ЗАКОТГА ДОИР ТУРЛИ МАСАЛАЛАР (2-қисм)

depositphotos_18353951-stock-photo-money-in-the-bag7. Қайтиб келиши даргумон бўлган қарз ҳисобидан закот чиқариш.

Моли нисобга етган кишининг ўзгаларга қарз сифатида берилган пуллари бор. Ёхуд гарчи қўлида нақд турган пули нисобга етмаган бўлмаса-да аммо, закот нисоби миқдоридаги пули ўзгаларга қарзга берилган. Лекин, қарздор муттаҳам ва ҳаромхўрлиги туфайли қарзни йиллаб чўзиб, бермай юрибди. Гарчи, оғзаки равишда қарзни инкор қилмасада бериш нияти йўқ. Бундай мол молу-з-зимор туркумига киради. Қарздорнинг мазкур қарзни оғзаки тан олиши ҳолатни ўзгартирмайди. Чунки, у қарз соҳибини хотиржам қилиш ва уйимга келиб ётиб олмасин деган мақсадда тан оляпти, бераман бир кун деяпти. Аммо, бериш нияти йўқлиги тайин.

Шунингдек, бир кимсага қарз бергансиз аммо, у савдода зарарга учраб, банкрот бўлган ва йўқсиллашиб қолган. Ушбу икки ҳолатда қарзга берилган пул токи қарз соҳибининг қўлига келмагунча улардан закот чиқариш вожиб бўлмайди. Чунки, унинг қўлга қайтиши худди молу-з-зимор каби гумон нарса. Қўлга киритилиши гумон нарсадан закот ҳам, қурбонлик ҳам вожиб бўлмайди. У йўқолган мол ҳукмидадир.

Аслида, молу-з-зимор деб шундай мол-мулкка айтилади-ки, асли мавжуд лекин ундан фойдаланиш имконсиз. Масалан, бирор жойга тилла кўмиб қўйгансизда, кейин ўша жойни эсдан чиқариб қўйгансиз. Денгизга тушиб кетган, йўқолиб қолган мулк ва маблағлар ҳам шундай.

Луғат жиҳатидан зимор деб, инсон аниқ ишончга эга бўлмаган, мавҳум нарса тушунилади. Жавҳарий айтади: «зимор деб қарз, ваъда ва ҳоказолардан умид қилинмайдиган ва амин бўлинмайдиган нарсаларга айтилади. Шунингдек, «зимор» очиқ-ойдин кўринган нарсаларнинг зиддига нисбатан ҳам ишлатилади».

Мутарризийга кўра, зимор сўзи измор (яшириш, пинҳон тутиш) сўзидан олинган. Молга нисбатан ишлатилганда қайтишига умид қилинмайдиган мол тушунилади.

Фуқаҳолар эса «моли зимор»нинг истилоҳий англами ҳақида тўхталар эканлар, унга «ўз қўл остида бўлмаганлиги учун эгаси кўпайтиришга қодир бўлмаган мол» дея таъриф берадилар.

Ал-муҳит ал-бурҳоний номли ҳанафий фиқҳига оид машҳур фиқҳий асар муаллифи моли зиморни шундай таърифлайди:

«هو كلّ ما بقي أصله في ملكه، ولكن زال عن يده زوالاً لا يرجى عوده في الغالب‏»

яъни, «у асли ўз мулкида қолган бироқ, тасарруфи кўпинча қайтиши умид қилинмайдиган шаклда қўлидан чиқиб кетган молдир».

Яъни, шаръан ва расман молнинг эгалиги сизга тегишли бўлиб қолади. Аммо, уни тасарруф қилолмайсиз. Чунки, тасарруфингиздан чиқиб кетган ва қайтиши одатда даргумон бўлган мол моли зимор деб аталади.

Косоний айтадилар: «هو كلّ مال غير مقدور الانتفاع به مع قيام أصل الملك» яъни, «у (моли зимор) мулкнинг асли (эгалиги) мавжуд бўлгани ҳолида эгаси томонидан фойдаланиш имконсиз бўлган молдир».

«Мажмаъул анҳур»да моли зиморга шундай таъриф берилади: «هو‏:‏ مال زائل عن اليد، غير مرجوّ الوصول غالباً‏» яъни, «у одатда, қайтиб келиши умид қилинмайдиган тарзда инсон тасарруфидан чиқиб кетган нарсадир».

Фуқаҳолар томонидан моли зиморнинг турлари ва кўринишлари ҳақида бир қанча мисоллар келтирилган. Улардан баъзиларини келтирамиз:

1. Қароқчилик билан тортиб олинган мол ва мол эгаси унинг тортиб олинганлиги ҳақида исбот келтиролмайди.

2. Йўқолиб қолган мол.

3. Денгизга тушиб кетган мол.

4. Саҳрога кўмиб қўйилгач, эгаси томонидан кўмилган жойи эсдан чиқарилган мол.

5. Султон томонидан ноҳақ мусодара қилинган сўнгра, маълум муддат ўтгач эгасига қайтарилган мол. Яъни, то ҳақиқат қарор топиб, тортиб олинган мазкур мол эгасига қайтарилмагунча у моли зимор ҳукмида бўлади ва эгаси қўлга олгандан сўнггина ундан закот чиқаришни бошлайди.

6. Қарздор томонидан йиллар давомида инкор қилиб келинган қарз моли.

7. Кимлиги ва шахси эсдан чиқарилганлиги туфайли номаълум бўлиб қолган бировга омонатга берилган мол.

Қадимда одамларда диёнат кучлироқ бўлган, бировнинг қарзини олиб, қайтаролмай қолса, ҳаракат қилиб, ишлаб, ўша қарзини узган. Шунинг учун тан олинган қарз молу-з-зиморга киритилмаган.

Аммо, ҳозирда ўлгунича тан олиб, ўлгунича бировнинг қарзини бермай юрадиганлар сон-саноқсиз. Ундай ебкетарларнинг домига тушганлар қанча. Шунинг учун замондош уламоларимиз бундай ҳолатдаги молни ҳам молуззиморга қўшадилар. Чунки, бечора қарз эгасининг умиди узилиб бўлган. Қандайдир умид учқуни қолган бўлса у ҳам бўлса, саҳрога пулини кўмиб қўйиб, кейин жойини эсдан чиқариб қўйган ва қачондир эсга тушишидан заррадек умиди қолган бечоранинг умидига ўхшаган умиддир бу.

Имом Муҳаммад ҳамда Ҳасан ибн Зиёдга кўра банкрот бўлган одамдаги қарз молидан закот чиқарилмайди, гарчи қарзини тан олса ҳам. Чунки, бундай мол йўқотилган ва фойда келтирмайдиган мол ҳисобидадир. Шунингдек, қарзини тан олмайдиган, қаллоб одамларнинг ҳузуридаги қарздан ҳам закот чиқариш вожиб эмас.

Мабодо мана шундай қайтиши умид қилинмайдиган қарз бир неча йилдан сўнг қайтарилса, ўша қайтарилган йилдан бошлабгина закот чиқарилади. Чунки, бундай мулк ўша йиллар давомида эгасининг қудрати остидаги мулк ҳисобланмаган. Бу худди молни бирор ерга кўмиб қўйиб, кейин кўмилган жойи эсдан чиқарилган мулкка ўхшайди. Бундай мулкнинг закоти ўша кўмилган жойи эсга келиб, ёки тасодифан топиб олинган вақтдагина ўша вақтдан бошлаб берилади.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *