ХАТИБ БАҒДОДИЙ ВА СЎФИЙ БИШР ҲОФИЙ

1397493182_old-baghdad

Дунёга машҳур “Бағдод тарихи” асарининг муаллифи тарихда “Хатиб Бағдодий” номи билан шуҳрат қозонган муаррих ва муҳаддис олим Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит ал-Бағдодий (392-463 ҳ./1002-1072 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади.

Замзам сувини нима мақсадда ичилса, у албатта амалга ошишини кўпчилик эшитган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: مَاءُ زَمْزَمْ لِمَا شُرِبَ لَهُ – “Моу замзам ли-ма шуриба лаҳу!” (“Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учун бўлади”) деганлар (ибн Можа, 2/3062; Ҳоким, 1/1739; Байҳақий, 5/9442; Дорақутний, 3/2771; Аҳмад, 3/14892; Ибн Абу Шайба, 3/14340).

Хатиб Бағдодий ҳамиша: “Мен замзам сувини ихлос билан уч марта ичганман. Учовида ҳам уч нарсани дуо қилиб ичганман. Биринчиси, “Бағдод тарихи”ни мукаммал ҳолда ёзиб тугатишни ният қилдим. Иккинчиси, “Жомеъ ал-Мансур”да бош хатиб ва ҳадис илмидан мударрис бўлишни ният қилдим. Учинчиси, агар вафот қилсам, Бишри Ҳофий ҳазратларининг қабри ёнига дафн қилинишни ният қилдим”, деб айтиб юрганлар.

Бишр ибн ал-Ҳорис ал-Ҳофий (150-227 ҳ./767-841 м.) таниқли сўфий, мутасаввиф олимлардан бири. Асли марвлик бўлиб, Бағдодда яшаганлар. Ҳадис ривоятида ҳам ишончли ровийлардан ҳисобланган. Буюк мужтаҳид ва муҳаддис Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи Бишри Ҳофийнинг ҳузурига кўп қатнар, “Мен илмни кўп билишм мумкин, бироқ, у Аллоҳни мендан кўра кўпроқ билади”, дер эдилар.

Хатиб Бағдодийнинг бу гапларини ўша даврдаги уламолар эшитишган, шогирдлари ва аҳли илмлар билиб юришган. Замзам сувини ичиб айтилган ушбу тилаклардан аввалги иккитаси уларнинг кўз олдида амалга ошганини ҳам билишар эди. Хатиб Бағдодий икки ой бемор бўлиб ётганидан сўнг барча китобларини вақф қилган, бор мол-мулкларини аҳли илмларга тақсимлаб берган ва Бишри Ҳофий мақбараси ёнига дафн қилинишини махсус васият қилганлар. Уламолар ва шогирдлар мазкур васиятни амалга ошириш учун Бишри Ҳофий мақбараси ёнига дафн қилишмоқчи бўлишибди. Машҳур олимлардан яна бири тарихда “Абу Бакр ас-Сўфий” ва “Ибн аз-Заҳро” номлари билан танилган Абу Бакр Аҳмад ибн Али ат-Турайсисий (ваф. 479 ҳ./1087 м.) ўзига унинг ёнида ўзига махсус қабр қаздириб қўйган экан. Бунга ҳам бир неча йиллар бўлган, у ўз қабрини бориб кўриб турар, унинг олдида “Қуръон” хатм қилиб турарди. Хатиб Бағдодий вафот қилганидан сўнг унинг шогирдлари Абу Бакр ас-Сўфийдан ана шу қабрга қўйиш учун рухсат сўрабдилар. “Мен бу қабрни ўзим учун қаздириб қўйибман. Унга ўзимдан бошқа ҳеч кимнинг дафн қилинишини истамайман. Бунга дафн қилиниш ўзимдан бошқага мумкин эмас!”, деб туриб олибди. Ўша даврнинг улуғ сўфийларидан бирига бу хабар етиб келганида, у бориб, “Эй шайх, агар Бишр ал-Ҳофий тирик бўлса-ю, унинг ҳузурига сен ва Хатиб Бағдодий кирганингизда, унинг ёнгинасида ким ўтиришга ҳақли бўларди?” дебди. У: “Мен эмас, албатта бунга Хатиб Бағдодий лойиқ бўларди”, деб жавоб берибди. Саъид ас-Сўфий: “У ҳолда, ўлим ҳолатида ҳам у зотнинг ёнгинасида дафн қилинишга мен сендан кўра унинг лойиқроқ эканини айтаман”, дебди. Абу Бакр ас-Сўфийнинг қалби юмшаб, ўзига атаб қаздириб қўйган қабрга Хатиб Бағдодийнинг дафн қилинишига розилик билдирибди. Шу тариқа, машҳур “Бағдод тарихи” асарининг муаллифи Хатиб Бағдодий машҳур сўфий Бишри Ҳофий мақбараси ёнига дафн қилинибди.

Уламоларнинг машҳур авлиёлар ва сўфийларнинг ёнларида дафн қилинишини истаганлари ўзларининг қубурий бўлганларидан эмас, балки шу қабрдаги зотлардан шафоат ва манфаат етиб туришига ишонганларидан, сўфийларнинг тириги ҳам, ўлиги ҳам барака ва табаррук бўлишидандир. Хуллас, ҳақиқат шуки, бугунги оламни тасаввуф қутқаради, сўфийлар эса икки дунёда ҳам барака ва нажотдир!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *