РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ ҚАБРЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛМОҚ

unnamed011Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри шарифларини зиёрат қилмоқ мандубдир. Шайх ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ ушбу амалнинг ижмоъий эканини “Раддул мухтор”да айтади ва “Лубоб”да ҳам бу ижмоъ нақл қилинганини зикр қилиб ўтган. Асли ҳанбалий мазҳабидан бўлган Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри шарифларини зиёрат қилишдан қайтаргани, бу шарафли ният билан йўлга чиқиш гуноҳ ва бу йўлдаги мусофирларга намозни қаср қилиш мумкин эмаслигини айтиб келгани бир қанча китобларда ворид бўлган. Айрим олимлар бу гапнинг асли йўқ, Ибн Таймияга нотўғри нисбат қилинган, деб таъкидлайди.

Шундай бўлсада, бу масалада Ибн Таймияга раддиялар битган олимлар ҳам йўқ эмас. Хусусан шофеъий мазҳабининг йирик олимларидан имом Субкий раҳимаҳуллоҳнинг айни масалада Ибн Таймияга алоҳида раддия сифатида ёзган “Шифоус сақом фи зиёрати хайрил аном” номли китоби бор. Мазкур китоб ўн бобдан иборат бўлиб, унинг аввалги етти боби зиёрат масаласига бағишланган. Кейинги учта бобда, тавассул ва истиғоса, шафоат, пайғамбарлар қабрларида ҳаёт эканлиги ҳақида сўз юритилган.

Шайҳ Муҳаммад Саъид Соғиржий “Ал-фиқҳ ал-ҳанафий ва адиллатуҳ” номли асарида қабри шариф зиёрати мандублигини жумҳури аҳли илмлар бу қарашда якдиллигини алоҳида урғулаб, қуйидаги оятни унга сасос бўлишини билдиради:

وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذ ظَّلَمُواْ أَنفُسَهُمْ جَآؤُوكَ فَاسْتَغْفَرُواْ اللّهَ وَاسْتَغْفَرَ لَهُمُ الرَّسُولُ لَوَجَدُواْ اللّهَ تَوَّاباً رَّحِيماً

«Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингизга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар». Нисо сураси / 64.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларида тирикдир. Ул зот бу дунёдан ўтганларидан кейин ҳам Набийдир. Шундай экан оятга кўра, Ул зотнинг қабри олдига Аллоҳдан мағфират тилаб келиш то даври қиёматгача биз осий умматлар учун манфаатли иш бўлиб қолаверади.  Ал-фиқҳ ал-ҳанафий. 3 – Ж. 490 – Б. Дамашқ. Дор ал-калим ат-тойиб. 2005.

Қабри шариф зиёратига далил сифатида яна ушбу ҳадисни келтириш мумкин: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

من حج فزار قبرى بعد وفاتى فكأنما زارنى فى حياتى

«Кимки ҳаж қилса, бас, вафотимдан кейин қабримни зиёрат қилса, у гўёки мени ҳаётлик чоғимда зиёрат қилгандек бўлади». Сунани Дорақутний 2/278.

Расулимиз алайҳиссаломнинг муборак қабри шарифларини бу дунёда кўп бора зиёрат қилиш барчамизга насиб этсин!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *