ДУНЁ ТАШВИШИГА БАРДОШ БЕРОЛМАЙ ЎЛИМ ТИЛАМОҚ ҲУКМИ

2290_large

Инсон гоҳида дунё ташвишлари ва ҳаёт синовларига бардош беролмасдан ўлимни ихтиёр этиб қолади. Ҳамма нарсага қўл силтаб, дунёни ташлаб кетишни истаб қолади.  Қашшоқлик, оғир дард, бойлик ё мансабни қўлдан бой бериш, севгисига етиша олмаслик ва ҳоказо муаммолар бунга сабаб бўлиши мумкин. Ўз жонига онгли равишда қасд қилганларнинг деярли ҳаммаси ҳаёт синовларини кўтара олмаган бесабрлар бўлиб чиқади. Инсон ўз жонига қасд қилиши оғир гуноҳ. Ким ўзини қай услубда ўлдирса, қиёмат куни ҳам ўша услубда азобланади—деган мазмунда ҳадислар бор.

Ўзни ўлдириш у ёқда турсин ҳаттто инсон ўзига ўлим тилаб дуо қилиши, ўлимни орзу қилишидан ҳам шариатимиз инсониятни қайтаради. Динимиз сабр-бардошли бўлишга, ҳаёт синовларини енггиб тоат ибодатда яшашга, охират ҳаётига шошилмасликка чақиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:

وَيَدْعُ الإِنسَانُ بِالشَّرِّ دُعَاءهُ بِالْخَيْرِ وَكَانَ الإِنسَانُ عَجُولاً

Инсон яхшилик сўраб дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилади. Инсон шошқалоқ бўлганди. (Исро сураси/11).

Ояти каримада бошига тушган дунёвий мусибатларни кўтара олмай ўзига ўлим тилаб дуо қилганлар танқид остига олинмоқда.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мавзуга доир қуйидаги ҳадисни ривоят қилган:

لا يتمنى احدكم الموت بضر نزل به. فان كان لا بد فاعلا فليقل «اللهم احينى ما كانت الحياة خيرا لى و توفنى ما كانت الوفات خيرا لى».

Ҳеч бирингиз бошига тушган мусибат туфайли ўлимни асло орзу қилмасин! Агар ҳеч иложсиз қолса “Эй Аллоҳ, агар ҳаётда қолиш мен учун хайрли бўлса тирик қолдир. Мабодо мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни ол” десин. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий, Молик).

Ҳадиснинг умумий мазмуни шуки, инсон қандай оғир аҳволга тушишидан қайтъий назар руҳий тушкунликка берилмасдан, сабрли бўлиши, дунё ташвишлари ўткинчи эканлигини ёдда тутган ҳолда Аллоҳдан умидини узмаслиги керак. Ҳеч чорасиз қолганда эса, қатъий тарзда ўлим сўрамасдан шартга боғлаб дуо қилишига рухсат этилади.

Умр инсонга тавба қилиб қолиш, гуноҳларни ўчириб, ҳасанотларга алмаштириш, ҳақларни адо қилиб, мазлумларидан ризолик олиш имконини берадиган ягона ва қайта берилмас фурсатдир. Оқил инсон уни ғанимат билиши ва унумли фойдланаб қолиши лозим. Ҳазрат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадисда жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат этадилар:

 لا يتمنين احدكم الموت. اما محسنا فلعله يزداد او مسيئا فلعله يستعتب

Биронтангиз ҳаргиз ўлимни орзу қилмасин! Чунки у яхши инсон бўлса ҳаётда яхшилиги ортиб боради. Агар ёмон инсон бўлса мумкин ўлимига қадар Аллоҳнинг розилигини топар… (Бухорий).

Дарҳақиқат, ўйлаб қаралса умр Аллоҳнинг улкан неъмати экани, умрда инсон фақат ўз ухровий фойдасига ишлаб қолиши мумкинлигини англайди. Имкониятдан воз кечиб охиратга шошилмоқ оқилнинг иши эмас. Аслида бошга тушган ҳар бир мусибатга сабр этилса, охиратда буни самараси кутилганидан зиёда бўлади. Бу дунё ташвишларига чидаш мумкин аммо охират азобининг шиддатига бардош бериш амри маҳол. Арзимас ўткинчи ташвишларга чидамай ўлимни орзу қилган киши қабр зулмати, сўроқ-савол, жаҳаннам азобларини бир ҳаёлига келтирсин. Шунда оёқлари ортга тортиб қилмишидан пушаймон бўлиб узоқроқ яшашни истаб қолади. Жобир Ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисга эътибор берайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

لا تتمنوا الموت. فان هول المطلع شديد وإن من السعادة ان يطول عمر العبد و يرزقه الله الانابة

Ўлимни орзу этманглар! Чунки охират остонаси шиддатлидир! Шубҳасиз, банданинг умри узун бўлиб Аллоҳга қайтиши унинг бахтидандир! (Имом Аҳамад, Байҳақий).

Дунё асли имтиҳон. Унда хилма-хил қийинчилик ва тушкунликларга дуч келиш мумкин. Фақирлик, қарздорлик, ишдаги муаммолар, йўқотиш ва айрилиқ, айниқса севганига етиша олмаслик алами каби паст нарсалар умрдек улуғ неъматдан воз кечишга асло арзимаслигини англаб етишимиз шарт!

Имкон қадар кўпроқ яшашга, ҳаётда узоқроқ қолишга, умр неъматидан унумли фойдаланиб қолишга, қилган гуноҳларимизга тавба қилиб, ҳасанотларимиз сони ва сифатини оширишга интилишимиз Яратган Раббимизнинг талаби эканлигини доим ёдда тутишимиш зарур.

Аллоҳ таоло барчамизни узун ва мазмунли умр кўришга насиб этсин! Омин!

© Ботиржон қори

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *