ИБОДАТДА ИХЛОСНИНГ АҲАМИЯТИ

dove_marquee-1170x610Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мўминнинг нияти амалидан яхшидир” деганлар. Дарҳақиқат, амални эътиборга молик даражага олиб чиқадиган нарса бу ниятдир. Ният тўғри бўлса амал охиратда фойда беради. Ниятда хатолик бўлса амалнинг манфаати бўлмайди. Зеро, ниятнинг манбаси қалбдир. Қалб эса инсон танасидаги энг олиймақом аъзодир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ сизларнинг гавдангиз ва қиёфангизга эмас балки, қалбингизга боқади.» (Имом Муслим).

Яна бир ҳадисда эса бундай дейилган: “Инсон танасида бир парча гўшт бор. У тўғри бўлса бошқа аъзолар ҳам тўғри бўлади. У фасод бўлса бошқа аъзолар ҳам фасод бўлади. У қалбдир”. (Бухорий ва Муслим).

Демак, танамизда энг аҳамиятли аъзо бу қалбимиз эканми, шунга кўра қалбнинг амали ҳам энг мўътабар амал ҳисобланади. Қалбнинг амали эса боя айтиб ўтилганидек тўғри ният яъни ихлосдир!

Ҳар бир амалки агар ихлос билан қилинмас экан, ундан бандага ҳеч қандай манфаат етмайди. Дунёвий ҳам ухровий ҳам фойда кўра олмайди. Ихлос билан қилинган амал эса икки дунёда ҳам эгасига наф келтиради. Эътибор беринг: Иброҳим Нахаъий раҳимаҳуллоҳ айтган экан: “Одамларнинг кўз ўнггида яхши амал қилиб намоён бўлишингиз мумкин. Аммо ният холис бўлмаса, барибир одамлар сизни ёмон кўриб қолади. Чунки у амалингизни Аллоҳ ёқтирмаган. Баъзида эса одамларнинг наздида ёмон амал қилишингиз мумкин. Лекин ниятингиз холис Аллоҳнинг ризолиги бўлгани учун, Аллоҳнинг муҳаббатига эришасиз ва одамларнинг ҳам меҳрини қозонасиз”.

Инсон ибодатини чин Аллоҳ учун қилса, дунёвий ғаразлар аралашмаса Аллоҳнинг Ўзи у бандасини одамлар орасида баобрў қилиб қўяди. Муҳаммад ибн Воси ҳазратлари айтган экан: Банда сидқидилдан Аллоҳга юзланса, Аллоҳ одамларнинг қалбини ўша бандаси томон йўналтириб қўяди.

Агар ташқи қиёфаси савобли бўлиб кўринган амални беихлослик ила дунёвий ғаразда амалга оширилса, Аллоҳ уни асло қабул қилмайди. Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ихлос ва ният” номли рисоласида қуйидаги ривоятни келтиради: Бани исроилда бир обид қирқ йил ибодат қилибди. Фаришталар унинг амалини даргоҳи илоҳийга кўтариб чиқишар, лекин Аллоҳ ҳар сафар рад қилар экан. Охири фаришталар сўрабди: Эй Раббимиз, бу бандангни ҳаммадан махфий тутган амалларини Сенга олиб чиқяпмиз, аммо қабул этмаяпсанку?! Шунда Аллоҳ жавоб берибди: Эй фаришталарим, тўғри айтасизлар. Аммо бу банда ибодатини махфий қилгани билан аслида атрофга “хуфёна ибодат қилувчи тақводор” бўлиб танилиш мақсадида ибодат қиляпти. Шунинг учун унинг амаллари рад этилди. (Ихлос ва ният. Ибн Абу Дунё. 49 — Б).

Мусабоев ШАРОБИДИН

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *