Аллома Тафтазоний (р.ҳ.) эътирофи

Lotin alifbosida

Саъдуддин Масъуд ибн Умар ат-Тафтазоний (712-793 ҳ./1322-1390 м.) раҳимаҳуллоҳ ўз даврининг энг машҳур алломаларидан бири, Самарқандда илмий фаолият олиб борган улуғ олим  ҳисобланади. У зот ҳақларида батафсил равишда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Самарқанднинг сара уламолари” асарида танишиш мумкин (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Самарқанднинг сара уламолари. – Тошкент: Hilol-nashr, 2014. – Б. 11-50).

Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг аҳли суннат ва жамоат ақидасини тўла ёритиб берган “Шарҳ ал-Мақосид” номли асарларида ашъарийлик ва мотуридийлик ҳақида, шунингдек, “бидъат” тушунчаси тўғрисида бундай деб ёзганлар:

“Аҳли суннатдан машҳури Хуросон, Ироқ, Шом ва кўпчилик диёрларда ашъарийлар ҳисобланади. Улар Абулҳасан Али ибн Исмоил ибн Исҳоқ ибн Солим ибн Исмоил ибн Абдуллоҳ ибн Билол ибн Абу Бурда ибн Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳунинг ақидавий мазҳабидагилардир. Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бўлганлар.

Абулҳасан ал-Ашъарий илк бор Абу Али ал-Жубоий (мўътазилий) га қарши чиққан зотдирлар. Унинг мазҳабидан суннатга қайтганлар. Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига ва жамоатга, яъни саҳобалар йўлларига қайтганлар.  

Мовароуннаҳр диёрида эса мотуридийлар мавжуд. Улар Абу Мансур ал-Мотуридийнинг ақидавий мазҳабидагилардир. У зот Абу Наср ал-Ибодийнинг шогирди, у эса Абу Бакр ал-Жузжонийнинг шогирди, у эса Абу Сулаймон ал-Жузжонийнинг шогирди, у эса Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг шогирдидирлар. Аллоҳ барчаларини раҳмат айласин! Мотурид Самарқанддаги қишлоқнинг номи.

Ҳозирда бу икки тоифа орасида айрим усулий масалаларда, жумладан, “таквин”, имондаги истисно, муқаллиднинг имони ва бошқа масалаларда турилича фикрлар мавжуд. Бироқ, икки гуруҳнинг тадқиқотчи олимлари бир-бирларини бидъатга ва залолатга кетганликда айбламайдилар. Ботил мутаассибларгина шу ишни қиладилар, холос! Ҳатто бу ботил мутаассиблар фуруъдаги турли қарашларда ҳам уларни бидъат ва залолатда айблай бошлаганлар. Жумладан, (амалий мазҳаблардаги тафовутлар) “бисмиллоҳ”ни қасддан тарк қилиб сўйилган жонлиқнинг ҳалол бўлиши, икки йўлдан бошқасидан нажас чиққанда таҳоратнинг синмаслиги, валийсиз никоҳнинг жоизлиги, иқтидо қилувчига фотиҳасиз намознинг жоиз экани каби масалалар.

Ботил мутаассиблар, аслида, динда янги пайдо бўлган ёмон бидъатларни танимайдилар. Бидъат дегани саҳоба ва тобеъинлар даврида бўлмаган ҳамда шаръий далили бўлмаган нарсадир. Жоҳиллар орасида саҳобалар замонида бўлмаган ҳар қандай ишни, гарчи унинг ёмонлигига (аниқ) далил бўлмаса ҳам ёмон бидъатга чиқарадиганлар бор. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Ишларнинг янги пайдо бўлганларидан сақланинг!”, деган гапларига суянганлар. Улар ушбу гапдан мурод динда умуман бўлмаган нарса (воқеъликда ҳам бўлмаган, далилан ҳам, қиёсан ҳам, ишоратан ҳам ҳужжати йўқ нарса) эканлигини билмайдилар.

Аллоҳ бизни ҳавойи нафсга эргашишдан ўзи сақласин, бизни Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобаларининг ҳидоят йўлларида мустаҳам айласин!”.

(Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-Мақосид. 5-жилд. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1998. – Б. 231-232).

Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ мазкур гапларида аҳли суннат ва жамоатнинг иккита йирик йўналишини баён қилганлар. Улар Абуҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳнинг тузган ашъарийлик таълимоти ва Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг тузган мотуридийлик таълимотидир. Аҳли суннат ва жамоат ана шу икки тоифадан иборатдир. Уларни бидъатчига ва адашганликка чиқариш, бидъатчи ва залолатга кетганлар деб таърифлаш, Аллома ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ фикрича, ботил мутаассибликдан бошқа нарса эмас. Шунингдек, аҳли суннат ва жамоат ақоидининг мазкур икки йўналиши вакилларини бидъатчига чиқариш, аслида, “бидъат” тушунчасини яхши тушунмаслик оқибатидир. “Бидъат” деб хайрли замонлар бўлмиш саҳоба ва тобеъинлар даврида қадрланмаган, шунингдек, шариатда ҳеч қандай далили бўлмаган, боз устига, ўша нарсанинг қораланганига аниқ иборали далил бўлган иш ва гап-сўзларга айтилади. Акс ҳолда, ўша иш ёмонланган бидъат бўлмайди.

Ҳақиқат шуки, ашъарийлик ва мотуридийлик аҳли суннат ва жамоат таълимотининг энг улуғ йўналишлари ва энг катта қанотларидир! Ашъарийлик ва мотуридийликдан оғишиш, уларга таъна-дашном қилиш аҳли суннат ва жамоатдан айрилишдир! Ҳар бир янгиликни адаштирувчи бидъатга чиқарувчи бидъатгўй бўлиб қолишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.   

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *