АЁЛИМ 3 ТАЛОҚ БЎЛМАДИМИ?

695-1Ассалому алайкум. Уйда аёлим билан жанжаллашиб қолдик. У аразлаб, нарсаларни йиғиштириб отасиникига кетиш ҳаракатига тушиб қолди. Шунда уни уйдан чиқармаслик мақсадида “агар шу дарвозадан чиқсанг 3 талоқсан” деб юбордим.

Аёлимни ҳалол-ҳаромдан хабари бор, бу гапимдан хушёр тортди ва уйдан чиққани йўқ. Ва менга: мен кўчага чиқмасдан умрбод уй ичида қамалиб ўтира олмайман, бирон домлага бориб муаммони ечимини топинг. Хозир кўчага чиқсам никоҳимиз 3 талоқ билан бузилади. Қандай йўл тутсак вазиятдан чиқиб кетамиз? Шуни аниқланг деб туриб олди.

Ҳудудимиздаги имом домлага бориб, ҳолатни баён қилдим. У: хотинингизни 1 боин талоқ қиласиз, кейин идда сақлайди. Идда жараёнида 3 марта ҳайз кўриб поклангунча уйдан чиқмайди, сиз билан бир хонада тунамайди, яқинлик ҳам бўлмайди. Қачонки идда чиқса, кейин кўчага чиқади ва шунда қайта никоҳлаб оласиз. Бундан бошқа йўли йўқ—деб тушунтирди.

Домла айтганидек хотинимга бир боин талоқ қўймоқчи бўлиб: “сен менга ҳаромсан? талоқсан” дедим ва шундан кейин то 3 марта ҳайз кўриб поклангунича жинсий яқинлик қилмадим. Аммо, инсонгарчилик шаҳват билан қўл теккизиш, мулоъаба каби ишлар бўлди.

Иддаси чиққач, хотиним уйдан чиқди ва мен домлани олиб келиб никоҳимни янгилатдим. Домла: энди шарт ечилди ва жазо рўёбга чиқмади. Бундан кейин кўчага чиқса 3 талоқ тушмайди, деб бизни дилимизга ёруғлик киритди.

Лекин шу воқеадан кейин интернет ва бошқа диний адабиётлардан талоқ ҳақидаги маълумотларни ўргана бошладим. Ва қуйидаги маълумотга дуч келдим: талоқ икки хил бўлади. Боин ва ражъий. Ражъий талоқдан кейин никоҳни янгилаш учун гувоҳ шарт эмас. Эр шунчаки шаҳват билан хотинини ушласа, ўпса ва шу каби ишлар билан никоҳ қайта тикланиб қолар экан.

Энди савол: Мен хотинимга “шу уйдан чиқсанг 3 талоқсан” деб шарт қўйдим. Аммо шарт амалга ошишидан олдин уни “сен менга ҳаромсан, талоқсан” деб домла ўргатганидек талоқ қилдим. Шу талоғим боин бўладими ё ражъий бўладими? Агар ражъий бўлган деб ҳисобласак, у ҳолда мен идда жараёнида уни шаҳвоний мулоъабаларим билан қайтариб олган бўламан ва хотиним кўчага чиққанда 3 талоқ тушган бўладику? Илтимос, шу масала мени қийнаб қўйди, мендаги ҳолатни ўрганиб батафсил жавоб берсангиз…

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Никоҳдек муқаддас риштанинг бутун сақлаб қолиш йўлида ҳар қанча машаққатдан қўрқмаган, ҳалол яшаш учун бор имконини сарф қилган ва бу йўлда ташвиш чеккан сиздек инсонларни Аллоҳ ажрини кўпайтириб берсин!

Энди, ижмолан айтадиган бўлсак, сиз мурожаат қилган имом домладан Аллоҳ рози бўлсинки, сизга жуда тўғри маслаҳат берган. Ва унинг маслаҳати билан сизларда никоҳ риштаси батамом узилиб кетишининг олди олиниб қолган. Илоҳим никоҳларингиз абадий бўлсин!

Бизнингча, сизга тушунарсиз бўлиб турган масала шуки, сиз шарт амалга ошишидан олдин аёлингизга “сен менга ҳаромсан, талоқсан” — деб айтган гапингиз билан ражъий талоқ тушиб қолганлик эҳтимолидан ташвишланмоқдасиз. Тўғри тушунган бўлсак…

Ташвишга ўрин йўқ! Бу гап билан ражъий тушган эмас ва идда жараёнидаги аёлингизга тегинишлар билан никоҳ қайта тикланиб ҳам қолган эмас! Идда чиққач аёлингиз уйдан чиққанда шарт ўз кучини йўқотган ва орадаги эр-хотинлик риштаси тамом узилиб бўлгани учун шартга боғлиқ қилинган 3 талоқ хотинингизга илашмаган!

Лекин! Сиз қуйидаги ҳолатдан ташвишланишингиз керак: сиз аёлингизга “сен менга ҳаромсан, талоқсан” деб айтганингизда битта эмас балки иккита талоқ туширгансиз. Бундан кейин ҳаётингиз давомида хотинингизни билибми ё билмайми битта талоқ қилсангиз, шу билан ораларингиздаги никоҳ риштаси батамом узилиб кетади. Оилангизни тиклаш учун эса, аёлингизни иддаси чиққач, бошқа эрга тегиб, у билан ҳам лоақал бир марта жинсий яқинлик қилиб, кейин ундан талоқ олиб, идда сақлаб кейингина сизга қайта никоҳланиши мумкин! Ташвишланадиган тарафи шу энди.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиб имоми

Қуйидаги ҳаволалардан ўтиб мавзуга алоқадор қўшимча маълумотларни ўқишингиз мумкин:

http://ahlisunna.uz/boin-va-rajiy-taloq/

http://ahlisunna.uz/keyingi-uch-taloq/

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 6 та

  1. Зафаржон Ворисов:

    Ассалому алайкум кори ака. Куйидаги маколани укидим ва ажабландим чунки аёл кишини куркитиш учун яъни талок килиш ниятида булмасдан факат куркитиш учун айтилса булоради дейилганди. Бу дустимиз хам аёлини ажрим бн куркитиш учун айтган экан хеч кандай ажрашиш нияти йук эдикан демак шунча ишларни амалга оширмасдан булди гапимдан кайтдим кучага чикишинга рухсат деса булорардию?

    • ahlisunna.uz:

      Ва алайкум ассалом. Эр аёлга талаб қўйиб, ёки аёлни бирор фелдан таъқиқлаб, талоқ билан шарт қўйса, буни қасам кўринишидаги муаллақ талоқ, дейилади. Масалан, “Фалончига гапирсанг талоқсан”, “Агар шу ҳовлига кирсанг талоқсан”, деган ибораларда эр аёлга кескин талаб қўймоқда ва шартни бузса, талоқ бўлишини таъкидламоқда. Баъзида инсон ўзининг рост сўзлаётганини исботлаш ниятида ҳам аёлининг талоғини шартга боғлайди, масалан: “Мен бу ишни қилган эмасман! Агар қилган бўлсам аёлим талоқ бўлсин..”, деганга ўхшаш. Булар қасам кўринишига эга бўлган муаллақ талоқнинг мисолларидир. Қасам кўринишидаги шартли талоқ сўзини айтган эрнинг асл мақсади, юқорида ишора қилинганидек аёлига кескин талаб қўйиш ёки бирон хабарни такидлаш бўлади.

      Жумҳур уламо—Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларининг муассислари-ю мунтасиблари якдиллик билан “шартга боғланган талоқ саҳиҳдир ва қачонки шарт топилса, талоқ воқеъ бўлади, бир талоқ—деган бўлса, бир талоқ. Уч талоқ—деган бўлса уч талоқ…”, деганлар.

  2. ЛОЛА:

    АССАЛОМУ АЛАЙКУМ!МЕНГА ЭРИМ ЖОИНГНИ ТОПИБ ЧИКИБ КЕТ,ЕКИ МЕН ЧИКИБ КЕТАМАН,ДЕСАЮ,МЕН ЧИКИБ КЕТСАМ,ОРАГА ТАЛОК ТУШАДИМИ?ВА ЭРТАСИГА ЭРТАЛАБ КЕЛИБ МЕН ФАЛОНЧИ УГЛИ ФАЛОНЧИ,ФАЛОНЧИ КИЗИ ФАЛОНЧИНИ ТАЛОК КИЛДИМ ДЕСА,БУ ИККИНЧИ МАРТТА ТАЛОК КУЙГАНИ БУЛАДИМИ,БИР КЕЧАЮ КУНДУЗДА ИККИ ТАЛОК ТУШДИМИ

  3. ЛОЛА:

    БУНДАН ОЛДИН ХАМ ОРАДА ТАЛОК ТУШГАНДИ,НИКОХ УКИТГАНДИК

  4. ЛОЛА:

    БИЗ ЖУДАЯМ ПУШАЙМОНМИЗ,ЭНДИ НИКОХ УКИТИШНИ ИЛОЖИ БОРМИ

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *