Ҳайз ва нифосли, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳамда мусофирлар рўзаси

Lotin alifbosida

САВОЛ:

Аёл ҳайз кўрмаслик учун Рамазоннинг рўзасини тутиш ниятида ҳайз қонини тўхтатадиган дори-дармонлар ёки бошқа муолажалар қилиши мумкинми?

ЖАВОБ:

Ҳайз қони келиши аёлларга Аллоҳ таоло тарафидан тақдир қилингандир. Ҳайз кўрган аёлларга ана шу Аллоҳ таоло рўза тутмасликка рухсат берган. Бинобарин, рўза тутиш ниятида ҳайз келишини олдини олишга ҳаракат қилиш шарт эмас. Рамазон ўтгандан сўнг қиш кунларининг бирида рўзанинг қазосини тутиб бераверади.

Фуқаҳоларимиз ҳайз қони келишининг олдини олишни жоиз, дейдилар. (“Нафъ ул-муфтий”). Аммо мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда, инсоннинг ўзига аниқ зарар қилмайдиган бўлсагина бу мумкиндир. Акс ҳолда ҳаром бўлади. Сийдик баданда ўз вақтида чиқмасдан кўпроқ туриб қолиши зарарли бўлганидек, қоннинг ҳам ўз вақтида чиқмай қолиши зарарли бўлса керак. Бинобарин, қон келишининг олдини олишдан сақланиш лозим.

САВОЛ:

Аёл киши бомдод вақтида ёки эрталаб ҳайздан пок бўлса, ўша куннинг рўзасига ният қилиб, рўза тутса бўладими? У нима қилади?

ЖАВОБ:

Хотинлар ҳайз ёки нифосларидан тонг отиши арафасида ёки тонгдан аввал поклансалар, рўзага ният қилиб, рўза тутаверадилар. Агарчи тонг отиб кетгандан сўнг ғусл қилсалар ҳам.

Аммо, бомдод вақтида ёки эрталаб қон тўхтаса, энди, рўзага ният қила олмайдилар.

Бироқ, уларнинг кечгача, ифтор вақтигача рўза тутганлардек имсок қилиб юришлари вожиб бўлади. Рамазондан кейин ўша куннинг қазосини тутиб берадилар.

САВОЛ:

Ҳайз кўрган аёл рўза тутса бўладими?

ЖАВОБ:

Ҳайз кўрган аёл асло рўза тутиши мумкин эмас. Агар тутса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Агар рўза тутса, рўзаси рўза ҳам бўлмайди. Ҳайз кўрган кунларининг қазосини пок вақтида тутиб беради.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Ойиша разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида бундай дейилади:

كنّا نحيض على عهد رسول الله صلى الله عليه وسلم فنؤمر بقضاء الصوم ولا نؤمر بقضاء الصلاة

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳайз кўрганимизда, рўзанинг қазосига буюрилар, намоз қазосига буюрилмас эдик”.

Намоз бир кунда беш вақт ўқилганлиги боис, ўн кунлик ҳайз муддатида унинг қазоси кўпайиб кетади. Нифосда янада ортади. Аёлларга енгиллик бўлиши учун унинг қазоси ўқилмайди. Рўзанинг қазоси эса тутилади.

САВОЛ:

Бола туққан аёл икки ҳафта нифос қонини кўргандан сўнг қони тўхтади. У мусулмонлар билан рўза тута бошлади. Бир ҳафтадан сўнг яна қон келиши бошланди. Энди, у нима қилади?

ЖАВОБ:

Биринчи марта бола туғиб, қон кўраётган бўлса, қачон қон тўхтаса рўза тутиб, кейинги қон келишида тўхтатади-да, (яъни, ўртадаги покликда рўза тутиб), кейинги кўришини қирқ кунга етганидан сўнг яна рўза тута бошлайди. Агарчи ҳали қон келиши давом этаётган бўлса ҳам. Чунки, нифоснинг энг кўп вақти қирқ кундир. У биринчи марта нифос кўраётгани учун унда одат шаклланмаган. Демак, қирқ кун нифос бўлган. Қолгани истиҳозадир. Шунинг учун у қирқ кундан сўнг ғусл қилиб олади. Истиҳоза қонининг ҳукми шуки, рўза тутаверади, ҳар намозга янги таҳорат олиб, намоз ўқийверади. Икки қон ўртасидаги тутган рўзасига тавба қилади. Чунки, икки қон ўртасидаги поклик унинг ҳаққида нифосдир.

Иккинчи ва кейинги бола туғишларидан сўнг бирор ҳафта қон кўрган аёл ҳам қони тўхтагандан сўнг рўза тута бошлайди. Бола кўрганидан қирқ кун ўтмасдан аввал яна қон кўрса, рўзасини тўхтатади. Чунки, нифоснинг энг кўп вақти уламолар ижмоъси билан қирқ кундир.

Сўнг у қон кўришини кузатади. Агар қон қирқ кун ичида тўхтаса, демак, ўша пок юрган кунлари ҳам нифос бўлган деб ҳукм қилинади. Шунинг учун у рўза тутганига, эри билан қўшилган бўлса, унга тавба қилади.

Агар қирқ кундан бир-икки кун ўтиб тўхтаса, демак, кейинги кўрган қони истиҳоза экан. Поклангандан сўнг, пайтини топиб, ўша биринчидан кейинги қон кўрган кунларининг ҳаммасининг қазосини тутиб беради.

САВОЛ:

Ҳомиладор аёл ёки сут эмизувчи аёл рўза тутса бўладими? Рўза тутмаса нима қилади? Қандай ҳолатда рўза тутмайди?

ЖАВОБ:

Ҳомиладор ёки сут эмизувчи аёл, аслида рўза тутишга буюрилган. Фақат улар узрли ҳолатдагина рўза тутмасликлари мумкин. Бунда уларнинг ўзларига ёки болаларига зарар етадиган, етиш хавфи бўлса, узр бўлади.      Чунончи, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

فمن كان منكم مريضا او على سفر فعدة من ايام أخر

Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардадир”. (Бақара сураси, 184-оят).

Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам бундай таъкидланади:

انّ الله وضع عن المسافر الصوم وشطر الصلاة وعن الحبلى والمرضع الصوم

Албатта Аллоҳ таоло мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва сут эмизувчи аёлдан эса рўзани (фарзиятини) олиб қўйган”.

Ҳомиладор ва сут эмизувчи аёл бу ўринда касал ҳукмидадир. Улар бошқа қулай вақт топилганда, ўтказиб юборган рўзаларининг қазосини тутиб берадилар. Мазҳабимизнинг иттифоқий фатвосига кўра, уларга бошқа ҳеч қандай фидя лозим эмас.

САВОЛ:

Бир аёл Рамазонда туғди, боласига хавф қилиб рўза тута олмади. Кейинги Рамазонгача қазосини ҳам тута олмади. Қазосини кечиктиргани учун унга гуноҳ бўладими? Шунингдек, унга каффорат ёки фидя лозимми?

ЖАВОБ:

Боласига хавфсираган аёлга рўза тутмасликка рухсат берилган. У боласи учун рўза тутмайди. Ўтказиб юборган рўзасининг қазоси унга лозим бўлади. Унга бошқа ҳеч нарса, фидя ҳам, каффорат ҳам лозим эмас.

У кейинги Рамазонгача қазосини тутгани афзал. Кундузлари қисқа қиш кунлари бор… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар:

الغنيمة الباردة الصوم فى الشتاء

“Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғаниматдир”. Имом Аҳмад ва Термизий ҳамда Табароний ва Ибн Хузаймалар Омир ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Агар кейинги Рамазонгача тута олмаса, унинг ҳеч зарари йўқ. Имкон топган пайтда қазосини тутиб беради. Кечиктиргани учун, модомики ҳаёт экан, гуноҳкор бўлмайди. Ҳечдан кўра кеч, демишлар.

Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизга кўра, унга бошқа нарсалар (каффорат ва фидя) лозим эмас.

САВОЛ:

Менинг ўғлим олти ойдан ўтди. Рамазонда рўза тутмоқчи бўлсам, қайнонам эмизадиган аёлга рўза тутмасликка рухсат бор, демоқдалар. Эмизадиган аёлга рўза тутмаслик қандай ҳолатда рухсат берилади ўзи? Баъзилар боласини уч ёшигача эмизадилар…

ЖАВОБ:

Эмизадиган аёлларга рўза тутмаслик фақатгина боласига зарар етадиган бўлса ёки онасининг рўза тутганлиги сабабли қони ёхуд сути озайиб кетиш хавфи бўлсагина рухсат берилади.

Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда касалларга рўза тутмасликка рухсат беради. Ҳомиладор аёл билан сут эмизувчи хотин ана шу касал ўрнидадир.

Агар бола она эмизмаса ҳам касал бўлиб қолмайдиган бўлса, бошқа эмизувчи топилса, нон чайнаб едириладиган бўлса, бошқа сунъий таом ва сутлар бериладиган бўлса, онага рўза тутиш фарздир.

Олти ойдан ўтган болалар сут билан бирга бошқа таомлар ҳам ейдиган бўлиб қоладилар. Бинобарин, оналари рўза тутсалар, уларга ҳеч зарари тегмайди. Демак, бундай ҳолатларда онага рўза тутмаслик узр бўлмайди.

САВОЛ:

Мендан гоҳида оппоқ сув келади. Бу рўзани бузадими?

ЖАВОБ:

Сиз ҳомиладор аёлларда туғишидан бир-икки кунлар аввал келадиган оқ сувни айтаётган бўлсангиз керак. Аслида, ҳомиладор аёлларга Аллоҳ таоло рўза тутмасликка рухсат берган. Сиз ана шу рухсатдан фойдаланишингиз яхшироқ бўларди. Шу билан бирга ихлос билан рўза тутган экансиз, Аллоҳ таоло бу рўзангизни қабул айласин ва ажру савобларини икки баробар кўпайтириб берсин!

Баъзи ҳомиладор аёллардан бундай оқ ёки сариқ сувлар келиши рўзани бузмайди. Чунки, рўза ичга кирган нарсадан бузилади, чиққан нарсадан эмас.

Мусофир ва рўза

САВОЛ:

Рамазони шарифда мусофирга рўза тутмаслик рухсати қай ҳолатда сафарга чиққанига боғлиқми? У пиёда ёки оту туяда сафарга чиқиши керакми? Сафарга машина, поезд ва самалётда чиққан бўлсачи? Сафари машаққатли бўлиши шартми?

ЖАВОБ:

Мусофир бу уч кунлик йўлни қасд қилиб, йўлга чиққан одамга айтилади. У шаҳри ёки қишлоғи уйларидан узоқлашгандан сўнг шаръан мусофир одам ҳисобланади. Бундай одамга намозларини қаср қилиб ўқиш буюрилган. Аллоҳ таоло бундай дейди:

فليس عليكم جناح ان تقصروا من الصلوة

“Намозларингизни қисқартиришингизда сизга гуноҳ йўқ”. (Нисо сураси, 101-оят).

Имом Муслим Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

فرض الله الصلوة على لسان نبيكم فى الحضر اربع ركعات وفى السفر ركعتين وفى الخوف ركعة

“Аллоҳ таоло Пайғамбарингиз тилига биноан намозларни муқимликда тўрт ракъат, сафарда икки ракъат, душман хавфи кучайган вақтда бир ракъат қилди”.

Уч кунлик сафарнинг ҳозирги миқдорини тўрт мазҳаб аҳли келишган ҳолда 90-120 километр масофа деганлар.

Мусофирнинг намозни қаср қилишига унинг сафари машаққатли бўлиши шарт қилинмаган. Қай ҳолатда сафарга чиқса ҳам намозни қаср қилаверади. Хоҳ у пиёда ёки туяда, хоҳи машина ёки самалётда ўша миқдор узоқликка қасд қилиб, сафарга чиқса, намозни қаср қилади.

Шунингдек, мусофир одамга рўза тутмасликка ҳам рухсат бор. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади:

فمن كان منكم مريضا او على سفر فعدّة من ايام أخر

Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. (Бақара сураси, 184оят).

Ушбу оят каримада мутлақ сафар қилиш зикр қилинди. Демак, қай ҳолатда сафарга чиқса, рўза тутмасликка рухсат бор. Унинг сафари машаққатли бўлиши шарт эмасдир.

Шунингдек, Ҳанафий мазҳабида юқоридаги намоз ва рўзанинг мусофирга айтилган ҳукми мутлақ бўлгани учун ўша мусофир сафарида гуноҳкор бўлса ҳам, гуноҳ ишни ният қилган бўлса ҳам рўза тутмасликка ёки намозларини қаср қилиб ўқишга ухсат бор, дейилади. Масалан, бир одам фалон юртга бориб, ўғирлик қилишни ният қилиб йўлга чиқди. У сафари давомида намозларини қаср қилиб ўқийверади. Шунингдек, унга рўза тутмасликка шариат рухсат беради. Аммо ўғирлик қилгани ва шуни ният қилиб йўлга чиққани учун гуноҳи кабира бўйнига юкланади.

САВОЛ:

Сафарда умуман рўза тутишга қийналмайдиган одам рўза тутмаса ҳам бўладими? Рўза тутгани яхшими? Агар рўза тутса, Рамазоннинг рўзаси соқит бўладими?

ЖАВОБ:

Сафарда рўза тутишга қийналадиган одамнинг рўза тутмаслиги яхшироқ. Бунга тўрт мазҳаб уламолари иттифоқ қилганлар. Мазҳабимиз фиқҳига оид “Жавҳарат ун-наййира”да йўлдош ва рафиқлари рўза тутмаётган бўлсалар, уларга мувофақат қилиш учун рўза тутмагани яхшироқ, дейилади.

Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

ليس من البر ان تصوموا فى السفر

“Сафарда рўза тутишингизда яхшилик йўқ”. (Имом Муслим ривояти).

Имом Муслим ва Насоийлар Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда бўлганларида саҳобалардан баъзилари рўзадор бўлганлар. Баъзилар эса очиқ эдилар. Оғзи очиқлар бел боғлаб ишладилар, рўзадорлар эса баъзи ишларга ярамай қолдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Буғун оғзи очиқлар ажрни олиб кетдилар”, дедилар.

Рўза тутишга қийналмайдиган одамга рўза тутгани яхшими ёки тутмагани яхшироқми, деган масъалада ихтилоф бор:

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларида мусофирга сафарида хоҳи қийналсин, хоҳ қийналмасин, умуман, рўза тутмаслиги яхшироқ, дейилади.

Бошқа мазҳабларда (жумладан, бизнинг мазҳабда ҳам) эса рўза тутишга қийналмайдиган одам рўза тутгани яхшироқ, афзалроқдир, дейилган. Бунга Аллоҳ таолонинг мана бу амри далил бўлган:

وأن تصوموا خير لكم

“Бовужуди рухсат берилган ҳолатда ҳам (яъни, фидя бериб ёки узрли ҳолатда рўза тутмагандан кўра) рўза тутсангизлар, сизларга рўзанинг фазилати яхшироқдир”. (Бақара сураси, 184оят).

Имом Аҳмад ва Муслим Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ул зотнинг тилидан бундай дейилади:

كنا نغزوا مع رسول الله صلى الله عليه وسلم فى رمضان فمنا الصائم ومنا المفطر فلا يجد الصائم على المفطر ولا المفطر على الصائم ثمّ يرون ان من وجد قوة فصام فانّ ذلك حسن ويرون ان من وجد ضعفا فأفطر فانّ ذلك حسن

“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Рамазон ойида ғазотга чиқар эдик. Бизларнинг баъзимиз рўзадор, баъзимиз эса рўзадор бўлмасди.  Рўза тутган тутмаганни, рўза тутмаган рўза тутганни айбламасди. Сўнг, ким ўзида қувват топса, рўза тутар эди. Бу унга яхшироқдир. Кимки ўзида заифлик топса, рўзасини очар эди. Бу унга яхшироқдир”.

Мазкур ояти карима билан ҳадиси шарифни қувватлайдиган яна бир ҳадис бор. Уни Имом Абу Довуд Салама разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган:

من كان له حمولة تأوى الى شبع فليصم رمضان حيث أدركه

“Кимнингки тўқликда уни олиб юрадиган от-улови бўлса, Рамазонни топганда рўза тутсин”.

Рамазонда мусофир одам Рамазон рўзасини тутишни ният қилиб рўза тутмоғи шарт. Чунки, мусофирга Рамазон рўзасини тутмасликка рухсат бўлгани учун бошқа рўзаларни (нафл, назр ва қазо) ният қилса, уларнинг ҳисобига ўтиб кетиши мумкин.

САВОЛ:

Мен Бухородан Тошкентга Шаъбон ойининг ўртасида келдим. Тахминан бир ойча шу ерда туришимга тўғри келди. Рамазон бошланганда баъзилар: “Сен мусофирсан, рўза тутмасанг ҳам бўлади”, дейишди. Мен нима қилишим керак эди?

ЖАВОБ:

Имом Шофиъий ҳамда Имом Молик наздларида мусофир бирор жойга бориб, тўрт кун туришни ният қилса, рўзасини ҳам тутади, намозини ҳам тўлиқ ўқийди.

Бизнинг мазҳабда эса бу муддат ўн беш кундир: Мусофир одам бирор шаҳарга ёки қишлоққа борганидан сўнг ўша ерда ўн беш кун ёки ундан ортиқ туришни ният қилса ва туришини аниқ билса, демак у мусофир эмас, мусофир ҳукмини олмайди. Балки, у намозларининг фарзларини тўлиқ ўқийди, рўза ҳам тутади. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу деганлар:

من أقام خمسة عشر يوما أتمّ الصلوة

“Кимки ўн беш кун турса, рўзани тўлиқ ўқийди”. Буни Имом Термизий ривоят қилганлар.

Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу эса мана бундай деган:

اذا قدمت بلدة وانت مسافر وفى نفسك ان تقيم خمس عشرة ليلا فأكمل الصلوة بها وان كنت لا تدرى متى تظعن فأقصرها

“Қачон бир шаҳарга кирсанг, сен мусофирсан. Ўзингча у ерда ўн беш кеча турмоқчи бўлсанг, бас, у ерда намозни тўла ўқигин. Агар қачон жўнаб кетишингни билмасанг, намозларни қаср қилгин”. Имом ат-Таҳовий ривоят қилган.

Сиз Шаъбон ойининг ўрталарида келган бўлсангиз, демак, аниқ ўн беш кундан зиёда турмоқдасиз. Демак, Рамазон кириши билан рўза тутишингиз лозим бўлади.

САВОЛ:

Бир одам рўза тутишни бошлаб, куннинг ўртасида сафарга чиқиб кетса, рўзасини тугатиши лозимми ёки рўзасини очиб юбораверса бўладими? Шунингдек, мусофир одам рўза тутмасдан куннинг ўртасида ўз уйига келса, кечгача нима қилади?

ЖАВОБ:

Рўзани бошлаб туриб, ўртасида сафарга чиқиш, қолганини тутмаслик мумкин, албатта. Гарчи буни Ҳазрати Али ва Ибн Аббос разийаллоҳу анҳумолар жоиз кўришмаган бўлсалар ҳам, лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи ғазотида Рамазон ичида рўза тутаётганларида сафарга отландилар ва рўзасини очганлар.

Барча мазҳаблар орасида иттифоқ қилинган фатвога кўра, рўза тутишни ният қилиб, рўзанинг, аниқроғи, куннинг ўртасида сафарга чиқиб кетса, рўзасини охиригача тутиб бериши вожиб ёки мустаҳабдир. Шунингдек, мусофир одам кундуз куни ўз юртига қайтиб келса, кечгача имсок қилиб туриши, яъни рўзани бузадиган амаллар қилмай туриши вожиб ёки мустаҳабдир.

Бизнинг мазҳабимизнинг улуғ фақиҳларидан бири Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи бундай деганлар:

اذا أقام بعد الزوال انى أستقبح ان يأكل ويشرب والناس صيام وهو مقيم

Мен қачон биров заволдан сўнг муқим бўлса-ю, одамлар рўзадор бўла туриб, у муқим ҳолатда еб-ичмоқлигини қабоҳат деб биламан!”.

Мазҳабимизнинг мўътабар китобларида мазкур зотнинг фатволарига биноан муқим сафарга чиқиб кетгудек бўлса ёки мусофир муқимликка етушгудек бўлса, қуёш ботгунча имсок қилиб туриши вожиблиги баён қилинади.

Лекин, агар рўза тутиб, кейин сафарга чиқиб кетган одам ёки рўза тутмаётган мусофир муқимликка келганидан сўнг еб-ичса, каффорат лозим эмас. Балки, ўша куннинг қазосини тутиб беради, холос.

Аммо, ўз юртига келаётган ёки бирор шаҳарда истиқомат қилишни қасд қилиб келаётган одам ўша ерга кундузи бориши билса, унга рўзани очиб юриши макруҳдир. У ўша куни рўза тутмоғи керак. (“Бадойиъ”).

Мусофир одам рўза тутмай кунни бошлади, лекин ҳали ҳеч нарса еб-ичмай турувди, ногоҳ ўз юртига қайтадиган бўлиб, чоштгоҳдан аввал қайтиб келса, у рўзага ният қилади. Рўзаси дуруст бўлади. (“Шарҳи Виқоя”).

САВОЛ:

Армияда, ўз юртларидан узоқда юрган солдат йигитлар рўза тутишлари шартми?

ЖАВОБ:

Агар улар ўз шаҳар ёки қишлоқларидан узоқда бўлсалар ҳамда хизмат жойида ўн беш ёки ундан зиёда туришлари маълум бўлса, уларга рўза тутишлари шартдир. Бунда уларнинг оғир меҳнат қилмаётганлари ва хизмат асносида рўза қийинчилик туғдирмаслиги инобатга олинади, албатта. Агар аксинча бўлса, рўза тутмасликлари маъқул кўринади.

Армияда хизмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг ўз ватани олдидаги бурчидир. Уни адо қилиш фарз (кифоя) эканлигига шак-шубҳа йўқ. Ҳақиқий жиҳод ҳам аслида ўз ватанини сақлашдир! Бу Аллоҳ таолонинг рози бўладиган йўлиди!

Имом Бухорий ва Муслим ҳамда Насоий, Термизий, Ибн Можжа, Имом Аҳмад, Ибн Аби Шайбалар Абу Саид алХудрий, Абу Ҳурайра, Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳум каби саҳобалардан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

من صام يوما فى سبيل الله بعّد الله وجهه عن النار سبعين خريفا

“Кимки Аллоҳнинг йўлида юрган вақтида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини етмиш куз дўзахдан узоқ қилади”.

Яна Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам шу маънода бундай деб марҳамат қилганлар:

من صام يوما فى سبيل الله جعل الله بينه وبين النار خندقا كما بين السماء والأرض

“Кимки Аллоҳнинг йўлида юрганида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг билан дўзахнинг орасида осмону ер ораси каби хандақ қилиб қўяди”. (Имом Термизий ва Табароний ривояти).

Яна бир жойда Расули акрам бундай дегандилар:

من صام يوما فى سبيل الله عزّ وجلّ باعد الله منه جهنم مسيرة مائة عام

“Кимки Аллоҳнинг йўлида юрганида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло уни жаҳаннамга юз йиллик масофага узоқлаштиради”. (Имом Насоий, Табароний ва Абдурраззоқ ривоятлари).

 

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *