ГУНОҲДАН ТАВБА ҚИЛИШ ВОЖИБДИР

10978501_851299451593024_675766892712226573_n (1)Инсон дунёда яшар экан, иложсиз билибми ё билмайми гуноҳга қўл уради. Аллоҳ буюрган ишни вақтида қила олмаслиги мумкин. Ёки шариатда ман этилган ишдан тийила олмаслиги мумкин. Гуноҳнинг эса охиратда жавобгарлиги бор. Аммо, охиратга боришдан олдин гуноҳлардан халос бўлиб олиш имконияти барчамизда мавжуд экан. Аллоҳ таолонинг Ўзи осий бандаларига гуноҳларидан қутулиш учун тавба қилишга буюради:

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعاً أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар(Нур сураси / 31).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай деганлар:

يا ايها الناس توبوا الى الله فانى اتوب اليه كل يوم مائة مرة

Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинг! Бас, менинг ўзим ҳам ҳар куни Аллоҳга юз марта тавба қиламан. (Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад).

Шу оят ва ҳадисга асосан осийларга гуноҳларидан тавба қилиши вожиб бўлади. Тавба эса гуноҳларнинг турига қараб ҳар хилдир:

Биричиси: Банда билан фақат Аллоҳ орасидаги гуноҳлар. Масалан зино, ливота, ароқхўрлик, ғийбат, бўҳтон. Агар ғийбат ва бўҳтон қилинган кишига хабар етиб бормаган бўлса, бу гуноҳлардан покланиш учун чин қалбдан Аллоҳга тавба қилиш кифоя. Шу билан банда оқланади.

Иккинчиси: Банда, банда ва Аллоҳ орасидаги гуноҳлар. Масалан мўмин биродарини ғийбат қилди ва унга етиб борди. Бу гуноҳдан покланиш учун тавбанинг учта шарти бор:

  • Қилган ишидан афсус-надомат қилиш;
  • Дарҳол ўша гуноҳни тарк қилмоқ ва ундан чекинмоқ;
  • Қайта такрорламасликка астойдил қасд қилмоқ ва шу билан бирга то ўша инсондан кечирим сўраб, уни рози қилиши шарт бўлади.

Бировнинг хотини билан зино қилганлар хабари ўша аёлнинг эрига етиб борса, ўша эрдан кечирим сўрмагунча зино гуноҳи кўтарилмайди. Бировнинг молини ноҳақ еганлар ҳам мол эгасидан ҳалоллик сўраб олмагунча гуноҳидан поклана олмайди.

Учинчиси: Банда ва Аллоҳ орасидаги тавбанинг ўзи билан кечирилмайдиган гуноҳлар. Масалан рўза ва намоз каби фарзларни тарк этиш гуноҳи. Бу гуноҳлар азобидан халос бўлиш учун банда астойдил тавба қилиши ва яна қолдирилган ибодатлар ўрнига қазосини бажариб бериши лозим бўлади. Мана шу тавба чин тавба бўлиб, гуноҳкорни охиратдаги жавобгарликдан қутқариб қолиши мумкин.

Мусабоев ШАРОБИДИН

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *