ИҚОМА ҚАНДАЙ АЙТИЛАДИ?


image.phpМУҚАДДИМА

Охирги вақтларда аҳолисининг деярли ҳаммаси ҳанафий бўлган бизнинг диёрларда ҳам иқомани худди бошқа мазҳабдагилар каби, ибораларини жуфт-жуфт эмас аксинча, якка-якка айтадиганлар учраб қоляпти. Уларга эътироз билдирилса, «ҳадисда шундай келган, биз ҳадисга амал қилмоқдамиз» — деб жавоб беришмоқда. Бу табиийки жамоатчилик орасида хар-хил савол ва ихтилофларни пайдо қилмоқда. Баъзи илми саёз қатламда эса, «биз илгари ҳадисга хилоф қилар эканмиз, иқомани нотўғри айтиб келган эканмиз» деган шубҳа ҳам пайдо бўлиб қоляпти. Шу нуқтаи назардан масалани имкон қадар ўрганиб, икки тараф далилларини келтириб, таҳлилий хулосани баён қилишни истадик.

Суфён Саврий, Ҳасан ибн Ҳайй ва Ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳолари азон ҳам иқома ҳам бир хилдир, деб айтган. Яъни, аввалдаги такбир 4 марта, қолган барча иборалар 2 мартадан айтилади, сўнггида бир марта таҳлил айтилади. Илло иқомада 2 марта “қод қоматис-солаҳ” қўшимчаси бор.

Қолган уч фиқҳий мазҳаб асосчилари ва Лайс ибн Саъд азон билан иқома бир хил эмас. Иқоманинг иборалари фақат 1 мартадан айтилади, деган.

Имом Шофеъий эса айнан “қод қоматис-солаҳ” калимасида буларга хилофан “қод қоматис-солаҳ” икки марта айтилади, бошқа калималар бир мартадан деган.

ИМОМ МОЛИК, АҲМАД ИБН ҲАНБАЛ ВА ЛАЙС ИБН САЪДНИНГ ДАЛИЛЛАРИ

Иқоманинг калималарини якка-якка айтилади деган фуқаҳолар қуйидаги ҳадисларга таянади: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтган:

امر بلال ان يشفع الأذان و يوتر الإقامة

Билол азон калималарини жуфт-жуфт, иқоманикини эса якка-якка айтишга буюрилган. (Имом Таҳовий. Маъони ул-асор.783, 784, 785, 786, 787).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтган:

كانوا قد ارادوا ان يضربوا بالناقوس و ان يرفعوا نارا لإعلام الصلاة حتى راى ذلك الرجل تلك الرؤيا فأمر بلال ان يشفع الأذان و يوتر الإقامة

Намоз вақтини билдириш учун қўнғироқ билан бонг урмоқчи бўлдилар, олов ёқмоқчи ҳам бўлдилар. Ҳатто ўша киши азон ҳақидаги тушни кўрди. Бас, Билолга азон калималарини жуфт-жуфт, иқоманикини эса якка-якка айтишга буюрилди. (Имом Таҳовий. Маъони ул-асор. 788, 789).

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз вақтини одамларга билдириш ҳақида машварат қилганда баъзи саҳобалар олов ёқиб билдирамиз деди, баъзилар қўнғироқ чаламиз деди, бу таклифлар Расулуллоҳга маъқул бўлмади. Ўша куни кечқурун Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу туш кўрди. Тушида бир одам қўлида қўнғироқ билан айланиб юрибди. Абдуллоҳ ибн Зайд унга: қўнғироғингни сотасанми, деди. У: буни нима қиласан? – деди. У Намоз вақтини одамларга билдираман, деди. Шунда у одам хозирги азонни ўргатиб, шу яхшироқ деди. Абдуллоҳ ибн Зайд тушини Расулуллоҳга сўзлаб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу калималар яхши экан, деб Билол розияллоҳу анҳуга азон айтишни буюрди. Худди шу тушни Умар ибн Хаттоб ҳам кўрган эди. Тарж).

Анас ибн Моликнинг юқоридаги ривояти турли йўллар билан ривоят қилинган бўлиб, унинг асосида Имом Лайс ибн Саъд, имом Шофеъий, имом Молик, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ иттифоқан иқоманинг калималари азондан фарқли ўлароқ, якка-якка айтилади, илло “қод қоматис-солаҳ” 2 марта айтилади деган.

ИМОМ ШОФЕЪИЙНИНГ ДАЛИЛЛАРИ

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айнан “қод қоматис-солаҳ” калимасида буларга хилофан, у калима икки марта айтилади деган. У киши бу қавлига қуйидаги ривоятларни далил қилади: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтган:

امر بلال ان يشفع الأذان و يوتر الإقامة إلا الإقامة

Билол азон калималарини жуфт-жуфт, иқоманикини эса “қод қоматис-солаҳ”дан ташқари якка-якка айтишга буюрилган. (Имом Таҳовий. Маъони ул-асор.790, 791, 792,).

عن إبن عمر رضى الله عنهما قال كان الأذان على عهد النبى صلى الله عليه و سلم مرتين مرتين و الإقامة مرة مرة غير انه إذا قال «قد قامت الصلاة» قاله مرتين  فعرفنا انها الإقامة فيتوضأ احدنا ثم يخرج

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди, у деди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида азон икки мартадан, иқома эса бир мартадан бўлган. Лекин “қод қоматис-солаҳ” деса, уни икки марта айтарди, шундан билиб олардикки, намоз вақти бўлибди. Шунда баъзиларимиз таҳорат олиб намозга чиқарди. (Имом Таҳовий. Маъони ул-асор.793).

ҲАНАФИЙЛАРНИНГ ДАЛИЛЛАРИ

Ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари айтадики, сизлар келтирган ҳадиснинг хилофи ҳам ривоят қилинган. Эътибор қилинглар:

حدثنا إبراهيم ابن مرزوق قال حدثنا عبد الله ابن داود عن الأعمش عن عمرو ابن مرة عن عبد الرحمن ابن ابى ليلى ان عبد الله ابن زيد رأى رجلا نزل من السماء عليه ثوبان اخضران او بردان اخضران فقام على جذم خائط فأذن «الله اكبر الله اكبر…» ثم قعد ثم قام فأقام مثل ذلك فأتى النبى صلى الله عليه و سلم فأخبره فقال «نعم ما رأيت علمها بلالا»

Бизга Иброҳим ибн Марзуқ ҳадис айтди, у деди: бизга Абдуллоҳ ибн Довуд ҳадис айтди, у Аъмашдан, у Амр ибн Муррадан, у Абдураҳмон ибн Абу Лайлодан: Абдуллоҳ ибн Зайд тушида бир одамни кўрибди, у самодан тушган. Унинг эгнида иккита яшил либоси ёки иккита яшил чопони бор экан. У одам бир деворнинг ўзагига чиқиб Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар… (азон охиригача) деб азон айтибди. Сўнгра ўтирибди. Кейин яна туриб худди азон айтгандек иқома йатибди. Абдуллоҳ ибн Зайд Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди ва тушини хабарини берди. Расулуллоҳ: “Сен кўрган нарса қандаям яхши экан, уни Билолга ўргатиб қўй”—дедилар. (Имом Таҳовий. Маъони ул-асор.794).

عن عبد الرحمن ابن ليلى قال اخبرنى اصحاب محمد صلى الله عليه و سلم ان عبد الله ابن زيد الأنصارى رأى فى المنام الأذان فأتى النبى صلى الله عليه و سلم فأخبره فقال «علمه بلالا» فأذن مثنى مثنى و اقام مثنى مثنى و قعد قعدة

Абдураҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинди, у деди: менга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари хабар берганки, Абдуллоҳ ибн Зайд ансорий тушида азонни кўрган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, тушини айтиб берди. Расулуллоҳ: “уни Билолга ўргат”—дедилар. Бас, Билол калималарни икки мартадан такрорлаб азон ва иқома айтди. Орасида бироз ўтирди. (Имом Таҳовий. Маъони ул-асор.795, 796).

Бу ҳадислардан маълум бўлишича, Билол розияллоҳу анҳу азон айтишни Расулуллоҳнинг амри билан Абдуллоҳ ибн Зайд ансорийдан ўрганган. У иқома калималарини икки мартадан такрорлаб айтган экан.

Ундан ташқари, Билол розияллоҳу анҳунинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин иқома калималарини икки мартадан такрорлаб айтгани тўғрисида бир қанча ривоятлар бор:

حدثتا احمد ابن داود بن موسى قال ثنا يعقوب بن حميد بن كاسب قال ثنا عبد الزاق عن معمر عن حماد عن ابراهيم عن الاسود عن بلال انه كان يثنى الأذان و يثنى الإقامة

Бизга Аҳмад ибн Довуд ибн Мусо ҳадис айтди, у деди: бизга Яқуб ибн ҳумайд ибн Косиб ҳадис айтди, у деди: бизга Абдурраззоқ Муъаммардан ҳадис айтди, у Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Билолдан: у азон ва иқома калималарини икки мартадан айтар экан. (Имом Таҳовий. Маъони ул-асор.797).

عن سويد بن غفلة قال سمعت بلالا يؤذن مثنى و يقيم مثنى

Сувайд ибн Ғафладан ривоят қилинди, у деди: Билолнинг азон ва иқомани икки марта икки мартадан айтганини эшитганман. (Имом Таҳовий. Маъони ул-асор.798).

Бу ривоятларгша қараганда Билол розияллоҳу анҳунинг иқомани ҳам худди азон каби калималарини 2 марта такрорлаб айтгани маълум бўлмоқда. Юқорида Анас ибн Молик ривоятига зид тарзда.

Абу Маҳзура ҳадисида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга иқомани 2 мартадан айтишни ўргатган экан:

حدثتا على بن معبد و على بن شيبة قالا حدثتا روح بن عبادة قال حدثتا ابن جريج قال اخبرنى عثمان ابن السائب عن ابيه و ام عبد الملك بن ابي محذورة قالت سمعت ابا محذورة يقول علمنى رسول الله صلى الله عليه و سلم الإقامة مثنى مثنى

Бизга Али ибн Маъбад ва Али ибн Шайба ҳадис айтди, улар деди: бизга Руҳ ибн Уббода ҳадис айтган, у деди: бизга ибн Журайж ҳадис айтди, у деди: менга Усмон ибн Соиб отаси ва Умму Абдилмалик ибн Аби Маҳзурадан хабар қилди, у деди: Абу Маҳзурадан эшитганман, айтар эди: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иқомани икки марта икки мартадан ўргатган…”. (Имом Таҳовий. Маъони ул-асор.799, 800, 801, 802, 803, 804, 805-ҳадислар).

Юқоридаги ҳадисларни умумийлаштириб ягона хулоса оладиган бўлсак, айтиш мумкинки, иқомани ҳам худди азон каби калималарини икки мартадан айтиш керак. Чунки Билол розияллоҳу анҳунинг ўзи ҳам аввалда иқома масаласида ихтилофга бориб қолган. Кейин, икки мартадан айтишга қарор қилганлар. Чунки у кишига иқомани ҳам икки мартадан айтиш буюрилгани кейин маълум бўлган. Абу Маҳзура ҳидисида ҳам Расулуллоҳнинг унга иқомани икки мартадан ўргатгани собит бўлди.

Яна, иқома калималарини худди азон каби икки марта айтилишини исботловчи далил сифати бир қанча саҳобаларнинг феълларини келтириш мумкин. Ишончли саҳиҳ ривоятларга кўра, Салама ибн Акваъ, Савбон, Абу Маҳзура розияллоҳу анҳумлар иқома калималарини икки мартадан айтар эканлар.

Бу масалада Мужоҳиддан қуйидаги ривоят ҳам бор: “Иқомани бир мартадан айтиш янги пайдо бўлган. Аслида унинг калималари икки мартадандир”. (Имом Таҳовий. Маъони ул-асор.177 – Б).

ЯКУНИЙ ХУЛОСА

Ҳанафийлар ҳам бошқа мазҳаб мансублари каби иқома масаласида ҳадисга суянган,қуруқ райга эмас!

Ҳанафийларнинг иқома масаласида суянган далиллари бошқаларнинг далилларидан кучлироқдир!

Қадимдан аждодларимиз иқома калималарини икки мартадан айтиб келган, биз ҳам шу анъанага содиқ қоламиз, зеро асл суннат ҳам шудир!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

ТИИ сиртқи бўлим, биринчи босқич талабаси

Андижон шаҳри «Абу Ҳурайра» жоме масжид ноиб имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Абдулбоки:

    Аллох динимиз йулида килаётган ишларингизни Узи осон килсин.
    Бизни фарзанларимиздан хам динимиз йулида сиз каби олимлар чикишини Узи осон килсин

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *