“Сулосийёт Ал-Бухорий”

Рисолани .pdf форматда юклаб олиш

 Sulusiyyot Al BuxoriyАллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳабиби, расули ва набийси Муҳаммад Мустафо руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини тўплашда ҳадисшунос муҳаддислар икки жиҳатга эътибор қаратганлар. Ҳар бир ҳадисни санад (иснод) ва матн қисмларига ажратиб ўрганганлар. Санад (иснод) бу ривоят қилувчиларнинг исмлари кетма-кетлиги – занжир-силсиласи бўлиб, ровийларнинг ишончлилик даражаси билан ҳадиснинг саҳиҳ, заиф ёки мавзуъ (сохта, тўқима) экани ажратилган. Бинобарин, иснод диндандир. Машҳур тобеъин Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ: “Сизлар тўплаётган бу нарсалар диндир. Шунинг учун сизлар динингизни кимдан олаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг!”, деганлар. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ эса: “Иснод диннинг бир бўлагидир. Агар иснод бўлмаганда, ким нимани хоҳласа, гапираверарди”, деганлар. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, иснодда кам ва жуда ишончли одамлар қатнашган ривоятлар “олий инсодли” деб жуда қадрланган. Лекин, бу хилдаги ўта даражадаги ишончли ҳадисларнинг сони жуда кам. Шунинг учун, уларни алоҳида тўплаш ва ўрганиш муҳим аҳамият касб қилиб келган. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: “Олий иснодни талаб қилиш ўтган улуғлардан суннатдир”, деганлар. Муҳаммад ибн Аслам ат-Тусий раҳимаҳуллоҳ эса: “Исноднинг яқин бўлиши Аллоҳга яқин бўлишдир!”, деганлар.

Муҳаддислар султони, ҳадис илмининг амири Имом ал-Бухорий (194-256/810-870) раҳимаҳуллоҳнинг саҳиҳ ҳадислар тўплами бўлмиш “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларида 7563 (етти минг беш юз олтмиш уч) ҳадис бўлса, шундан атига 22 (йигирма икки) таси уч иснодлидир. Иснодда фақатгина уч нафар ровийнинг номи қатнашган ҳадислар “Сулосийёт” деб аталади. Бу хилдаги “Сулосийёт” Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳдан ташқари Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ каби бошқа муҳаддисларда ҳам мавжуд. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ ҳадислар тўплами бўлмиш “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини Аллоҳнинг китоби – Қуръони каримдан кейинги башарият томонидан ёзилган китобларнинг энг тўғриси, энг саҳиҳи ва энг ишончлиси дейилган. Ана шу энг тўғри, энг саҳиҳ ва энг ишончли асардаги энг тўғрироқ, энг саҳиҳроқ, энг ишончлироқ ва энг олий даражадаги ҳадиси шарифлар “Сулосийёт” ҳисобланади. “Сулосийёт ал-Бухорий” асрлар давомида алоҳида ўқитиб-ўрганиб келинган. Манбаларда олимларнинг уни устози олдида ўқиганлиги ҳақида алоҳида қайд қилинган, бунинг учун алоҳида ижозатномалар олинган. Бинобарин, бугун ҳам уларни билиб-ўрганиш ва ҳадис матнидаги ҳукмларга амал қилиш муҳим аҳамият касб қилади.

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ушбу “Сулосийёт” ҳадисларни уч нафар саҳобадан ривоят қилганлар. Уларнинг биринчиси, Салама ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳу бўлиб, ундан 10 (ўн) та ҳадис ривоят қилинган. Иккинчилари, Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу бўлиб, ундан 4 (тўрт) та ҳадис ривоят қилинган. Учинчилари, Абдуллоҳ ибн Буср разийаллоҳу анҳу бўлиб, ундан 1 (бир) та ҳадис ривоят қилинган.

Ушбу саҳобалардан тўрт нафар тобеъин шогирдлари нақл қилганлар. Улардан биринчиси, Язид ибн Абу Убайд раҳимаҳуллоҳ бўлиб, 17 (ўн етти) та ҳадис ривоят қилинган. Иккинчилари, Ҳумайд ат-Тавийл раҳимаҳуллоҳ бўлиб, унинг ривоятлари 3 (уч) та ҳадисдир. Қолганлари, Ҳарийз ибн Усмон раҳимаҳуллоҳ ва Исо ибн Таҳмон раҳимаҳуллоҳ бўлиб, улар биттадан ҳадис ривоят қилганлар.

Мазкур “Сулосийёт”да Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ўз устозлари – шайх-машойихлари 5 (беш) нафардир. Улардан биринчиси, Маккий ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ бўлиб, унинг ривоятлари 11 (ўн бир) та ҳадисдан иборат. Абу Осим ан-Набил раҳимаҳуллоҳнинг ривоятлари 6 (олти) тадир. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ансорий раҳимаҳуллоҳнинг ривоятлари 3 (уч) тадир. Исом ибн Холид раҳимаҳуллоҳ ва Халлод ибн Яҳё раҳимаҳуллоҳнинг ривоятлари эса биттадандир.

Мазкур “Сулосийёт ал-Бухорий”даги ҳадиси шарифларни Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларини шарҳ қилган жами ҳадисшунос шориҳлар шарҳлаганлар. Уни алоҳида изоҳлаган олимлардан Шамсиддин ал-Қўҳистоний раҳимаҳуллоҳ, Муҳаммадшоҳ ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ, Муҳаммад ал-Бармовий раҳимаҳуллоҳ, Шамсиддин ас-Саховий раҳимаҳуллоҳ, Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ, Ибн ал-Ажамий раҳимаҳуллоҳ, Ҳамид ибн Абдуллоҳ ал-Маданий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ, Домла Аваз Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Абдулбосит ал-Қиннавжий раҳимаҳуллоҳ, Сиддиқ Ҳасанхон раҳимаҳуллоҳ, Бурҳон Иброҳим ал-Кўроний раҳимаҳуллоҳ кабиларнинг номларини келтириш мумкин.

Биз ҳам Сиз азизларга “Сулосийёт ал-Бухорий”ни алоҳида таржима қилиб, айрим изоҳ ва шарҳлар билан тақдим қилишни маъқул кўрдик. Аллоҳ таоло барчамизга уни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам манфаатли қилсин!

 Ҳамидуллоҳ Беруний.

ثلاثيات البخارى

بسم الله الرحمن الرحيم

Биринчи ҳадис

حدثنا مكّى بن إبراهيم قال حدثنا يزيد بن أبى عبيد عن سلمة قال سمعت النبى صلى الله عليه و سلم يقول من يقل علىّ ما لم أقل فليتبوّأ مقعده من النار

Салама ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳудан ривоят. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим, деганлар:

“Кимки мен айтмаган нарсани менинг номимдан айтса, бас, жойини дўзахдан тайёрлайверсин!” (Бухорий, 1/109).

Мазкур ҳадиси шариф Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларидан ёлғон гапиришнинг гуноҳи ҳақидаги бобда келтирилган. Албатта бу иш гуноҳи кабира ҳисобланади. Бировлар номидан ёлғон гапириш нақадар оғир гуноҳ экани барчага маълум. Бу жирканч иш севимли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қилинса, унинг гуноҳи янада оғирроқ бўлиши шубҳасиздир. У зот айтмаган нарсани айтди, дейиш асло мумкин эмас. Бу хилдаги ривоятларни муҳаддислар “мавзуъ” – “тўқима”, “сохта” ҳадислар деб алоҳида ажратганлар. Ана шундай “мавзуъ” – “тўқима” ва “сохта”лигига иттифоқ қилинган ҳадисларни ривоят қилиш, нақл қилиш, одамларга етказиш ҳам мумкин эмас. Фақат унинг ёлғон ҳадис эканини айтиш мумкин, холос.

Иккинчи ҳадис

حدثنا المكّى بن إبراهيم قال حدثنا يزيد بن أبى عبيد عن سلمة قال كان جدار المسجد عند المنبر ما كادت الشاة تجوزها

Салама ибн ал-Акваъ разиаллоҳу анҳудан ривоят. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар):

“Минбар олдидаги масжиднинг девори қўйлар ўта олмагудек эди” (Бухорий, 1/497).

Мазкур ҳадиси шариф намозхон билан сутра ораси қанча миқдорда бўлиши керак, деган бобда келтирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида имом олдида меҳроб бўлмасди. Оддий девор бўлган, холос. Ҳадисда тилга олинган минбар ва масжиддан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Масжиди набавий”лари ва минбарларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбар ёнларида туриб намоз ўқиб берардилар.

Учинчи ҳадис

حدثنا المكّى بن ابراهيم قال حدثنا يزيد بن أبى عبيد قال كنت آتى مع سلمة بن الأكوع فيصلى عند الأسطوانة التى عند المصحف فقلت يا أبا مسلم أراك تتحرّى الصلاة عند هذه الأسطوانة قال فإنّى رأيت النبى صلى الله عليه و سلم يتحرّى الصلاة عندها

“Мен Салама ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳу билан бирга эдим. Шунда у Мусҳаф олдидаги устун қаршисида намоз ўқидилар. Мен унга: “Эй, Абу Муслим! Сизнинг (доимо) ушбу устун олдида намозни қасддан ўқиганингизни кўраман-а?!”, дедим. У: “Албатта мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг унинг рўпарасида намозни қасд қилиб ўқиганларини кўрганман!”, дедилар” (Бухорий, 1/502).

Мазкур ҳадисда тилга олинган Мусҳаф Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳунинг даврида китоб ҳолига келтирилган Қуръони каримнинг нусхаси эди. Уни бир сандиққа жойлаб, масжиди набавийда сақлаб қўйилган эди. Ундан олдида эса масжиднинг устуни бор бўлган. Саҳобалар ана шу устунга қараб намоз ўқишни табаррук санашар эдилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу устун рўпарасида намоз ўқиганлар. У зоти шарифнинг ўқиган жойини табаррук санашган. Бу ҳадиси шарифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юрган йўллари, борган жойлари, ўтирган ўринлари, умуман жанобимиз Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламга тааллуқли нарсаларни табаррук санашнинг жоизлигига энг катта ва энг саҳиҳ далил оламиз. Зотан, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ушбу сулосий ҳадисни ривоят қилишларидан олдин Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг бир кимса икки устуннинг орасида намоз ўқиётганини кўриб, “Ушбу устунга қараб намоз ўқигин!”, деганларини ҳам ривоят қилганлар. Албатта бунда намозхоннинг олдидан ўтувчилар учун машаққат бўлмаслиги ҳам назарда тутилган. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг унинг рўпарасида намозни қасд қилиб ўқиганларини кўрганман!”, дейилишидан унинг айнан табаррук учун бўлаётгани англашилади.

Тўртинчи ҳадис

حدثنا المكّى بن إبراهيم قال حدثنا يزيد بن أبى عبيد عن سلمة قال كنا نصلى مع النبى صلى الله عليه و سلم المغرب إذا توارت بالحجاب

“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шомни “парда ёпилган” онда ўқир эдик” (Бухорий, 1/561).

Бу шом намозининг вақти ҳақидаги ҳадис бўлиб, ундан шомнинг ўқилиш вақти “парда ёпилган”, яъни қуёш батамом ботиб бўлгандан кейин экани маълум бўлмоқда.

Бешинчи ҳадис

حدثنا أبو عاصم عن يزيد بن أبى عبيد عن سلمة بن الأكوع رضى الله عنه أنّ النبىّ صلى الله عليه و سلم بعث رجلا يُنادى فى الناس يوم عاشوراء أنّ من أكل فليتمّ او فليصم و من لم يأكل فلا يأكل

“Албатта Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ошуро куни бир кимсани одамлар орасида: “Кимки (саҳарлик) еган бўлса, тугатсин ёки рўза тутсин, кимки (саҳарлик) емаган бўлса, энди емасин!”, деб нидо қилиш учун юбордилар”. (Бухорий, 3/1924).

Нидо қилиб эълон қилиш учун юборилган кимсанинг исмини тадқиқотчилар аниқлаганлар. Унинг исми Ҳинд ибн Асмо ал-Асламий разийаллоҳу анҳу бўлган экан.

Ошура куни муҳаррам ойининг ўнинчи куни бўлиб, исломнинг илк даврларида шу куни рўза тутиш фарз бўлган эди. Кейин рамазон ойида бир ой рўза тутиш фарз бўлди. Ошура куни рўза тутиш эса суннат ёки мустаҳаб бўлиб қолди. Шу куннинг фақат ўзида рўза тутмасдан одатда тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутилади.

Ҳанафийлар рамазон рўзасига, муайян назрга ва нафл рўзага тонггача ният қилмаган бўлса, кундуз куни заволгача ният қилиш мумкинлигига мана шу ҳадиси шариф билан далилланадилар. Одатда саҳарлик вақтида ҳали тонг ёришмасдан илгари рўзага ният қилинади. Агар ухлаб қолган бўлиб, тонг отиб ёки қуёш чиқиб кетган бўлса, ҳеч нарса емасдан, тўғридан-тўғри шу кун рўза тутишга ният қилиб рўзани тутаверади.

Олтинчи ҳадис

حدثنا المكّى بن إبراهيم حدثنا يزيد عن سلمة بن الأكوع رضى الله عنه قال أمر النبىّ صلى الله عليه و سلم رجلا من أسلم أن أذّن فى الناس أنّ من كان أكل فليصم بقيّة يومه و من لم يكن أكل فليصم فإنّ اليوم يوم عاشوراء

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аслам (қабиласи)дан бўлган бир кишига одамлар ичида: “Кимки (саҳарлик) еган бўлса, куннинг қолган (қисми)да рўза тутсин. Кимки (саҳарлик) емаган бўлса, у ҳам рўза тутсин. Чунки, бугун ошура кунидир!” (Бухорий, 3/2007).

Мазкур ҳадисда тилга олинган вақтда ошура куни рўза фарз бўлиб турган эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунда саҳарлик қилганни ҳам, саҳарлик қилмаганни ҳам рўза тутишга буюрдилар. У зоти шариф кундузи бўлса ҳам, шу онда ният қилиб рўза тутаверишни буюрганлар.

Еттинчи ҳадис

حدثنا المكّى بن إبراهيم حدثنا يزيد بن أبى عبيد عن سلمة الأكوع رضى الله عنه قال كنا جلوسا عند النبىّ صلى الله عليه و سلم إذ أتى بجنازة فقالوا صلّ عليها فقال هل عليه دَيْن قالوا لا قال فهل ترك شيئا قالوا لا فصلى عليه ثم أتى بجنازة أخرى فقالوا يا رسول الله صلّ عليها قال هل عليه دَيْن قيل نَعَم قال فهل ترك شيئا قالو ثلاثة دنانير فصلى عليها ثمّ أتى بالثالثة فقالوا صلّ عليها قال هل ترك شيئا قالوا لا قال فهل عليه دَيْن قالوا ثلاثة دنانير قال صلوا على صاحبكم قال أبو قتادة صلّ عليه يا رسول الله و علىّ دَيْنُه فصلى عليه

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида ўтирган эдик. Ногоҳ бир тобут келтирилиб қолди. “Унга жаноза ўқиб беринг!”, дейишди. Шунда у зот: “Унинг қарзи борми?”, дегандилар, (қарзи) йўқлигини айтишди. У зот: “У бирор нарса (мол-мулк мерос) қолдирганми?”, дедилар. “Йўқ!”, дейишди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқидилар. Сўнгра бошқа бир тобут келтирилди. Шунда (саҳобалар): “Эй, Расулуллоҳ! Унга жаноза ўқиб беринг!”, дейишди. Шунда у зот: “Унинг қарзи борми?”, дегандилар, (қарзи) борлигини айтишди. У зот: “У бирор нарса (мол-мулк мерос) қолдирганми?”, дедилар. “Уч динор қолдирган”, дейишди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқидилар. Сўнгра (тобутнинг) учинчиси келтирилди. “Унга жаноза ўқиб беринг!”, дейишди. Шунда у зот: “У бирор нарса (мол-мулк мерос) қолдирганми?”, дедилар. “Йўқ!”, дейишди. “Унинг қарзи борми?”, дегандилар, “Уч динор қарзи бор”, дейишди. У зот: “Дўстингизга (ушбу маййитга) жаноза ўқийверинглар!”, дедилар. Абу Қатода разийаллоҳу анҳу: “Эй, Расулуллоҳ! Жаноза ўқийверинг, унинг қарзи менинг бўйнимга”, деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқидилар” (Бухорий, 3/2289).

Мазкур ҳадисдан берадиган қарзи бўла туриб, имкони бўлгани ҳолда уни бермасдан бепарво ҳолида вафот қилиб кетган одам очиқдан-очиқ гуноҳкор бўлишини билиб оламиз. Гуноҳ қилишга бепарво фосиқ одамга улуғ инсонлар, юртнинг обрў-эътиборли одамлари жаноза ўқимаганлари маъқул. Шунинг учун ҳам ўзини-ўзи ўлдирганга, ароқ ичиб ёрилиб ўлганга катта-катта имом-домлалар жаноза ўқишдан қочадилар. Бошқалар эса унинг мўъмин бўлиб яшаганини инобатга олиб, жаноза ўқийверадилар. Бу ҳадисда ҳам шу ҳолатлар акс эттирилган. Бировнинг қарзи бўлса, уни бошқа бировлар гарданига олишса, унга бемалол жаноза ўқилаверади.

Саккизинчи ҳадис

حدثنا أبو عاصم عن يزيد بن أبى عُبَيْد عن سلمة بن الأكوع رضى الله عنه أنّ النبىّ صلى الله عليه و سلم أتى بجنازة لِيُصَلى عليها فقال هل عليه من دين قالو لا فصلى عليه ثمّ أتى بجنازة أخرى فقال هل عليه من دين قالو نعم قال صلوا على صاحبكم قال أبو قتادة علىّ دينه يا رسول الله فصلى عليه

        “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга жаноза ўқиб беришлари учун бир тобут (маййит) олиб келинди. Шунда у зот: “Унинг қарзи борми?”, дегандилар, (қарзи) йўқлигини айтишди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқидилар. Сўнгра бошқа бир тобут (маййит) келтирилди. Шунда у зот: “Унинг қарзи борми?”, дегандилар, (қарзи) борлигини айтишди. У зот: “Дўстингизга жаноза ўқийверинглар!”, дедилар. Абу Қатода разийаллоҳу анҳу: “Эй, Расулуллоҳ! Унинг қарзи менинг зиммамга”, деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқидилар” (Бухорий, 3/2295).

Мазкур ҳадиси шариф олдинги ҳадиснинг қисқартирилган ва бошқа тариқдан ривоят қилинган такроридир.

Тўққизинчи ҳадис

حدثنا أبو عاصم الضحّاك بن مَخْلد عن يزيد بن أبى عُبَيْد عن سلمة بن الأكوع رضى الله عنه أنّ النبىّ صلى الله عليه و سلم رأى نيرانا توقد يوم خَيْبَر قال على ما توقد هذه النيران قالوا على الحمر الإنسيّة قال اكسروها و أهرقوها قالوا ألا نهريقها و نغسلها قال اغسلوا

“Хайбар кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олов ёниб турганини кўриб қолдилар. “Бу оловни нимага ёқдингизлар?”, деб сўрадилар. “Хонаки эшаклар (гўштини пишириш) учун”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Идиш (қозон)ларни синдиринглар ва (қозондагиларни) тўкиб ташланглар”, дедилар. “Тўкиб ташлаб, (қозонларни) ювиб олсак-чи?!”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Майли, ювинглар!”, дедилар (Бухорий, 3/2477).

Мазкур Хайбар жанги ҳижратнинг еттинчи йили муҳаррам ойида бўлиб ўтган. Хайбар Мадинанинг ғарбий тарафида тўрт манзил – юз мийл узоқликда жойлашган қалъа бўлган. Бу даврда мусулмонларга энг катта хавф солиб турган яҳудийларнинг қалъаси бўлмиш Хайбарни қамал қилинган. Шу вақтда озиқ-овқат етишмаслиги рўй берган. Қалъадан ўндан ортиқ (йигирмата ёки ўттизта) эшак чиққанини кўриб, саҳобалар улардан бир нечтасини тутиб ейишга урунганлар. Зебра каби ёввойи эшаклар ҳалол эканига уммат ижмоъ қилган. Хонаки эшакларни ейиш ана шу Хайбар ғазоти кунларида ҳаром қилингани саҳиҳ ҳадислардан маълум бўлади.

Бу ҳадиси шарифда яна бир ҳукм олинган. У ҳам бўлса, ҳаром нарса солиб қўйилган идишларни ювиб-тозалаб ишлатиш мумкинлигидир.

Ўнинчи ҳадис

حدثنا محمد بن عبد الله الأنصارى قال حدثنى حُمَيْد أنّ أنسا حدّثهم أنّ الرُّبَيّع و هى إبنة النضر كسرت ثنيّة جارية فطلبوا الأرش و طلبوا العفو فأبوا فأتوا النبىّ صلى الله عليه و سلم فأمرهم بالقصاص فقال أنس بن النضر أتكسر ثنيّة الربيع يا رسول الله لا و الذى بعثك بالحقّ لا تكسر ثنيتها فقال يا أنس كتاب الله القصاص فرضى القوم و عفوا فقال النبى صلى الله عليه و سلم إنّ من عباد الله من لو أقسم على الله لأبرّه

زاد الفزارى عن حُمَيْد عن أنس فرضى القوم و قبلوا الأرش

“Рубаййеъ бинт ан-Назр разийаллоҳу анҳо бир қизалоқнинг тишини синдириб қўйди. Бас, (қариндошлар) ундан товон талаб қилдилар. Саҳобалар эса афв қилишларини сўрашганди, унга кўнмадилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қасосга буюрдилар. Анас ибн ан-Назр разийаллоҳу анҳу: “Эй, Расулуллоҳ! Рубаййеънинг тишлари синдириладими?! Йўқ! Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, унинг тишлари синдирилмагай!”, деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Анас! Аллоҳнинг китоби (ҳукми) қасосдир!”, дедилар. Шунда қавм рози бўлди ва афв қилдилар.

Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилдилар: “Аллоҳнинг шундай бандалари бор, агар улар Аллоҳга қасам ичсалар, албатта уни рўёбга чиқарур!”.

Бошқа ривоятда: “Бас, қавм рози бўлди ва товонни қабул қилдилар”, дейилган (Бухорий, 3/2703).

Ушбу ҳадиснинг ровийси машҳур саҳоба Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу бўлиб, Рубаййеъ бинти ан-Назр разийаллоҳу анҳо унинг аммаси бўладилар. Ҳадис матнида тилга олинган Анас ибн ан-Назр разийаллоҳу анҳу эса Рубаййеъ бинти ан-Назр разийаллоҳу анҳонинг акалари бўладилар. Мазкур ривоятни Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ уч бора такрор зикр қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг китоби (ҳукми) қасосдир!”, дейишларида Қуръони каримнинг “Бақара сураси”нинг 178-оятидаги ҳукмни назарда тутган бўлсалар керак: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос (олиш) фарз қилинди: озод киши муқобилига озод қишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан. Биродари томонидан афв этилса, (хун тўлашга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйин суниш ва хунини яхшилаб тўлаш (зарурдир). Бу (ҳукм) Раббингиз томонидан енгиллик ва марҳаматдир…” (Бақара, 178).

“Моида сураси”даги 45-оятдаги ҳукм эса аъзолар талофотидаги қасосга ишора қилинган: “Биз унда уларга жонга-жон, кўзга-кўз, бурунга-бурун, қулоққа-қулоқ, тишга-тиш ва жароҳатларга қасос (олинур) деб, битиб қўйдик. Кимки у (қасос)ни садақа қилиб (кечиб) юборса, у (гуноҳларига) каффоратдир” (Моида, 45).

Мазкур ҳадиси шариф хунпули ва товон талаб қилган вақтда сулҳга келишсалар жоизлиги борасидаги бобда келтирилган. Демак, даъвогар ва жавобгар томонлар бир-бирлари билан келишувни амалга оширсалар, жиноятга жазо таъйинланмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳнинг шундай бандалари бор, агар улар Аллоҳга қасам ичсалар, албатта уни рўёбга чиқарур!”, деганлари авлиёуллоҳларнинг Аллоҳ таоло наздидаги кароматларига далилдир. Аллоҳнинг дўстлари бирор гап десалар, албатта у рўёбга чиқур. Бинобарин, улардан дуои хайр олмоқ даркор, уларнинг назарларидан қолишдан сақланиш лозим.

Ўн биринчи ҳадис

حدثنا المكى بن إبراهيم حدثنا يزيد بن أبى عُبَيْد عن سلمة رضى الله عنه قال بايعت النبىّ صلى الله عليه و سلم ثمّ عَدَلتُ الى ظلّ الشجرة فلمّا خفّ الناس قال يا ابن الأكوع ألا تبايع قال قلت قد بايعت يا رسول الله قال و أيضا فبايعته الثانية فقلت له يا أبا مسلم على أىّ شئ كنتم تبايعون يومئذ قال على الموت

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилдим. Сўнгра дарахт соясига ўтдим. Одамлар камайиб-сийраклашиб қолганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Ибн ал-Акваъ! Байъат қилмадингми?”, дедилар. Мен эса: “Эй, Расулуллоҳ! Байъат қилдим”, дедим. У зот: “Яна қилавер!” дедилар. Шунда мен иккинчи марта байъат қилдим.

Ровий айтади: “Мен унга: “Эй, Абу Муслим! Сизлар ўша кунда нима нарсага байъат қилдингизлар?”, дедим. У: “Ўлимга”, дедилар” (Бухорий, 4/2960).

Бошқа ривоятларда “ўлимга”, деган жавоб ўрнига: “сабрга”, “исломга”, “жиҳодга” ёки “итоатга” ҳам дейилган. “Ўлимга” дейилишининг сабаби жангларда қўрқоқлик қилиб қочиб кетмаслик, балки охиригача сабот билан туриш назарда тутилган. Зотан, Ватан учун бўлган жангларда қўрқоқлик қилмоқ қораланади, фидокорлик олқишланади!

Мазкур байъат, яъни аҳду паймон қилиш “Байъат ар-Ризвон” номи билан аталади. У Ҳудайбия деган жойда бўлиб ўтган. Мазкур байъатда қатнашганлардан Аллоҳ таоло рози бўлганини “Фатҳ сураси”нинг 18-оятида айтиб ўтган. Бу вақтда бир минг тўрт юз (1400) нафарча одам байъат қилганлар.

Абу Муслим – саҳоба Салам ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳунинг кунияларидир. У шижоатли ва саботли инсон бўлганлар.

Ўн иккинчи ҳадис

  حدثنا المكّى بن إبراهيم أخبرنا يزيد بن أبى عُبَيْد عن سلمة أنّه أخبره قال خرجتُ من المدينة ذاهبا نحو الغابَة حتى إذا كنتُ بثنيّة الغابَة لقينى غلام لعبد الرحمن بن عفو قلتُ ويحك ما بك قال أخذت لقاح النبى صلى الله عليه و سلم قلت من أخذها قال غطفان و فزارة فصرختُ ثلاث صرخات أسمعتُ ما بين لابتيها يا صباحاه يا صباحاه ثمّ اندفعتُ حتى ألقاهم و قد أخذوها فجعلتُ أرميهم و أقول أنا ابن الأكوع و اليوم يوم الرّضّع فاستنقذتها منهم قبل أن يشربوا فأقبلتُ بها أسوقها فلقينى النبىّ صلى الله عليه و سلم فقلت يا رسول الله إنّ القوم عِطاش و إنّى أعجلتهم ان يشربوا سِقيَهم فابعث فى إثرهِم فقال يا ابن الأكوع ملكتَ فأسجح إنّ القوم يُقرَوْنَ فى قومهم

Салама ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳу хабар берганлар: “Мен Мадинадан чиқиб тўқайзор томон бордим. Тўқайнинг дара сўқмоғига етганимда, Абдурраҳмон ибн Афв разийаллоҳу анҳунинг ғуломига қўлиқдим. Мен унга: “Сенга вой бўлсин, сенга нима бўлди?”, дедим. У: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соғин туяларини тортиб (ўғирлаб) олишди”, деди. Мен уни ким олганини сўрадим. У: “Ғатафон ва Фазора қабиласи кишилари”, деди. Шунда мен икки тоғ оралиғидагиларга эшиттириб, “Ё, Сабоҳаҳ!”-“Ё, Сабоҳаҳ!” деб уч марта қичқирдим. Сўнгра то уларни учратгунимча тезликда таъқиб қилиб бордим. Ҳақиқатдан улар тортиб олган эканлар. Уларга ўқ ота бошладим. “Мен Ибн ал-Акваъман, бугун (фақат) тамшанадиган кундир”, дердим. Сув ичишларидан олдин уларни қўрқитиб (туяларни) қутқариб олдим. Уларни ҳайдаб қайтаётган эдим, менга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (бир неча одамлар билан бирга) йўлиқдилар. Мен: “Эй, Расулуллоҳ! Қавм чанқоқ экан. Мен уларни қултумларини ичишдан шошилтириб қўйдим (яъни, сув ичгани қўймадим). Уларнинг ортидан (мени) юборинг”, дедим. Шунда у зот: “Эй, Ибн ал-Акваъ! Уларни енгиб олдинг, энди мулойим бўл (ўзингни бос). Албатта улар ўз қавми ичида меҳмон бўлмоқдалар (энди сени юборишнинг фойдаси йўқ)”, дедилар” (Бухорий, 4/3041).

Ҳадисда тилга олинган Абдурраҳмон ибн Афв разийаллоҳу анҳунинг ходим қулбаччасининг номи Римоҳдир. У аввалига Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилиб юрган. Ўша вақтда тўқайзорда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йигирматача туялари ўтлаб юрарди.

“Ё, сабоҳаҳ!” арабларда тонг пайти одамларни турғазиш, огоҳлантириш мақсадида чақириладиган одатдаги сўз бўлган.

Мазкур ҳадисда тилга олинган тўқайзор Мадинадан бир кунлик йўлда, яъни тахминан 30-33 километрлар узоқликда Зий Қарад (Қуруд) деган жойда жойлашган бўлган.

Мазкур ҳадис душманни кўрганда, одамларни огоҳлантириш мақсадида қаттиқ бақириб-чақириш ҳақидаги бобда келтирилган. Унга кўра, Ватанни асраш мақсадида доим огоҳ бўлиб яшаш, атроф-муҳитда бўлаётган ҳодисларга бепарво бўлмаслик, ватандошлари ғам-аламларига қайғудош бўлиб, доим одамларга ёрдам берувчи ғайратли ва шижоатли бўлиш лозимлигини билиб оламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Салама ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳуни талончилар изидан юбормаганларининг сабаби уларнинг тавба қилишларини умид қилганларидан ва қабилалараро катта жанжалнинг олдини олиш мақсади борлигидан эди. Бундан инсон шароитга қараб иш тута билиш кераклигини англаш мумкин.

Ўн учинчи ҳадис

حدثنا عِصام بن خالد حدثنا حريز بن عثمان أنّه سأل عبد الله بن بُسْر صاحب النبىّ صلى الله عليه و سلم قال أرأيتَ النبىّ صلى الله عليه و سلم كان شيخا قال كان فى عنفقته شَعَرَات بِيضٌ

“Ровий Ҳариз ибн Усмон раҳимаҳуллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Буср разийаллоҳу анҳудан: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни кексалик вақтларида кўрганмисиз?”, деб сўради. У: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иякларида оппоқ мўйлар бор эди”, деганлар” (Бухорий, 4/3546).

Кексалик чоғларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқолларидан 17-20 тача мўйлари оқарганлиги манбаларда қайд қилинади.

Ўн тўртинчи ҳадис

حدثنا المكّى بن إبراهيم حدثنا يزيد بن أبى عُبَيْد قال رأيت أثر ضربة فى ساق سلمة فقلت يا أبا مسلم ما هذه الضربة فقال هذه أصابتنى يوم خيبر فقال الناس أصيب سلمة فأتيتُ النبىّ صلى الله عليه و سلم فنفث فيه ثلاث نفثات فما اشتكيْتُهَا حتّى السّاعة

Ровий Язид ибн Абу Убайд раҳимаҳуллоҳ айтади: Мен Салама ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳунинг болдирларида зарба (жароҳат)нинг изини кўриб қолдим-да, унга: “Эй, Абу Муслим! Бу қандай зарба (жароҳат)?”, дедим. Шунда у бундай деди: “Менга бу зарба Хайбар куни етган. Одамлар “Саламага мусибат етди (яраланибди)”, дедилар. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келдим. У зот уч марта суфлаб дам солдилар. Ҳозирги онгача ундан шикоят қилмадим” (Бухорий, 5/4206).

Мазкур ҳадиси шарифдан моддий дардларга, жароҳат оғриқларига оятлар ва шаръий дуолар билан дам солиш мумкинлиги чиқади.

Ўн бешинчи ҳадис

حدثنا أبو عاصِم الضّحّاك بن مَخْلد حدثنا يزيد بن أبى عُبَيْد عن سلمة بن الأكوع رضى الله عنه قال غزوتُ مع النبى صلى الله عليه و سلم سَبْعَ غزوات و غزوتُ مع ابن حارثة استعمله علينا

Салама ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳу айтади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга еттита ғазотда иштирок қилдим. Ибн Ҳориса разийаллоҳу анҳуни бизга бошлиқ қилиб таъйинлаган вақтда ҳам у билан бирга жанг қилдим” (Бухорий, 5/4272).

Ҳадисда тилга олинган Зайд ибн Ҳориса разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларида, йигирма ёшларида бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни яхши кўрардилар. Муовия разийаллоҳу анҳунинг халифалик даврида Мадинада 54 ҳижрий (674 мелодий) йилда вафот қилганлар.

Ўн олтинчи ҳадис

حدثنا محمد بن عبد الله الأنصارى حدثنا حُمَيْد أنّ أنسا حدّثهم عن النبىّ صلى الله عليه و سلم قال كتاب الله القصاص

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: “Аллоҳнинг китоби (ҳукми) қасосдир!” (Бухорий, 6/4499).

Бу аввалги ўтган ҳадиси шарифнинг маънан такроридир. Унда “Бақара сураси”нинг 178-ояти ва “Моида сураси”нинг 45-оятидан олинадиган ҳукм назарда тутилган.

Ўн еттинчи ҳадис

حدثنا المكّى بن إبراهيم قال حدثنى يزيد بن أبى عُبَيْد عن سلمة بن الأكوع قال لمّا أمْسَوْا يوم فتحوا خيبر أوقدوا النيران قال النبى صلى الله عليه و سلم عَلامَ أوقدتم هذه النيران قالوا لحوم الحمر الإنسيّة قال أهريقوا ما فيها و اكسروا قدورها فقام رجل من القوم فقال نهريق ما فيها و نغسلها فقال النبى صلى الله عليه و سلم او ذاك

“Хайбар фатҳ қилинган кунда саҳобалар кечқурун бўлганда, олов ёқдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу оловни нимага ёқдингизлар?”, деб сўрадилар. Хонаки эшакларнинг гўшти учун эканини айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ичидаги нарсани тўкиб ташланглар ва қозонларни синдиринглар!”, дедилар. Қавмдан бир кимса: “Ичидагини тўкиб ташлаб, уларни ювиб қўя қолайлик-да?!”, деб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёки шундай қила қолинглар!”, дедилар” (Бухорий, 7/5497).

Бу ҳадис ҳам олдинда ўтган ривоятнинг маънан такроридир. Бу ҳадис мажусийларнинг идишлари ва ўлимтик солинган идишларнинг ҳукми борасидаги бобда келтирилган. Демак, ҳадис ҳукмига кўра хонаки эшаклар гўштини ейиш ҳаромдир. Ҳаром нарсалар солиб қўйилган идишларни ёки ғайридин ва мушрикларнинг идишларини ювиб-тозалаб ишлатиш мумкин.

Ўн саккизинчи ҳадис

   حدثنا أبو عاصِم عن يزيد بن أبى عُبَيْد عن سلمة بن الأكوع قال قال النبى صلى الله عليه و سلم من ضَحَّى منكم فلا يُصْبِحَنّ بعد ثالثة و بقى فى بيته منه شئ فلمّا كان العام المقبل قالوا يا رسول الله نفعل كما فعلنا عام الماضى قال كلوا و أطعِمُوا و ادّخِرُوا فإنّ ذلك ذلك العام كان بالناس جَهْدٌ فأردتُ أن تُعِينوا فيها

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Сизлардан кимки қурбонлик қилса, учинчи (кун)дан кейин уйида ундан бирорта нарса қолдириб тонг оттирмасин!”. Келаси йил келганида эса: “Эй, Расулуллоҳ! Ўтган йили қилганимиздек ишни қилайликми?”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Енглар, едиринглар ва захира қилиб ҳам қўяверинглар! Ўша йили одамларга машаққат (очарчилик) бўлган эди. Уларга ёрдам бўлишини хоҳлагандим”, дедилар” (Бухорий, 7/5569).

Қурбонлик гўштини учга ажратиб бир қисмини ўзига олиб қолиб, бир қисмини одамларга тарқатиб, бир қисмини пишириб ейиш мустаҳабдир. Шунингдек, уч кун ичида тарқатиш ҳам мандуб амалдир. Мазкур саҳиҳ ҳадиси шарифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уч кундан сўнг ҳам қурбонлик гўштидан сақлаб олиб қолишга рухсат берганлари маълум бўлади.

Ўн тўққизинчи ҳадис

حدثنا المكّى بن إبراهيم حدثنا يزيد بن أبى عُبَيْد عن سلمة قال خرجنا مع النبىّ صلى الله عليه و سلم الى خيبر فقال رجل منهم أسمعنا يا عامر من هُنَيْهَاتِكَ فحَدَا بهم فقال النبىّ صلى الله عليه و سلم مَنْ السائق قالوا عامر فقال رحمه الله فقالوا يا رسول الله هلا أمتعتنا به فأصيب صبيحة ليلته فقال القوم حبط عمله قتل نفسه فلمّا رجعتُ و هم يتحدّثون أنّ عامرا حبط عمله فجئتُ الى النبى صلى الله عليه و سلم فقلتُ يا نبىّ الله فداك أبى و أمّى زعموا أنّ عامرا حبط عمله فقال كذب من قالها إنّ له لأجرين اثنين إنّه لجاهد مجاهِد و أىّ قتل يزيده عليه

Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Хайбарга чиқдик. Улардан (яъни, саҳобалардан) бир кимса: “Эй, Омир! Бизга ўзингнинг хиргойиларингдан эшиттир!”, деб қолди. Шунда у туябонларнинг қўшиғидан хиргойи қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Туябон ким?”, дедилар. У зотга Омир эканини айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ уни раҳмат қилсин!”, дедилар. Саҳобалар: “Эй, Расулуллоҳ! Уни тушунтириб бермайсизми?”, дейишди. Ўша кечаси эрталаб у мусибатга учради. (У бехостдан ўзини-ўзи ўлдириб қўйди). Саҳобалар: “У ўзини ўлдирди, унинг амаллари бекор (ҳабата) бўлди” дейишди. Мен қайтиб борганимда, улар: “Омир амалларини ҳабата қилди”, дейишарди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бордим-да, “Эй, Аллоҳнинг набийси! Ота-онам Сизга фидо бўлсин. Омирнинг амаллари ҳабат бўлди, деб ўйлашаяпди”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Ким уни айтган бўлса, ёлғон айтибди. Чунки, унга (Омирга) икки ажр бор. Улар (яхшиликлар сари) жидду-жаҳд қилгани учун, (яна бири)  мужоҳидлик қилгани учун. Қайси ўлим ундан зиёда бўлади?!” (Бухорий, 9/6891).

Саҳобаларнинг Омир разийаллоҳу анҳунинг амаллари (бутун яхшиликларининг ҳаммаси) бекор қилинди, деб ўйлашларига сабаб “Нисо сураси”нинг 29-оятидаги: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманглар!” каби оятларининг ҳукми эди. Бироқ, у бехостдан, билмасдан ўзини-ўзи ўлдириб қўйгани учун ажр-савоблари бекор қилинмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билдириб ўтганлар.

Мазкур ҳадис ўзини ўлдирган кимсага хунпули – товон тўланмаслиги ҳақидаги бобда келтирилган.

Йигирманчи ҳадис

حدثنا الأنصارى حدثنا حُمَيْد عن أنس رضى الله عنه أنّ ابنة النضر لطمت جارية فكسرت ثنيّتها فأتوا النبى صلى الله عليه و سلم فأمر بالقِصاص 

“ан-Назрнинг қизи (Рубаййеъ) разийаллоҳу анҳо бир қизалоқнинг чаккасига шапалоқ урганди, унинг тиши синиб тушди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга келганларида, у зот қасосга буюрдилар” (Бухорий, 9/6894).

Бу ҳадис олдинги ривоятнинг бир қисмидир. Аввал ўтдики, қизалоқнинг қариндошлари билан сулҳ қилинган.

Йигирма биринчи ҳадис

حدثنا أبو عاصم عن يزيد بن أبى عُبَيْد عن سلمة قال بايعنا النبىّ صلى الله عليه و سلم تحت الشجرة فقال لى يا سلمة ألا تبايع قلت يا رسول الله قد بايعتُ فى الأول قال و فى الثانى  

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга дарахт остида байъат қилгандик. Шунда у зот менга: “Эй, Салама! Байъат қилмайсанми?”, дедилар. Мен: “Эй, Расулуллоҳ! Аввал (олдинроқ) байъат қилгандим”, дедим. У зот: “Иккинчи бор ҳам (қилавер!)”, дедилар” (Бухорий, 9/7208).

Бу ҳадис аввал ўтган ривоятнинг бир қисми – маънан такроридир. Юқорида айтганимиздек, бу воқеа Ҳудайбияда “Байъат ар-Ризвон”да бўлиб ўтган.

Йигирма иккинчи ҳадис

حدثنا خلاد بن يحيى حدثنا عيسى بن طهمان قال سمعتُ أنس بن مالك رضى الله عنه يقول نزلت آية الحجاب فى زينب بنت جَحْش و أطعم عليها يومئذ خبزًا و لحمًا و كانت تفخر على نساء النبىّ صلى الله عليه و سلم و كانت تقول إنّ الله أنكحنى فى السماء

“Ҳижоб ояти Зайнаб бинти Жаҳш разийаллоҳу анҳо ҳақларида нозил бўлди. Ўша куни унга (тўйга) атаб нон ва гўшт едирди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (бошқа) аёлларига фахрланар эдилар ва “Албатта Аллоҳ мени самода никоҳ қилдирган”, дердилар” (Бухорий, 9/7421).

Ҳадисда тилга олинган “ҳижоб ояти” Қуръони каримнинг “Аҳзоб сураси”нинг 53-59 оятлари ва “Нур сураси”нинг 31-ояти ҳисобланади.

Ҳижоб оятлари нозил қилиниб, аёллар ҳижобда юришлари, яъни уят жойларини тўсиб олишлари фарз қилинган кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнаб онамиз разийаллоҳу анҳога уйланган эдилар. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам катта тўй қилиб бердилар. Тўйга 300 (уч юз) нафар одам ташриф буюрган.

“Албатта Аллоҳ мени самода никоҳ қилдирган”, жумласи муташобеҳ бўлиб, бундан Аллоҳ таоло никоҳ бўлишини алоҳида буюрганини ва никоҳ олий даражада бўлиб ўтганини тушуниш керак.

Тамом.

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.  

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *