БУХОРО ҚОРИЛАРИНИНГ РАҲБАРИ АБДУРРАҲИМ ҚУРРО ТОРОБИЙ ҲАҚИДА

untitledЮртимизда етишиб чиққан ислом мутафаккирлари, уламолари, муфассир, мутакаллим, муҳаддис, мутасаввиф ва фақиҳлари, шунингдек, қироат ва тажвид илми олимларининг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг илмий фаолиятларини тарғиб қилиш, қолдирган илмий меросларини тадқиқ этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди. ХIX аср охири – XX аср бошларида яшаб ижод қилган олимлардан бири Абдурраҳим қурро Торобий ҳисобланади.

Абдурраҳим қурро Торобий ҳақида замонавий илмий адабиётларда маълумотлар йўқ ҳисоби. Манбаларда ҳам у ҳақида маълумотлар жуда кам. Асосан, Муҳаммад Шариф Садри Зиё Бухорий (1865-1932) асарларида у ҳақида маълумотлар учрайди.

Абдурраҳим қурро Торобий Бухоронинг Хайробод мавзесида туғилиб-ўсган. Амир Музаффар, Амир Абдулаҳад ва Амир Олимхон даврида Арк масжидида имоматлик қилган. Жаъфар хўжа мадрасаси кутубхонасида китобдорлик ҳам қилган. Абдурраҳим қурро Торобий 1322 ҳижрий – 1905 йили етмиш ёшларидан ўтганида вафот қилган.

У Аркда фаолият олиб боргани учун шаҳзодалар ва амалдорларнинг фарзандлари ундан ҳуснихатни ва тажвид илмини ўрганганлар. Салтанатнинг бош саройи Аркдаги фаолияти, Қуръони каримда тўлиқ ва мукаммал ёд олгани уни мамлакат қориларига раҳбар бўлиш масъулиятини ҳам юклаган эди. Садри Зиё уни “Қуръон котибларининг ва Бухоро тажвид аҳлининг устозидирлар”, деган.

Абдурраҳим қурро Торобий ўз даврининг таниқли уламоларидан сабоқ олган. XIX  асрда Бухорода яшаб ижод қилган Домла Ҳасан Бухорийни унинг асосий устози сифатида қайд қилинган. Камол эшон Бухорий эса унинг тасаввуфдаги устози эди.

Абдурраҳим қурро Торобий “Ёрий” тахаллуси билан шеърлар ёзиб турган. Садри Зиё унинг бир байтини келтириб ўтган.

Абдурраҳим қурро Торобий ўз даврининг эътироф этилган машҳур хаттоти ҳам эди. Садри Зиё унинг Қуръондан 250  нусха, яна шу миқдорда “Далоил ал-хайрот” каби ҳафтияк, саловот ва дуолар тўплами каби китобларни кўчириб китобат қилганини ёзади. Демак, у насх хатидаги китобларни кўчиришга жуда моҳир бўлган хаттотдир. (Вохидов Ш., Чориев З. Садр-и Зия и его библиотека. – Тошкент: “Янги аср авлоди”, 2007. – С. CLXIII).

Абдурраҳим қурро Торобийни “умдат ал-уламо ал-изом” (“улуғ олимларнинг устуни”), “зубдат ал-урафо ал-киром” (“мукаррам орифларнинг буюги”) деган фахрли номлар билан тилга олишган. У Қуръони каримни тўлиқ ва мукаммал ёд олган ҳофизи каломуллоҳ бўлиб, қироат қоидаларига амал қилмайдиган, тажвид қоидаларини билмайдиган, қироат одоблари ва шартларига эътибор бермайдиган қориларни қоралар эди.

Абдурраҳим қурро Торобийнинг Қуръон “вақф”лари ҳақидаги “Ҳужжат ал-воқифин” номли асари мавжуд. Тажвид илмида Қуръон “вақф”лари деганда оятлар ичида ёки улар орасида тўхташ қоидалари тушунилган. Мазкур асарда ҳар бир оятнинг “вақф” қилиш ўринлари бирма-бир кўрсатилган. “Вақф”нинг даражаларини илмда истеъмолда бўлган махсус ҳарфлар билан белгилаб борилган.

Абдурраҳим қурро Торобий Бухорий ўз даврининг таниқли қориси, қироат ва тажвид олими бўлиб, ҳаёти ва ижоди ҳозиргача тўлиқ ўрганилган эмас. Унинг “Ҳужжат ал-воқифин” асари илмий тадқиқ қилинмаган. Унинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш Бухоронинг ислом дини маданиятининг пойтахти деб эълон қилинган бу кунларда жуда долзарбдир.

 

Исматуллаев Абдуманнон Турсунбаевич

abdumannon.abuayyub@mail.ru

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси таянч-докторанти.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *