة له او نسب اليه ما لا يليق بمنصبه على طريق الذمّ او عبث فى جهته العزيزة بسخف من الكلام و هجر و منكر من القول و زور او عيّره بشئ مما جرى من البلاء و المحنة عليه او غمصه ببعض العوارض البشرية الجائزة و المعهودة لديه و هذا كله إجماع من العلماء و ائمة الفتوى من لدن الصحابة

“Албатта Пайғамбар алайҳиссаломни сўккан кимсаларнинг ҳаммаси: уни айблаган; ёки ул зотнинг ўзларига ва насабларига ёхуд динига айб қўйган; ёки хислатларидан бирорта хислатни айблаган; ёки унга киноя қилган ёки унга сўкиш тариқасида бирорта шубҳа билдирган; ёки унга паст назар билан гап қилган; ёки шаънларини паслатадиган сўз айтган; ёки ул зотдан кўз юмган (юз ўгирган) ва ул зотни айблаган кимса сўккувчи ҳисобланади. Унинг ҳукми сўккан кимсанинг ҳукми бўлиб, у ўлдирилади! Шунингдек, кимки ул зотни лаънатласа; унга дуои бад қилса; ул зотга зарар етишини орзу қилса; ёмонлаш йўли билан ул зотнинг даражаларига лойиқ бўлмаган нарсани нисбат қилса; азиз тарафларига масхараомуз гап-сўзни гапириб юрса; бўлмағур ва ифлос ҳамда ёлғон гап қилса; ул зотга нисбатан бало ва меҳнат бўладиган нарсани қилса; башариятда бўладиган нуқсон ва камчиликларни унда ҳам бўлган деб сафсата сотса ҳам сўккан кимсанинг ҳукмида бўлиб, қатл қилинади! Буларнинг ҳаммаси саҳобалар давридан бери келаётган уламоларнинг ва фатво имомларининг ижмоъсидир!” (Қози Абу-л-Фазл Иёз. Аш-Шифо би-таърифи ҳуқуқ ал-Мустафо. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 214).

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ўзларининг машҳури жаҳон бўлмиш асарлари “ал-Харож”ларида қуйидагиларни айтганлар:

و أيّما رجل مسلم سبّ رسول الله صلى الله عليه و سلم أو كذّبه أو عابه أو تنقصه فقد كفر بالله و بانت منه زوجته فان تاب و إلا قتل و كذلك المرأة إلا أن أبا حنيفة قال لا تقتل المرآة و تجبر على الإسلام

“Қайси бир мусулмон кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкса ёки ёлғонга чиқарса, ёки у зотни айбласа ёки камситса, дарҳақиқат у Аллоҳга кофир бўлибди. Гарчи тавба қилган бўлса ҳам хотини ундан талоқ бўлган бўлади. Агар тавба қилмаса, ўлдирилади. Фақат Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ хотин киши ўлдирилмайди, балки исломга мажбур қилинади, деганлар” (Абу Юсуф. Китоб ал-Харож. – Байрут: Дор ал-Маърифат, 1979. – Б. 182).  

Пайғамбар алайҳиссаломни сўккан, ҳақорат қилган ёки масхаралаган кимсанинг ўлдирилиши ҳақидаги фатво Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ, аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳ каби мужтаҳидлар, ал-Лайс раҳимаҳуллоҳ, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ раҳимаҳуллоҳ, ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ, ал-Авзоъий раҳимаҳуллоҳ, ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ каби уламолар томонидан берилган. Моликий мазҳабида бирорта мусулмон қасддан ва ошкора равишда Пайғамбар алайҳиссаломни сўкса ёки масхара қилса, унинг тавбаси қабул қилинмай туриб, тириклайин осилади ёки қатл этилади. Чунки, зино қилган ёки ўғирлик қилган кимса қўлга тушса, гарчи тавба қилиб пушаймон қилса ҳам кечириб ўтирилмасдан жазо таъйинланаверади. Худди шундай, ундай одам ҳам кофир деб эълон қилиниб, жазо таъйинланади. Унинг кофирлиги борасида одамлар иккиланган замонлар ҳам бўлган экан. Пайғамбар алайҳиссаломни сўккан бир одам қатл қилинган вақтда, бир ит келиб унинг қонини ялаган экан. Шунда моликий олимларидан Яҳё ибн Умар раҳимаҳуллоҳ “Ана кўрдингизларми, ҳақиқий мўъмин-мусулмоннинг қонини ит яламайди. Бунинг кофирлигига шак қилманглар, чунки, у ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан: لا يلغ الكلب فى دم مسلم“Мусулмоннинг қонини ит яламайди!” деган ҳадис етиб келган”, деган экан (Қаранг: Қози Абу-л-Фазл Иёз. Аш-Шифо би-таърифи ҳуқуқ ал-Мустафо. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 218). 

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ мазкур воқеада тилга олинган “Мусулмоннинг қонини ит яламайди!” деган гапнинг асли ҳадис китобларидан топилмаган бўлса ҳам, лекин, ҳаётда шу хилдаги воқеалар билан унинг асли борлиги ўз исботини топганини зикр қилган (Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанул: Усмония, 1901. – Б. 399).

Улуғ мазҳаббоши Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Кимки Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўйлаклари кир-чир бўлган, деб айбласа, уни қатл қилинади”, деганлар.

Пайғамбар алайҳиссаломни ошкора масхара қилишини ва сўкишини тўхтатмаган нокаснинг ўлдирилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бир неча марта содир бўлган:

Муҳаддислардан Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ, Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ, Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган, Имом Ҳоким саҳиҳ деган ҳадиси шариф бор. Бир кўр саҳобанинг яҳудий аёл хизматкори бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкишни ва масхара қилишни канда қилмаган. Саҳоба унга буни бир неча марта ман қилган, лекин у масхаралашини тўхтатмаган. Ўша саҳоба аёлнинг олдига келиб, уни тутиб, бўғиб ўлдиришга мажбур бўлган. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, воқеани баён қилиб берган. Ул зоти шариф аёлнинг хуни тўланмайди, деб ҳукм қилганлар (Абу Довуд, 4/4364; Байҳақий, 9/18489; ).

Имом Абдурраззоқ раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, бир шаллақи аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкишни ҳеч тўхтатмагани учун ул зоти шариф: “Ким менинг душманимга кифоя қилади?!” деганлар. Шунда Холид ибн Валид (р.а.): “Мен бораман”, деб бориб ўша аёлни ўлдириб келганлар (Абдурраззоқ, 5/9705).

Машҳур саҳобалардан Ибн Умар разийаллоҳу анҳу бир ғайридин билан тортишиб қолибдилар. У мунозара жараёнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат қилиб юборибди. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу: “Сеними, шошмай тур!”, дея уни чопиб ташлаш учун уйларидан қиличларини олиб чиқибдилар. У эса қўрққанидан қочиб кетган экан. Бу воқеани Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ: “Шарҳ аш-Шифо” асарларида келтирганлар (Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанул: Усмония, 1901. – Б. 535).

Мадинада Бани Назир қабиласининг каттаси Каъб бин ал-Ашраф номли яҳудийнинг ўлдирилиш қиссаси сийрат китобларининг барчасида алоҳида зикр қилинади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг кўп озор берган, энг кўп ҳақорат қилган кимса бўлган. Одамларни, айниқса, мадиналикларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши курашишга чақирар, ул зотни масхаралаб ҳажвиялар тўқир, ул зоти шарифнинг ҳурматлари ва обрўлари ҳамма жойда тўкишга ҳаракат қилар эди. Охири, “Бадр ғазоти”да мусулмонлар ғолиб бўлганидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Каъб ибн ал-Ашрафга ким кифоя қилади? У ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ ва унинг Расулига озор етказди!”, дейишга мажбур бўлганлар. Саҳобалар ичида энг баҳодирларидан бўлмиш Муҳаммад ибн Маслама ал-Ансорий ал-Авсий разийаллоҳу анҳу: “Уни ўлдиришимни хоҳлайсизми? Ундай бўлса, уни ўзим хоҳлаган усулда ўлдираман!”, деб тўрт йигити билан чиқиб кетадилар ва уни ўлдириб қайтадилар. “Нур ал-яқин”да Абу Афак деган яҳудий ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат қилавергани сабабли ўлдирилгани қайд қилинган (Қаранг: Муҳаммад ал-Хузарий. Нур ал-яқин фий сийрати Саййид ал-мурсалин. – Байрут: Дор ал-иймон, 1988. – Б. 123-124).

Макка фатҳ қилинган куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг энг буюк шафқатли ва марҳаматли эканликларини кўрсатганликлари тилларда достондир. Минг-минглаб маккаликларни, мушрикларни, кофирларни омматан кечириб юбордилар. Бироқ, бир пайтлар ваҳий котиби бўлиш даражасигача кўтарилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин ишончли саҳоба бўлган, бироқ, ул зотга хиёнат қилиб муртад бўлиб кетган Ибн Абу Сарҳ каби тўрт нафар эркак ва икки нафар аёлни ўлдирилишига ҳукм қилдилар. Чунки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат ва масхара қилиб, бутун ислом динини, жами мусулмонларни оёқости қилган эди. Ибн Абу Сарҳ эса тавба қилиб, Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу билан бирга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг тавбасини қабул қилдилар, ундан байъат олдилар, ўлдиртириб юбормадилар. Демак, мана шу воқеадан биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан ёки ҳақорат қилган кимса тавба қилса, тавбаси қабул қилинишини билиб оламиз.

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ “Китоб ал-Харож” номли асарларида келтиришларича, буюк саҳоба Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳу бошқа бир саҳоба Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳунинг олдиларига кирибдилар. У бир яҳудийни олдига ўтирғизиб қўйган эканлар. Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳу: “Бу ким?”, дебдилар. У зот: “Бу бир яҳудий. Аввал мусулмон бўлган эди, сўнг муртад бўлди. Мана, икки ойдан бери уни тавбага чақирамиз. Ҳалигача тавба қилмади”, дебдилар. Шунда Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳу: “Унинг бўйнига қилич тортмагунча бу ерда ўтирмайман! Аллоҳ ва унинг Расулининг ҳукми шудир!”, деган эканлар (Абу Юсуф. Китоб ал-Харож. – Байрут: Дор ал-Маърифат, 1979. – Б. 180).  

ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙҲИССАЛОМНИ СЎККАН ЁКИ ҲАҚОРАТ ҚИЛГАН ҚАНДАЙ ЎЛДИРИЛАДИ?

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни сўкиш, ҳақоратлаш – буюк бир одамзотнинг ҳаққини поймол қилганлик, шу билан бирга, бутун мусулмон умматининг ҳақларини поймол қилганлик бўлгани боис мусулмон уммати унга бепарво бўлишга, бепарво қараб туришга ҳақлари йўқ. Унга муносабат билдирмоқлари лозимдир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкиш, ҳақоратлаш бошқа одамларни сўкиш ва ҳақорат қилиш каби эмас, балки ундан оғирроқдир. Бошқалар сўкиб-ҳақорат қилинса, ҳақорат қилувчига таъзир бериб қўйилаверади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан, ҳақорат қилган кимса эса ўлдирилади. Ул зоти шарифни сўккан ва ҳақорат қилган кимсага муносабат уч хил бўлади. У нобакор аввал мусулмон бўлган бўлиши мумкин, у мусулмонлар юртида яшаётган ғайридин ёки асл мушрик бўлиши мумкин ёхуд у кофирлар юртида яшаётган асил кофир бўлиши мумкин.

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни сўккан, ҳақорат қилган кимса агар мусулмонлар жамоасидан бўлган бўлса, у муртадлик деб баҳоланади. Бу ҳақида Самарқандлик таниқли фақиҳ, ватандошимиз Шайхулислом ас-Сўғдий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ан-Нутаф” номли фатво тўпламларида бундай дейдилар:

و السابع سابّ الرسول. من سبّ رسول الله صلى الله عليه و سلم فإنه مرتدّ و حكمه حكم المرتدّ و يفعل به ما يفعل بالمرتدّ

Кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкса, у муртаддир! Унинг ҳукми муртаднинг ҳукми кабидир. Муртадга нима муомала қилинса, унга ҳам шуни қилинади” (Шайхулислом Али ас-Сўғдий. ан-Нутаф фи-л-фатово. 2-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1984. – Б. 694).

Уламолар иттифоғига кўра, ўша нокасни тавба қилишга, сўкиш ва ҳақоратдан қайтишига чақирилади. Агар тавба қилиб, имонга келса уни ўз ҳолига қўйилади. Моликий уламолардан Абу Имрон ал-Қобисий раҳимаҳуллоҳ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан, ҳақорат қилган кимса муртад бўлгани билан тавбаси қабул қилинмайди. Чунки, одамзотнинг ҳаққи муртадлик билан соқит бўлмайди, шунинг учун у тавба қилгани билан, муртад деб ҳукм қилинмаса ҳам, ҳақорат қилганлигини жазолаш мақсадида ўлдирилади”, деганлар. Машҳур тобеъий олим Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ мусулмон бўлиб туғилган, мусулмон бўлиб яшаган кимса шу бадбахтликни қилса, уни тавба қилишга чақириб ўтирилмасдан ўлдирилади. Чунки, мусулмонга ҳеч қандай узр йўқ, деган эканлар (Қози Иёз. Китоб аш-Шифо. 2-жилд. – Б. 475 ва 478).

Ўтган олдинги ва кейинги жами уламолар, барча олимлар иттифоғи шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан, ҳақорат қилган кимсанинг тавбаси қабул қилинади, бирданига ўлимга ҳукм қилинмайди. У тавҳидга иқрор бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини тан олса, қилган ишини хатолик ва бир гуноҳкорлик деб  тан олса, айб иш қилганига пушаймон бўлиб, эътироф қилса, уни кофир деб ҳукм қилиб бўлмайди, албатта. Агар тавбасини изҳор қилмаса, пушаймонлигини билдирмаса, у бешубҳа кофирдир!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан, ҳақорат қилган кимсани тавбага чақиришнинг энг оз муддати уч кундир. Уч кунгача уни тавба қилишга чақириб турилади, шубҳалари бартараф қилинади, панд-насиҳат қилинади, савол-жавоб ўтказилади ва ҳоказо. Агар бу муддатда ўз қилмишидан қайтмаганлигини, пушаймон эмаслигини ошкора айтиб, қайсарлик қилиб тураверса, унда шаръий маҳкама қарорига кўра ўлдирилади. Акс ҳолда, шубҳаларини бартараф қилингунча яна бир муддат кутилади. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу икки ойгача тавба қилишга чақириб турилади, деганлар. Улуғ тобеъин ва табъа тобеъин уламолардан Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ ва Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ агар умид бор бўлса, бутун умрга тавба қилиши кутилади, деганлар. Бу фикр Имом Молик раҳимаҳуллоҳ, Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳ ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ каби мужтаҳидлардан ҳам нақл қилинган.

Бу муҳлат берилиши аҳли суннат ва жамоатнинг анъанавий тўрт мазҳаб уламолари иттифоқ қилган ҳукмдир. Чунки, манбаларда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Набҳон деган кимса муртад бўлганида уни тўрт-беш марта тавба қилишга чорлаганлар. Таниқли ҳанафий олими, ватандошимиз Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳидоя” асарларида бундай деганлар:

“Агар бирор мусулмон муртад бўлса, Аллоҳ асрасин, унга ислом арз қилинади. Агар шубҳалари бўлса, шубҳалари очиқлаштирилиб, бартараф қилинади. Чунки у ана шу шу шубҳалари сабабли бу қилмишга йўлиққа бўлиши мумкин. Икки ишнинг яхшисини танланади, қоидасига кўра ундан бу ёмонлик даф қилинади. Фақат исломни арз қилиш вожиб эмас. Чунки, унга даъват етиб келган (мусулмон бўлиб яшаган, ўзи мусулмонлик қонун-қоидаларини билиб олиши керак эди). Уч кунгача ҳибсда сақланади. Агар мусулмон бўлса, иш битди. Акс ҳолда, ўлдирилади. “ал-Жомеъ ас-сағир”да муртадга ислом арз қилинади. У озод инсон бўлса ҳам, қул бўлса ҳам фарқи йўқ. Ана шундан сўнг, ўз қилмишидан қайтмаса, у ҳолда, ўлдирилади. “Уч кунгача ҳибсда сақланади”, деганнинг маъноси муҳлат сўралса, муҳлат берилишидир. Уч кунга муҳлат берилади. Чунки, у бу муддат ичида ўзи йўлиққан нарсани ўйлаб кўришга вақт мавжуд бўлади. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинганки, талаб қилса ҳам, талаб қилинмаса ҳам уч кунгача муҳлат берилиши мустаҳаб бўлади. Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳ наздларида эса ҳоким томонидан унга уч кунгача муҳлат берилиши вожиб бўлади. Ундан олдин ўлдириб юбориш ҳалол бўлмайди. Чунки, мусулмоннинг муртад бўлиши очиқчасига унинг шубҳалар гирдобида қолиб кетгани сабабидан бўлади. Унинг ўйлаб кўришига муддат берилиши лозим. Бу муддатни эса уч кун деб белгиладик … Унинг тавба қилишининг ҳолати шуки, у исломдан бошқа барча динлардан холи эканини билдириши керак. Чунки, унинг дини йўқ. Агар шуни айтса, мақсад ҳосил бўлади” (Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1902. – Б. 576-577).

Мўъмин-мусулмон бўла туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан ё ҳақорат қилган кимсага тавба қилишига ва ўйланиб, ҳақ йўлга айтишига муҳлат берилади. Ана шу имкониятдан сўнг ҳам ўз сўзидан қайтмаса, уни ўлдирилади. Жумҳур уламолар фикрича, унинг мол-мулки мусулмонлар ҳисобига давлат ғазнасига мусодара қилиб тортиб олинади. Ҳанафийлар муртадлигидан олдинги топган мол-мулклари меросхўрларига берилади, дейдилар. Унинг ўлимтик жасади ювиб ўтирилмайди, жаноза ўқилмайди, кафанланмайди, бир латтага ўраб кофирлар сингари кўмиб ташланади.

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни сўккан ё ҳақорат қилган кимса агар зиммий – яъни, мусулмонлар юртида яшайдиган ғайридин ёки мушриклар жамоасидан бўлган бўлса, унинг ҳукми борасида уламолар икки хил фикр билдирганлар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ ва барча ҳанафийлар унинг бу қилмиши сабабли қатл қилинмайди, балки адаби ва таъзири берилади, деганлар. Моликийлар ва жумҳур уламолар (ҳанафийлардан бошқа олимлар) унга ўйлаб олиши ва гапидан қайтиши учун муҳлат берилганидан сўнг ҳам ўз сўзидан қайтмаса, уни қатл қилинади, дейдилар. Чунки, зиммийлик исломий жазоларни соқит қила олмайди, зиммийларга мусулмонлар ҳаққини поймол қилиш ҳуқуқини бермайди. Улар ўғирлик қилсалар, жазоланади, қасддан одам ўлдирсалар, қасос олинади-ку! Шунинг учун, мусулмонлар юртида яшаётган кимса ким бўлишидан қатъи назар мусулмонларнинг севимли пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни ошкора сўкиши ва ҳақорат қилишига йўл қўйилмайди. Мусулмонлар юртида яшайдиган ғайридин ёки мушрик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкиб, ҳақорат қилганидан сўнг ҳали маҳкамага тортилишдан олдин ўз ихтиёрлари билан мусулмон бўлсалар, бу тавба қилганлик белгиси сифатида билиттифоқ уларни ўлдирилмайди. Инсон сифатида Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаққи поймол бўлгани учун уни жазолаш ва сиёсат ўлароқ ўлдирилади, деган уламолар ҳам бор. Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ушбу фикрга қўшилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўккан ё ҳақорат қилгани учун ўлдирилган ғайридиннинг мол-мулки мусулмонлар фойдасига давлат ғазнасига олинади.

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни сўккан ё ҳақорат қилган кимса агар кофиристонда яшаётган кофир бўлса, унга қандай муносабат билдириш мусулмон юртининг давлат раҳбари раъйига топширилади. У сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, маслаҳатлар билан бир ишга ҳукм қилади. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъб бин ал-Ашрафга шу хилда муносабат билдирган эдилар.

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳунинг саҳобаларини сўккан ё ҳақорат қилган кимса борасида уламолар икки хил фикр билдирганлар. Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу ва Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳуни ҳақорат қилишни ҳалол санаган кимсани кофир деб ҳукм қилинган. Албатта унинг ҳукми ҳам муртаднинг ҳукми каби бўлади. Умуман, саҳобаларнинг ҳар қайсисини ҳам сўкиш, маломат қилиш залолатдан бошқа нарса эмас!

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳунинг ҳаққоний меросхўрлари бўлмиш уламоларни сўкиш, ҳақорат қилиш, таъна қилиш залолатдир. Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ ўтган уламоларни ошкора сўкадиган, ҳақорат қиладиган ёки таъна отадиган кимсаларнинг шаҳодати қабул қилинмаслигига ижмоъ қилинганини зикр қилганлар. Албатта уламо ёки бирорта авлиёни сўкиш ва ҳақорат қилишни ҳалол санаса ҳам кофир бўлиши аниқ.

Наъузу биллаҳ мин залика!

ХОТИМА

Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни сўккан ё ҳақорат қилган кимса кофир бўлиши аниқ!

Бировнинг эътиқоди камситилиши, ҳақорат қилиниши, асрлар давомида эътиқод қилиб келаётган анъана ва қарашлари масхара қилиниши жамиятни пораканда қилади, тинчликка рахна солади, давлат тузумини емиради, ҳамжамиятни ларзага солади. Бинобарин, ақлий-ахлоқий жиҳатдан ҳам, қонуний тарафдан ҳам бунга асло йўл қўйиб бўлмайди. Инчунин, инсон учун энг муқаддас бўлган дини ва пайғамбари ҳақорат қилиниши ва камситилиши жиноят деб баҳоланиши лозим бўлади. Бинобарин, биз ҳам барча мўъмин-мусулмонлар қатори севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкканни, ҳақорат қилганни, масхара қилганни, озор берганни, камситганни қоралаймиз!!!!!!!!!!

Афсуски, мусулмонларнинг ўзлари томонидан севимли пайғамбарлари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг обрўлари ва ҳурматларини пасайтиришга уруниш ҳоллари бўлиб ўтган ва яна бўлаётган энг ёқимсиз ҳолатдир. Биз буларнинг айримлари ҳақида мақоламиз муқаддимасида айтиб ўтдик. Буларнинг олди олиниши, мусулмонлар ўзларига келиши, ўз Пайғамбарларига муҳаббатли бўлишлари лозим!

Шариатимиз таълимотига кўра, Расулуллоҳ, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуни сўккан ё ҳақорат қилган кимсанинг мусулмон ҳукумати одамлари ва маҳкамалар маъмурлари томонидан айби исботланса, тавба қилишга, ўз айбига пушаймон бўлишга чақирилади. Агар у тавбага келмаса, ўлимга ҳукм қилинади. Албатта оддий одамлар ушбу жазони ижро қилишга ўзларича киришмаслиги даркор. Чунки, у ҳолда, фитналар эшиги очилиб, оқибати нохуш янги фитналар янада бош кўтариши мумкин. Бинобарин, ушбу ҳолат юзасидан воқеълик чуқур таҳлил қилиниши, вазият батафсил ўрганиб чиқилиши даркор бўлади…

Сўзимиз аввалида айтган ҳақиқатни сўзимиз охирида ҳам айтишга мажбурмиз:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севиш ва ҳурмат бажо келтиришга бўлган муносабатнинг ҳар хиллиги (аниқроғи, қониқарсиз экани) бугунги кун умматларининг иттифоқи ва якдиллигини бузаётгани айни ҳақиқатдир. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари ва ҳурматларини олий даражада бир хил қилмас эканлар, улар ҳеч қачон иттифоқ бўла олмайдилар, улар ҳеч қачон якдил бўла олмайдилар, улар ҳеч қачон зафарга ва ғалабага ёр бўла олмайдилар! Огоҳ бўлинг!

Эй, Аллоҳ! Ҳабибинг, Расулинг, Набиййинг, оламларга раҳмат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга жонимиз фидо бўлсин! Ул зотга бўлган муҳаббатимизни, самимиятимизни ўзинг оширгин, Ул зотнинг обрў-ҳурматларини олий даражада сақлашимиз ҳамда Ул зотга таъзим ва такрим билан муносабат билдиришимиз учун бизларга тавфиқ бер! Мусулмонларни зафар ва ғалабаларга ёр айла, ислом динига қувват бер! Кофир-у мушрик ва дин душманларига Ўзинг кифоя қил! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатлари ва ул зотнинг суннатлари ила қалбларимизни ва йўлларимизни мунаввар қил! Алҳамдулиллаҳ! Аллоҳумма солли ва саллим ва борик алайҳ! Омин!

    Ҳамидуллоҳ Беруний.

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...