Мусофир қачон намозини тўлиқ ўқийди ёки ҳожилар намози ҳақида

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Шу кунларда кўплаб мусулмонлар Исломнинг бешинчи рукни бўлмиш ҳаж амалини бажариш учун муборак Макка шаҳрига сафарга отланганлар. Аллоҳ таоло барчаларининг ибодатларини ҳусни қабул айласин! Биламизки, шариатимиз мусофирларга енгиллик тарзида тўрт ракатлик фарз намозларни икки ракат қаср ўқишга амр қилади. Мусофир деганда мўътадил юриш билан ҳисобланганда уч кунлик масофани кўзлаб йўлга чиққанлар назарда тутилади. Бу баъзи уламоларнинг фикрича 90, яна баъзи уламоларнинг фикрига кўра 120 км масофа деб белгиланган.

Мусофирлар то ўз уйларига қайтиб келгунича, ёки кўзлаган манзиллари –бирорта шаҳар ё қишлоқда ярим ой (15 кун) туришни ният қилгунларигача тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилиб икки ракатдан ўқийди. Зеро, шу икки омилдан бири билан мусофир шаръий истилоҳда муқимга айланади. Машҳур ҳанафий олими Аллома Косоний “Бадойе”да айтади:

Мусофирнинг муқимга айланиши учун фиқҳий манбаларимизда тўртта омил шарт қилинган:

1. Иқомат нияти;

2. Иқомат муддати;

3. Ягона макон. Яъни, битта шаҳар ё қишлоқ;

4. Маконнинг истиқомат учун яроқли бўлиши.

Яъни истиқомат учун қулай шароитларга эга битта шаҳар ё битта қишлоқда ярим ой давомида истиқомат қилишга азму қарор қилиш билан мусофир шаръан муқимга айланади ва намозларни тўлиқ ўқий бошлайди.

Ҳожиларнинг Макка шаҳрида қай тарзда намоз ўқишлари масаласига келсак, бу ҳақда уларнинг нияти ва ният қилган замонига эътибор қаратиш лозим. Агар, тарвия (зулҳижжанинг саккизинчи) кунидан 15 кун олдин Маккада 15 кун туришни ният қилган бўлсалар улар Маккада муқим бўлади ва намозларини тўрт ракатдан ўқийди. Мабодо, ундай бўлмаса, яъни уларнинг ният қилган замони билан тарвия куни орасида 15 кундан озроқ муддат бўлса у ҳолда Маккада 15 кун туришни ният қилган бўлсалар ҳам муқимга айланишмайди. Чунки ҳожилар тарвия куни Минога боришлари лозим. Мино эса Маккадан ташқари макон ҳисобланади. Мусофирнинг муқимга айланиши учун лозим шартлардан бири истиқомат макони битта шаҳар ё қишлоқ бўлиши шарт эди. Макка билан Мино эса бошқа-бошқа маконлардир. Шундай экан бу ерда тўрт шартдан бири топилмади ва мусофирлар муқимга айланмайди.  Бу ҳақда “Бадойе”да шундай дейилади:

و ذكر في «كتاب المناسك»: أن الحاج إذا دخل مكة في ايام العشر، و نوى الإقامة خمسة عشر يوما، أو دخل قبل ايام العشر، لكن بقى إلى يوم التروية اقل من خمسة عشر يوما، و نوى الإقامة لا يصح. لأنه لا بد له من الخروج إلى «عرفات» فلا تتحقق نية إقامته خمسة عشر يوما، فلا يصح

Ҳаж йўл-йўриқлари китобида келтирилади: Зулҳижжанинг биринчи 10 кунлигида Маккага кирган ҳожилар 15 кун туришни ният қилишса, ёки Зулҳижжа ойи кирмасдан олдин Маккага киришса-ю, лекин тарвия кунигача 15 кундан кам муддат қолган бўлса ва 15 кун истиқомат қилишни ният қилишса, уларнинг бу нияти саҳиҳ бўлмайди ва муқимга айланишмайди. Чунки уларнинг арафот тоғига чиқмай иложлари йўқ. Демак, 15 кун туриш ниятлари амалга ошмади ва шаръан саҳиҳ ният бўлмади. (Бадойе. 1 –Ж. 484- Б. Байрут).

Шунингдек, худди шу маънони “Дуррул-мухтор”да ҳам кўриш мумкин:

فلو دخل الحاج مكة ايام العشر لم تصح نيته لانه يخرج إلى منى و عرفة فصار كنية الإقامة في غير موضعها

Зулҳижжанинг биринчи 10 кунлигида Маккага кириб иқома ниятини қилган ҳожининг нияти саҳиҳ бўлмайди. Чунки у (шу 15 кун ичида) Мино ва Арафага чиқади, бас, шундай экан ўз ўрнида ният қилмагандек бўлади. (Роддул-мухтор ъала Дуррил-мухтор. 2 – Ж. 606 – Б. Риёд).

Ҳанафий мазҳабимизда ёзилган бир қанча — Роддул-мухтор, Баҳр, Бадойе, каби мўътабар манбаларда айни шу масала баёнида Исо ибн Аббоннинг фиқҳ илми билан шуғулланишига ундов бўлган муҳим бир ҳикоя келтирилган. Унда айтилишича аввалда ҳадисшунослик билан машғул бўлган Исо ибн Аббон бир дўсти билан Зулҳижжа ойининг биринчи 10 кунлигида Маккага кириб келади ва у ерда бир ой туришни ният қилиб намозларини тўлиқ ўқишни бошлайди. Иттифоқо уни имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг талабаларидан бири кўриб, унга: “сиз намозларни тўлиқ ўқиб хато қиляпсиз, чунки сиз яқинда Мино ва Арафотгага чиқасиз—деб танбеҳ беради. Исо ибн Аббон айтадики, Маккадан қайтганимдан кейин дўстимни Маккадан ташқарига бориб келиши зарур бўлиб қолди ва мен ҳам унга шерик бўлиб чиқмоқчи бўлдим. Ўша вақтда намозни Маккада Абу Ҳанифанинг шогирди тавсиясига кўра қаср ўқиётган эдим. Шунда менга яна ҳалиги ҳанафий танбеҳ бериб: “сиз яна нотўғри қиляпсиз, сиз Мино ва Арафотдан Маккага қайтганингизда муқим бўлдингиз, чунки унда қариб йигирма кун туришни ният қилгансиз. Шундай экан намозни тўлиқ ўқишингиз керак”—деди. Бир масалада икки марта танбеҳ эшитган ҳадисшунос шу воқеадан таъсирланиб йирик ҳанафий олими имом Муҳаммадга талаба бўлиб фиқҳшуносликка шунғиб кетади.

Аллома Косоний ҳазратлари айтадики, биз бу ҳикояни “Бадойе”да бекорга келтирмадик. Токи ҳожилар Макка, Мино ва Арафот ҳудудларида қандай ният қилиш ва қай йўсинда намоз ўқишларини билиб олсинлар учун келтирдик—дейди.

Хулоса шуки, ҳаж сафарига борган ҳожилар Зулҳижжанинг саккизинчи кунидан 15 кун олдин Маккага кириб боришса ва уерда 15 кун туришни ният қилишса, улар шубҳасиз муқим бўлади ва Маккада намозларини тўлиқ ўқишлари лозим бўлади. Мабодо, тарвия кунига қадар 15 кундан оз фурсат ичида Маккага кириб боришса ва у ерда 15 кун туришни ният қилишса уларнинг бу нияти муқимлик учун ҳисобга олинмайди ва намозларини қаср қилиб ўқишлари даркор бўлади. Арафот тоғидан қайтишда Маккада 15 кун туришни ният қилишадиган бўлса, ана у ҳолда маккага қайтишгач намозларини тўлиқ ўқишаверади.

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *