Икки ҳарам имомининг ўта муҳим гапи

Lotin alifbosida

Абулмаолий Абдулмалик ибн Абдуллоҳ ал-Жувайний (419-478 ҳ./1028-1085 м.) раҳматуллоҳи алайҳи муборак икки ҳарам жойлашган Макка ва Мадина шаҳарларида фатво бериш билан машғул бўлиб, “Имом ал-ҳарамайн” (“Икки ҳарамнинг имоми”) деган фахрли унвонга эга бўлганлар. У зот улуғ олим “Эҳё улум ад-дин” ва “Кимёи саодат” сингари асарларнинг муаллифи “Ислом ҳужжати” бўлмиш Имом ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг устози бўладилар. Ислом тарихидаги энг машҳур “Низомия” мадрасаси Имом ал-ҳарамайн раҳматуллоҳи алайҳи учун махсус барпо қилиниб, унинг биринчи бош мударриси бўлганлар. Эътиқодда ашъарий таълимотли, фиқҳда шофеъий мазҳабида бўлган бу буюк олимнинг бундай гаплари жуда машҳурдир:

لأن أدخل ألف كافر فى الإسلام بشبهة واحدة خير من أن أخرج واحدا من الإسلام بألف شبهة

“Биргина шубҳа билан битта кофирни исломга киритганим, яъни мусулмон деб ҳисоблашим мингта шубҳа билан бирор кимсани исломдан чиқарганимдан, яъни кофир деганимдан кўра яхшироқдир!”.

Такфир – мусулмонларни кофирга чиқариш оғир гуноҳ ҳисобланади. Имом ал-ҳарамайн раҳимаҳуллоҳнинг мазкур гаплари мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқарадиган, уларни айби ва гуноҳи сабабли кофир дейдиган, қатъий ҳаром бўлмаган бир макруҳ ишни билар-билмас қилиб қўйган мусулмонларни ҳам куфр ва ширк ишни қилаётгандек кўрсатувчи, мусулмонларнинг бошлиқлари ва раҳбарларини  кофир деб эълон қиладиган ва ҳатто мусулмонларнинг имом ва уламоларини ҳам куфрда айблайдиган бугунги куннинг такфирчи ношуд кимсаларига танбеҳ ва огоҳлантиришдир! Мусулмон сифатида танилган, намоз ўқувчи ёки мусулмонликнинг бирор бир ишини омма олдида қилиб турган кимсалар тўғрисида, у қанчалик ёмон бўлмасин, қанчалик ёмон ишни қилаётган бўлмасин, ноҳақ куфр ва ширк ишни қилишда айблаб бўлмайди, кофир ва мушрикка чиқариш мумкин эмас!

Эшитинг! Эй, сиз – ҳар бир ишдан ширк изларини изловчи ширкталаблар! Эй, сиз – бугунги мусулмонларнинг ҳар бир ишини ҳаром дейувчи ҳаромгўйлар! Эй, сиз – шимининг пойчаси озроқ пастга тушиб қолган бир ихлосли мўъминни-да, озгина қайсидир гуноҳни билар-билмас қилиб қўйган бечорани-да “Дўзахийсан!”, деб маъюс қилишга устасифаранг дўзахкашлар! Эй, сиз – ҳар бир урф-одатни бидъатга чиқарувчи бидъатандозлар! Эй, сиз – ҳар бир иш ёки гапдан куфр ясовчи куфрсозлар! Эй, сиз – минг йиллик ислом тарихининг ва миллион-миллион мусулмонларнинг устидан буйруқ ёзувчи ҳукмпараст фатвобозлар! Эшитинг!

Булар сизнинг чала илмингиз ва ноқис ақлингиз билан билинадиган нарса эмас; бу қайсидир оқибати номаълум одамингизнинг, устозининг маълуми йўқ, жудааа кўп ўқиган бўлса уч-тўрт йил ихлоссиз равишда бориб-келиб юриб, ўзича китоб кўриб, сўнг бир айланиб “устоз” ва “мусанниф” бўлиб олган кимсангизнинг китобидан юлиб олган сизнинг иқтибосингиз билан белгиланадиган нарсалар эмас, балки булар – мусулмонларнинг раббоний уламоларининг, ҳа-ҳа, ўн йиллаб, йигирма-ўттиз йиллаб устозлари олдида тиззама-тизза ўтириб илм олган ҳаққоний олимларнинг иттифоқи билан аниқланадиган нарсалардир. Одамларни ҳадеб ширк ва куфрда, ҳаром-ҳариш ишни қилаётганда айблайверманг!

Эшитинг! Ислом одамларни қўрқитув ва нафратлантирув дини эмас! Аллоҳ таоло ўзи яратган, ўзи меҳрбончилик билан ризқу рўз бераётган, имон ва ислом неъмати билан шарафлантирган мўъмин-мусулмон бандаларининг ҳисобига тўлғазиш учун дўзахни яратган эмас! Йўқ! Эй, сиз – мусулмонларни дўзахга тиқишни хоҳлаётган ношудлар! Аллоҳимга қасамки, биргина “Ла илаҳа иллаллоҳ!” калималари ила улар сиз қўрқитаётган дўзахдан қутилиб қолгувсидирлар! Бугунги мўъмин-мусулмонлар гарчи амалда энг нуқсонли бечоралар бўлса-да, энг кўп гуноҳ ишларни қилаётган уммат бўлса-да, бироқ, улар айтаётган “Ла илаҳа иллаллоҳ!” калималари сиз томондан отилаётган ширк ўқларини ва куфр найзаларини қайтаришга қодирдир! Уларнинг биргина айтган ва камтарона калималарини сизнинг ҳаром қиличларингиз ва бидъат пичоқларингиз йўқ қила олмас! Сизнинг бу чала илмингиз ва ноқис ақлингизга кўра қўяётган талабларингиз ҳатто биринчи навбатда ўзингизни ҳам мўъмин-мусулмонлик доирасидан чиқариб қўйишини унутманг! Аллоҳимга қасамки, сизнинг “Ла илаҳа иллаллоҳ!” калималарини бақадри ҳол айтиб юрган бечора мусулмонларнинг устидан чиқараётган ҳукмларингиз уларнинг ҳаётларини барбод қилгувси, ватанларини вайрон этгувси, тинчликларини ва фаровонликларини бузгувси, иттифоқликларига путур еткургувсидир. Биз асло бунга рози эмасмиз!

Ҳа, Имом ал-ҳарамайн раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, биргина шубҳа билан бирор кофир бўлиб танилган кимсани мўъмин-мусулмон деб ҳисобга олиш бирорта мўъмин-мусулмон бўлиб танилган кимсани мингта шубҳа билан кофир деб атагандан кўра яхшироқдир, афзалроқдир! Ҳа, мингта шубҳа бўлса-да, битта мўъмин-мусулмон кимсани кофир, деб эълон қилган жуда оғир гуноҳдир!

Биз бугунги куннинг оқибати номаълум ширкталаб, ҳаромгўй, дўзахкаш, бидъатандоз, куфрсоз ва фатвобозларига эмас, “Исломнинг ҳужжати” бўлмиш Имом ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ сингари алломаларга ҳам устозлик қила олган “Икки ҳарамнинг имоми” бўлган аҳли суннат ва жамоатнинг буюк имомлари, ашъарий ва мотуридий ақидали, тўрт мазҳабнинг бирига сидқидилдан тақлид қилувчи уламоларига эргашмоғимиз лозимдир! Мени маъзур тутгайсиз!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *