Ҳоизанинг талоғи

Lotin alifbosida

Hoizaning talogiТалоқ—мубоҳ амаллар ичида энг ёқимсизидир. Икки мўмин оиласига дарз кетган чоғда Аллоҳнинг Арши ларзага келади. Шундай бўлсада, айрим ҳолларда талоққа эҳтиёж ҳам туғилади. Эр-хотин биргаликда тинч яшаб кетишга кўзлари етмай қолганда шаръий тавсиялар мувофиқ, яхшилик билан  бир сунний талоқ билан оилавий ҳаётларига нуқта қўйишлари керак бўлади.

Талоқнинг сунний (суннатда тавсия қилинган) бидъий (қайтарилган, ҳаром) турлари бўлиб. Биз хозир бидъий талоқ турларидан бири—ҳайзли ҳолдаги аёлга берилган талоқ ҳақида баҳс қиламиз.

Ислом фиқҳида ҳайзли аёлга айтилган талоқ “талоқ ул-ҳоиз” (ҳоизанинг талоғи) деб юритилади ва унинг ҳукми бутун салаф ва халафдан иборат аҳли сунна уламоларининг бир овоздан қабул қилган қарорларига мувофиқ ҳаром ва воқе бўлгувчидир. Яъни, ҳайзли аёлни талоқ қилиш ҳаром ва шу билан бирга ҳукмни исбот этиб оилани дарз кеткизади.

Бу ижмоъни ибн ал-Мунзир (р.а.) “Авсат” 9-жилд, 137-бетда, “ал-Ижмоъ” асарида эса 396 рақам билан қайдлаб нақл қилган, шунингдек, ибн Абдулбар раҳматуллоҳи алайҳдан ҳам нақл қилинган. У киши нақл қилган ижмоъий масалаларни тартибга солиб жамлаган Фуод ибн Абдулазиз Шулҳуб ва Абдулваҳҳоб ибн Зофир Шуҳрийлар мазкур масалани 556-рақам билан қайдга олишган.

Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “ибн ал-Мунзир ва ибн Абдулбар айтганларки, ҳайзли аёлни талоқ қилиш масаласида аҳли суннанинг фикри иттифоқийдир, бунда фақат аҳли бидъат ва аҳли залолатларнинг хилофи бор”. (ал-Муғний.10/327бет).

Айни масалада Шиалар аҳли суннага мухолиф бўлишган. Ибн ал-Мунзир ва ибн Абдулбарлар аҳли бидъат ва залолат, деб ўшаларни назарда тутган.

Кейинчалик бу масалада ибн “Салафийлик” асосчиси Таймия ал-Ҳарраний ва унинг яқин шогирди ибн Қаййим икковлари Шиаларга мувофиқ фатво беришган. Уларнинг фикрича, ҳайзли аёлни талоқ қилиш бидъат бўлгани учун у билан никоҳ бузилмайди. Чунки, бидъат сўз билан ҳукм собит бўлмайди. Бу қарорларига ҳадисдан қуйидагича далил қилишади:

Ғайри машру талоқ сўз билан ҳукм собит бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар:

عَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ عَائِشَةَ — رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا -، قَالَتْ: قَالَ: رَسُولُ اللَّهِ — صلى الله عليه وسلم — «مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ»؛ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Яъни, Оиша онамиздан ривоят қилинди, онамиз айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Кимки бизнинг бу ишимизда (шариатимизда) ундан бўлмаган (унга ёт) нарсани пайдо қилса, бас, у мардуд (қабул қилинмаган)дир!” (Имом Бухорий).

Ҳанафий фиқҳида битилган машҳур асар “Эълоус-сунан”да имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги сўзлари нақл қилинади:

“Баъзи аҳли зоҳирлар ўз фикрлари билан жамоатга хилоф қилишди, улар айтишдики: “агар ҳайзли аёлни талоқ қилинса, талоқ воқе бўлмайди. Чунки, бундай тарзда талоқ қилишга шаръан рухсат йўқ, бу худди ўз хотини қолиб бегона хотинни талоқ қилишдек гап.” Бу гапни ал-Ҳаттобий Рофизий (Шиалар) ва Хаворижлардан ҳикоя қилган. Ибн Қаййим ўз устози (ибн Таймия) мазҳабини кўтариш (таржиҳ қилиш) мақсадида қиёс билан ҳужжат қилган. Яъни, унинг айтишича, “наҳй фасодни тақозо қилади. Шунга кўра ҳайзли аёлни талоқ қилиш фосид ва бефойда бўлиб, никоҳни бузмайди”. Унинг бу қиёси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибн Умар розияллоҳу анҳунинг хотинини қайтиб олишига қилган буйруғига ҳеч-ҳеч бўйлаша олмайди”. (Эълоус-сунан. 11/140 бет.)

Ижмоъ аҳлининг далили ва санади Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг оиласида бўлиб ўтган машҳур хабардир. Яъни, Ибн Умар розияллоҳу анҳу Аёлини ҳайзли ҳолатида талоқ қилади, у кишининг отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрайдилар. Шунда ул зот Умар розияллоҳу анҳуга:

مره فليراجعها حتى تطهر، ثم تحيض حيضة اخرى، فاذا طهرت فليطلقها ان شاْء قبل ان يجامعها او يمسكها، فانها العدة التي امر الله ان تطلق لها النساْء

“унга буюргин, то ҳайзидан пок бўлгунча (аёлини) қайтиб (никоҳлаб) олсин, сўнгра, яна бир ҳайз кўриб кейин пок бўлса, қовушмасдан олдин хоҳласа талоқ қилсин, хоҳласа у билан яшасин. Ана шундай қилиши, Аллоҳ аёлларни талоқ қилишда амр қилган йўриқдир.” (Имом Аҳмад, Байҳақий, Бухорий, Муслим ва ибн ал-Мунзирлар ривоят қилишган).

Муҳаммад ибн Қудома ал-Мақдисий раҳматуллоҳи алайҳ машҳур “Ал-муғний” асари талоқнинг турларини баён этилган фаслида, бидъий талоқни далиллари қаторида юқоридаги ҳадисни келтириб, унга қўшимча тарзда имом Дорақутнийнинг сунан тўпламида келтирилган ривоятни ҳам тақдим қилади. унда шундай дейилган:

عن ابن عمر، انه طلق إمرأته تطليقة و هي حائض، ثم اراد ان يتبعها بتطليقتين آخرتين عند القرأين، فبلغ ذلك رسول الله صلى الله عليه و سلم فقال: «يا ابن عمر ما هكذا امرك الله، إنك اخطات السنة، و السنة ان تستقبل الطهر، فتطلق لكل قرء» (سنن الدار قطني4 /31)

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинганки, у киши аёлини ҳайзли ҳолида бир талоқ қилди, сўнгра, уни ортидан яна иккита талоқни икки ҳайз вақтида қўйишни истади. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борди. Шунда ул зот айтдилар: “Эй ибн Умар, сенга Аллоҳ бундай қилишни амр қилмаган. Сен суннатда хато қилибсан. Суннат шуки, покликни кутиб турасан, сўнгра ҳар бир ҳайз олдидан талоқ қиласан!” (Ал-Муғний. Ибн Қуддома ҳанбалий.10-ж. 325-бет. Дору Олам ал-кутуб. Аррияд).

Бу ҳадис ривоят туруқларининг кўплиги ва бир-бирлари билан мувофиқ эканидан мутавотир даражасига етган. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига асосан айтиш мумкинки, ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳайз ҳолидаги аёлига айтган талоғи ҳисобга ўтган ва никоҳ бузилган. Акс ҳолда Расулуллоҳ у кишига аёлини қайтиб олишни амр қилмас эдилар. Ул зотнинг бу буйруғига биронта ақлий-қиёсий далил қарши тура олмайди.

Шунингдек яна, ибн Абдулбарнинг ушбу мантиқий истидлоли ҳам бор. У киши айтадиларки: “Талоқ бандани Аллоҳга яқин қиладиган яхшилик амалларидан эмас, балки талоқ—неъматни, банданинг ҳақ-ҳуқуқини зоил қилишдир. Талоқни қандай қилиб айтса ҳам воқе бўлаверади. Хоҳ маснун йўл билан айтиб ажр олсин, хоҳ бидъий йўл билан айтиб осий бўлсин, барибир никоҳ бузилаверади. Агар маснун йўл билан талоқ қилганни оиласини бузиб, неъматдан маҳрум қилсак-да, бидъий йўл билан талоқ қилганларнинг оиласини “бу талоқ ҳисоб эмас” деб асраб қолсак, бу ҳолда осий-гуноҳкор банданинг ҳоли маснун йўлда юрган итоъатгўйларнинг ҳолига нисбатан енгил бўлиб қоладику?!” (Эълоус-сунан. 11/141 бет.)

Албатта, бундай ҳукм—итоатгўйларни жазолаб, исёнчиларни мукофотлаш маъносидаги мантиқсизликдир.

Аллоҳ таоло ҳеч биримизни жамоатжан ажратмасин, суннати набавияда собитқадам қилсин! Аҳли бидъат ва залолатдан ҳамиша асрасин! Ҳақни ҳақ деб, ботилни ботил деб кўрсатсин! Омин!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *