Ватанни севинг! Севишингизни гапиринг!

Lotin alifbosida

Vatanni sevingМана юртимиз мустақилликка эришганига ҳам чорак аср тўлди. Аллоҳ эркинлигимизни абадий қилсин! Кўплаб тадбирларда истиқлол неъматининг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш мавзусида хилма-хил маърузалар эшитиб келамиз. Ундан ташқари газета ва журналларда, қолаверса интернет сайтларида ҳам мавзуга доир материалларни сон-саноғи йўқ десак хато бўлмайди.  Зиёлилар, аҳли илмлар шоиру адиблар истиқлол ҳақида бир-биридан гўзал, ҳавасга арзигулик ижод намуналари билан чиқишлар қилишади. Бу қувонарли ҳол албатта. Лекин яқинда ижтимоий тармоқлардан бирида қуйидаги ибораларни ўқиб қолдим:

“Худди аёлни мақтаб, мақтаниб бировга айтиб севилмаганидай Ватанни ҳам бировга айтиб севилмайди. У дуд босган қалбингда пардаланган инжа туйғу! Шунинг учун Ватан, Истиқлол деб бақиравермаларинг жонга тегдиларинг! Шу сўзларнинг қадрини йўқотяпсанлар!”.

Иборалар муаллифи ўзига яраша обрўли, бир қанча илмий ишлар эгаси бўлган зиёлилардан бири. У кишининг Ватан ва истиқлолни гапириш ҳақидаги кўплаб ихлосмандлари томондан маъқулланган фикрларини ўқигач, тўғриси ҳайрон бўлдим. Албатта, ҳар кимнинг ҳар масалада шахсий фикри, дунёқараши бор ва у ҳурмат қилиниши керак. Лекин барча фикр ва ғоялар шариат мезони билан ўлчаниб ижобий баҳолансагина тўғри бўлади!

Шариатимизда Ватанга бўлган муҳаббат, хусусан истиқлол неъматини ошкора гапириш, бу ҳақда шеър ва бошқа ижодий чиқишлар қилишнинг ҳукми ҳам умумий ва баъзи хос далил ва қоидалар ичида қониқарли тарзда баён қилинган десак хато қилмаган бўламиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюради:

و امَا بنعمة ربِك فحدِثِ

Ва аммо, Роббинг неъматлари ҳақида сўзла” (Зуҳо сураси, 11-оят).

Имом Қози Байзовий раҳматуллоҳи алайҳ бу оят тафсирида Худонинг неъматини гапириш бу — шукр қилиш демакдир, деб изоҳ берган.

Сўнгги ҳанафий муҳаққиқларидан Саййид Маҳмуд Олусий ҳазратлари бу оятнинг тафсирида шундай ёзади:

Чунки Аллоҳнинг неъматларини гапириш бу – Аллоҳга шукр қилиш демакдир. Зеро, Умар ибн Абдулазиз, Ҳасан ал-Басрий, Қатода, Фузайл ибн Иййозлар шундай тушунтиришган. Қолаверса, имом Бухорий “Адаб ул-муфрад”да ва Абу Довуд, Термизий, Абу Яъло, ибн Ҳиббон, Байҳақийлар Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилишган: “Кимгаки бирор нарса (ҳадя) берилса, (ҳадя берувчини) топа олса унга мукофотини қайтарсин. Агар топа олмаса, бас, уни мақтасин. Ким неъмат берувчини мақтаса бас унга шукр қилибди. Ким яширса, бас, куфрони неъмат қилибди. Ким ўзида йўқ нарса билан ясанишга уринса ёлғончилик либосини кийгандек бўлади”.

Шунинг учун ҳам салафи солиҳлар яхши амалларини риё аралаширмасдан гапиришни хуш кўришар ва шундай қилишни таълим берардилар.

Ибн Абу Ҳотам Муқсимдан шундай ривоят қилди: (Расулуллоҳнинг набиралари) Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумани бир кун учратиб қолдим ва сўрадим:

— Менга Аллоҳ таолонинг “Ва аммо, Роббинг неъматлари ҳақида сўзла” оятини тушунтириб берсангиз?

— У киши дедилар: “Мўмин киши солиҳ амал қилиб буни аҳли байтига гапириб беришидир”.

Ибн Абу Ҳотам эса ул зотнинг “Агар бирор яхшиликка эришсанг уни атрофингдаги дўст-у биродарларингга гапириб бер” деб изоҳлаганларини ривоят қилган. (Руҳ ул-маъони. Аллома Олусий).

Инсон ўз Ватанига муҳаббатли, садоқатли бўлиши ҳам алоҳида бир неъматдир. Туғилиб ўсган она Ватанимизни севиш, уни ободлиги йўлида жонфидолик қилиш эса мўминлик муқтазоларидан биридир. Қалбимизнинг тўридан жой олган Ватанимизга нисбатан инжа туйғуларимизни эса атрофимиздаги дўстларимизга, талабаларимизга, фарзандларимизга гапириш эса шариат талабларидан бири — шукрони неъмат экан. Зотан, бу неъматларни гапириш билан ҳам Аллоҳга шукр қилган бўламиз, қолаверса, тингловчилар қалбига Ватанларига нисбатан меҳр-муҳаббат, садоқат уруғини экамиз.

Ватан, истиқлол неъматларини гапирмаслик, яшириш эса бу неъматларни билмаслик қадрига етмаслик, куфрони неъмат деб баҳоланади.

Шукрони неъмат айни ўша неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлса, куфрони неъмат айни ўша неъматнинг заволига хизмат қилади.

Куфрони неъмат мўминлар қалбини емирувчи қалб офатларидан биридир. Зеро, Имом Биргивий “Тариқа”да куфрони неъматни қалб офатларидан 38-чиси деб қайдлаган эдилар. Бу иллатнинг оқибати ҳақида Аллоҳ таоло Қуръонда шундай хабар беради:

وَضَرَبَ اللّهُ مَثَلاً قَرْيَةً كَانَتْ آمِنَةً مُّطْمَئِنَّةً يَأْتِيهَا رِزْقُهَا رَغَداً مِّن كُلِّ مَكَانٍ فَكَفَرَتْ بِأَنْعُمِ اللّهِ فَأَذَاقَهَا اللّهُ لِبَاسَ الْجُوعِ وَالْخَوْفِ بِمَا كَانُواْ يَصْنَعُونَ

Аллоҳ бир шаҳарни зарбул масал қилади: у омонлик ва хотиржамликда эди. Ризқи ҳар макондан сероб ҳолда келиб турарди. Сўнг у Аллоҳнинг неъматларига куфр келтирди. Бас, Аллоҳ унга қилган ишлари учун очлик ва хавф кийимини тоттирди. (Наҳл сураси / 112).

Яъни, қилган ношукрчиликлари, келтирган куфрлари учун уларга очлик ва хавфни кийим қилиб кийгазиб қўйди. Аллоҳнинг амри билан Маккага етти йил қаҳатчилик келгани, унинг аҳолиси ўлимтиклар, туянинг юнги ва одатда еб бўлмайдиган бошқа нарсаларни еганлари ҳаммага маълум. Шундай қилиб, Аллоҳ уларни тўқликдан очликка чиқарди. Мусулмонлар Мадинаи Мунавварага ҳижрат этиб, ўша ерда ўз жамиятларини қурганларидан сўнг эса, аҳли Маккадан хотиржамлик неъматини ҳам олиб, уларни хавф-хатарда яшайдиган қилиб қўйди. Улар мусулмонлар Маккани фатҳ этиши учун келиб қолармикан, деган хавфда яшардилар. (Тафсири ҳилол).

Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Кимки (неъматнинг) озига шукр қилмаса кўпига (ҳам) шукр қилмайди. Кимки одамлардан миннатдор бўлмаса Аллоҳга (ҳам) шукр келтирмайди. Аллоҳнинг неъматини гапириш Аллоҳга шукр келтирмоқдир. Гапирмаслик куфрони неъматдир. Жамоат раҳматдир. Фирқа (жамоатдан ажрашнинг оқибати) азобдир”. (Имом Аҳмад).

Имом Абу Саъийд ал-Ходимий раҳматуллоҳи алайҳнинг шу ҳадисга берган изоҳига кўра, бирон банда туфайли мақсадига етишган киши ўша банда ҳаққига ошкора ва хуфёна хайрли дуо қилиши, унга миннатдорчилик изҳор этиши худди Аллоҳнинг неъматига шукр қилиш каби бир хил вожибдир. Чунки асли неъматни инъом этувчи Зот Аллоҳ бўлса-да, бу банда ўша неъматга эришишига сабаб бўлди.

Шундай экан, ҳар биримиз ўз туғилиб ўсган она диёримизни севишимиз, қадрига етишимиз, тинчлиги йўлида камарбаста бўлишимиз, унинг истиқлолини асраб-авайлашимиз, душманларидан ҳимоя қилишимиз, бу неъматларни инъом этган Улуғ Роббимиз Аллоҳга тинимсиз шукрона қилишимиз, бу неъматлар ҳақида Аллоҳнинг амри ва Расулуллоҳнинг суннати ўлароқ тинимсиз гапиришимиз, бу ҳақда қасида-ю шеърлар битишимиз, газета ва журналларда, интернет сайтларида чиқишлар қилишимиз лозим-у лобуд экан!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *