“Саҳл Тустарий ақидаси”

180903-INNERRESIZED600-700-1

Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий (200-283 ҳ./815-896 м.) раҳимаҳуллоҳ исломнинг энг таниқли мутасаввиф сўфий, мутакаллим, муҳаддис ва муфассирларидан биридирлар. У зот тасаввуфий мазмундаги “Рақоиқ ал-муҳиббин”, “Мавоиз ал-орифин”, “Жавобот аҳл ал-яқин”, “ал-Ғоят ли-аҳл ан-ниҳоят”, “Тафсир ал-Қуръон”, “Қисас ал-Анбиё” каби асарлар ёзганлар. Тафсирлари 1908 йили Мисрда нашр қилинган.
Саҳл Тустарий қуддиса сирруҳунинг ақидаси аҳли суннат ва жамоат таълимотини ўзида жамлаган Абулқосим Ҳиббатуллоҳ ал-Лалкоий раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ усули эътиқод аҳл ас-суннат ва-л-жамоат” номли асарларида ривоят қилинган (Абулқосим Ҳиббатуллоҳ ал-Лалкоий. Шарҳ усули эътиқод аҳл ас-суннат ва-л-жамоат. 1-жилд. – Искандария (Миср): Дор ал-Басират, 2001. – Б. 170-171).
Саҳл Тустарий қуддиса сирруҳунинг мазкур мўъжаз ақидасида аҳли суннат ва жамоат таълимотидан оғишмаган мусулмон киши ўнта ақидани қалбига жойлаши лозимлиги уқтирилган.

عَقِيدَةُ سَهْلْ بن عَبْدِ اللهِ التُّسْتَرِى
بسم الله الرحمن الرحيم

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм

أَخْبَرَنا أبُو عَبْدِ الله مُحَمَّد بْنُ إبْرَاهِيمَ بْن مُحَمَّد بْن حَارَسْت النُجَيْرَمِى قِرَاءَةً عَلَيْهِ قَالَ سَمِعْتُ أبَا الْقاسِمِ عَبْدَ الْجَبَّارِ بْنَ شِيرَاز بْن يَزِيدَ الْعَبْدِى صَاحِبَ سَهْلِ بْنِ عَبْدِ اللهِ يَقَولُ:
سَمِعْتُ سَهْلَ ابْنَ عَبْدِ اللهِ التُّسْتَرِىَّ يَقُولُ:

Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий қуддиса сирруҳунинг шогирди Абулқосим Абдулжаббор ибн Шероз ал-Абдий раҳимаҳуллоҳ устозининг бундай суҳбатларига гувоҳ бўлганларини нақл қилганлар:

وَ قِيلَ لَهُ: «مَتَى يَعْلَمُ الرَّجُلُ أَنَّهُ عَلَى السُّنَّةِ وَ الْجَمَاعَةِ؟».
قَالَ: «إِذَا عَرَفَ مِنْ نَفْسِهِ عَشْرَ خِصَالٍ:

У зотга: “Киши аҳли суннат ва жамоатда эканини қандай билади?” дейилди. У зот: “Қачон ўзида ўнта хислат борлигини билса”, дедилар.
Изоҳ: ҳа, инсон ўзининг тўғри йўлда эканини билиб турмоғи керак. Акс ҳолда, адашиб юраверади. Аҳли суннат ва жамоатда – анъанавий ислом таълимотида ва соф исломий ақидада бўлиш барча даврларда долзарб бўлиб келган. Шу нуқтаи назардан, буюк мутасаввиф Саҳл Тустарий қуддиса сирруҳудан ҳам бу борада савол қилингани табиийдир. У зот инсон ўнта нарсага эътиқоди мустаҳкам инсон аҳли суннат ва жамоатда бўлади, деганлар. Бу аҳли суннат ва жамоатнинг бир қанча ақидаларини ўзида мужассам қилган ўнта эътиқоддир.

لَا يَتْرُكُ الْجَمَاعَةَ.

Жамоатни тарк қилмайди!
Изоҳ: инсон кўпчилик томонда бўлиши керак. Жамоат фикри исломда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан кўпчилик мусулмонлар эргашган ақидада бўлмоқ, улар юрган йўлдан юрмоқ лозим! Бу ақидалар мажмуаси аҳли суннат ва жамоат деб аталади, бу йўл иккита шоҳкўчадан иборат. У ҳозирда Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ муассислигида тузилган ашъарийлик ва Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ муассислигида тузилган мотуридийлик дейилади. Булардан бошқа шоҳкўча йўқ! Шу шоҳкўчалардан юрган кишигина аҳли суннат ва жамоатда бўлади.
“Жамоатни тарк қилмайди!” қоидаси муҳим ва ўта долзарб бўлиб, аҳли суннат ва жамоатда туришнинг энг биринчи шартидир. Бу ерда мўъмин-мусулмон хавориж, мўътазила, шиалик, жабарий-қадарий каби фирқалардан тортиб, ҳозирдаги ваҳҳобийлик-салафийлик ва ҳизбуттаҳрир каби тоифаларга қўшилиб қолмасликни билдиради.

وَ لَا يَسُبُّ أَصْحَابَ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини сўкмайди!
Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари пайғамбарлардан кейинги инсониятнинг энг афзал одамларидир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, имон келтирган, у зотга ихлос билан хизмат қилган, у зотни шахсан рози қилган кишилардир. Бинобарин, қиёматгача барча мўъмин-мусулмонлар уларнинг ҳаққи-ҳурматини ва қадрини билмоқлари даркор. Шунинг учун, уларни сўкиш, беҳурмат қилиш, уларга таъна қилиш асло жоиз эмас.
Бу қоидада шиаларга раддия ҳам бор.

وَ لَا يَخْرُجُ عَلَى هَذِهِ الْأُمَّةِ بِالسَّيْفِ.

Бу умматга қилич билан қарши чиқмайди!
Изоҳ: аҳли суннат ва жамоат таълимотидаги инсон ҳеч қачон мўъмин-мусулмонларга қурол кўтариб чиқмайди. Мўъмин-мусулмонни ноҳақ ўлдириш ҳаромдир. Қуръони каримда: “Кимда-ким қасддан (ҳалол санаб) бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”, дейилган (Нисо, 93).
Ўтган даврларда ҳам, бугунги кунда ҳам мўъмин-мусулмонларнинг ёппасига ўлимига сабаб бўлаётганлар асло аҳли суннат ва жамоат вакиллари эмас, балки ундан оғишган тоифа ва фирқалар аъзоларидир.
Хусусан, бу ерда мусулмонларнинг подшоҳларига қурол билан қарши бормаслик шарт қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам раҳбарларга итоат қилишни умматларига вожиб қилиб кетганлар. Қуръони каримда ҳам ишбоши раҳбарларга итоат қилишга буюрилган (Нисо, 59).

وَ لَا يُكَذِّبُ بِالْقَدَرِ.

Тақдирни инкор қилмайди!
Изоҳ: тақдир – инсоннинг ҳаёти, ризқи, аъмолларининг азалдан ўлчаб қўйилганидир. Тақдирнинг Аллоҳ таоло томонидан ўлчаб-белгилаб қўйилганига ишониш имоннинг шартларидан биридир. Яхшилик ва ёмонликнинг барчаси Аллоҳдандир. Инсоннинг бошига келадиган яхшиликлар ҳам, ёмонликлар ҳам Аллоҳнинг иродаси билан келади. Тақдирни инкор қилган, уни ёлғонга чиқарган кимса мўъмин бўла олмайди. Тақдирга ишонганлар ҳаётда довдираб қолмайди, сиқилиб ўзини йўқотиб қўймайди, ғам-қайғуга ботиб, дард-аламларни орттириб олмайди. Зотан, тақдирга ишонч инсонга фақат яхшилик келтиради.

وَ لَا يَشُكُّ فِى الْإِيمَانِ.

Имонда шак-шубҳа қилмайди!
Изоҳ: мусулмон ўзининг имонига шубҳа қилмаслиги керак. “Мен ҳақиқий мўъминман!” дейиши керак. Чунки, имон еттита нарсага – Аллоҳ таолога, фаришталарга, пайғамбарларга, китобларга, охират кунига, ўлгандан кейин қайта тирилтирилмоққа ва тақдирнинг яхши-ёмонлиги Аллоҳдан эканига ишониш бўлиб, бу ишонч қатъий бўлиши лозим. Дилдан уларнинг ҳақлигига жазм қилиб ишониш билангина инсон мўъмин бўлади. Бу ишонч эса унинг мўъминлигини қатъий тасдиқлаб туради. Демак, имонда шак-шубҳага ўрин йўқ!

وَ لَا يُمَارِى فِى الدِّينِ.

Динда талашиб-тортишмайди!
Изоҳ: диний аҳкомларда талашиб-тортишиш ва жанжалли баҳслашиш жоиз эмас. Чунки, диний ҳукмлар Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва мужтаҳид уламоларнинг фикрлари билан қатъий белгилаб қўйилган. Илмсиз равишда диний масалалар бўйича талашиб-тортишиш инсонни алалоқибат куфрга ва бидъатга ғарқ қилади. Талашиб-тортишаверадиган киши, ҳаммага қўпол муомала қилиб, таъна-дашном қилувчи кимсанинг ўзи аҳли суннат ва жамоатдан чиқиб кетган бўлади.

وَ لَا يَتْرُكُ الصَّلَاةَ عَلَى مَنْ يَمُوتُ مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ بِالذَّنْبِ.

Гуноҳкор ҳолда вафот қилган бўлса ҳам, қибла аҳли бўлмиш кишига намоз (жаноза) ўқишни тарк этмайди!
Изоҳ: қибла аҳли бу Маккаи мукаррамадаги Каъбатуллоҳни қибла деб билувчи мўъмин-мусулмонлардир. Қанчалик гуноҳкор, бидаътчи бўлишларига қарамасдан уларга жаноза ўқилаверади. Аҳли суннат ва жамоат таълимоти шу. Ўзини-ўзи ўлдирган кишиларга ҳам, умр бўйи бенамоз бўлиб ўтган кимсага ҳам, ароқ ичиб ўлган инсонга ҳам мўъминлиги эътиборидан жаноза ўқилади ва мусулмонлик анъанасига кўра дафн қилинади.

وَ لَا يَتْرُكُ الْمَسْحَ عَلَى الْخُفَّيْنِ.

Икки маҳсига масҳ тортишни тарк қилмайди!
Изоҳ: маҳсига масҳ тортишнинг ўзи суннат амал бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳси кийиб, унга масҳ тортиб намоз ўқийверганлар. Буни жоиз амал деб билиш аҳли суннат ва жамаот таълимотига эргашган мусулмонларнинг мажбуриятидир. Шиаликнинг айрим оқимлари маҳсига масҳ тортишни мумкин эмас, дейдилар. Унинг ўрнига, оёқнинг ўзига масҳ тортишни жоиз санайдилар.
Гарчи бу масала аслида фиқҳга доир бўлишига қарамасдан айрим тоифалар бунга ўхшаш масалалар сабабли аҳли суннат ва жамоат таълимотидан узоқлашиб кетганлар. Масалан, аҳли суннат ва жамоатдан айрилган шиалар маҳсига масҳ тортиш жоиз эмас, бироқ, оёқнинг ўзига масҳ тортилади, деган бўлишса, салафий каби тоифалар ҳаддан ошиб, маҳсига ҳам, оёқни ёпиб турувчи нима нарса бўлса ҳам, масалан, оддий пайпоққа ҳам масҳ тортилаверади, дейишади.

وَ لَا يَتْرُكُ الْجَمَاعَةَ خَلْفَ كُلِّ وَالٍ، جَارَ أَوْ عَدَلَ.

Жавр қилувчи ёки адолатли ҳар бир раҳбар ортида жамоатни тарк қилмайди!
Изоҳ: жамоат аҳли суннат ва жамоатнинг энг-энг аҳамиятли ва эътиборли иши бўлиб, уни тарк қилиш асло мумкин эмас! Бу оддий намоз жамоати бўлсин, давлат миқёсидаги ҳамжамият бўлсин фарқи йўқ. Ихтилофга, фитналарга, қарама-қаршиликка, уруш-жанжалга, мухолафат кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Бунинг учун имом-домлаларни айблаш, ҳоким, давлат раҳбарларини айблаш, уларга таъна-дашном қилиб, тирноқ остидан кир ахтариб, бўлар-бўлмас айблар тўнкаб ихтилофга сабабчи бўлиш ҳаром амалдир. Ихтилоф ва фитналарни келтириб чиқарувчилар аҳли суннат ва жамоатдан айро бўлган кимсаларнинг ва тоифаларнинг ишидир. Шунинг учун жамоатни – кўпчиликни тарк қилмаслик аҳли суннат ва жамоатнинг ўнта шартидан бири қилиб кўрсатилган.

وَ لَا يُكَفِّر أحَدًا مِنْ أهْلِ التَّوْحِيدِ».

Тавҳид аҳлидан ҳеч кимни кофирга чиқармайди!
Изоҳ: тавҳид аҳлидан мурод Аллоҳ таолони бир ва бор деб билувчи мўъмин-мусулмонлардир. Уларни қандай гуноҳ қилган бўлишига қарамасдан, қандай ақида ва бидъатларга гирифтор бўлган бўлишига қарамасдан кофир деб эълон қилиш мумкин эмас! Мўъминни кофирга чиқариш учун бутун дунё уламолари иттифоқ қилган ёки ўзи кофирлигини эълон қилиб, шунга иқрор бўлган бўлиши керак. Акс ҳолда, “Ким бировни кофир деса-ю, у шундай бўлмаса, куфр ўзига қайтади!” деган мазмундаги ҳадис ҳукмига кириб қолиши мумкин (Бухорий, 4/6045).
Аввалги даврларда ҳам, бугунги кунда ҳам мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқарувчи кишилар ва тоифалар аҳли суннат ва жамоатдан айрилганлардир!
Охирги ўнинчи қоида Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий раҳимаҳуллоҳнинг мазкур ақида матнидан тушиб қолган. Уни биз “Канз ал-ибод” китобидан олиб тўлдирдик (Али ибн Аҳмад ал-Ғурий. Канз ал-ибод. – Қозон, 1908. – Б. 455).

تمّت العقيدة للشيخ سهل بن عبد الله التسترى قُدِّسَ سِرُّهُ.

كَتَبَهُ حَمِيدُ اللهِ اَلْبِيرُونِى عفى عنه

Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий раҳимаҳуллоҳ ақидаси тугади!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *