Уч талоқнинг бирданига айтилишининг гуноҳлиги

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Гарчи барчаси кучга кирса ҳам уч талоқнинг бирданига  айтилишининг гуноҳлиги ҳақидаги боб

 ٣٢٤٤-عن محمود بن لبيد رضى الله عنه قال: أخبر رسول الله صلى الله عليه و سلم عن رجل طلق إمرأته ثلاث تطليقات جميعا، فقام غضبانا ثم قال «أيلعب بكتاب الله و أنا بين أظهركم؟» حتى قام رجل و قال: يا رسول الله صلى الله عليه و سلم! ألا أقتله؟ رواه النسائى (٢:٩٩). و قال فى «الجوهر النقى»: بسند صحيح (٢:١١٣)، و فى «النيل» (٦:١٥): قال ابن كثير: اسناده جيد

Маҳмуд ибн Лубайд разийаллоҳу анҳудан ривоятки, у бундай деган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хотинини бирданига уч талоқ қилган кимса ҳақида хабар қилинди. Ул зот ғазабланган ҳолда турдилар, сўнг бундай дедилар: “Мен ораларингизда бўла туриб, у Аллоҳнинг китобини  ўйнайдими?”. Ҳатто бир киши ўрнидан туриб, “Эй, Расулуллоҳ! Уни ўлдирайми?” деб юборди.

Уни ан-Насоий ривоят қилган. “ал-Жавҳар ан-нақий”да саҳиҳ санад билан айтилган. “ан-Найл”да эса Ибн Касирнинг “Унинг исноди тоза” дегани қайд қилинган.

 ٣٢٤٥-عن أنس أن عمر رضى الله عنه كان إذا أتى برجل طلق إمرأته ثلاثا أوجع ظهره. أخرجه سعيد بن منصور و سنده صحيح فتح البارى ٩:٣١٥

Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят: “Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу хотинини уч талоқ қилган кимсанинг орқасига азоб берар эди”.

Саид ибн Мансур уни чиқарган бўлиб, санади саҳиҳдир (“Фатҳ ал-Борий”).

٣٢٤٦-ثنا إبن نمير عن الأعمش عن مالك بن الحارث عن إبن عباس أتاه رجل فقال إن عمى طلق إمرأته ثلاثا، فقال: «إن عمك عصى الله فأندمه الله فلم يجعل له مخرجا». أخرجه إبن أبى شيبة و هذا سند صحيح الجوهر النقى، ٢:١١٢

Бизга Ибн Нумайр Аъмашдан, у эса Молик ибн ал-Ҳорисдан, у эса Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ҳадис айтди. Унга бир кимса келиб, “Амаким хотинини уч талоқ қўйди” дебди. Шунда Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бундай деганлар: “Амакинг Аллоҳга осий бўлибди. Аллоҳ уни афсуслантирсин! Унинг учун муаммодан чиқадиган жойи қолмаган!”. Уни Ибн Абу Шайба чиқарган бўлиб, у саҳиҳ санадлидир (“ал-Жавҳар ан-нақий”).

٣٢٤٧-عن مجاهد قال: كنت عند إبن عباس رضى الله عنهما فجاءه رجل فقال: إنه طلق إمرأته ثلاثا. فسكت حتى ظننت أنه سيردها إليه، فقال: ينطلق أحدكم فيركب الأحموقة ثم يقول يا ابن عباس يا ابن عباس، إن الله قال: «و من يتق الله يجعل له مخرجا». و إنك لم تتق الله فلا أجد لك مخرجا، عصيت ربك، و بانت منك إمرأتك. أخرجه أبو داود بسند صحيح فتح البارى، ٩: ٢١٦

  Мужоҳиддан ривоят: Ибн Аббос разийаллоҳу анҳумонинг олдиларида эдим, унинг олдига бир киши келиб, хотинини уч талоқ қилганини айтди. Шунда ул зот шундай жим қолдиларки, мен у зот ўша кимсани қайтариб юборадилар, деб ўйлаб қолгандим. Сўнг бундай дедилар: “Сизлардан бирортанггиз қайтиб кетса, унинг аҳмоқлиги тутиб, “Эҳ, Ибн Аббос! Эҳ, Ибн Аббос! Аллоҳ “Кимки Аллоҳга тақво қилса, унинг учун чиқадиган жой қилади” деган-ку?!” дейди. Албатта сен Аллоҳга тақво қилмадинг, ундан қўрқмадинг. Энди, сенга чиқадиган жой топганим йўқ! Сен раббингга осий бўлдинг, хотининг эса сендан ажралиб, жудо бўлди”.

Уни Абу Довуд саҳиҳ санад билан чиқарган (“Фатҳ ал-Борий”).

٣٢٤٨-عن يونس بن يزيد رحمه الله قال: سألت إبن شهاب عن رجل جعل أمر إمرأته بيد أبيه قبل أن يدخل بها، فقال أبوه: هى طالق ثلاثا، كيف السنة فى ذلك؟ فقال: أخبرنى محمد بن عبد الرحمن بن ثوبان مولى بنى عامر بن لؤى أن محمد بن إياس بن بكير الليثى و كان أبوه شهد بدرا أخبره أن أبا هريرة قال: «بانت عنه فلا تحل له حتى تنكح زوجا غيره». و أنه سأل ابن عباس عن ذلك فقال مثل قول أبى هريرة و سأل عبد الله بن عمرو بن العاص، فقال مثل قولهما. رواه أبو بكر البرقانى فى كتابه المخرج على الصحيحين نيل الأوطار، ١: ١٥٢

Юнус ибн Язид раҳимаҳуллоҳдан ривоятки, у бундай деган: Ибн Шиҳобдан бир кимса ҳақида сўрадим. У ўз хотига яқинлик қилишидан аввал унинг ишини отасининг ихтиёрига топширган. Отаси эса “У уч талоқдир!” деган. Бу борада суннат қандай бўлади? У жавоб берди: менга Бани Омир ибн Луаййнинг ходими Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Савбон хабар беришича, Муҳаммад ибн Иёс ибн Букайр ал-Лайсийга Бадр жанггида шаҳид бўлган отаси хабар берганига қараганда, Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу бундай деган: “Хотини ундан ажралибди, унга эса хотини бошқа эрга чиқмагунча ҳалол бўлмайди”. У бу гапни Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ҳам сўраган. У ҳам Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳунинг гапига ўхшашини айтган. У яна Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс разийаллоҳу анҳудан ҳам сўраганида, у ҳам ушбу икки саҳобанинг гапига ўхшаб жавоб берган экан.

Уни Абу Бакр ал-Барақоний ўзининг “ал-Мухарраж ъала ас-Саҳиҳайн” деган китобида ривоят қилган (“Найл ал-автор”).

Муаллиф айтади: бобда келтирилган ҳадисларнинг тўлалигича ҳаммасининг далолати аниқдир (яъни, уч талоқ қўйган кимса гуноҳкор бўлади ва хотини уч талоқ бўлиб кетади). Бироқ, “ан-Найл”да (6: 151) келтирилишича, Имом Аҳмад  Саҳл ибн Саъддан ривоят қилиб айтади: Бани Ажлоннинг биродари ўз хотини билан лаънатлашганда, “Эй, Расулуллоҳ! Агар уни ушлаб турсам, унга зулм қилиб қўяман: у талоқ, у талоқ, у талоқдир!” деган. Бу эса уч талоқни бир ўтиришда айтишнинг жоизлигига далолат қилади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни инкор қилмаганлар. Лаънатлашишнинг ўзи эса, бизнингча, уни баён қила олмайди. Унга жавоб шуки, ушбу ҳадис бир ҳолатнинг воқеасидир. У уч талоқ қўйишнинг гуноҳ бўлишига далолат қиладиган ҳадисларда ўтган ҳукмларга қарши бўла олмайди. Тушунгин!

Абу Довуднинг Довуд ибн ал-Ҳусайндан, у эса Икримадан, у эса Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятига келадиган бўлсак, унда бундай дейилган: Рикона ибн Абду Язид хотинини битта мажлисда уч талоқ қилди-да, сўнг ўзи бунга қаттиқ хафа бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан хотинини қандай талоқ қилгани ҳақида сўрайдилар. У “бир мажлисда уч талоқ” қўйганини айтади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта бу бир талоқдир! Агар хоҳласанг, унгай қайтишинг мумкин. Унга қайта қол!” деганлар. Уни Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган, Абу Яъло эса уни Муҳаммад ибн Исҳоқ йўлидан келтириб, саҳиҳ деган. Буларнинг ҳаммаси “Фатҳ ал-Борий”да келган (9: 316).

Унга жавоб шуки, аввало унинг матни жуда изтироблидир. Яқинда уни билиб оласан! Яна у саҳиҳ иснодли матнда келтирилган Ибн Аббоснинг фатвосига қарши бўлади. Ушбу тақводор билимдон зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукм қилган нарсани била туриб, унинг тескарисига фатво беради, деб ўйлайсанми? Фақат унинг аниқ бир далили бўлсагина шундай қилиши мумкин. Хабарнинг ровийси ривоят қилинганидан бошқасини айтган бўлса, ровийнинг гапига суянилади, унинг ривоятига эмас. Унинг фикрига кўра ушбу ривоят бекор бўлган бўлиб чиқади. Буни ўйлаб кўр! Ушбу жавобни “Фатҳ ал-Борий”даги нарса қувватлайди: “Муслим Абдурраззоқнинг йўлида Маъмардан, у эса Абдуллоҳ ибн Товусдан, у эса отасидан, у Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан чиқарган ҳадисда, у зот бундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр даврида ва Умарнинг халифалигини икки йилида уч талоқ битта ҳисобланарди. Умар ибн ал-Хаттоб: “Одамлар бу иш (талоқ)да сабру бардоши етмасдан шошила бошладилар. Уларга ўтказиш керак бўлса, бу (уч талоқ)ни ўтказаман!”.

Абдурраззоқ йўлига кўра Ибн Журайждан, у Ибн Товусдан, у эса отасидан ривоят қилинишича, Абу ас-Саҳбо Ибн Аббосдан сўраган: “Уч талоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр даврида битта бўлганини ва уни Умар амирлиги даврида учга ҳисобланганини биласизми?” Ибн Аббос “Ҳа!” деб жавоб берган.

Ҳаммод ибн Зайд йўлига кўра эса Айюбдан, у эса Иброҳим ибн Майсарадан, у эса Товусдан ривоят қилинишича, Абу ас-Саҳбо Ибн Аббосга: “Уч талоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида битта эмасмиди?” деганда, у “Бу Умар давригача шундай бўлган эди. Одамлар талоқни кўп қила бошлаганлари боис уларга жазо тариқасида уч талоққа ҳисобланадиган бўлди”. Ушбу охирги йўлни Абу Довуд чиқарган. Лекин Иброҳим ибн Майсара исмини зикр қилмаган. Унинг ўрнига “бошқа бировдан” деб келтирилган. Матннинг лафзи қуйидагича: “Бирор кимса хотинининг олдига кирмасдан аввал уни уч талоқ қилса, уни биттага ҳисобланганини биласизми, ўзи?!” Кейин ҳадис охиригача бир хил.

Бу ҳақида яна Абу Довуд Язид ан-Наҳвий йўлида Икримадан, у эса Ибн Аббосдан ривоят чиқарганки, унда Ибн Аббос бундай деган: “Бирор киши хотинини талоқ қилса, унга қайтишга ҳақлироқдир. Агар уни уч талоқ қиладиган бўлса, бунда қайтиш бекор қилинган” (9:316 ва 317). Бу ерда бекор қилингани равшан бўлди, демак, унга қайтиш вожибдир. Имом Муслим ва бошқалар Ибн Аббосдан ривоят қилган нарсани уч талоқ Расулуллоҳ ва Абу Бакр даврида битта бўлганига, Умарнинг амирлигида жса учга ҳисобланганига юкланади. Айрим одамлар уч талоқни бекор қилинганини билмасдан бир деб ҳисобаб юрганларида, Умар разийаллоҳу анҳу уни ошкора қилди. Сўнг бунга саҳобалар ижмоъ қилдилар.

“Фатҳ ал-Борий”даги иккинчи ривоятга келсак, Абу Довуд Риконанинг хотинини қатъий талоқ қилганини аниқлаган. Чунончи, уни Рикона оиласининг ривоят йўлига кўра чиқарган. Мана шу баъзи ривоятлардаги “қатъий”ни уч талоқ деб билиниши кераклигига кучли далилдир. Демак, уни уч талоқ қилган бўлиб чиқади. Мана шу нукта Ибн Аббоснинг ҳадисига далил сифатида туради (9: 316).

“Фатҳ ал-Борий”да яна бундай келган: “Хуллас, ушбу масалада келган нарса билан мутъа масаласида келтирилган нарса билан бир хилдир. Яъни, Жобирнинг гапига кўра уни ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр ҳамда Умарнинг халифалигининг бошланишида қилинган… Сўнг бизни Умар ундан қайтарган эди, биз уни қилишдан тўхталдик, деган. Икки ўринда ҳам равшанки, мутъа ҳаромдир, уч талоқ эса уч бўлиши ҳам бордир. Булар ижмоъ билан бўлган бўлиб, шунга Умар разийаллоҳу анҳунинг даврида келишилган. Умарнинг даврида мана шу икковининг бирортасига қарши чиққан кимса топилган эмас. Уларнинг ижмоъси носих – бекор қилувчи мавжудлигига далолат қилади. Бундан олдин саҳобаларнинг баъзисига махфий бўлган. Ҳатто Умар даврида уларнинг ҳаммасига бу зоҳир бўлди. Ушбу ижмоъдан кеинги мухолафатлик унга қарши чиқишдир. Ҳамма иттифоқдан кейинги ихтилофнинг пайдо бўлишини эътибордан соқит қилганлар (9: 319).

Рикона ва Товуснинг Ибн Аббосдан қилган хабарига умумий жавоб шуки, Рикона ҳадисининг матни изтироблидир. Муҳаддисларнинг баъзиси уни “Рикона хотинини уч талоқ қилди” деб ривоят қилган бўлсалар, айримлари “Уни қатъий талоқ қилди” деган ибора билан ривоят қилганлар. Билиб ўтдингки, Абу Довуд Риконанинг хотинини қатъий талоқ қилганини устун санаган. Устун саналмаганнинг ҳужжати йўқ. Агар улар (далиллар) тенг бўлганларида ҳам икковининг бирортасида ҳужжат бўла олмайди. Товуснинг Ибн Аббосдан келтирган хабарини эса Товуснинг битта ўзи ривоят қилган, холос. Бошқалар эса унга хилофан Ибн Аббосдан уч талоқни ўтказганини ривоят қилганлар. У уч талоқ қилган кимсага бундан чиқиб кетадиган йўл йўқ, деб ҳисоблаган. Товус хабарининг маъносидан ушбу нақлнинг ҳаммасини улуғ саҳобалар ҳам ривоят қилганлигини тақозо қилиши зоҳир бўлиши керак эди. Одатда бу хилдаги ҳукмлар фош бўлиб, тарқаб кетар эди. Демак, қандай қилиб уни бошқалар ҳам ривоят қилмасдан ёлғиз битта одам нақл қилади?! Мана шу жиҳатнинг ўзи гарчи унинг ботиллиги қатъий белгиланган бўлмаса-да, унинг зоҳирига амал қилишдан тўхтаб туришни тақозо қилади. боз устига унинг матнида изтироб ҳам бор. Абу Довуд уни “Бирор кимса қачон хотинни унинг олдига киришидан олдин уч талоқ қилса, уни битта деб ҳисобладилар” деган лафз билан чиқарган, чунончи ҳадис ўтди. Ал-Қуртубий бундай деган: “Барча одамларнинг ҳужжати назарий жиҳатдан лозим бўлиши жуда равшандир. У уч талоқ қилинган хотин талоқ қилувчига токи ўша хотин бошқа эрга турмушга чиқмагунча ҳалол бўлмаслигидир. Талоқнинг мажмуаси билан бўлаклангани орасида луғатда ҳам, шариатда ҳам фарқ йўқ. Зоҳирий фарқни хаёлга келтириш шариатнинг никоҳ қилишда, қул озод қилишда ва иқрор бўлишлардаги иттифоқ қилган нарсаларини бекорга чиқариш бўлади. Чунки, валий: “Бу учовини сенга никоҳ қилдим” деб битта гап билан айтса, никоҳ боғланади. Худди бу “Сенга буни ва буни ва буни никоҳладим” деганга ўхшайди. Шунингдек, озод қилишда ҳам, иқрорда ҳам, бошқа ҳукмларда ҳам ўхшайди. Чунончи, “Фатҳ ал-Борий”да келган (9: 318).

Масалага қайтадиган қиёслар билан ҳужжат келтиришга келадиган бўлсак, наҳий – қайтариқ фасодни тақозо қилади. Зотан, талоқ никоҳни ботил қиладиган ҳаромдир. Ундан ҳам чиройлироқ қиёсга арз қилинадиган бўлса, чунончи биз уни Ибн Абдулбаррдан зикр қилиб келтирган эдик, агар итоаткор мажбур бўлиб қолса, гуноҳкор мажбур бўлмайди. Ҳолбуки, осийнинг ҳолати мутеъникидан кўра енгилроқдир. Бу шариат мавзусининг хилофидир. Тушуниб ол ва ғофиллардан бўлиб қолма!

Мен айтаманки, энг ажабланарлиси шиалар бўлиб, Аллоҳ уларни ҳидоят қилсин. Улар уч талоқни биттага ҳисоблайдилар. Дорақутний ҳадисида Салама ибн ал-Фазлдан, у эса Амр ибн Абу Қайсдан, у Иброҳим ибн Абдулаълодан, у Сувайд ибн Ғафаладан ривоят қилиб айтиладики, Ойша ал-Хасъумиййа Ҳасан ибн Али ибн Абу Толибнинг никоҳларида эди. Бу вақтда Ҳазрати Али (к.в.) мусибатга учраган, Ҳасанга халифалик учун байъат қилинган бўлган. Ўша хотин: “Сенга халифалик жуда ярашибди, эй амир ал-мўъминин!” деди. Ҳазрати Ҳасан: “Эй, Али ўлдирилган бўлса, сен пасткашликни зоҳир қилаяпсан, тур кет. Сен уч талоқсан!” дейди. Хотин кўч-кўронини кўтариб кетади ва идда ўтиради. Иддаси ўтганидан кейин унга ўн минг дирҳам юборади ва маҳрининг қолган қисми унда қолганини билдиради. Кейин эса “Ажралиш ёқасидан чиққан матолар”, деган гапини етказади ва кўп йиғлаб, бундай дейди: “Отам менга ҳадис айтишларича, у бобомдан бундай деганларини эшитган эканлар: “Қайси бир кимса хотинини ноаниқ уч талоқ қилса ёки ҳайзлари вақтида уч талоқ қўйса, унга ҳалол бўлмайди ҳатто у бошқа эрга никоҳланмагунча”. Агар мен бобомдан шуни эшитмаганимда эди, уни қайтариб олган бўлардим”. Унинг санади ҳасандир. Унда Амр ибн Абу Қайс ал-Азрақдан бошқа бирорта гап-сўзга учраган кимса йўқ. Бироқ, у ҳам тўғрисўз ва озроқ паришонхотирлик бор, холос. Абу Довуд бундай дейди: “Унинг зарари йўқ, ҳадисида хатолик бор”. Мазкур ҳадиснинг ровийсида Райнинг қозиси Салама ибн ал-Фазл ҳам бор. Лекин, Ибн Муин уни “шиаликка кириб кетган, ундан ҳадислар ёзиб олганман, унинг зарари йўқ”, деган. Чунончи, “ат-Таълиқ ал-Муғний”да мазкурдир (2:437). “Мажмаъ аз-завоид”да келишича (4:339), уни Табароний ҳам ривоят қилган экан. Кишиларида заифлик бор, лекин уларга ҳам гоҳида ишонч билдирилган. Ҳасан ҳадис барчага ҳужжатдир, хусусан, шиаларнинг ўзларида ҳам ҳужжат. Унинг ровийлари борасида гап-сўз қилинган бўлса-да, бироқ улар шиаликлари учун гап-сўзга учраганлар. Имом ад-Дорақутний бошқа тариқ билан ҳам ривоят қилган. Унда бундай дейилади: Ҳазрати Ҳасан йиғлаб туриб, бундай дедилар: “Агар уни бойин талоқ қилганимда эди, қайтариб олган бўлар эдим, бироқ, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганманки, ул зот бундай дедилар: “Қайси бир кимса хотинини ҳари бир поклигида бир талоқдан уч талоқ қилса, ёки ҳар ойнинг бошида бир талоқ қилса, ёхуд уч талоқнинг ҳаммасини бирданига қилса, унга хотини ҳалол бўлмайди, токи у бошқа эрга никоҳланмагунча”. Унинг санадида Амр ибн Шамр ал-Жўъфий ал-Кўфий аш-Шиъий бор. Ибн Ҳиббон айтадики, “у саҳобаларни сўкадиган рофизийдир”. Чунончи, “ат-Таълиқ ал-Муғний”да мавжуд. Бу хоссатан имомийларга ҳужжат бўлади.

Имом Байҳақий Бассом ас-Сайрафийдан ҳадис чиқарган. У деди: мен Жаъфар ибн Муҳаммаднинг бундай деганини эшитдим: “Кимки хотинини билмасдан ёки била туриб уч талоқ қилса, мен ундан безорман!”. Маслама ибн Жаъфар ал-Аҳмасдан ривоятки, у деган: мен Жаъфар ибн Муҳаммад разийаллоҳу анҳумога бундай дедим: “Одамлар билмасдан уч талоқ қилиб қўйган кимсанинг ҳукмини суннатга қайтариб, битта деб ҳисобламоқдалар. Уни сизлардан ривоят қилмоқдалар!”. Жаъфар ибн Муҳаммад жавоб берди: “Бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин! Бизнинг сўзимиз шуки, кимки уч талоқ қилган бўлса, ана ўша айтгани бўлади”. Имомийлар Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилиб, олган нарсаларининг асли йўқдир. Ҳақиқий иш унинг хилофигадир. Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳуга нисбатан улар туҳмат қилганлар. Кўфанинг бир шиа бўлган шайхи Ҳазрати Аъмаш раҳимаҳуллоҳнинг олдида бунинг туҳмат эканига ўзи шахсан иқрор бўлган. Биз айтган бу нарсани ёдингда сақла! “Тафсири Руҳ ал-маоний” китобида (2:120) ёзилган ҳолда уни топишинга гумон қилмайман.

Кимки бу бобда кенгроқ маълумотни хоҳласа, бизнинг “ал-Инқоз мин аш-шубуҳот фий инфоз ал-макруҳ мин ат-талақот” (“Талоқлардан макруҳини амалга оширишдаги шубҳалардан халос этиш”) рисоламизга мурожаат қилсин. Аллоҳ муваффақ қилувчидир!

Мавлоно Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. “Эъло ус-сунан” китобидан (XIжуз, 142-146 бетлар. Покистон: Идорат ал-Қуръон, 1418.) асарида таржима.

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *