Арафот ва Муздалифада суннатлар ўқиладими

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Arafot va muzdalifada sunnat uqiladimiАйни кунлар ҳаж мавсуми бўлгани туфайли муборак ҳаж сафарида юрганлар учун муҳим бир масала баёни фойдадан ҳоли эмас. Ҳожиларимиз Зулҳижжанинг тўққизинчи куни эрта тонгдан Арафот тоғига чиқиб турадилар. Қуёш заволга юз тутгач эса пешин вақтида пешин ва аср намозини бир азон ва икки иқома билан жамлаб, имом ортида адо қилишади.

Қуёш ботгач Муздалифага келиб хуфтоннинг аввалги вақтида шом ва хуфтонни ҳам жамлаб, бир азон ва битта иқома билан ўқилади.

Шу ўринда савол туғилади: пешин билан асрни жамлаб ўқилганда пешиндан кейинги икки ракат суннат намози орада ўқиладими? Шунингдек, Муздалифада шом ва хуфтон жамлаб ўқилган чоғда шомдан кейинги икки ракат суннат орада ўқиладими?

Ҳанафий фиқҳига доир энг мўътабар манбалардан “ал-Баҳр ур-роиқ”да бу масала шундай ёритилган:

(ثم يصلى بعد الزوال الظهر و العصر باذان و إقامتين بشرط الإمام و الإحرام) لما ثبت من حديث جابر من الجمع بينهما كذلك فيؤذن للظهر ثم يقيم له ثم يقيم للعصر لأنها تؤدى قبل وقتها المعتاد فتفرد بالإقامة للإعلام. و اشار بذكر العصر بعد الظهر إلى أنه لا يصلى سنة الظهر البعدية و هو الصحيح كما في التصحيح فبالأولى لا يتنفل بينهما، فلو فعل كره و اعاد الاذان للعصر لانقطاع فوره

(…кейин заволдан сўнг пешин ва асрни имом ва эҳром шарти билан бир азон ва икки иқома айтиб ўқийди) чунки Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан икки намозни шу тариқа жамлаб ўқиш ҳақида ҳадис собит бўлган[1]. Пешинга азон айтиб ортиданоқ иқома айтади. Кейин асрга  (ҳам) иқома айтади, негаки у одатий вақтидан олдин адо этилмоқда. Шуни билдириб қўйиш учун унга фақат иқома айтилади.

Матнда пешиннинг ортиданоқ асрни келтириш билан пешиндан кейинги суннат ўқилмаслигига ишора қилмоқда. Шу тўғридир. Зеро “Тасҳиҳ”да шундай келган. Орада шубҳасиз нафл ўқимайди. Агар орада нафл ўқиса макруҳ бўлади ва аср учун янгидан азонни қайтаради. Чунки орадаги узлуксизликка футур етди. (Баҳр. Ибн Нужайм Мисрий. 2 – Ж. 589 – Б).

Муздалифада жамлаб ўқиладиган икки намоз ҳақида эса шундай дейилади:

(صلى بالناس العشائين باذان و إقامة) اى المغرب و العشاء جمع تأخير لرواية مسلم عن إبن عمر أنه عليه السلام أذن للمغرب بجمع فأقام ثم صلى العشاء بالإقامة الأولى. و اشار إلى أنه لا تطوع بين الصلاتين و لو سنة مؤكدة على الصحيح. و لو تطوع بينهما اعاد الإقامة كما لو إشتغل بينهما بعمل اخر

(Имом одамлар билан шом ва хуфтонни бир азон ва иқома билан ўқийди) яъни, хуфтон вақтига таъхир қилиб ўқилади. Шу учунки, имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шомга жамлаб ўқишда азон ва иқома айтгани ва хуфтонни ҳам ўша биринчи иқома билан ўқиганини ривоят қилган. Муаллиф матнда шом ва хуфтон орасида ҳатто суннати муъаккада даражасида бўлса ҳам нафл ўқилмаслигига ишора этган. Саҳиҳ қавлга кўра шундай. Агар орада нафл ўқиса иқомани қайтариб айтади. Худди орада бегона амал билан машғул бўлганда иқомани қайтаргани каби. (Баҳр. Ибн Нужайм Мисрий. 2 – Ж. 596-597 – Б).

Минтақамизда энг оммалашган фиқҳий матн “Мухтасар виқоя”нинг шарҳи “Жомеъур  румуз”да ҳам шу мазмундаги ибораларни учратамиз:

و فيه رمز إلي انه لا يتطوع بينهما و إلا فيؤذن ثانيا قبل العصر خلافا لمحمد رح و يكره التطوع كما في قايخان و هى شاملة لسنة الظهر و غيرها كما في الكرمانى

…Матндаги “бир азон билан” деган сўзида пешин ва аср орасида нафл ўқилмаслигига ишора бор. Агар нафл ўқилса, асрдан олдин иккинчи бора азон айтиш керак бўлади. Бироқ бу масалада Имом Муҳаммаднинг фикри бошқа (у киши азон айтилмайди, деганлар). Қозихонда айтилишича орада нафл ўқиш макруҳ. Шу ҳукм пешиннинг суннатини ҳам бошқа нафлларни ҳам қамрайди. Зеро “Кирмоний”да шундай дейилган. (Жомеъур румуз. Шамсуддин Хуросоний. 230 – Б. “Мазҳарул ажоиб” матбааси. 1858 — Й).

Муздалифадаги ҳолат ҳақида шундай дейилади:

(باذان) واحد (و إقامة) واحدة كلاهما قبل المغرب و لا يقيم للعشاء إلا إذا تطوع بينهما او إشتغل بشيء اخر لإنقطاع حكم الإقامة الاولى كما في الإختيار

Муздалифага келгач шом ва хуфтон иккаласини шомдан олдин айтиладиган (бир азон) ва битта (иқома билан ўқийди) хуфтонга алоҳида иқома айтмайди. Илло, орада нафл ўқиса ё умуман бошқа амал билан оввора бўлган бўлса шунда хуфтонга қайта иқома айтади. Чунки биринчи иқоманинг ҳукми кесилди. Зеро “Ихтиёр”да шундай дейилган. (Жомеъур румуз. Шамсуддин Хуросоний. 232 – Б. “Мазҳарул ажоиб” матбааси. 1858 — Й).

Ҳанафий мазҳабимизда эътиборли бошқа барча фиқҳий асарларда худди шу гапларни кўриш мумкин. Уларнинг ҳаммасида Арафотда ҳам, Муздалифада ҳам жамлаб ўқилган икки намоз орасига на бирор тартибий суннат ҳатто суннати муъаккада даражасида бўлса ҳам, шомнинг суннати каби ва ёки бошқа ихтиёрий нафлларга жой йўқ. Балки пешин ортидан дарҳол асрга киришиш, шомдан кейин дарҳол хуфтонга шуру қилиш уқтирилган. Ҳатто баъзи уламолар орада такбири  ташриқ ҳам айтилмайди дейишган, лекин муҳаққиқлар унга эътироз билдиришиб такбири ташриқни тарк этиш нотўғри деган.

Лекин баъзи манбаларда “пешин ва асрни Арафотда жамлаб ўқиганлар орада пешиннинг суннатидан ташқари нафл ўқимайдилар” — деб пешиннинг суннатни истисно қилинган. Бу истисно тўғри эмас. Бу ҳақда Муҳаммадамин ибн Обидин  “Баҳр”га битган “Минҳатул-холиқ ъала баҳрир-роиқ” номли ҳошиясида шундай дейди:

و أما ما ذكره في الذخيرة و المحيط و الكافي من انه لا يشتغل بين الصلاتين بالنافلة غير سنة الظهر فغير صحيح لما قال فى الفتح: هذا ينافى حديث جابر «فصلي الظهر ثم اقام فصلى العصر و لم يصل بينهما شيأ» و كذا ينافى إطلاق المشايخ في قولهم: «و لا يتطوع بينهما بشي فإن التطوع يقال على السنة»

Энди, “Захира”, “Муҳит” “Кофий”да зикр қилинган “икки намоз (Арафотдаги пешин ва аср) орасида пешиннинг суннатидан бошқа нафл билан машғул бўлмайди” деган гапга келсак, бас, бу саҳиҳ эмасдир! Чунки “Фатҳул-қадир”да шундай дейилган: “бу гап Жобир ибн Абдуллоҳнинг “пешинни ўқидилар кейин иқома айтдилар ва асрни ўқидилар. Орада ҳеч нарса ўқимади”—деб ривоят қилган ҳадисига тўғри келмайди”. Қолаверса у фикр машойиҳларнинг умумий тарзда “иккисининг орасида бирорта татаввуъ (нафл) ўқилмайди. Зеро, таттавуъ деб суннатга ҳам қўлланади”—деган қавлларига ҳам мос келмайди. (“Минҳатул-холиқ ъала Баҳрир-роиқ”. Муҳаммадамин ибн Обидин. Баҳр хошияси. 589 — Б).

Шунингдек, шайҳ Ибн Обидин ўзининг машҳур “Роддул-мухтор” асарида ҳам худди шу гапларни келтириб, орада бирорта ҳам нафл киритилмаслиги мазҳабимизда зоҳир ривоядир[2], деб ўтганлар. (Роддул-мухтор. 3 – Ж. 519 — Б).

Бу масалага ҳанафийларнинг сўнгги муҳаққиқларидан яна бири Абдураҳмон Шайҳзода ҳам “Мажмаъ ул-анҳур” асарида тўхталиб ўтган. Пешин ва аср орасига асло нафл киритилмаслиги мазҳабимизда зоҳир ривоя эканини таъкидлаб, пешиннинг суннатини истисно қилиш ғайри саҳиҳ эканини алоҳида уқтирган. Ва бу истисно Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисга ва машойиҳлар қарорига хилоф эканига эътибор қаратган. (Қаранг: Мажмаъ ул-анҳур. Абдураҳмон Шайҳзода. 1 – Ж. 407 — Б).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муҳтарам ҳожиларимиз муборак маскан — Арафотда пешин ва асрни, шунингдек, Муздалифада шом ва хуфтонни имкон қадар тез ва узлуксиз ўқишлари лозим. Орада ноодатий нафллар тугул ҳатто одатий суннат намозлар ҳам макруҳ бўлади.

Ботиржон қори

Изоҳлар


[1] Бу ерда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажларини ҳикоя қилган узун ҳадиси кўзда тутилган. Ҳадисни имом Муслим ўз тўпламида келтирган.

[2] Зоҳир ривоя деганда мазҳабимизнинг асосчилари бўлмиш имом Абу Ҳанифа, имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад Шайбоний, имом Зуфар ибн Ҳузайл ва Имом Ҳасан ибн Зиёдлардан ривоят қилинган фиқҳий масала-масоиллар тушунилади. Лекин, «уч имом» яъни имом Абу Ҳанифа, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадларнинг фиқҳий қарашлари бошқалари ичида асосий ўрин эгаллайди.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *