Хаворижлар (2-қисм)

Ҳижрий бешинчи асрнинг йирик илоҳиётчи, муфассир ва мунозарачи олими Абулмузаффар Исфароиний қаламига мансуб “ат-Табсир фид-дин ва тамйиз ул-фирақин-нажия ъанил-фирақил-ҳаликин” номли асарининг тўртинчи боби.

     Таржимон: Ботиржон қори

Иккинчи оқим—Азориқалар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Хавориж тоифаси ичида иккинчи оқим Азориқалар бўлиб, улар Абу Рошид Нофе ибн Азрақ ал-Ҳанафийнинг издошлари ҳисобланишади. Азориқалар хавориж тоифалари ичида сон жиҳатидан энг кўпи, шунингдек, довруғи атрофга кенг ёйилган энг шавкатли оқимдир. Уларнинг ўзларига хос бир қанча ғоявий фикрлари бўлиб, бошқа хаворижлардан ажралиб туришади.

Масалан қуйидагилар:

  • Бу умматдан Азориқаларга қарши фикр қилганларнинг барчаси мушрикдир — деган бузуқ ақида!

Ал-муҳаккима увла оқими эса мухолифларини мушрик эмас балки, кофир деб эътиқод қилишарди.

  • Ўз Ватанини тарк этиб Азориқалар маскан қилган ҳудудларга ҳижрат қилмаганлар, гарчи ақидада улар билан ҳамфикр бўлса ҳам, барибир мушрикдир — деган бузуқ ақида!

 

  • Азориқаларнинг разил одатларидан бири шуки, уларга “ҳижрат” қилиб қўшилганларни имтиҳон қилишади. Асирларнинг ёш гўдакларидан бир қанчасини янги келган сафдошларига топшириб ўлдиришни амр қилишади. Ҳеч иккиланмасдан ўлдирса у ҳақиқий Азориқалардан бўлади. Уларнинг эътиқодича, мухолифларнинг вояга етмаган гўдаклари ҳам мушрик ва Жаҳаннамда абадий ёнади.

Бу бидъатни биринчи бўлиб, кўпроқ тарихчиларга кўра, Азориқалар ичида катта Абдуроббиҳ деб чақириладигани пайдо қилган. Баъзи тарихчилар кичик Абдуроббиҳ, деган маълумотни ҳам айтишган. Айрим манбаларда “имтиҳон бидъати” Абдуллоҳ ибн Вазийн деган одамнинг ташаббуси билан пайдо бўлган, деган гапларни ҳам учратиш мумкин.

Азориқаларнинг бош раҳнамоси Нофе ибн Азрақ  катта Абдуроббиҳга то ўлгунича бу ақидада (яъни бошқа диёрлардан ҳижрат қилиб келганларга асирларнинг болаларини ўлдиртириб имтиҳон қилиш масаласида) мухолиф бўлиб келган. Абдуроббиҳ ўлгач эса Нофе ҳам бу залолатга қўшилди.

Кейин Азориқалар қуйидаги залолат ақидаларда барчаси якдил бўлиб кетишди:

  • Мухолифларимизнинг диёрлари куфр диёридир;
  • Бизга қарши фикрловчиларнинг хотин ва болаларини ўлдириш ҳалолдир;
  • Мухолифларимиздан олинган омонатларни уларга қайтариш шарт эмас. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда “إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا” яъни, “Албатта, Аллоҳ омонатларни ўз аҳли-эгаларига етказишингизни амр қилади”—деб айтган. (Нисо/58) Бизга қарши фикрловчилар омонат аҳли эмасдир;
  • Муҳсан ҳолатдаги зинокорларни тошбўрон қилиш вожиб эмас[1];
  • Муҳсан эркак кишини зино сўз билан ҳақорат қилганларга шаръан ҳад—жазо бериш шартмас;
  • Муҳсан аёлларни зинода айблаб ҳақорат қилганларгагина ҳад бор бор холос;
  • Озгина нарса ўғирлаган ўғрининг ҳам қўли кесилади; Бу охирги ақида хавориж тоифалари ичида фақатгина Азориқаларда бўлиб, улар залолатда бошқаларидан ўзиб кетишганди[2]. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари худди шулар учун айтилгандек: “Улар ғазабнинг устига ғазабни лозим тутдилар. Кофирларга хор қилувчи азоб бордир. (Бақара/90).

Абдуллоҳ ибн Зубайр[3] розияллоҳу анҳу даврида Азориқалар кўплаб ерларни босиб олишга эришишди. Кирмон, форс ерлари уларнинг бошқарувчи остида эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг Басрадаги волийи минг кишилик қўшин тайёрлаб уларга қарши юборади, лекуин афсуски улар мувофақиятсизликка учрайди. Кейин уларга қайтадан уч минг нафар аскардан ташкил топган катта лашкар юборади. Бу сафар ҳам Хаворижларнинг қўли баланд келади.

Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу пойтахт Маккадан мактуб юборади. Мактубда Миҳлаб ибн Абу Суфра[4]га Азориқаларга қарши ҳарбий юришда қўмондонлик қилиш вазифаси юклатилган эди. Миҳлаб ибн Абу Суфра топшириққа биноан жуда катта қўшин тўплаб Азориқалар устига юриш бошлайди ва уларни мағлуб этади. Азориқалар раҳнамоси Нофе ибн Азрақ шу муҳорабада қатл этилади. Ундан кейин Азориқалар ораларидан бир кишини раҳбар этиб сайлашади. Миҳлаб уни ҳам енггиб ўлдиради. Ундан сўнг Қитрий ибн Фужоъага байъат беришади. Азориқалар Қитрийни “Ўлим амири” деб номлаб олишган эди.

Миҳлаб ибн Абу Суфра Азориқаларга қарши изчиллик билан жанг олиб бораверди ҳатто улар охир оқибат Форс ҳудудида жойлашган Собурга чекинишди. Ва собурни ўзлари учун “Ҳижрат диёри” деб эълон қилишди. Миҳлаб ибн Абу Суфра ва унинг авлоди то ўн тўққиз йил давомида Азориқаларга қарши жангларни бошқариб келди. Бу қисман Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг даври ва қисман Абдулмалик ибн Марвоннинг даврига тўғри келди.

Қачонки Ироққа Ҳажжож ибн Юсуф[5] волий бўлгач Миҳлаб Хаворижларга қарши жангга янада астойдил киришди. У уларнинг орасидан ихтилоф чиққунига қадар уларга қарши муҳорабаларга бошчилик қилиб келди. Катта Абдуроббиҳ Қитрийга мухолиф бўлади ва ўзига етти минг нафар хорижийни эргаштириб Кирмоннинг чекка бир ҳудудига ажраб чиқиб кетади. Шунингдек, кичик Абдуроббиҳ ҳам Қитрийга қарши бўлади ва уҳам бир қанча тобелари билан Кирмон ноҳияларидан бирига ажраб чиқиб кетади.

Миҳлаб Собур ноҳиясида Қитрийга қарши қақшатқич жанглар олиб бориши натижасида у енггилиб Кирмонга қочиб боради. Миҳлаб уни то Райгача таъқиб қилиб боради.

Ундан кейин Миҳлаб ибн Абу Суфра кичик Абдуроббиҳни таъқиб қила бошлайди ва уни ҳам мағлубиятга учратиб қатл қилади.

Сўнгра Ҳажжож катта қўшин тўплаб уни Қитрийга қарши Райга жўнатади. Мағлубиятга учраган Қитрий Табаристонга чекинади. Ҳажжожнинг лашкарлари унинг ортидан бориб Табаристонда қатл этишади. Қитрийнинг яқин мулозимлари орасида Убайда ибн Ҳилол Яшкурий ҳам бор эди. Ҳажжожнинг одамлари уни ҳам қўлга олишади ва қиличдан ўтказишади. Шу билан Аллоҳ ер юзидан Азориқаларни батамом супуриб ташлади ва уларнинг ақидасига эътиқод қилувчи биронта ҳам одам қолмади.

Давоми бор

Таржимондан қўшимча изоҳ:

Муҳтарам ўқувчи! Шариатга очииқча зид бузуқ ақидавий мафкуралари билан тарихда қолиб кетган АЗОРИҚАларнинг янгги издошларини охирги асримизда минг таассуфки гувоҳи бўлиб турибмиз. Бунга 2014 йили яқин шарқда пайдо бўлган ва тез фурсатда шафқатсиз жанг услублари билан ўзларининг ваҳшийликларини жаҳонга намоён қилишга эришган ИШИД[6] аъзоларини мисол қилиш мумкин. Салафийлик, ваҳҳобийлик ғояларни ўзларига байроқ қилган ҳар бир оқим ИШИДчилар томондан “Ҳижрат диёри” деб эълон қилинган, аслида эса босқинчилик йўли билан эгаллаб олинган ҳудудларга кўчиб ўтишиб аста-аста жипслашишмоқда.

Тарихда қолиб кетган АЗОРИҚАлар билан деярли бир ҳил фикрловчи ИШИДчилар тутган йўлни “суннийлик” деб кўрсатилиши кишини ҳайратга солади. ИШИДчилар сайлаб олган соҳта халифа Бағдодийга байъат қилмаганларни муртад деб ҳукм қилишлари, “ла илаҳа иллаллоҳ” деганларни ҳеч иккиланмай ўлдиришлари, ўзларидан бошқа ҳаммани кофир, ҳудудларни дорул ҳарб (жанг майдони), деб эълон қилишлари, уларга қарши уруш очмаганларга ҳам уларнинг кофирликларини баҳона қилиб очиқча уруш эълон қилишлари уларнинг ғирт АЗОРИҚЛАР авлоди эканини яққол исботлаб берувчи белгиларидир!

Ваҳҳобийлик ва ИШИДнинг асл моҳиятини тушуниб етмаган ёшлар ва баъзи пандавақилар “Сурияда жиҳод бўлмоқда, дунё мусулмонлари бориб ИШИДга қўшилиши ва Бағдодийга байъат қилиши фарз. Уларга қўшилиш учун ўз юртларидан ҳижрат қилишлари керак”, деган ҳаёл билан ҳатто ўз ватанларидан чиқиб ИШИДга қўшилишгача бориб етмоқдалар.

Ўз охиратини ўйлаган, жаннатдан умидвор бўлган ҳар бир шахс доим ақидавий тўғри йўлдан оғмасликка жидди-жаҳд қилиши лозим. Саҳобалар давридан буён изчиллик билан давом этиб келаётган ягона тўғри ақидавий йўл бу—имом Мотуридий ва имом Ашъарий таълимоти асосида шаклланиб Ислом оламига ёйилган АҲЛИ СУННАТ ВАЛ ЖАМОЪАТ йўлидир! Бунинг қисқа номи эса “СУННИЙЛИК”дир! Асл суннийлар ҳеч қачон тинчлик тарафдорларига қарши қурол кўтармаган! Шундай экан, ваҳҳобийлар ҳам ИШИД ҳам ҳеч қандай сунний эмас балки, адашган бидъатчи хавориж тоифларидандир!

 

 Изоҳлар:


[1] Эркига эга бўлган ҳур шахс, шаръий никоҳ билан оила қурса ва эр-хотинлик муносабатида бўлса, шаръий истилоҳда уларни «муҳсан», дейилади. Муҳсанлар зино қилса, шариатга кўра тошбўрон билан жазоланадилар Уларнинг бу бузуқ ақидаси уммат ижмоъсига хилофдир.

[2] Аслида уммати муҳаммадия ижмоъси билан, нисоб миқдорича бўлган, бировнинг қўриғидаги молни ўғирлашлик билангина қўлни кесиш вожиб бўлади. Қўлни кесишда белгиланган нисоб миқдори мазҳабларда турлича қилиб белгиланган. Ўғрининг қўлини кесиш учун икки шарт бўлиши лозим. Ўғирланмиш молнинг нисоб миқдорича бўлиши ва эгасининг қўриғида бўлиши. Агар нисобдан оз бўлса ёки эгаси уни қўриқламай қўйган бўлса, у молни ўғирлаганнинг қўли кесилмайди.

[3] Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом ал-Қуроший энг ёш саҳобалардан (1/73 ҳж). Ҳижратдан кейин мусулмонлар оиласида туғилган биринчи чақалоқ ҳисобланади. Отаси машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу. Онаси эса Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизи Асмо хонимдир. Язид ибн Муовиядан кейин маълум вақт мусулмонлар халифаси бўлган ва Маккани бош пойтахт деб эълон қилган. Ҳажжожи золим тарафдан ҳижрий 73-йили ўлдирилган.

[4] Бу шахс ўша даврларда Хуросон амири эди. Ҳижрий 82-йили вафот этган.

[5] Тарихда золим деб ном қолдирган Ҳажож ибн Юсуф ас-сақафий.

[6] “Ироқ ва Шом ислом давлати”нинг қисқартмаси. ИШИДнинг асл негизи бутун дунёга террорчи гуруҳ деб танилган “ал-Қоида” жангари ташкилотидир. ал-Қоида гуруҳидан сизиб чиққан “ИШИД” номли янги тўда аввалда ислом халифалигини эълон қилди. Бугунга келиб эса, бир қанча жангари гуруҳларни ўз атрофида жамлашга муяссар ҳам бўлди. Сурия шиаларига қарши тузилган ҳарбий режани амалга ошириш жараёнида, хозирги Ироқ ва Сурия давлатининг бир қисмида “Ироқ ва Шом Ислом давлати” барпо қилинди. ИШИДнинг раиси Абу Бакр ал-Бағдодий 2014-йилнинг июнь ойида ўзини бутун  дунё мусулмонлари халифаси деб эълон қилган. Ва бутун мусулмонларни унинг давлатига ҳижрат қилиб ўзига байъат беришга чорлаган.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *