Рўзадаги ниятга оид айрим масалалар баёни

Lotin alifbosida

Ният бошқа барча ибодатлар каби рўзанинг ҳам дуруст бўлиш шартларидан (балки уларнинг асосийларидан) бири ҳисобланади. Зеро, шу билан одатлар ибодатларга айланади. Рўзага ният қилиш қалбни шу нарсага жазм қилишидан иборат. Аммо, машойихларимиз уни қалбга тугиш билан бир қаторда талаффуз қилишни ҳам хуш кўриб, мустаҳаб санаганлар.

Рўзанинг нияти иш бериши учун ўша ниятда бардавом қолиш шарт қилинади. Агар тунда эртага рўза тутиш нияти билан ётиб, фажр киришидан олдин масалан, ниятидан қайтса, рўзадор ҳисобланмайди. Аммо, ният қилиб олиш дуруст бўлган маҳалгача яна рўза ниятига қайтса, рўзаси дуруст бўлади.

Ҳанафий мазҳабида рамазоннинг ҳар куни учун янги ният лозим. Бироқ, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнингнинг «ақяс» (қиёс масаласида энг кучли) деб танилувчи шогирди имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ ҳамда имом Молик раҳимаҳуллоҳ наздида, шунингдек, Аҳмад Ҳанбалдан нақл қилинган икки ривоятнинг бирига кўра, бутунбошли ой учун бошидаги битта ният кифоя қилади. Чунки, рамазон рўзаси битта яхлит ибодат ҳисобланади. Бу худди рамазон ойидаги эътикофга ўхшайди. Мазкур эътикоф бошидаги битта ният билан дуруст бўларди, бинобарин, рамазон ойининг рўзаси ҳам бошидаги битта ният билан дуруст бўлади.

Аммо, Мазҳабимиз уламоларининг бунга жавобан келтирган важҳлари шундан иборатки, рамазон ойидаги ҳар бир куннинг рўзаси моҳият эътибори билан алоҳида ибодат ҳисобланади. Ҳар икки кун орасидан рўза тутишга яроқсиз бўлган туннинг жой олиши бунинг ёрқин далилидир. Эътикофда эса ундай эмас. Унинг кунлари ва тунлари бир-бирига узвий боғлиқ ва ҳар вақти ибодат учун яроқлидир. Шундай экан, эътикоф билан рўзани бир-бирига қиёслаш мукаммал қиёс бўлолмайди, балки, усулийлар тили билан айтганда «қиясун маъал-фариқ» яъни бир-бирига ҳамма жиҳати тўлиқ мувофиқ кела олмайдиган икки нарсани қиёслашдир.

Рамазонда саҳарлик қилишнинг ўзи ҳам ният ҳисобланади, шунингдек, рамазондан бошқа пайт бошқа хилдаги рўза учун саҳарлик қилиш ҳам шундай. Чунки, саҳарлик қилиб, эртасига шомгача нарса емай юрадиган мусулмон одамнинг рўзага ният қилмаслиги амри маҳол нарса. Ундан ташқари, ният қалбда бирор амалга нисбатан жазм пайдо бўлишидир. Унинг ёнига амал ҳам қўшилса ният амалга ошган бўлади.

Амални Аллоҳнинг изну иродасига ҳавола қилиш яъни «иншоаллоҳ» сўзи билан ният йўққа чиқиб қолмайди. Масалан, тунда «эртага иншоаллоҳ рўза тутаман» деса, нияти дуруст бўлаверади. Чунки, мусулмон киши бу сўз билан ҳақиқий маънодаги истиснони эмас, балки, Аллоҳдан тавфиқ ва ёрдам сўрашни қасд қилади («мароқил-фалааҳ»).

Фиқҳий истилоҳ билан айтганда «ниятни иншо этиш» яъни ният қилиб олиш вақти рамазон рўзаси, вақти белгиланган назр рўзаси ва нафл рўзалари учун рўза тутмоқчи бўлган кунининг туни кирган вақтидан бошлаб наҳори шаръий яъни шариат истилоҳидаги кундузнинг ярми киришидан бироз олдингача давом этади. Наҳори шаръий деб бомдод вақти киришидан бошлаб, қуёш ботгунча бўлган муддатга айтилади. Унинг ярми эса «الضحوة الكبرى» «аз-зоҳвату-л-кубро» (катта чошгоҳ) вақти кирганда бўлади. Бу эса пешин вақти киришидан тақрибан бир соат олдинги вақт ҳисобланади. Мисол учун, дейликки, пешин соат 12:30 да кирса «катта чошгоҳ» 11:30 да киради. Демак, наҳори шаръийнинг ярми соат 11:30 ларда кирган бўлади.
(Наҳори шаръий деб қайдланишининг сабаби “наҳори луғавий” ҳам борлиги учундир. Наҳори луғавий урфдаги кундуз бўлиб, у тонг ёришгандан шомгача давом этадиган вақтга нисбатан айтилади).

Юқорида зикр қилинган рўза турлари учун мана шу вақт киргунча ният қилиб олса, нияти дуруст бўлади. Фақат, ниятда рўзани «фажрдан бошлаб» дея ният қилиши шарт. Шунинг учун ҳам уламоларимиз томонидан таклиф қилинган талаффузли ният матнларида «минал-фажри илал-мағриб» деган жойи бежиз эмас. Шу билан бир қаторда катта чошгоҳ киргунча қилинган ният дуруст бўлиши учун бу вақтга қадар хоҳ унутиб, хоҳ унутмай еб-ичиш, жимоъ қилиш каби рўзага хилоф бўлган ишлар содир бўлмаган бўлиши шарт. Акс ҳолда рўзаси дуруст бўлмайди (ал-Фатааваа ал-ҳиндийя).

Аммо, бу масалада иккинчи қавл ҳам борки, унга кўра рамазон ва назри муайян рўзаларида мазкур охирги вақтда ният қилиб олгунга қадар унутиб еб-ичиб қўйган бўлса, рўзаси дуруст бўлаверади. Бу қавлни шайх Ибн Обидийн ўзининг машҳур ҳошияси «Ҳошияту раддил-муҳтор»да асос қилиб олган.

Агар рўзага ният қилганда (фажрдан эмас балки) «ният қилган вақтимдан бошлаб» деб ният қилса ва шу ниятни қилаётганда фажр вақти аллақачон кириб бўлган бўлса, рўзаси рўза бўлмайди.

Мана шу баҳс қилаётганимиз рўзанинг уч тури яъни, рамазон рўзаси, назри муайян (вақти белгиланган назр рўзаси) ва нафл рўзалари мутлақ ният билан ҳам дуруст бўлаверади. Яъни, ният қилаётганда фарз, вожиб ёки суннат дея қайдлаш шарт эмас, гарчи, кечасида ният қилиб ётиб, ва ният қилаётганда айнан қандай рўза эканлигини таъйин қилиш афзал бўлса ҳам.

Мазкур уч хил турдаги рўзалар рамазон ойида нафл нияти билан ҳам дуруст бўлаверади, гарчи, мусофир ёхуд касал инсон томонидан тутилса ҳам. Бироқ, улар рамазон рўзаси ўлароқ воқеъ бўлади. Чунки, рамазон ойида рамазон рўзасига рақобатлаша оладиган бошқа бирор рўза йўқ. Бинобарин, бу ойда тутиладиган ҳар қандай нафл рўза рамазон рўзасига айланиб кетади.

Таъкидлаб ўтамизки, бу айтганларимиз рамазонда нафл рўза тутиш ҳолатига тегишли. Бордию, рамазонда бошқа вожиб рўзаларни ният қилиб тутиладиган бўлса, муқим ёки касал инсоннинг рўзаси рамазон рўзасига ҳисоб бўлаверади. Мусофирнинг бундай рўзаси эса ният қилган нарсаси учун воқеъ бўлади ва у мазкур кунлар учун рамазоннинг қазосини тутиб беради.

Нима учун мусофирнинг рамазонда бошқа вожиб учун тутган рўзаси ўша нарса учун ўтаверадию касалнинг шундай рўзаси ўтмайди балки, рамазон рўзаси учун воқеъ бўлади, деган саволга жавоб шуки, мусофир умуман рўза тутмаслиги мумкин эди. Шундай экан, у истаса, тутадиган рўзасини бошқа вожиб рўзага йўналтириш имконига эга. Чунки, мусофир учун берилган ифтор рухсати рўза тутишга ожиз қолиш ёки қийналиш эҳтимолига ёхуд ожизлик тахмин қилинадиган ҳолат ва сабабга боғлиқ. У ҳам бўлса сафардир. Ва бу сабаб мусофирда мавжуд. Ваҳоланки, у воқеан ожиз бўлмаслиги ҳам мумкин. Лекин, модомки,у сафарда экан шу имконият унга ҳамроҳлик қилади. Шундай экан, мусофирда шаръий имконият кучлироқ. Аммо, касалга келсак, унга берилган ифтор рухсати рўза тутишга ожизлик эҳтимолига эмас, балки, ҳақиқий маънодаги ожизликка боғлиқ. Касал рўза тутяптими демак, у ожиз эмаслиги равшан бўлади ва у соғлом ва муқим ҳукмида бўлиб қолади, бинобарин рамазонда тутган ҳарқандай рўзаси рамазон рўзаси учун воқеъ бўлади.

Энди худди шу иш назри муайян (вақти таъйин қилинган назр рўзаси) га нисбатан қилинса, яъни, масалан, келаётган пайшанба кунида рўза тутишни назр қилган бўлса, ва ўша куни бошқа вожиб рўзани ният қилиб тутса, хоҳ касал, хоҳ мусофир, ҳоҳ соғлом муқим бўлсин, ўша кунги рўзаси нимани ният қилган бўлса ўшанга воқеъ бўлади ва у асаҳ қавлга кўра мазкур куни тутиши керак бўлган назр рўзасини қазосини тутиб бериши лозим бўлади (“Радду-л-муҳтор”).

Биз санаб ўтганимиз рўзанинг уч туридан бошқа ҳар қандай рўза учун ниятни тундан қилиб олиш ёки ҳеч бўлмаганда фажр кираёган вақтда қилиш ва ният қилинаётган рўза турини ҳам таъйин қилиб, ниятда аниқ қилиб олиш шарт бўлади.

Рўзанинг мазкур турлари: рамазоннинг қазоси, назри мутлақ (айнан қайси куни тутилиши таъйин қилмасдан назр қилинган рўза), бузган нафл рўзасининг қазоси, назри муайяннинг қазоси ва кафорат рўзалари ҳисобланади. Демак, ушбу турдаги рўзаларга ниятни тунда пишитиб қўйиш ёки ҳеч бўлмаганда фажр кираётган вақтда ният қилиб олиш ва қайси рўза эканлигини қалбдан ўтказиш лозим. Бордию киши мазкур рўзалардан биронтасини кундузи ният қилиб, яъни бомдоддан кейин катта чошгоҳгача бўлган вақт ичида ният қилиб тутса, бу рўзаси ўз-ўзидан нафлга айланиб кетади. Лекин бошқа нафллардаги каби уни охирига етказиш вожиб эмас, балки, мустаҳаб бўлиб қолади. Шундай экан, қасддан бузса ҳам қазосини тутиб бериш унга вожиб бўлмайди. Чунки, бу нафл инсоннинг ўзига лозим қилиб киришган маънодаги нафл рўзаси эмас, балки, нотўғри киришгани туфайли вожибликдан нафлга айланиб қолган бир нафлдир. Бинобарин, уни тамомига етказиш вожиб эмас. Яъни, у аслида вожиб рўзага ният қилиб киришди. Бироқ ниятни вақтида қилмагани туфайли рўзаси вожибликдан нафлга айланиб қолди. Бу нафлни эса у ўзига лозим қилмаган эди. Шундай экан уни охирига етказиш вожиб эмас. Илло, қазо рўза бундан мустасно, яъни вожиб бўлган қазо рўзани тутганда шу ҳолат рўй берса, унинг вожибликдан нафлга мунқалиб бўлган рўзасини охирига етказиш вожиб бўлиб қолади. Чунки, қазо рўзаси оддий вожиб рўзадан фарқли жиҳатларга эга. У оддий вожиб рўзадан бир васф ортиқ. У васф эса унинг қазолигидадир. Қачонки, ният ўз вақтида қилинмай кечиктирилгач, ушбу васф дуруст бўлишининг шарти йўқолиб қолиб, рўзанинг асли қолади. Бас, шундай экан у энди вожиб қазосидан мунқалиб бўлган нафл эмас, балки, мустақил нафлга айланиб қолади. Натижада уни охирига етказиш вожиб бўлади.

Агар киши қайсидир куннинг қазосини тутишим керак деб ўйлаб, шарт-шароитларига тўлиқ риоя қилган ҳолда рўзага шуруъ қилса, (яъни, кечасидан ёки камида бомдод кираётган вақтдан бошлаб ният қилиб, тутса) сўнгра зиммасида ҳечқандай қазо рўза йўқлиги ойдинлашса, у рўзани тамомига етказиш унга вожиб бўлмайди. Чунки, у мазкур рўзага илтизоман эмас, исқотан шуруъ қилган эди. Эсидан чиқиб қолгани учун эса у маъзур бўлади. Ва зиммасида ҳечқандай рўзанинг қазоси йўқлигини билган заҳоти рўзани бузса, унга хеч қандай қазо вожиб бўлмайди. Аммо, шуни билгандан сўнг ҳам рўзасида давом этса, энди мазкур (нафл) рўзани ўзига лозим қилган бўлиб қолади ва уни бузса қазоси вожиб бўлиб қолади (“ал-Ҳадийя ал-ъалоийя”).

Рўза тутиш ёки тутмаслик ўртасида беқарор ва мутараддид бўлган ният билан рўза дуруст бўлмайди. Масалан, эртага зиёфатга чақирилсам рўза тутмайман, чақирилмасам тутаман деган ният билан рўза дуруст бўлмайди.

Ҳанафий мазҳабига кўра рўзадор рўзасини бузишга ният қилган бўлса, токи, ҳақиқатан оғзини очмагунча, ёки рўза бузилиша сабаб бўладиган бирор иш содир бўлмагунча ният ёки ироданинг ўзи билан рўзаси бузилмайди.
Рўза ниятини намоз ичида тузса, дуруст бўлади. Агар мазкур ниятни талаффуз қилмасдан қалбидан ўтказса намози бузилмайди.

Алишер Рихсиддин ўғли

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...