КЕЙИНГИ АЙТГАН “УЧ ТАЛОҚ” ТУШМАЙДИМИ?

1652158-0302Савол:

Эр-хотин оилада жанжаллашиб қолди. Эр хотинига қарата: “йўқол, ўз уйингга кет, сен билан яшамайман, талоқсан”—деди. Хотин онасининг уйига аразлаб кетди. Орадан 3-4 кун ўтгач эр хотинининг олдига бориб яна жанжал кўтарди ва “3 талоқсан”—деди. Шу ҳолатда орага 3 талоқ воқе бўладими ёки йўқ?

Баъзиларга кўра, эрнинг аввалда айтган “йўқол, ўз уйингга кет, сен билан яшамайман, талоқсан”, деган гаплари билан орага талоқ тушган ва никоҳ риштаси узилиб кетган. Кейинги айтган 3 талоқ беҳуда бўлиб, тушмас экан. Шу ростми?

Жавоб:

Талоқ қилиш учун одатда икки турли сўздан фойдаланилади. Сариҳ ва киноя. Сариҳ деганда фақат талоқ учун қўлланувчи, бошқа маъноларни эҳтимол қилмайдиган аниқ сўзлар тушунилади. Масалан: “сен талоқ бўлдинг, сени талоқ қилдим” деганга ўхшаш. Сариҳ сўзлар билан фақат ражъий талоқ воқе бўлади.

Киноя деганда эса никоҳ риштасини узиш ва яна бошқа маъноларда ҳам ишлатиш мумкин бўлган эҳтимолий сўзларга айтилади. Масалан: “Бор кет, сен менга ҳаромсан” каби сўзлар. Булар билан талоқ ниятида никоҳни бузиш ҳам мумкин ва хотинни сўкиниш, ҳузуридан хайдаб чиқариш каби маъноларни ирода қилиш ҳам мумкин. Киноя сўзлар билан боин талоқ воқе бўлади.

Саволдаги ҳолатга келадиган бўлсак, у ерда 3 талоқ воқе бўлган. Чунки Ҳанафий мазҳабимизда энг машҳур матнлардан бири “Канз ад-дақоиқ”да қуйидаги масала бор:

و الصريح يلحق الصريح و البائن و البائن يلحق الصريح لا البائن إلا إذا كان معلقا بشرط

Сариҳ сариҳга ва боинга илашади. Боин эса сариҳга илашади, боинга илашмайди. Аммо боин, шартга боғлиқ қилинган боинга илашади. (Талоқ китоби. Киноя боби).

Бу матнни “Дурр ал-мухтор”да қуйидагича изоҳланган:

(و الصريح يلحق الصريح و) يلحق (البائن) بشرط العدة (و البائن يلحق الصريح) الصريح ما لا يحتاج الى نية بائنا كان الواقع به او رجعيا. فمنه الطلاق الثلاث فيلحقهما. (لا) يلحق البائن (البائن إلا إذا كان) البائن )معلقا بشرط(

Сариҳ сариҳга ва боинга илашади. Идда шарти билан. Боин эса сариҳга илашади. Сариҳ бу – у билан талоқ воқе бўлишида ниятга эҳтиёж йўқ. Хоҳ боин бўлсин, хоҳ ражъий бўлсин барибир. Уч талоқ ҳам сариҳ билан воқе бўладиган боин туридандир. Бас шундай экан, уч талоқ боинга ҳам сариҳга ҳам илашади. Аммо боин талоқ боинга илашмайди. Лекин боин, шартга боғлиқ қилинган боинга илашади.

“Радд ал-мухтор”да “Боин боинга илашмайди” иборасига қуйидагича изоҳ берилган:

المراد بالبائن الذى لا يلحق هو ما كان بلفظ الكناية

Боинга илашмайдиган боиндан мурод бу киноя лафзи билан айтилган боин талоқдир.

Соддароқ қилиб мисоллар билан ёритамиз:

  • Мисол: Эр хотинга “Сени талоқ илдим” деди. Бу сариҳ лафз бўлиб у билан бир ражъий талоқ воқе бўлади.
  • Мисол: Эр хотинга “Сени бир боин талоқ қилдим” деди. Бу боин сифати билан айтилган сариҳ лафз бўлиб, у билан бир боин талоқ воқе бўлади.
  • Мисол: Эр хотинига “Йўқол!”,  “Сен билан яшамайман!”, “Билганингни қил!” каби гапларни айтди. Бу киноя лафзлар бўлиб, эрнинг нияти талоқ қилиш бўлса, бу ҳолатда бир боин талоқ воқе бўлади.
  • Мисол: Эр хотинига шарт қўйди: “Агар шу уйдан чиқсанг менинг хотиним эмассан”—деб. Яъни, шу уйдан чиқсанг орага талоқ тушади, деган ниятда хотиннинг талоғини киноя лафзи билан шартга боғлиқ қилди. Агар шарт топилса, яъни хотин уйдан чиқса бир боин талоқ тушади. Чиқмаса тушмайди.

Энди, мана шу тўрт мисолда кўрсатилган ҳолатларнинг қайси бирида бўлмасин, эр иккинчи бора “уч талоқсан” деса, бу сўзи билан орага уч талоқ тушади. Матндаги “Сариҳ сариҳга ва боинга илашади” – деган масаланинг маъноси шу. Лекин шуни алоҳида қайдлаб ўтиш керакки, эрнинг кейинги айтган “уч талоқ” сўзи хотиннинг иддаси ичида айтилган бўлиши шарт. Агар эр хотинга юқоридаги уч ҳолатнинг бирида кўрсатилгандек талоқ қўйгач, хотиннинг иддаси чиқиб кетса ва ундан кейин уч талоқ деса, бу билан уч талоқ воқе бўлмайди. Чунки идда жараёнида эр хотинлик риштаси батамом узилмаган ҳисобланади ва аёл  талоқни қабул қилади. Идда тамом бўлгач эса, эр-хотинлик риштаси батамом узилади ва орада талоқ қабул қиладиган ришта қолмайди.

Агар эр биринчи ёки иккинчи мисолда кўрсатилган ҳолатдан кейин, идда ичида хотинига талоқ нияти билан “Сен менинг хотиним эмассан, йўқол!”, деса хотин эридан икки талоқ билан ажрайди. Чунки матнда “Боин сариҳга илашади” дейилди. Биринчи ва иккинчи мисолларда сариҳ лафз билан талоқ қилинган ҳолат тасвирланган.

Агар эр худди шу гапини учинчи мисолда кўрсатилган ҳолатдан кейин айтадиган бўлса, бу ҳолатда кейинги айтган сўзи билан талоқ воқе бўлмайди. Чунки матнда “Боин боинга илашмайди” дейилди. Шайҳ Ибн Обидин ҳошиясида эса “Боинга илашмайдиган боиндан мурод бу киноя лафзи билан айтилган боин талоқдир”, дейилган эди. Демак, эр аввал хотинини бир ё икки боин талоқ қилиб орқасидан идда ичида “Сен менинг хотим эмассан, йўқол!”, деганга ўхшаш киноя лафзи билан яна боин талоқ қилмоқчи бўлса, у билан яна қўшимча талоқ воқе бўлмайди. Чунки бу сўзи янги талоқни келтириб чиқармайди, балки аввалги айтган гапи билан талоқ воқе бўлганлигини хабар берган, деб ҳисобланади.

Энди, тўртинчи мисолга эътибор қиламиз. Эр хотинининг талоқ бўлишини киноя лафзи билан шартга боғлаб қўйди. Аммо, шарт топилишидан олдин бир боин талоқ қилди. Масалан бир талоқ ниятида “йўқол” деди, ёки боин билан сифатлаб  “Бир боин талоқсан”, деди. Бу билан бир талоқ тушди. Кейин идда ичида хотин уйдан чиқди. Яъни, эр қўйган шарт топилди. Бу ҳолатда шартга боғлиқ қилинган боин талоқ воқе бўлади ва хотин икки талоқ билан ажрайди. Чунки бу аслида орани ажратиш учун айтилган шартли талоқ эди. Уни хабар маъносига ҳамл қилиб бўлмайди.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

ТИИ сиртқи бўлим, биринчи босқич талабаси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *