КУЁВНИ СИЙЛАМОҚ ПАЙҒАМБАРИМИЗ СУННАТИ

180222111820(2)Куни кеча Ислом тарихига оид бир адабиётни варақлаб ўтириб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўнғич куёвлари бўлмиш Абул-Ос розияллоҳу анҳуга қилган яхшиликлари ҳақидаги қимматли маълумотларни учратиб қолдим. Билдимки, расулимиз алайҳис-салом куёвлари ҳали исломга киришларидан олдин ҳам унинг ҳурматини жойига қўйган эканлар. Шундан кейин халқимизнинг “Қизинг тушган маҳалланинг итига ҳам салом бер!” ёки “Куёвни пайғамбарлар ҳам сийлаган”—каби мақоллари бежизга айтилмаганини англаб етдим. Келинг, ўша воқеани сиз билан ҳам бўлишай:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали рисолат келмасдан туриб катта қизлари Зайнаб хонимни Хадича онамизнинг жияни Абул-Осга турмушга беради. Никоҳдан кўп ўтмасдан Расулимизга илоҳий ваҳй келди. Ул зотга биринчи бўлиб иймон келтирган инсон суюкли завжалари Хадича онамиз, сўнгра эса қизлари: Зайнаб, Руқя, Умму Гулсум хонимлар бўлди. Фотима онамиз у вақтлар жуда ёш эди. Зайнабнинг эри Абул-Ос эса икки божаси каби ота-боболарининг дийнида қолишни афзал билди.

Исломдан кейин Қурайш қавми Расулуллоҳга нисбатан муносабатларини кескин ўзгартириб юборди. Ҳар куни озор беришнинг янгича услулларини ўйлаб топишарди. Ўшандай оғир дамларнинг бирида мушриклардан бирининг калласига “ажойиб” фикр кепқолди. Келдию, ўзи ҳам ўзидан шодланиб кетди. Ўрнидан туриб югурганча жамодошларини тўплаб уларга деди: “келинглар, Муҳаммаднинг куёвларига бориб, унинг қизларини хайдаб юборишларини таклиф қиламиз. Рози бўлиб хайдаб солишса, хоҳлаган қизларини хотинликка олиб берамиз”. Расулуллоҳнинг куёвлари исломга кирмаган эди. Бу ғоя бошқа мушрикларнинг қалбига ҳам сурур олиб кирди. Атрофдан “ақлингга балли”, “бор экансанку… олдинроқ қаёқда эдинг”, “жуда зўр фикр”… ва ҳоказо олқишлар янграб кетди.

Руқя ва Умму Гулсум хонимларнинг куёвлари хайдаб юборди. Икковлари Расулуллоҳнинг хонадонига қайтиб келди. Лекин Абул-Ос мушрикларни ҳафсаласини пир қилди. У: “дунёдаги жамики аёлларни олиб берсаларинг ҳам Зайнабдан воз кечмайман”, деб туриб олди. Зайнаб хоним мушрик эри – Абул-ос билан бирга қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам қизлари Зайнаб хонимни мушрик эрдан ажратиб олганлари йўқ. Зайнаб хонимнинг ўзи ҳам куёвига “сен отам келтирган динга кирмадинг. Ҳақ йўлдан оздинг” деб ота уйига қайййтиб келмади. (У вақтларда ҳали муслималарга кофир билан яшаш ҳаром қилинмаган эди).

Орадан вақтлар ўтди. Ҳижратга рухсат бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Маккани тарк этдилар. Мусулмонлар билан мушриклар ораси кундан-кун кескинлашиб борарди. Охир оқибат Қурайш мушриклари Мадина томон ҳарбий юриш тадоригини кўра бошлашди. Олдинда Бадр жангги. Абул-Ос ҳам аскарлар сафидан жой олди. Суюкли завжаси Зайнаб хонимнинг отаси, севимли холаси Хадича розияллоҳу анҳонинг севикли ёри – Муҳаммад расулуллоҳга қарши, ул зот бошлиқ ислом лашкарларига қарши қилич кўтариб Бадр сари йўл олди. Бадр жангги тамом бўлди. Аллоҳ мусулмонларга нусрат берди. Кофирлар аламли мағлубиятга учради. Аксари ер билан яксон бўлди. Бир қисми асир олинди, яна бир қисми шармандаларча қочиб жон сақлади. Расулуллоҳнинг тўнғич куёви Абул-ос ҳам асирлар орасида эди.

Мадинада байрам. Чунки оз сонли қўшин билан кўп сонли душман тор мор этилган, каттагина ўлжа қўлга киритилган эди. Асирга олинганларни фидя (жон пули) эвазига озод қилишга қарор қилинди. Маккадан мушрикларнинг элчилари оқиб кела бошлади. Кимдир акаси ё укасини, яна кимдир ўғли ё отасини фидя тўлаб қутқариш учун Мадина сари шошарди.

Зайнаб хоним ҳам эри Абул-Осни қутқариш учун одам ёллади. Элчи Мадинага келди. Зайнаб хоним бериб юборган, ичига фидя солинган халтачани Расулуллоҳга топширди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам халтачани очди. Очдию… бирдан юзлари ўзгариб кетди. Ул зотнинг қиёфалари ўта маҳзун кўринишга кирди. Қалблари тилка пора бўлди. Кўзлари жиққа ёшга тўлди. Саҳобалар ташвишлана бошладилар. Халтачанинг ичида тилла тақинчоқлар бор эди. Тилла тақинчоқ бўлганда ҳам оддий эмас, Расулуллоҳ учун қадрли, ширин хотираларни ёдга солувчи қимматли тақинчоқлар… Хадича онамизнинг тақинчоқлари. Қизи Зайнаб хоним келинлик куни сепига солган тилла тақинчоқлар. Зайнаб хоним эри Абул-Осни қутқариш учун жон пули сифатида шу тақинчоқларини юборган эди…

Расулуллоҳ бироз ўзларига келиб саҳобаларга юзланиб:

إن زينب بعثت بهذا المال لإفتداء ابى العاص فإن رأيتم ان تطلقوا لها اسيرها و تردوا عليها مالها فافعلوا

Зайнаб мана бу нарсаларни Абул-осни фидяси сифатида юборибди. Агар унинг асирини озод этишни ва Зайнабнинг тақинчоқларини ўзига қайтариб беришни маъқул кўрсаларинг, шундай қилинглар…—деди.

Саҳобаи киромлар бош устига рози бўлдилар. Расулуллоҳ катта куёви Абул-Осни фидясиз озод қилди. Лекин, Маккага боргач Зайнаб хонимни Мадинага қайтариш шарти билан. Абул-Ос Расулуллоҳга ваъда бериб Макка сари йўл олди. Уйига етиб келиши биланоқ ваъдасига мувофиқ Зайнаб хонимни Мадинадан бирга келган Расулуллоҳнинг одамларига топширди. (Бу вақтга келиб муслима аёлларнинг кофир эр билан яшаши шаръан ҳаром қилинган эди).

Зайнаб хоним эридан ажраб Мадинага етиб борди. Орадан кўп ўтмади. Абул-ос Шом сари тижорат карвони ташкил қилди. Юздан ортиқ туя, бир юз етмиш нафардан ортиқ ёлланма ишчилари бўлган катта карвон. Тижоратчилар Шомдан қайтишда Мадина яқинида Ислом аскарларига дуч келди. Мусулмонлар мушриклар карвони йўлини тўсиб, молларини ўлжа, ўзларини асир олди. Абул-Ос ҳам асир олинган эди лекин, яширинча қочиб қолишни уддасидан чиқди. Устига талайгина бойлик ортилган туялар карвони Мадина сари ҳайдаб кетилди. Абул-Ос ҳам яширинча Мадинага бориб, собиқ завжаси Зайнаб хонимнинг уйини топди ва ул зоти шарифадан ҳимоясига олишни илтимос қилди.

Тонг отди. Масжидуннабавийга намозхонлар жамланди. Бомдод намозига такбир айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меҳробга чиқиб намозни бошладилар. Такбири-таҳрима айтилиши билан аёллар сафидан бир аёлнинг бақириғи эшитилди: Ҳой мусулмонлар! Мен Муҳаммад Расулуллоҳнинг қизи Зайнабман! Шу кундан бошлаб Абул-Осни ўз ҳимоямга олдим, у энди менинг ҳимоямда. Унга ҳеч ким қасд қилмасин!

Намоз ниҳоясига етди. Расулуллоҳ салом бергач жамоатга юзланиб: “Мен эшитган сўзларни сизлар ҳам эшитдингизми?”— деб сўрадилар. Саҳобалар: Ҳа, эшитдик эй Аллоҳнинг расули, дейишди. Сарваримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғри Зайнаб хонимнинг уйларига бордилар ва ул зоти шарифага:

اكرمى مثوى ابي العاص و اعلمى انك لا تحلين له

Абул-Осни ҳурматини жойига қўйинг, лекин шуни билиб қўйингки, сиз унга ҳалол эмассиз!—дедилар.

Азиз ўқувчи! Мана оламларга раҳмат пайғамбари Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизига насиҳати! Бу насиҳатда уммат учун катта сабоқ бор! Расулимиз алайҳис-салом ҳам ота, ҳам уммат пайғамбари сифатида қизларига дарс бердилар! Куёвинг мушрик, мен келтирган динга қарши, уни ҳайдаб сол, деганга ўхшаш талаб қўймадилар! Билакс, қизига куёвини ҳурматини ўрнига қўйишни таълим бердилар. Асл исломий тарбия мана шудир!

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абул-Оснинг тижорат карвонини ўлжа олган аскарларни чақирди. Улар лаббай эй Аллоҳнинг расули деб хозир бўлишди. Расулимиз алайҳис-салом шундай хитоб қилдилар:

إن هذا الرجل منا حيث قد علمتم. و قد اخذتم ماله، فإن تحسنوا و تردوا عليه الذي له كان ما نحب و إن ابيتم فهو فيء الله الذى أفاء عليكم و انتم به احق

Сизлар биласизки, бу киши биздан (яъни бизнинг оиламизга яқин инсонлардан. Менинг куёвим). Агар яхшилик қилиб унга молларини қайтариб берсангиз биз ҳурсанд бўлардик… Мабодо рози бўлмасаларинг, бу моллар сизларга Аллоҳ берган ўлжа. Унга аввало сизлар ҳақдорсиз.

Азиз ўқувчи! Мана оламларга раҳмат пайғамбари бўлмиш ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёвга бўлган сийлови. Юздан ортиқ туя устига ортилган моллари билан қиймати қанча бўларкин, бир тасаввур қилиб кўрингга. Бугнги кун баҳосида бир дона туя ўртача 3000 АҚШ доллари тураркан. Юз туя бу уч юзминг АҚШ долари деган гап. Энди уни устига ортилган тижорат молларининг баҳоси қанча бўларкина? Буни Аллоҳ билади. Ўша карвонга 170 нафардан ортиқ ишчи ёлланган эди. Уларнинг ҳаммаси асир олинган. Ҳар бирини қул сифатида сотиладиган бўлса умумий суммаси қанчага етаркин-а?! Ана шунча мол-дунё ҳаппа ҳалол тарзда мусулмон аскарларининг ўлжаси бўлиб турган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам куёвининг ҳурмати учун ўшанча қимматбаҳо бойликдан воз кечдилар. Мадинага, байтул-молга олиб қолсалар ҳам бўлардику? Аскарлари орасида тақсимлаб берсалар ҳам бўлардику? Нега ундай қилмадилар? Чунки куёвнинг қадри бойликдан баланд эди. Ўшанинг учун ҳам Расулимиз алайҳис-салом “Агар яхшилик қилиб унга молларини қайтариб берсангиз биз ҳурсанд бўлардик…” дедилар.

Расулуллоҳнинг бу сийлови Абул-Осга таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Унинг қалби энди иймон нурига очила бошлади. Ислом ва мусулмончиликнинг асл моҳиятини англаб етди. Ҳақ қайси тарафда эканини тушунди. У карвонини олиб Маккага келдида, тезда тижорат ишлари юзасидан одамлар билан қилинган битимларини охирига етказди. Сўнгра Қурайш жамоасига қарата: Менда кимнинг ҳаққи қолди? – деб сўради. Ҳаммамиз ҳаққимизни олдик, карвонни соғ-омон олиб келганигга раҳмат – дейишди мушриклар. Шундан кейин Абул-Ос ўша ерда шаҳодат калималарини баралла айтиб, мусулмон бўлганини эълон қилди ва Мадинага қараб йўл олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қизлари Зайнаб хонимни қайта никоҳлаб бердилар.

Ҳа азизлар! Улуғларимиз бежизга айтмаган эканлар! Дарҳақиқат куёвни пайғамбарлар сийлаган экан. Куёвни иззат-икром қилиш пайғамбарларнинг суннати экан!

Абу Муҳаммад.

ТИИ сиртқи бўлим 1 босқич талабаси.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *