ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ОДОБЛАРИ

Depositphotos_8992700_m-2015-810x573(2 қисм)

          Бугунги кунимиз учун муҳим мавзулардан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга доир шаръий одоблар мавзусида эълон қилинган мақоланинг иккинчи қисми:

  • Беҳаёликка тарғиб қилувчи фаҳш расм, видео, ҳикоялар каби ахлоқсизликка ундовчи материаллардан хазар қилмоқ.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксари мубтало бўлган балолардан бири порнография балосидир. Катталар қолиб ёшлар ҳам, эркаклар қолиб аёллар ҳам бу фитнага мафтун бўлганига гувоҳ бўлиш мумкин. Порнография инсон табиатини бузувчи, қалбини хароб қилиб хулқини бузувчи иллат ҳисобланади. Уни кўришга одатланган инсонни вақти келиб ҳаёси ҳам тарк этади.

Порнографиянинг шаръий ҳукмини аниқлаш учун соғлом табиатнинг ўзи етарли аслида. Бунга китоб ё суннатдан далил келтиришни кўпчилик талаб ҳам қилиб ўтирмайди. Ақл-хуши жойида бўлган ҳар қандай инсон бу каби нарсаларни кўриш яхши эмаслигини тан олади. Бунинг ҳаромлигини исботловчи ҳужжат-далил келтиришга аслида ортиқча ҳожат ҳам йўқ эди. Лекин замонамизда янги пайдо бўлган бидъатчи оқимлардан бир тоифа – хизбут-таҳрирчилар порнографияни ҳалол деб фатво беришади. Шундан келиб чиқиб, бу мавзуда ҳам бироз далил келтириб ўтишни ўринли билдик. Аллоҳ таоло айтади:

 قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ۚ ذَٰلِكَ أَزْكَىٰ لَهُمْ ۗ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ * وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا

Сиз мўминларга айтинг, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир. Сиз мўминаларга айтинг, кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли)[1].

Аллоҳ таоло бу оятларида мўмин эркак ва аёлларни кўзни ҳаром нарсаларга боқишдан тийишга амр қилади. Ҳаромга тўғридан тўғри қарайдими ёки  ойна ортидан қарайдими, ёки телевизор, мобил қурилмалар орқали қарайдими, буларнинг бир-биридан ҳеч қандай фарқи йўқ. Шунингдек, авратнинг ҳақиқати билан сурати ҳам уламолар тарафидан фарқланган эмас. Зотан, фуқаҳоларнинг бирортаси авратга назар қилиш ҳаромлиги бобида ҳақиқат ва суратни орасини фарқлаб, авратни айни ўзига қараш ҳаром, суратига қараш мубоҳ деган гапни келтирган эмаслар. Шундай экан, авратларга тикилишнинг бари бирдек ҳаромдир. Авратни айнан ўзими ва ё суратими, аҳамияти йўқ. Яна шу ҳам борки, яланғоч аёлнинг суратига назар қилган кимсага ҳеч бир истилоҳда “Аллоҳ амр қилганидек кўзини ҳаромдан тийди” дейилмайди-ку?!

Аврат бўлмаган аъзоларга назар қилишнинг ҳаром-ҳалоллигини аниқлашда шаҳвоний ҳирс асосий сабаб вазифасини ўтайди. Яъни шаръий авратларга назар қилиш мутлақо ҳаромдир. Масалан бегона аёлнинг болдирини тамошо қилмоқ ҳар қайси ҳолда ҳаромдир. Хоҳ у шаҳвоний назар бўлсин ёки оддий назар. Лекин унинг юзи ва кафтига оддий назар мубоҳ, шаҳвоний назари эса ҳаромдир. Шунингдек, ёш ҳуш сурат йигитларда ҳам шу қоида. Шаҳвоний назар ҳаром, оддий назар мубоҳ.

Энди фаҳш фильм ёки суратлар аслида инсоннинг айни эмас, балки акси бўлсада уни тамошо қилувчиларнинг деярли 98% фоизи шаҳват билан кўрадилар. Фильмни тамошо қилиш жараёнида шаҳвоний ҳирс қўзғалиб фитналаниш эҳтимоли юқорилаша бошлайди. Аврат бўлмаган аъзоларга шаҳвоний ҳирс билан назар қилиш ҳаром бўлса-ю авратларнинг фотосуратларига шаҳват ва лаззат билан тикилиш қанақасига мубоҳ бўлсин?!

Тафсири Ибн Касирда келтирилишича, муслима аёллар ўз зийнатларини ўзлари каби муслима аёлларга кўрсатишлари мубоҳ.  Яъни улардан беркитиши вожиб эмас. Бироқ ғайридин аёлларга эса кўрсатишлари ҳаромдир. Чунки ғайридин аёллар муслималарнинг авратларини кўриб, уни ўз эрларига сифатлаб гапириб беришларини олдини олиш мақсадида уларга авратни кўрсатиш тақиқлаб қўйилди. Бунда муслималардан кўра, кофир аёлларга авратни кўрсатишдан кўпроқ эҳтиёт бўлишга амр қилинган. Чунки муслималар аёлларнинг зийнатига қараш мубоҳлигини билсаларда бундан ўзларини тияди. Аммо кофиралар ундай эмас. Улар бирор муслиманинг авратини кўриб, кўрганини эрига айтиб бериш эҳтимоли юқори. Шу нуқтаи назардан муслима аёллар ўз авратларини бегона аёлларга ҳам кўрсатиши керакмас.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам бор: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Аёл киши аёл киши билан (бир-бирига ичкийимда) юзланмасин. Бас, эрига тавсифлаб беради. У эса гўёки уни (ҳаёлида) кўриб туради”[2]. Яъни, бирор аёл бошқа бир аёлнинг бадани, авратини тамошо қилиб уни ўз эрига гапириб берса, эр ҳаёлида ўша аёлни тасаввур қилиб худди уни кўриб тургандек шаҳвоний лаззат туяди. Худди шу ҳаёлий тасаввурни раво кўрмаган Расулуллоҳ уни олдини олиш мақсадида икки аёл бир-бирининг авратига қарамасин—демоқдалар. Айтмоқчимизки, аёл аёл билан ёлғиз қолишини тақиқловчи сабаб бу уларнинг эрларида воқе бўлиши мумкин бўлган ҳаёлий эҳтимолий тасаввурдир. Демак эркак киши бегона аёлнинг бевосита авратига тикилиши у ёқда турсин, ҳатто бегона аёлнинг авратини, қоматини тассаввур қилиб, ҳаёлида тамошо қилиши ҳам ҳаром ҳисобланади.

Энди бир мулоҳаза қилайлик, ижтимоий тармоқларда яланғоч аёлларнинг расмларини тамошо қилганлар ҳаёлида нималарни тасаввур қилади?! Техник имконияти жуда юқори бўлган расмга олиш асбоблари фоҳишаларнинг бадан ва авратларини инсон кўз олдига қай даражада келтириб беради?! Бир аёл иккинчи аёлни аврат, баданини оғзаки сифатлаб бергани қаерда-ю андроид қурилмалар экаранининг тасвири қаерда? Бугунги аср техникаси ҳатто инсон кўзи илғамаган нарсаларни ҳам жуда чиройли тасвирлаб бера олади. Ва ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғзаки сифатлашга рухсат бермадилар. Расмга олиб уни бировга кўрсатишга рухсат берармидилар?! Шундай экан, экран ортидаги тиниқ ва аниқ тасвирланган номаҳрамларни тамошо қилмоқ қандаям мубоҳ бўлсин?!

  • Порнографик маҳсулотларни сақлаш ва тарқатишдан йироқ бўлмоқ.

Фаҳш ва беҳаё нарсаларни сақлаш ҳам, гапириб бериш ҳам, ижтимоий тармоқда тарқатиш ҳам бирдек гуноҳ. Имом Бухорий ҳазратлари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қуйидаги хабарини ривоят қилган:

القائل الفاحشة و الذى يشيع بها فى الإثم سواء

“Фаҳш гапни айтган ҳам, уни тарқатган ҳам гуноҳда тенгдир”[3].

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бу сўзлари ҳаводан олинган эмас, албатта. Ул зот бу сўзларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олганига шубҳа йўқ. Эътибор беринг, бирор фаҳш ишни кимдир кўриб гувоҳ бўлса ва кимгадир етказса, бундан хабардор бўлган киши эса уни бошқаларга тарқатса, демак икковлари бир фаҳшни тарқатишда тенг гуноҳкор бўлишар экан.

Беҳаё материал хоҳ бошқаларга тегишшли бўлсин, хоҳ ўзига тегишли бўлсин фарқи йўқ. Бировнинг фаҳшоний расмларини тарқатиш қандай гуноҳ бўлса, инсон ўзининг аврати очиқ расм ва видеоларини тарқатишнинг ҳукми ҳам шу. Тассуфки бугунги кунда айрим қиз-жувонлар ўзларининг беҳаё расмларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб, унга бошқаларнинг “ёқди” тугмаси босишларидан завқланиб ўтиришибди. Бу миллатимиз учун шармандалик! Хорлик!

Нега шариатимиз фаҳшнинг тарқалишига йўл қўймайди. Чунки фаҳш ҳақида жамоат жойларда кўп гапириш бора-бора фаҳшни оддий-табиий ҳолат даражасига олиб чиқади. Ахлоқсизликлар ҳақида кўп гапирилган жамиятда ўша ахлоқсизликни қилиб кўришдан уялмай қўйишади. “Ҳамма қиляптику, мен ҳам қилсам нима қипти” деган баҳона билан нафснинг истагига мойиллик кучаяди. Натижада бутун бир жамият ахлоқсизлик ботқоғига ботади. Шариат шуни олдини олиш учун ҳам фаҳш ҳақида гапиришни ман этади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу ҳукмни пухта билиб олишлари лозим бўлади!

  • Тармоқда бошқа инсонларнинг айбларини тарқатишдан эҳтиёт бўлмоқ.

Ижтимоий тармоқда кенг авж олган гуноҳлардан яна бири бу бошқаларнинг айбларини тарқатмоқ. Инсон бировнинг айбини ошкор қилишдан олдин ўзи ҳақида ўйлаб кўрса яхши бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзига диққатимизни тортамиз:

إذا ارادت ان تذكر عيوب صاحبك فاذكر عيوب نفسك

“Агар соҳибинг айбларини гапирмоқчи бўлсанг, аввал ўз айбларингни эслаб ол!”[4]

Бу ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ижтимоий тармоқларда бировларнинг айбларини эълон қилишдан олдин ўзимизнинг ҳам камчиликларимизга бир қараб қўйишга чақирмаяптимикин?! Бошқаларнинг айбини ахтариб интернетда тарқатиш осон, нафс учун ёқимли машғулот. Лекин аввал ўзимизга ҳам бир боқиб қўйсак, шу ишлардан тийилишимиз осон бўларкан. Донишманд халқимиз бекорга айтмаган эканда: «Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ», деб.

Қолаверса, бировнинг айбини ошкор қилиш шариатимизда ғийбат деб баҳоланишини ҳам ёдда тутишимиз керак. Ғийбат эса китоб ва суннат билан ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيراً مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضاً أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتاً فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ

Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир[5].

  • Ўқиган маълумотларни бошқаларга билдирмоқчи (хабар остидаги класс, нравится, like каби тугмаларни босмоқчи) бўлган киши аввало ўша маълумотнинг тўғри эканини текшириб кўриши керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ҳар бир эшитган сўзини айтишлиги кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”[6]. Аллоҳ таоло айтади:

وَإِذَا جَاءهُمْ أَمْرٌ مِّنَ الأَمْنِ أَوِ الْخَوْفِ أَذَاعُواْ بِهِ وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَى أُوْلِي الأَمْرِ مِنْهُمْ لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنبِطُونَهُ مِنْهُمْ وَلَوْلاَ فَضْلُ اللّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ لاَتَّبَعْتُمُ الشَّيْطَانَ إِلاَّ قَلِيلاً

Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш–хабар етса, уни таратурлар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз[7].

Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари шу оят тафсирида ёзади: “Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми–ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими–ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда душманлар “совуқ уруш” (қуролсиз уруш) деб номланган қабоҳатни ишга солиб, турли-туман ёлғонларни тўқиб чиқарадилар. Мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий, маънавий қувватларини синдирадилар. Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки, Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас. Айниқса, бу одоб ҳозиргидек фитна ва нотинчликлар даврида ғоят муҳимдир”[8].

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

ТИИ махсус сиртқи бўлим талабаси

[1] Нур сураси 30-31 оятлар. Тафсири ҳилол.

[2] Бухорий ва Муслим ривояти.

[3] ал-Адаб ал-муфрад. 324.

[4] ал-Адаб ал-муфрад. 328.

[5] Ҳужурот сураси 12 оят.

[6] Муслим ривояти.

[7] Нисо сураси 83 оят.

[8] Тафсири Ҳилол.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *