ҚАБРДА ЖОН ЖАСАДГА ҚАЙТАРИЛИШИ

أحاديث_عن_العلمИнсон умри поёнига етиб қабрга дафн этилгач, унинг жони яна қайта жасадига киради. Бу масалада баъзи аҳли илмлар таваққуф қилиб қатъий қарорга кела олмаган бўлсаларда, лекин аксар уламоларга кўра бу ҳақиқатдир. Аҳли суннат раиси имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ очиқ-ойдин шундай деган:

و إعادة الروح إلى الجسد فى قبره حق

Қабрда жоннинг жасадга қайта киритилиш ҳақдир! (Ал-фиқҳ ал-акбар. Имом Абу Ҳанифа).

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узун бир ҳадисларида  ҳам бор:

..فتعاد روحه فى جسده

Бас, унинг руҳи жасадига қайтарилади… (Имом Аҳмад ривоят қилган ва исноди саҳиҳ деган).

Бу ҳадис ва имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шу сўзларига кўра, қабр азоби руҳгами, жасадгами ё икковигами, деб ихтилоф қилган баъзи мутааххирларнинг ихтилофига чек қўяди. Қабр азоби инсон руҳи ва жасадига биргаликда бўлади.

Шунингдек, бу масала билан жаҳмий ва мўътазилийларга ҳам раддия берилади. Чунки улар жони йўқ жасадни азобланади, деб эътиқод қилиш мантиққа тўғри келмайди, деб айтишади.

Матнда имомимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “қабрда” деб айнан қабрни келтиришлари ғолибият эътибори билан. Аслида денгизда чўкиб балиқларга ем бўлганлар ҳам, йиртиқ ҳайвонлар ҳужумига усраб ўлганлар ҳам, ёки жасади парча-парча бўлиб йўқ бўлиб кетганлар ҳам юқоридаги масала тахтига дохилдир. Аллоҳ ҳар қандай ҳолатдаги жасадга ҳам унинг руҳини қайтаришга қодир Зотдир!

Аллоҳ Қуръони каримда айтади:

وَلاَ تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ قُتِلُواْ فِي سَبِيلِ اللّهِ أَمْوَاتاً بَلْ أَحْيَاء عِندَ رَبِّهِمْ يُرْزَقُونَ

Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар. Балки улар тирик, Роббилари ҳузурида ризқланмоқдалар. (Оли Имрон / 169).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Уҳуд жангида шаҳид бўлган саҳобалар Аллоҳ тарафдан анвойи неъматлар билан ризқлантирилиб, жаннатнинг роҳат-фароғатларини тотишар экан, бир-бирларига “қани энди, ортимизда тирик қолган биродарларимиз бизнинг тириклигимизни ва ризқимиз етказиб бериб турилганини билишганида эди, Аллоҳнинг йўлидаги муҳорабаларда дангасалик қилишмаган бўларди… бизнинг ҳолимизни уларга ким етказиб қўяр эканааа”—дейишар экан. Шунда Аллоҳ таоло: “Мен етказаман”—дейди ва юқоридаги оятни нозил қилади. (Тафсир билмаъсур. Жалолуддин Суютий).

Машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанггидан уч кун ўтгач яна Бадр майдонига келади ва “Эй Абу Жаҳл, эй Умайя ибн Халаф, эй Утба ибн Робиъа, эй шайба ибн Робиъа Раббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билмадингмизми?! Мен Раббим ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билдим”—дейдилар.

Буни Умар ибн Хаттоб ҳам эшитиб турган эди. У киши: Эй Расулуллоҳ, улар қандай эшитишади ва қандай жавоб қайтаришади, ва ҳоланки ҳаммаси ўлиб бўлишган бўлса?—деб сўрайди.  Расулуллоҳ: “Жоним эгаси бўлган Зотга қасам, сизлар улардан кўра яхшироқ эшитувчи эмассиз. (Улар ҳам сизлардек эшитади) Лекин жавоб қайтара олишмайди холос”—дедилар. (Имом Муслим. 2874).

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *