Исо алайҳиссалом ва Имом Маҳдий қуддиса сирруҳу мазҳаблари ҳанафийликка мос бўлади!

Lotin alifbosida

Иккинчи минг йилликнинг мужаддиди деб тан олинган Имом Раббоний қуддиса сирруҳу «Мактубот» асарларида бундай деганлар:

و نيز معلوم شد كه كمالات ولايت را موافقت بفقه شافعى است و كمالات نبوت را مناسبت بفقه حنفى اگر فرضا در اين امت پيغمبرى مبعوث ميشد موافق فقه حنفى عمل ميگردد و درين وقت حقيقت سخن حضرت خواجه محمد پارسا قدس سره معلوم شدكه در فصول سته نقل كرده اندكه حضرت عيسى على نبينا و عليه الصلوة و السلام بعد از نزول بمذهب امام ابو حنيفة رضى الله عنه عمل خواهد كرد

«Яна маълум бўлдики, валоятнинг — валийликнинг камолоти шофеъийлик фиқҳига мувофиқдир. Нубувватнинг — пайғамбарликнинг камолоти эса ҳанафийлик фиқҳига муносиб бўлади. Агар, фаразан, бу умматда яна бир пайғамбар чиққанида эди, ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ амал қиларди. Шу вақтда Хожа Муҳаммад Порсо қуддиса сирруҳу ҳазратларининг гапларининг ҳақиқати маълум бўлади. У зот «Фусули ситта»да нақл қиладиларки, Исо алайҳиссалом ҳазратлари тушганларидан кейин Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида амал қилсалар керак». (Имом Раббоний. Мактубот. 1-жилд. 281-мактуб. — Дехли: Муртазавий, 1873. — Б. 365).

Бу ерда тилга олинган Хожа Муҳаммад Порсо қуддиса сирруҳу машҳур тариқат намояндаси, азиз ватандошимиз Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳунинг бош халифалари бўладилар. У зотнинг бу ерда тилга олинган «Фусули ситта» асари араб тилида ёзилган, ҳадисшуносликка оид — «усул ал-ҳадис» соҳасига бағишланган асардир. Уни машҳур ҳанафий тадқиқотчиси Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари нашр қилдирганлар. Асар олтита фаслдан иборат йирик ҳажмли китобдир. Мен ўқиб чиққанман.

Ҳанафий мазҳаби ҳақиқатга ва Қуръони карим маъно-мазмунига жуда-жуда яқин бўлгани боис авлиёуллоҳлар кашфу кароматлари билан кейинги давр мужтаҳидлари ушбу мазҳабга мувофиқ келадиган фатволар билан амал қилишларини топганлар. Қиёматга яқин мазҳаблар ва ислом давлатлари бирлашиб, Имом Маҳдий қуддиса сирруҳу тахти тасарруфи остига келиши ҳақиқатдир.

Мавлоно Али ал-Қори раҳимаҳуллох, Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ, Ибн Ҳажар ал-Хайсамий раҳимаҳуллоҳ каби тадқиқотчи олимлар ушбу фикр аниқ далилга эмас, балки кашфу кароматга асосланганини билдирганлар. Чунки, Исо алайҳиссалом тушганларидан сўнг ислом дини буйича ҳукм юритадилар. У зот бу умматнинг мужтаҳидларининг энг аълоси бўладилар. Имом Маҳдий раҳимаҳуллоҳ ҳам худди шундай. Мужтаҳидлар эса бошка мужтаҳидлар фикрига кўра амал қилмасдан, балки ўзлари ижтиҳод қиладилар. Шундай бўлса-да, уларнинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан чиқарган ўз ижтиҳодлари ҳанафий мазҳабига мос келар экан. Субҳаналлоҳ! Алҳамдулиллоҳ!

Ҳанафий мазҳабини, умуман тақлидни мазҳабпарастлик ва бидъат деб юрганлар ўз даврининг энг буюк авлиёуллоҳлари бўлмиш Хожа Муҳаммад Порсо қуддиса сирруҳу ва Имом Раббоний қуддиса сирруҳу ишончларини хатога чиқаргандан кўра ҳаққа эргашсалар бўларди, албатта.

Бизни Парвардигори олам ҳанафий мазҳабига тақлид қилувчи қилиб қўйгани учун ҳамдлар ва шукрлар айтамиз! Алҳамдулиллааҳи ъалаа кулли ҳааааал!

Ҳамидуллох Беруний.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...