Имоннинг етмишдан ортиқ шохчалари

Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.  

Расули акрам, ҳабиби муҳтарам, набиййи муаззам Муҳаммад Мустафо, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадиси шарифлари орасида имон ва унинг шохчалари ҳақидаги бир қанча ривоятлар сақланиб қолган. Улардан энг машҳури таниқли саҳоба Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифдир:

الإيمان بضع وستون أو بضع وسبعون شعبة فأفضلها قول لا إله إلا الله وأدناها إماطة الأذى عن الطريق والحياء شعبة من الإيمان

«Имон олтмишдан ёки етмишдан ортиқ шохчадир. Улардан энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси, энг кичиги эса йўлдан озорни олиб ташлаш. Ҳаё ҳам имондан бир шохчадир» (Бухорий, «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ», 1/9; «ал-Адаб ал-муфрад», 1/598; Муслим, 1/35; Абу Довуд, 2/4676; Термизий, 4/2746; Насоий, 4/5004-5005; Ибн Можжа, 1/57; Аҳмад, 2/9350; Ибн Абу Шайба, 8/25848; Абдурраззоқ, 11/20105; Байҳақий, «Шуаб ал-имон», 1/1-2).

Мазкур ҳадиси шариф матнидаги «шўъба» («шохча») ўрнида «боб» («эшик»); «афзал» ўрнида «аъло» («олийроқ»), «арфаъ» («баландроқ»), «ақсо» («тепароқ»); «ал-азо» («озор») ўрнида эса «азм» («суяк») сўзлари ишлатилган ривоятлар ҳам мавжуд. Бу билан маънога путур етмайди, ҳар бири ўзига хос равишда умумий маънога хизмат қилади.

Ҳадиси шариф матнида ишлатилган بضع («бизъ») сўзининг ўзбек тилида айни муодили йўқ, уни «ортиқ», «бир неча», «бир нечта», «зиёда бўлак» деб ҳам таржима қилиш мумкин. Араблар уни икки ёки уч билан ўн рақамлари орасида келган сонларга нисбатан ишлатадилар, лекин юздан кейинги сонларда уни қўлламайдилар. Унинг айнан етти сонига нисбатан ишлатилишига олимлар ояти каримадан иккита далил топишган. Чунки,فَلَبِثَ فِي السِّجْنِ بِضْعَ سِنِينَ  – «Турмада бир неча йил қолиб кетди» (Юсуф, 42) оятидан маълумки, Юсуф алайҳиссалом зиндонда етти йил қолиб кетганлар. Румликлар форсликлардан енгилганларидан кейин улар бир неча йилдан сўнг ғалаба қозонишини Аллоҳ таоло башорат қилиб, وَهُمْ مِنْ بَعْدِ غَلَبِهِمْ سَيَغْلِبُونَ فِي بِضْعِ سِنِينَ – «Улар мағлуб бўлганларидан кейин яқин орада бир неча йилда ғолиб бўладилар» (Рум, 3-4) деган. Бу эса роппа-роса еттинчи йилида содир бўлган. Демак, имоннинг 77 (етмиш етти) та шохчаси бор!

Мазкур ҳадиснинг айрим ривоятларида, жумладан, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг бир ривоятида имоннинг шохчалари «олтмиш нечта» дейилган. Бироқ, кўпчилик ривоятларда «етмиш нечта» дейилгани боис Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ мана шунисини олиш авло эканини зикр қилганлар (Қози Иёз. Машориқ ал-анвор. 2-жилд. – Байрут: Дор ан-нашр, 2000. – Б. 206).

Айрим тадқиқотчилар бу ҳадисда имон шохчалари айнан ва қатъий олтмишдан ёки етмишдан ортиқ эканини эмас, балки унинг кўплаб шохчалари борлигини таъкидлаш мақсадида шу сонлар мисол тариқасида айтилган, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида имоннинг етмишдан ортиқ шохчаси борлигини билдириб, мисол тариқасида улардан фақат учтасинигина айтиб ўтганлар. Шохчаларнинг энг каттаси «Ла илаҳа иллаллоҳ!» калимаси, энг кичиги эса йўлдаги одамларга озор берадиган нарсаларни – масалан, тош, тикон, шишаларни олиб ташлаш экан. Ҳаё ҳам имоннинг бир шохчаси ҳисобланаркан. Ажабо, қолган шохчалар қайсилар экан-а?!

Мазкур ҳадиси шарифда учта шохчанинг баён этилишига сабаб, унда машҳур «Жаброил ҳадиси»га ишора қилинган. «Жаброил ҳадиси»да Жаброил фаришта алайҳиссалом инсон суратида келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан савол сўраган. Бу саволлар асосан ислом, имон ва эҳсон ҳақида бўлиб ўтган (Имом Муслим, 1/8; Термизий, 4/2610; Абу Довуд, 2/4695; Насоий, 6/11721; Ибн Можжа, 1/63; Аҳмад, 1/184; Абу Авона, 4/6470; ат-Таёлусий, 1/21; Ибн Абу Шайба, 7/37558; Байҳақий, 2/21393; Ибн Ҳиббон, 1/168; Табризий, 1/1).

Қуръоннинг онаси «Фотиҳа сураси» дейилганидек «Жаброил ҳадиси»ни ўз аҳамиятига кўра «Шариатнинг онаси» деб аталган. Демак, имоннинг етмишдан ортиқ шохчалари борлиги айтилган ҳадисда тилга олинган «Ла илаҳа иллаллоҳ!» калимаси имонга, йўлда ётган, озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш исломга, ҳаё эса эҳсонга далолат қилади. Шунингдек, мазкур ҳадисда тилган олинган биринчи шохча қавлий – тил ибодатларига, иккинчи шохча феълий – амалий ибодатларга, учинчи шохча эса қалбий – гуноҳларни тарк қилишга ишора ҳисобланади.

Бу ерда «Ла илаҳа иллаллоҳ!» калимасини имон шохчаларининг энг афзали дейилганига сабаб, шояд бошқа шохчалар унга боғлиқ равишда ривожланиши назарда тутилган. Шаҳодат калимасини келтирилмаганига сабаб эса у имоннинг шохчаси эмас, балки асли ҳисобланади (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 139).

Ҳаё инсонни ўз имони сабабли қабиҳ ишларни қилишдан қайтарадиган ва тўсадиган уят туйғуси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни алоҳида тилга олганларига сабаб барча яхшиликлар, айниқса, имоннинг шохчалари сифатида кўрсатиладиган жами хислатлар у сабабли амалга ошади. Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ ҳам: ومما يمنع ما يمنع منه الإيمان «Имон ман қиладиган нарсаларни ҳаё ҳам ман қилади», деганди (Қози Иёз. Машориқ ал-анвор. 1-жилд. – Байрут: Дор ан-нашр, 2000. – Б. 218).

Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёнинг ҳақиқатини мана бундай деб изоҳлаб берганлар:

عن عبد الله بن مسعود قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم استحيوا من الله حق الحياء قال قلنا يا رسول الله إنا نستحيي والحمد لله قال ليس ذاك ولكن الاستحياء من الله حق الحياء أن تحفظ الرأس وما وعى والبطن وما حوى ولتذكر الموت و فى رواية القبور والبلى ومن أراد الآخرة ترك زينة الدنيا فمن فعل ذلك فقد استحيا من الله حق الحياء

«Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилинглар!», деб марҳамат қилдилар. Биз: «Эй, Аллоҳнинг элчиси! Аллоҳга шукрки, биз ҳаё қиламиз», дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилишлик бошни ва унда жойлашган нарсаларни, қоринни ва унда тўлдирилган нарсаларни асрамоғинг, ўлимни (бир ривоятда: қабрларни) ва синовларни эсламоғингдир. Кимки охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Кимки мана шундай қилса, муҳаққақ, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур» (Термизий, 4/2458; Ҳоким, 7/7915; Аҳмад, 1/3671; Абу Яъло, 8/5047; Ибн Абу Шайба, 1/343; Баззор, 1/2025; Табароний, 10/10290).

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоятида: فمن فعل ذلك كان ثوابه جنة المأوى – «Кимки мана шуларни қилса, унинг савоби «Маъво» жаннати бўлур!», деган қўшимча мавжуд (Табароний, 3/3192). Демак, ҳаёли инсонлар, ҳаёли-иболи мўъминаларнинг охиратдаги манзили “Маъво” деб аталган жаннат бўлади, инша Аллоҳ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам имонни дарахт мисолида кўриб, амалларни унинг шохчалари сифатида кўрсатганларига сабаб Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръони каримда имон калимасидек покиза калимани дарахтга ўхшатган:

أَلَمْ تَرَ كَيْفَ ضَرَبَ اللّهُ مَثَلاً كَلِمَةً طَيِّبَةً كَشَجَرةٍ طَيِّبَةٍ أَصْلُهَا ثَابِتٌ وَفَرْعُهَا فِي السَّمَاء  تُؤْتِي أُكُلَهَا كُلَّ حِينٍ بِإِذْنِ رَبِّهَا وَيَضْرِبُ اللّهُ الأَمْثَالَ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ

«(Эй инсон), Aллоҳ яхши Сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у Сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (Ер остига) маҳкам ўрнашган, шоҳлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси би­лан мудом мева берур. Aллоҳ одамлар эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур« (Иброҳим, 24-25).

Олимлар ояти карималар ва ҳадиси шарифларни пухта ўрганиб, мазкур ҳадисда айтилган имоннинг етмишдан ортиқ шохчаларини топишга муваффақ бўлганлар ва уларни жами 77 (етмиш етти) та эканини аниқлаганлар.

Муҳаддислардан Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ оят ва ҳадисларда айнан имон сифатида қайд қилинган амалларни бир жойга тўплаб, «Васф ал-имон ва шуъабуҳу» («Имоннинг васфи ва унинг шохчалари») деган алоҳида рисола битганлар ва имоннинг етмишдан ортиқ шохчаси борлиги ҳақида айтилган ҳадисда айнан мана шулар назарда тутилган, деган хулосага келганлар. Бундан ташқари Қози ал-Байзовий раҳимаҳуллоҳ ва ал-Кирмоний раҳимаҳуллоҳ кабилар ҳам уларни тўплашга ҳаракат қилганлар. Таниқли ҳанафий олими, мотуридий мутакаллими Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ ҳам мазкур ҳадисни шарҳлаб, имоннинг етмишдан ортиқ шохчаларини бирин-кетин санаб, алоҳида мўжаз рисолача битганлар. Яна Абу Абдуллоҳ ал-Ҳалимий раҳимаҳуллоҳ «Фавоид ал-минҳож» («Услубнинг фойдалари»), Ибн ал-Қуртубий раҳимаҳуллоҳ «ан-Насоиҳ» («Насиҳатлар»), Шайх Абдулжалил раҳимаҳуллоҳ «Шуаб ал-имон» («Имон шохчалари») каби асарлар ёзганлар. Булар орасида муҳаддис Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг «Шуаб ал-имон» («Имон шохчалари») номли асари шуҳрат қозонган ва у ўзининг ҳажми катталиги билан ажралиб туради.

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ эса ўзининг «Саҳиҳи Бухорий»га ёзган машҳур шарҳи «Фатҳ ал-Борий»да имон шохчаларини бирма-бир келтириб ўтганлар (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. 1-жилд. – Риёз: Дору Тийба, 2005. – Б. 105-106).

“Тафсири Жалолайн” муаллифи Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзининг «ан-Ниқоя»га ёзган шарҳи «Итмом ад-дироя»да уларни далиллари билан зикр қилганлар (Жалолиддин ас-Суютий. Итмом ад-дироя ли-қурро ан-Ниқоя. – Байрут: Дор ан-нашр, Дор ал-кутуб ал-илмия, 1985. – Б. 160-172).

Мазкур рўйхатни Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ ҳам «Мирқот ал-мафотиҳ» асарида келтириб ўтганлар (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 141).

Аҳли суннат ва жамоатнинг мотуридия таълимотига кўра, имон зиёда ҳам бўлмайди, кам ҳам бўлмайди. Чунки, имон яхлит нарса бўлиб, ишонилиши керак бўлган нарсалар жиҳатидан ўзгармасдир. Бироқ, ана шу ишонилган нарсаларга бўлган аниқ ишонч ва ушбу аниқ ишончга кўра амал қилиш тафовутли бўлиб, у биз ўрганмоқчи бўлиб турган мазкур ҳадиси шарифдаги 77 (етмиш етти) та нарсани қамраб олади. Бироқ, амал имон таркибига кирмайди. Чунки, имоннинг асли – асоси ишонилиши шарт бўлган нарсаларни дилдан тасдиқлаш бўлиб, амал ўша тасдиқнинг самараси ва меваси, холос. Демак, инсон мазкур ҳадиси шарифда айтилган етмиш еттита имон шохчаларини билиши ва унга амал қилиши керак. Агар улар ўзида бўлса, Аллоҳ таолога шукр қилмоғи, мабодо йўқ бўлса, уларни ҳосил қилишга киришмоғи даркор. Зотан, мана шу шохчалар қайси инсонда бўлар экан, у ҳар жиҳатдан мукаммал, яшнаб турувчи ва кўзни қувонтирувчи дарахт мисоли комил мўъминдир. Кимда ушбу шохчалар кам ва оз бўлса ёки нуқсонли бўлса у шохлари кесилган ёки бирорта шохаси қуриб қолган дарахт мисоли ноқис ва чала мўъминдир. Бинобарин, уларни ўрганишга киришайлик:

 

1) Аллоҳ ва унинг сифатларига имон келтириш.

 

2) Фаришталарга имон келтириш.

 

3) Муқаддас илоҳий китобларга имон келтириш.

 

4) Пайғамбарларга имон келтириш.

 

5) Тақдирнинг яхши-ёмонлигини Аллоҳдан деб билиш.

 

6) Қиёмат кунига имон келтириш.

 

Булар ўз ичига қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, жаннат ва дўзах ҳақлигига ишонишни ҳам киритади. Рўйхатдаги ушбу олтита нарса имонинг шартлари ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги машҳур ҳадислари бор:

الإيمان أن تؤمن بالله وملائكته وكتبه ورسله واليوم الآخر والقدر خيره وشره

«Имон Аллоҳга, унинг фаришталарига, унинг китобларига, унинг пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхшисию ёмонлигига ишонишинг – имон келтиришингдир!».

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоятида қуйидаги иборалар қўшилган:

والجنة والنار والبعث بعد الموت

«Жаннат, дўзах ва ўлгандан кейин тирилишга ишонишинг ҳам имондир!».

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоятида эса бундай дейилган:

لا يؤمن عبد حتى يؤمن بالقدر خيره وشره حتى يعلم أن ما أصابه لم يكن ليخطئه وأن ما أخطأه لم يكن ليصيبه

«Банда токи тақдирнинг яхши-ёмонлигига имон келтирмагунча мўъмин бўла олмайди. Ҳатто унга етадиган нарса хато қилмаслигини, хато қиладиган нарса эса унга етиб келмаслигини билади».

7) Аллоҳга муҳаббат қилиш.

 

Аллоҳ таолога муҳаббатли бўлиш имонли инсонларнинг қалб туйғулари эканига қуйидаги ояти карима очиқ далолат қилади:

وَمِنَ النَّاسِ مَن يَتَّخِذُ مِن دُونِ اللّهِ أَندَاداً يُحِبُّونَهُمْ كَحُبِّ اللّهِ وَالَّذِينَ آمَنُواْ أَشَدُّ حُبّاً لِّلّهِ وَلَوْ يَرَى الَّذِينَ ظَلَمُواْ إِذْ يَرَوْنَ الْعَذَابَ أَنَّ الْقُوَّةَ لِلّهِ جَمِيعاً وَأَنَّ اللّهَ شَدِيدُ الْعَذَابِ

«Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир. Бундай золимлар азобга рўбарў бўладиган замонларида (Қиёмат Кунида) бутун куч-қудрат Аллоҳники бўлишини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини билсалар эди« (Бақара, 165).

8) Аллоҳ учун яхши кўриш.

 

9) Аллоҳ учун ёмон кўриш.

 

Аллоҳ учун яхши кўриш, Аллоҳ учун бировни ёмон кўриш ҳам имон шохчаларидан эканлигига қуйидаги ҳадиси шарифлар далолат қилади:

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ва Термизий раҳимаҳуллоҳ каби муҳаддисларнинг қуйидаги ривоятлари бор:

الحب في الله والبغض في الله من الإيمان

«Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш имондандир!».

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоятида:

أوثق عرى الإيمان أن تحب في الله وتبغض في الله

«Имоннинг энг кучли риштаси Аллоҳ учун яхши кўрмоғинг ва Аллоҳ учун ёмон кўрмоғингдир».

 

10) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатли бўлиш.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатли бўлиш зарурлигига далил сифатида қуйидаги ҳадисларни келтириш мумкин:

ثلاث من كن فيه وجد حلاوة الإيمان أن يكون الله ورسوله أحب إليه مما سواهما وأن يحب المرء لا يحبه إلا الله

«Учта нарса бор, кимда улар бўлса, имоннинг ҳаловатини топади. Аллоҳ ва унинг Расули унга ўзга нарсалардан севимлироқ бўлсин. Бировни фақат Аллоҳ учун севсин!»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатли бўлиш таркибига ул зоти шарифга саловот айтиш ва ул зоти шарифга ҳурмат-икром кўрсатиш ҳам киради. Бунга бир қанча ояти карималар далолат қилади:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيماً

            «Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй, имон келтирганлар! Унга саловот айтинглар ва салом йўлланглар!» (Аҳзоб, 56).

            يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُقَدِّمُوا بَيْنَ يَدَيِ اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٌ {1} يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَرْفَعُوا أَصْوَاتَكُمْ فَوْقَ صَوْتِ النَّبِيِّ وَلَا تَجْهَرُوا لَهُ بِالْقَوْلِ كَجَهْرِ بَعْضِكُمْ لِبَعْضٍ أَن تَحْبَطَ أَعْمَالُكُمْ وَأَنتُمْ لَا تَشْعُرُونَ

«Эй мўъминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. Эй мўъминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлащган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!» (Ҳужурот, 1-2).

11) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш.

 

Расули акрам, ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш фарз амаллардан бири бўлиб, имоннинг энг буюк шохчаларидан бири ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш орқали Аллоҳга ҳам муҳаббат ҳосил қилинади. Жумладан, бу ҳақидаги ояти карималарга эътибор қаратинг:

قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ  قُلْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَالرَّسُولَ فإِن تَوَلَّوْاْ فَإِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ الْكَافِرِينَ

«Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир». Айтинг: «Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!» Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) динсизларни севмас» (Оли Имрон, 31-32).

Исноди «ҳасан» деб сифатланган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

لن يستكمل مؤمن إيمانه حتى يكون هواه تبعا لما جئتكم به

«Мўъминнинг имони то нафси ҳавоси мен сизларга келтирган нарсага тобеъ бўлмагунча ҳаргиз мукаммал бўлмайди!».

لا يؤمن أحدكم حتى يكون هواه تبعا لما جئت به

«Сизлардан ҳеч бирингиз токи нафси ҳавоси мен келтирган нарсага эргашмагунча мўъмин бўла олмайди».

12) Ихлос.

 

Имоннинг шохчаларидан бири амалларни ихлос ила адо қилиш, риё аралаштирмаслик, ихлосли банда бўлиш, риёкор бўлмаслик ҳисобланади. Бу борада Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги ривоятини келтириш мумкин. Уни муҳаддис Ҳоким раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ деб зикр қилганлар:

ثلاث لا يغل عليهن قلب المؤمن إخلاص العمل لله وطاعة ذوي الأمر ولزوم الجماعة

«Уч нарса бор, мўъминнинг қалби уларга адоватли бўла олмайди. Улар Аллоҳ учун амалга ихлосли бўлиш, ишбошиларга итоат қилиш ва жамоатни лозим тутишдир».

Муҳаддислардан Ибн Можжа раҳимаҳуллоҳ ривоятидаги қуйидаги ҳадиси шариф ихлосли бўлиш, риё қилмаслик ҳақидадир:

أن أخوف ما أخاف على أمتي الإشراك بالله أما إني لست أقول يعبدون شمسا ولا قمرا ولا وثنا ولكن أعمالا لغير الله وشهوة خفية

«Умматимга энг қўрқадиганим Аллоҳга ширк келтирмоқликдир. Мен улар қуёшга ёки ойга ибодат қиладилар, демайман, фақат улар Аллоҳдан бошқалар учун амал қиладилар, деб қўрқаман. Яна махфий шаҳватдан ҳам қўрқаман».

 

13) Тавба қилиш.

 

Тавба қилиш мўъмин-мусулмонликнинг энг асосий амалларидан ва кўринишларидан биридир. Зотан, буни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло буюрган:

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعاً أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Эй, мўъминлар ҳаммангиз Аллоҳга тавба қилинглар! Шоядки, нажот топсангизлар» (Нур, 31).

وَاسْتَغْفِرُواْ رَبَّكُمْ ثُمَّ تُوبُواْ إِلَيْهِ إِنَّ رَبِّي رَحِيمٌ وَدُودٌ

«Ва Парвардигорингизга истиғфор айтинглар ва унга тавба қилинглар! Зотан, роббим ўта раҳмли ва ниҳоятда меҳрлидир» (Ҳуд, 90).

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَار

«Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба ила тавба қилинглар. Шояд роббингиз сизлардан ёмонликларингизга каффорат қилса ва сизларни остларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннага киритса…» (Таҳрим, 8).

14) Хавфда бўлиш.

 

15) Ражода бўлиш.

 

Аллоҳ таолодан хавфу ражо – қўрқиш ва умид қилиш имоннинг икки қаноти сифатида тавсифланган. Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Шуаб ал-имон» («Имоннинг шохчалари») номли асарида қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

إن من أفضل إيمان العبد أن يعلم أن الله معه حيث كان

«Албатта банда имонининг энг афзалларидан бири Аллоҳни қаерда бўлса ўзи билан бирга деб билмоғидир!». 

إن المؤمن لا يأمن قلبه ولا تسكن روعته

«Албатта мўъминнинг қалби омондаман деб билмайди ва аъзолари таскин топмайди».

Мўъминнинг ражо, яъни Аллоҳдан умидвор бўлиш, ноумид бўлмаслик сифатини Аллоҳ таоло куфрнинг зидди сифатида зикр қилган:

وَلاَ تَيْأَسُواْ مِن رَّوْحِ اللّهِ إِنَّهُ لاَ يَيْأَسُ مِن رَّوْحِ اللّهِ إِلاَّ الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ

«Ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф, 87).

16) Шукр қилиш.

 

Шукр қилиш ҳам имоннинг шохчаларидан эканига Аллоҳ таолонинг ношукрликни куфр билан тенглаштирганидан билса бўлади:

وَمَن شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ

«Кимки шукр қилса, демак, ўзи учун шукр қилган бўлади. Кимки куфр келтирса, демак, шак йўқки, парвардигорим ғаний ва ўта карамли зотдир» (Намл, 40).

«Муснад ал-Фирдавс»да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Имон икки бўлакдир. Бир бўлаги сабрда, бир бўлаги эса шукрдадир», деганлари ривоят қилинган.

17) Аҳдга вафоли бўлиш.

 

Мўъмин-мусулмонлар аҳдига вафоли инсонлар бўлиб, уларнинг бундай бўлишларини имонлари тақозо қилади. Зотан, Аллоҳ таоло уларни бунга буюрган:

وَأَوْفُواْ بِعَهْدِ اللّهِ إِذَا عَاهَدتُّمْ وَلاَ تَنقُضُواْ الأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلاً إِنَّ اللّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ

«Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур« (Наҳл, 91).

            يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَوْفُواْ بِالْعُقُودِ

«Эй, имон келтирганлар! Битимларингизга вафо қилинглар!» (Моида, 1).

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, حسن العهد من الإيمان – «Аҳдга чиройли вафо қилиш имондандир».

18) Сабрли бўлиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабрни имоннинг ярми, деганлар. Аллоҳ таоло эса мўъмин-мусулмонларни сабрли бўлишга чақирган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اصْبِرُواْ وَصَابِرُواْ وَرَابِطُواْ وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Эй, мўъминлар! Сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда до­имо ҳозир бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!« (Оли Имрон, 200).

19) Қазога рози бўлиш.

Қазога рози бўлиш мўъминлик аломати, имоннинг шохчаларидан биридир. Имом ал-Баззор раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб ҳадис айтганлар:

خمس من الإيمان من لم يكن فيه شيء منهن فلا إيمان له التسليم لأمر الله والرضا بقضاء الله والتفويض إلى الله والتوكل على الله والصبر عند الصدمة الأولى

«Беш нарса имондандир. Кимда улардан бирор нарса бўлмаса, демак, унинг имони йўқ экан. Улар Аллоҳнинг ишига таслим бўлиш, Аллоҳнинг қазосига рози бўлиш, Аллоҳга ўзини ва ишини топшириш, Аллоҳга таваккул қилиш ва биринчи зарбадаёқ сабр қилишдир».

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ бундай ривоят қилганлар:

من سعادة ابن آدم استخارة الله ورضاه بما قضى الله ومن شقاوته ترك استخارة الله وسخطه بما قضى الله

«Аллоҳга истихора қилиш (Аллоҳдан яхшилик исташ) ва Аллоҳнинг қазосига рози бўлиш Одам боланинг саодатидандир. Аллоҳдан яхшилик умид қилмаслик ва Аллоҳнинг қазосига норизо бўлиш эса унинг бахтсизлигидандир».

 

20) Ҳаёли бўлиш.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаё имондан бир шохчадир», деганлар. Ул зоти шариф: «Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилинглар!», деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадислар ҳаё, яъни уятчан бўлиш имонли банданинг иши эканини билдиради.

21) Таваккул қилиш.

 

Аллоҳ таолога таваккул қилиш, ҳамма ишда Аллоҳга суяниб, таваккалига иш қилиш имоннинг тақозо қиладиган шохчаларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваккулни ширкка қарама-қарши қўйиб, бундай деб марҳамат қилганлар:

الطيرة شرك وما منا الإ أن الله يذهبه بالتوكل

«Фол кўриб, ирим-сирим қилиш ширкдир ва у биздан эмасдир. Албатта Аллоҳ таоло уни таваккул билан кетказади».

Аллоҳ таоло эса бундай деган:

فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللّهِ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ

«Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг — таваккал қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига суяниб (иш қилгувчиларни) севади» (Оли Имрон, 159).

22) Марҳаматли бўлиш.

 

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «ал-Адаб ал-муфрад» асарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деб марҳамат қилганларини зикр қилган:

لا تنزع الرحمة إلا من شقي

«Марҳамат фақат бадбахтдан тортиб олинган бўлади».

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг من لا يرحم الناس لا يرحمه الله «Кимки одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ унга раҳм қилмас!», деган ҳадислари бор.

Муҳаддислардан Имом ал-Баззор раҳимаҳуллоҳ бундай ҳадисни ривоят қилган:

وقال لا يدخل الجنة إلا رحيم قيل يا رسول الله كلنا يرحم قال ليس أن يرحم أحدكم صاحبه إنما الرحمة أن يرحم الناس

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Марҳаматли инсонгина жаннатга киради», дедилар. Шунда, «Эй, Расулуллоҳ! Бизларнинг ҳаммамиз раҳм қиламиз-ку!», дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг бирларингиз ўз дўстига қилган раҳми ҳақиқий марҳамат эмас, балки, ҳаққоний марҳамат одамларга раҳмдил бўлишдир», деб марҳамат қилдилар.

23) Тавозели бўлиш.

 

Тавозели бўлиш, камтар бўлиш, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш ҳам имон шохчаларидан бўлиб, мўъминликнинг энг фазилатли хислатларидан биридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур ҳадиси шарифларидан бирида мана бундай хитоблар янграган:

من لم يرحم صغيرنا ويعرف حق كبيرنا ويوقر كبيرنا ويأمر بالمعروف وينه عن المنكر فليس مناٴ

«Кимки кичикларимизга раҳм қилмаса, катталаримизнинг ҳаққини танимаса, бизнинг катталаримизни улуғламаса, амри маъруф қилмаса ва наҳий мункар қилмаса, у биздан эмас!».

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоятида ушбу ҳадис мана бу тарзда зикр қилинган:

ليس من أمتي من لم يجعل كبيرنا ويرحم صغيرنا ويعرف لعالمنا

«Менинг умматимдан эмас, кимки катталаримизнинг ишини қилмаса, кичикларимизга раҳм-шафқат кўрсатмаса, олимларимизнинг ҳаққини танимаса!».

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ эса қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

ثلاثة لا يستخف بهم إلا منافق ذو الشيبة في الإسلام وذو العلم وامام مقسط

«Уч нафар зотни фақат мунофиқгина ҳурмат қилмайди. Исломда соч-соқоли оқарган кимсани, илм соҳибини ва адолатли подшоҳни».

 

24) Кибрни тарк қилиш.

 

Ҳадиси шарифларнинг бирида мана бундай таъкидланади:

لا يدخل الجنة من في قلبه مثقال ذرة من كبر ولا يدخل النار من في قلبه مثقال ذرة من إيمان

«Қалбида кибрдан бир зарра миқдори бўлган кимса жаннатга кирмайди. Қалбида имондан бир зарра миқдори бўлган кимса дўзахга кирмайди».

 

25) Риё ва ажаблантиришни тарк қилиш.

 

Бирор ишни хўжакўрсинга қилиш, риё билан иш қилиш, ўзнинг яхши ва хайрли ишларидан ўзи ажабланиши – ғурурга берилиши, бошқаларни қойил қолдириш ва ажаблантириш учун иш қилиш исломда қораланади. Саҳобаларнинг: «Биз риёни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида кичкина ширк деб санар эдик», деган гаплари ривоят қилинган.

26) Ҳасадни тарк қилиш.

 

Мусулмон кимса ҳасаддан сақланиши, ҳасадгўйликни қалбига яқинлаштирмаслиги ҳам имон тақозоси бўлиб, ҳасаддан сақланиш имоннинг нури зиёда бўлишига сабаб бўлади. Зотан, Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ривоятига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

 الحسد يأكل الحسنات كما تأكل النار الحطب

«Ҳасад худди олов ўтинни еб-битиргани каби яхшиликларни еб қўяди».

 

27) Нафратни тарк қилиш.

Нафратдан узоқда бўлиш, бир-бировга самимиятда бўлиш мўъмин-мусулмонларнинг асосий ишлари бўлмоғи керак. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

لا تدخلوا الجنة حتى تؤمنوا ولا تؤمنوا حتى تحابوا

«Имон келтирмагунларингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизни севмагунингизгача мўъмин бўла олмайсизлар!».

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ мана бу ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

إن النميمة والحقد في النار لا يجتمعان في قلب مسلم

«Чақимчилик ва нафрат дўзахдадир. Бу иккиси мусулмоннинг қалбида жам бўлмайди».

 

28) Ғазабни тарк қилиш.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга васият қилинг!», деган кимсага «Ғазабланма!» деганлар.

لا يستكمل العبد الإيمان حتى يحسن خلقه ولا يشفي غيظه

«Банданинг имони то хулқи гўзал бўлмагунча ва ғазаби-жаҳли тузалмагунча мукаммал бўлмайди».

 

29) Тавҳид билан гапириш.

 

Мўъмин-мусулмонлар ўзларининг мусулмонлигини яширмаслиги, мусулмонлигидан фахрланиши; ҳамма вақт калимаи тавҳидни такрорлаб туриши, ҳар бир гапи Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти, яккаю ягоналигига мувофиқ бўлиши керак. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деб амр қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ آمِنُواْ بِاللّهِ وَرَسُولِهِ وَالْكِتَابِ الَّذِي نَزَّلَ عَلَى رَسُولِهِ وَالْكِتَابِ الَّذِيَ أَنزَلَ مِن قَبْلُ وَمَن يَكْفُرْ بِاللّهِ وَمَلاَئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَقَدْ ضَلَّ ضَلاَلاً بَعِيداً

«Эй мўминлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарига нозил қилган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин. Кимки  Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонмаса, демак, у жуда қаттиқ адашибди» (Нисо, 136).

Мазкур ояти каримада имон келтирган бандаларига Аллоҳ таоло яна бу тарзда: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ آمِنُواْ – «Эй, имон келтирганлар! Имон келтиринг!», деб амр қилганида ушбу имонингизда мустаҳкам туринг, имон шартларидаги ишончингиз комил бўлсин, калима-и тавҳидни ва имон-и муфассал калималарини такрорлаб туринг, деган маънолар мавжуд.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобаларга جددوا إيمانكم – «Имонингизни янгилаб туринг!» деганлари келтирилган. Шунда саҳобалар: «Имонимизни қандай янгилаймиз», деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

أكثروا من قول لا إله إلا الله

«Ла илаҳа иллаллоҳ!» калимасини кўп айтинглар!».

30) Қуръон тиловати.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: أفضل عبادة أمتي قراءة القرآن – «Умматимнинг ибодатлари ичида энг афзали Қуръон қироат қилишдир», деганлари Қуръони каримни ўқиб туриш, уни тиловат қилиб туриш банда имони шохчаларининг кўпайишига сабаб бўлар экан. Мўъмин-мусулмонларнинг барчаси Қуръон ўқишни ўрганишлари керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: أهل القرآن هم أهل الله وخاصته – «Қуръон аҳли Аллоҳнинг аҳллари ва хос бандаларидир!», деб маргамат қилганлар.

Аллоҳ таоло Қуръон тиловатини эшитадиган мўъмин-мусулмонларнинг имонлари нури зиёда бўлишини алоҳида таъкидлаган:

            إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَاناً وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

«Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига Қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар« (Анфол, 2).

 

31) Илм олиш ва ўргатиш.

 

Илм олиш ва ўргатишнинг имон шохчаларидан бири эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: طلب العلم فريضة على كل مسلم – «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир!» деган ҳадиси шарифлари далолат қилса керак. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ эса қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

  خصلتان لا يجتمعان في منافق حسن سمت وفقه في الدين

«Икки хислат бор, улар мунофиқда жам бўлмайди: чиройли сукут қила билишлик ва динда фақиҳ бўлиш».

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни ривоят қилганлар:

من يرد الله به خيرا يفقهه في الدين

«Кимгаки Аллоҳ яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ қилиб қўяди».

Ибн Можжа раҳимаҳуллоҳ эса бундай деб ривоят қилганлар:

تكون فتن يصبح الرجل فيها مؤمنا ويمسي كافرا إلا من أحياه الله بالعلم

«Ҳали, фитналар бўлади. Одам мўъмин ҳолида тонг оттирса, кечга бориб кофир бўлади. Фақат Аллоҳ илм билан ҳаёт кечиртирган кимсагина бу фитнадан омонда бўлади».

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлар, Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ деган ҳадиси шарифда бундай зикр қилинган:

            من سئل عن علم فكتمه ألجمه الله يوم القيامة بلجام من نار

«Кимки бирор илмдан сўралса-ю, уни яширса, қиёмат кунида Аллоҳ уни ўтдан бўлган юган билан юганлаб қўяди».

 

32) Дуо қилиш.

 

«Дуо ибодатнинг мағзидир», деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни имоннинг шохчаларидан бири сифатида кўрсатган бўлсалар ажаб эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо ибодатдир!», дея унга далил қилиб қуйидаги ояти каримани ўқиб берганлар:

وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ

«Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар« (Ғофир, 60).

33) Зикр ва истиғфор айтиш.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам имоннинг афзали сифатида тилни зикр айтишга ўргатишни кўрсатганлар:

أفضل الإيمان أن تحب لله وتبغض لله وتعمل لسانك في ذكر الله

«Имоннинг афзали Аллоҳ учун яхши кўришинг, Аллоҳ учун ёмон кўришинг ва тилингни Аллоҳнинг зикрида адо қилишингдир».

Аллоҳ таоло мунофиқларни айтар экан, уларнинг зикрни кам қилишини алоҳида таъкидлайди:

إِنَّ الْمُنَافِقِينَ يُخَادِعُونَ اللّهَ وَهُوَ خَادِعُهُمْ وَإِذَا قَامُواْ إِلَى الصَّلاَةِ قَامُواْ كُسَالَى يُرَآؤُونَ النَّاسَ وَلاَ يَذْكُرُونَ اللّهَ إِلاَّ قَلِيلاً

«Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир. Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар» (Нисо, 142).

Тақво ва мағфират аҳлигина зикр қилишини Аллоҳ таоло Қуръони каримда алоҳида зикр қилган:

وَمَا يَذْكُرُونَ إِلَّا أَن يَشَاءَ اللَّهُ هُوَ أَهْلُ التَّقْوَى وَأَهْلُ الْمَغْفِرَةِ

«(Улар) Аллоҳ хоҳлагандагина зикр қилурлар. У (зикр қилувчи) тақво аҳли ва мағфират аҳлидир» (Муддассир, 56).

Аллоҳ таоло мана бундай амр ҳам қилган:

وَاذْكُر رَّبَّكَ كَثِيراً وَسَبِّحْ بِالْعَشِيِّ وَالإِبْكَارِ

«Роббингни кўп зикр қил ва кеча-кундуз тасбеҳ айт!» (Оли Имрон, 41).

Зикрнинг бир тури истиғфор – Аллоҳдан мағфират сўраш ва тавба қилишдир. Тавба-истиғфор айтиш ҳам, гуноҳларига пушаймон бўлиш ҳам имон шохчаларининг гуллаб-яшнашига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақида мана бундай деган:

وَالَّذِينَ إِذَا فَعَلُواْ فَاحِشَةً أَوْ ظَلَمُواْ أَنْفُسَهُمْ ذَكَرُواْ اللّهَ فَاسْتَغْفَرُواْ لِذُنُوبِهِمْ وَمَن يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلاَّ اللّهُ وَلَمْ يُصِرُّواْ عَلَى مَا فَعَلُواْ وَهُمْ يَعْلَمُونَ  أُوْلَـئِكَ جَزَآؤُهُم مَّغْفِرَةٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَجَنَّاتٌ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَنِعْمَ أَجْرُ الْعَامِلِينَ

«(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилишини билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар. Яхши амал қилгувчиларнинг ажрлари нақадар яхши ажр!» (Оли Имрон, 135-136).

وَاسْتَغْفِرُواْ رَبَّكُمْ ثُمَّ تُوبُواْ إِلَيْهِ إِنَّ رَبِّي رَحِيمٌ وَدُودٌ

«Парвардигорингизга истиғфор айтинглар, сўнгра унга тавба қилинглар! Зотан, роббим ўта раҳмли ва севимлидир» (Ҳуд, 90).

وَاسْتَغْفِرُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

«Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир!» (Муззаммил, 20).

34) Бекорчи нарсалардан сақланиш.

 

Аллоҳ таоло мўъминлар сифатини зикр қилар экан, бундай деган:

وَالَّذِينَ هُمْ عَنِ اللَّغْوِ مُعْرِضُونَ

«Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгиргувчи кишилардир» (Мўъминун, 3).

اقْتَرَبَ لِلنَّاسِ حِسَابُهُمْ وَهُمْ فِي غَفْلَةٍ مَّعْرِضُونَ  مَا يَأْتِيهِم مِّن ذِكْرٍ مَّن رَّبِّهِم مُّحْدَثٍ إِلَّا اسْتَمَعُوهُ وَهُمْ يَلْعَبُونَ  لَاهِيَةً قُلُوبُهُمْ

“Одамларга ҳисобот (кун)лари (қиёмат) яқинлашиб қолди. Улар ҳануз ғафлатда, (имон ва амалдан) юз ўгирувчилардир. Уларга Парвардигорлари (томони)дан бирор янги эслатма (оят) келса, уни, албатта, ўйнаб (масхаралаб) туриб тинглайдилар. Диллари эса ғофилдир” (Анбиё, 1-3).

Ояти каримада тилга олинган лағв – бекорчи гапларга чақимчилик, ғийбат, ёлғон, лаънатлаш, таъна қилиш, ифлос сўзларни тилга олиш кабилар ҳам киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар. Яна «Мўъмин барча зиёнли ишларни қилиши мумкин, фақат хиёнат ва ёлғонни асло қилмайди», деганлар. «Баъзингиз баъзингизни ғийбат қилмасин!», дейилган мазмундаги ояти карима ҳам мавжуд.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:

من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليقل خيرا أو ليصمت

«Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши гапирсин ёки жим бўлсин!».

 

35) Поклик. Нажосатлардан узоқлашиш.

Поклик имондандир: мўъмин-мусулмон кимса таҳоратли бўлади, ҳамма вақт ғусл қилиб, покиза бўлиб юради. Бадани, кийимлари нажосатдан узоқ бўлади, бадани туклардан тоза бўлади. Тирноқлари олинган, ёмон бадбўй ҳидлардан узоқ бўлади. Мусулмон хатна қилинган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: الطهور شطر الإيمان – «Поклик имоннинг бир бўлаги» (Имом Муслим ривояти) деганлар. Имом Насоий раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Можжа раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мўъмингина таҳоратда доимий бўлади», деганларини нақл қилганлар. Яна саҳиҳ ҳадисларнинг бирида бундай дейилган:

الفطرة خمس الختان والاستحداد وقص الشارب وتقليم الأظافر ونتف الإبط

«Бешта нарса фитратдан – табиий инсоний хислатдир. Хатна қилиш, соч-сақолларни тўғрилаш, мўйловни қисқартириш, тирноқларни олиш ва йўлтиқ тукларини йўқотишдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: إن الله طيب نظيف يحب النظافة فنظفوا أفنيتكم – «Албатта Аллоҳ пок-покизадир, покликни яхши кўради. Бас, уй-атрофларингизни пок сақланглар!» (Термизий ва Ибн Можжа ривоятлари). Яна бир ҳадиси шарифда: «Пок бўлинглар, чунки, ислом покликдир», дейилган.

36) Сатри аврат.

 

Мусулмон кимса бегоналар олдида ўзининг авратини – уят жойларини сақлагувчи бўлади. Авратлари очилиб юрадиган умумий ҳаммомларга бормайди. Бегоналар олдида мўъминнинг сонлари очилмайди. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فلا يدخل الحمام بغير إزار

«Кимки Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирса, ҳаммомга иштонсиз кирмасин!».

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Авратларимизни кимлардан сақлашимиз керак?» деган маънода сўраганларида, ул зоти шариф: «Аёлларингизга ва қўл остидаги чўриларингизгагина кўрсатиш мумкин», деб жавоб берганлар.

Шариатимизда аёлларнинг юзи, икки кафти ва қадамларидан ўзга барча жойи аврат ҳисобланади. Уларнинг бўйинлари ва сочлари ҳам авратдир.

Инсон бир ўзи қолганида ҳам авратини сақлаши керак бўлади, чунки, Аллоҳ таоло ҳаё қилишга ҳақлироқдир. Бу ҳақида алоҳида ҳадиси шариф ҳам бор.

37) Намозларни ўқиш.

 

Намоз мўъмин-мусулмонликнинг энг катта устунидир. Имоннинг мукаммал бўлиш шартларидан бири ҳисобланади. Жумладан, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

أتدرون ما الإيمان بالله شهادة أن لا إله إلا الله وأني رسول الله وإقام الصلاة وإيتاء الزكاة وأن تؤدوا خمس ما غنمتم

«Аллоҳга имон келтириш нималигини биласизларми? Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва менинг Расулуллоҳ эканимга гувоҳлик келтириш, намоз ўқиш, закот бериш, ўлжага тушган нарсалардан бешдан бирини беришдир».

Саҳиҳ ҳадиси шарифлардан бирида: «Одамлар билан то улар калимаи шаҳодат келтиргунча, намоз ўқигунича, закот бергунича жанг олиб боришга буюрилдим. Бас, агар улар шу ишларни қилсалар, мендан қонлари ва моллари омонда бўлади», дейилган.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

إن بين الرجل وبين الشرك والكفر ترك الصلاة

«Албатта инсон билан ширк ва куфрнинг орасида намозни тарк қилиш бор!».

Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ деган ҳадис матни эса қуйидагича:

العهد الذي بيننا وبينهم الصلاة فمن تركها فقد كفر

«Биз билан улар орасидаги аҳду-паймон намоздир. Бас, кимки уни (фарзлигини инкор қилиб туриб қасддан) тарк қилса, муҳаққақ кофир бўлибди».

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

إن للإسلام صوى وعلامات كمنار الطريق ورأسه وجماعه شهادة أن لا إله إلا الله وأن محمدا عبده ورسوله وإقام الصلاة وإيتاء الزكاة وتمام الوضوء

«Албатта исломнинг йўдаги чироқлар каби белги ва аломатлари бор. Исломнинг боши ва тўплами калимаи шаҳодат келтириш, намоз ўқиш, закот бериш ва таҳоратни тўлиқ қилишдир».

 

38) Закот бериш.

 

Закот бериш фарз бўлиб, исломнинг беш устунининг биридир. “Ислом беш устун тепасига бино қилинган. “Ла илаҳа илаллоҳ. Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасини айтиш, намоз ўқиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш”, деган машҳур ҳадиси шариф мавжуд. Закот мўъмин-мусулмонликнинг, Аллоҳ таолога самимий қулликнинг кўринишидир. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда: “Исломнинг ҳиссаси учдир: намоз, закот ва рўза”, дейилган.

 

39) Қул озод қилиш.

 

Исломда қул озод қилишга катта эътибор берган, қулликка қарши курашган дин ҳисобланади. Рўзада, талоқда ёки бошқа муомалаларда нуқсонга йўл қўйса, унинг каффоратига қул озод қилишни жорий қилган. Аллоҳ таоло қул озод қилиш борасида “Бақара сураси”нинг 177-оятида гапириб, уни имон келтиришга тенглаган.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

من أعتق رقبة أعتق الله بكل عضو منها عضوا منه من النار حتى فرجها بفرجه

«Кимки бир қулни озод қилса, унинг ҳар бир аъзоси эвазига бунинг бир аъзосини дўзахдан озод қилади, ҳатто унинг фаржи эвазига бунинг жинсий аъзосини озод қилади».

 

40) Саховатли, карамли бўлиш.

 

Амр ибн Абаса разийаллоҳу анҳу: «Мен: «Эй, Расулуллоҳ! Имон нима?», деб сўрадим. Ул зоти шариф: «Имон бу сабр ва саховат», деб жавоб бердилар», деган (Аҳмад ривояти). Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда «Исломнинг ўзаги (маҳақ) нима?», деб сўралганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридагидек жавоб қайтарганлар.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ эса қуйидагича ривоят қилганлар:

خصلتان لا تجتمعان في مؤمن البخل وسوء الخلق

«Икки хислат бор, улар мўъминда жам бўлмайди: бахиллик ва ёмон хулқ».

 

41) Таом бериш ва зиёфатлар уюштириб туриш.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир киши келиб, «Исломнинг яхши жиҳати нима?», деб сўраган. Шунда ул зоти шариф: «Таниган ва танимаган одамга таом едиришинг ва салом беришингдир!», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бошқа бир ҳадисда эса бундай дейилган:

من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليكرم ضيفه

«Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин!».

 

42) Рўза тутиш.

 

Рамазонда рўза тутиш фарз бўлиб, исломнинг беш устунининг биридир. “Ислом беш устун тепасига бино қилинган. “Ла илоҳа илаллоҳ. Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасини айтиш, намоз ўқиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш”, деган машҳур ҳадиси шариф мавжуд. Жарир разийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бир киши “Эй, Расулуллоҳ! Имон нима?”, деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шу бешта устунни адо қилишни буюрганлар. Муҳаддис Абу Яъло раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Исломнинг ор-номуси ва диннинг асослари учдир. Кимки улардан бирортасини (инкор қилган ҳолда) тарк қилса, кофир, қони ҳалол бўлур: “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси, беш вақт фарз намоз ва рамазон рўзаси”, деганлар. Рўзани дўзахдан қалқон, деган саҳиҳ ҳадиси шариф ҳам мавжуд.

43) Эътикоф ўтириш.

 

Масжидда эътикоф ўтириш ҳам имон тақозо қиладиган амаллардан бири бўлиб, афсуски, бунга жуда кам эътибор берилади. Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида мана бу ҳадисни ривоят қилганлар:

إذا رأيتم الرجل يعتاد المساجد فاشهدوا له بالإيمان

“Қачон бирор кимсанинг масжидда ўтиришга одатланганини кўрсангиз, унинг имон борлигига гувоҳлик беринг!”.

Чунки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло:  إنما يعمر مساجد الله من آمن بالله واليوم الآخر- “Албатта Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган кимсалар обод қилади”, деган (Тавба, 18).

Бу ободлик эса масжидда тоат-ибодат билан ўтирган намозхон обидлар билан бўлади.

44) Қадр кечасини излаш.

 

Лайлат ал-қадрни топишга уруниш, унинг савобидан баҳраманд бўлиб қолишга интилиш имон тақозоларидан биридир. У рамазон ойининг охирги ўн кунлиги кечаларида келиши кутилади. Ушбу кечани бедор бўлиб, тоат-ибодатда ўтказиш саҳиҳ ҳадиси шарифлар амридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

من قام ليلة القدر إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه

“Кимки қадр кечасида имон ва алоҳида тайёргарлик билан турса, ўтган гуноҳлари унинг учун кечирилади”.

Бу ерда айтилганидек, қадр кечасини тоат-ибодат билан ўтказган кимсада албатта имон бўлар экан.

45) Ҳаж қилиш.

 

46) Умра қилиш.

 

47) Тавоф қилиш.

 

Ҳаж ва умра қилиш исломнинг буюк шиорларидан, улуғ аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло бу икки амалга:  وأتموا الحج والعمرة لله – “Ҳажни ва умрани Аллоҳ учун тўла бажаринглар!”, деб буюрган (Бақара, 196).

Ҳаж исломнинг беш устунидан биридир. Имом Баззор раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда, ҳажни исломнинг саккиз улушдан бири деб зикр қилинган. Каъбатуллоҳни тавоф қилиш эса намозга тенглаштирилган.

48) Дин учун қочиш. Ҳижрат.

 

Исломий амалларини эмин-эркин қила олмайдиган, исломнинг беш устунини қила олмай қолинган юртни ташлаб, имони ва исломини сақлаб қолиш ниятида бошқа юртга кетиш – ҳижрат албатта имоннинг тақозосидир. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда бир кимса: “Эй, Расулуллоҳ! Қайси имон энг афзал?”, деб сўраган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат деб жавоб берганлар. Ҳалиги кимса: “Ҳижрат нима?”, деганларида эса ул зоти шариф: أن تهجر السوء – “Ёмонликдан четга чиқишинг!”, деб марҳамат қилганлар. Демак, инсон ёмонликлардан четлашиши, уларни тарк этиши, умуман ёмонликларга яқин йўламаслиги фарз амал бўлиб, бу ҳақиқий ҳижрат ҳисобланади.

49) Назрларга вафо қилиш.

 

50) Қасамларини адо қилиш.

 

Назрларга вафо қилиш ҳам имон тақозоси бўлиб, Аллоҳ таоло мўъминларни тавсиф қилар экан, “Улар назрларига вафо қилурлар”, деган. Назр қилганда, қасам ичганда унга албатта вафо қилмоқ керак. Бироқ, гуноҳ ва маъсият бўладиган ишларга назр қилиб, қасам ичиб бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло واحفظوا أيمانكم  — “Қасамларингизни асранг!”, деган. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган:

من حلف على يمين صبر يقتطع بها مال امريء مسلم لقي الله وهو عليه غضبان

“Кимки қасам ичса-ю, бирор мўъминнинг молини кесиб ўғирлашни қасд қилса, Аллоҳга учрашганида, унга ғазаб қилур”.

من حلف بغير الله فقد كفر أو أشرك

“Кимки Аллоҳдан бошқага қасам ичса, куфр ёки ширк келтирибди”.

 

51) Каффоратларини адо қилиш.

 

Каффоратларни ўз вақтида адо қилиш керак. Чунки, улар бир омонат бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳақларидандир. Аллоҳнинг қарзи адо қилишга ҳақлироқдир, деган ҳадиси шариф мавжуд. Рўзани қасддан бузиб қўйганда, назр ёки қасамларига вафо қилмаганда каффорат бериш керак бўлади. Ушбу кафоратларни ўз вақтида адо қилиш ҳам имонли инсоннинг бурчидир.

52) Никоҳ билан иффатли бўлиш.

 

Зино гуноҳи кабиралардан биридир. Ундан сақланиш лозим. Қуръонда: “Зинога яқинлашмангиз! Чунки, у фаҳш ва ёмон йўлдир”, (Исро, 32) деган буйруқ бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг йўли уйланиш, никоҳланиш эканини уқтирганлар. Зотан, оилали инсон ўз оиласига салоқатли бўлади, шаҳвати ҳадеб қўзийвермайди. Шаҳвати ғалаён қилганда, оиласи билан кифояланади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб кўрсатма берганлар:

يا معشر الشباب من استطاع منكم الباءة فليتزوج فإنه أغض للبصر وأحصن للفرج

“Эй йигитлар гуруҳи! Сизлардан кимки имкони бўлса, уйлансин! Чунки, у кўзни ёпувчироқ, жинсий аъзони эса сақловчироқдир!”.

Бошқа ҳадиси шарифларида эса: “Мен ухлайман ҳам, туриб намоз ҳам ўқийман. Рўза ҳам тутаман, оғиз очиқ ҳолда ҳам юраман. Аёлларга уйланаман ҳам. Демак, кимки менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас!”, дейилган.

Мазкур ҳадиси шарифларни Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлар.

Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда эса: “Тўрт нарса пайғамбарларнинг суннатларидандир. Хатна қилиш, атир ишлатиш, мисвок қўллаш ва уйланиш”, дейилган.

53) Оиласи ҳақларини адо қилиш.

 

Оиланинг нафақаси оила хўжайини бўлмиш эркак зиммасига юклатилган. Инсон ўз оиласининг моддий ва маънавий таъминотини адо қилмоғи имон тақозосидир. Комил мўъмин-мусулмонгина ўз оиласига мукаммал равишда эътибор беради. Зотан, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ томонларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:أبدأ بمن تعول  — “Яхшиликни ўз оилангдаги кимсалардан бошла!”, деб буюрганларини ривоят қилганлар. Имом Муслим раҳимаҳулоҳ яна: أفضل الدينار دينار ينفقه الرجل على عياله – “Энг афзал динор инсон ўз оиласига ишлатган динордир!”, деган ҳадиси шарифни нақл қилганлар. Бошқа ҳадиси шарифда эса бундай дейилган:

كفى بالمرء إثما أن يضيع من يعول

“Инсоннинг гуноҳкор бўлишига оиласидагиларни зойеъ қилмоғи кифоя қилади”.

 

54) Ота-онага яхшилик қилиш.

 

Инсоннинг ўз ота-онасига яхшилик қилиши нафақат имоний вазифаси, балки инсоний бурчидир. Шунинг учун барча дин ва таълимотларда ота-онага яхшилик қилиш алоҳида таъкидланади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда бундай деган:

وقضى ربك ألا تعبدوا إلا إياه وبالوالدين إحسانا

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат илишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро, 23).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: يا رسول الله أي الأعمال أفضل – “Эй, Расулуллоҳ! Қайси амал афзал?”, деб сўрашган. Шунда ул зоти шариф: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деб жавоб берганлар. “Ундан кейин қайси амал афзал?”, деб сўрашганида, “Ота-онага яхшилик қилиш”, деб жавоб берган эканлар. Демак, намоздан кейинги энг афзал амал ота-оналаримизга яхшилик қилмоқдир. Бундан ташқари, қуйидаги жуда катта маънога эга: رضى الرب في رضى الوالد و سخط الرب في سخط الوالد – “Парвардигорнинг ризоси ота-онанинг розилигидадир. Парвардигорнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир!”, деган ҳадиси шариф мавжуд.

55) Болалар тарбияси.

 

Болалар тарбиясига ислом динида жуда катта эътибор қаратилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимнинг учта қизи бўлса, уларга одоб-ахлоқ ўргатса, уларга раҳм-шафқат кўрсатиб, тарбия берса, унга албатта жаннат вожиб бўлади”, деган маънодаги ҳадиси шарифлари мавжуд. Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ва Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ томонларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса бундай марҳамат қилинади:

من كان له ثلاث بنات أو ثلاث أخوات أو ابنتان أو أختان فأحسن صحبتهن واتقى الله فيهن فله الجنة

“Кимнинг учта қили ёки учта опа-синглиси ёхуд иккита қизи ёки иккита опа-синглиси бўлса-ю, уларнинг суҳбатларини гўзал қилса, улар тўғрисида Аллоҳдан қўрқса, унга жаннат бўлур!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Инсон ўз фарзандига адаб ўргатиши бир соъ (ўлчов бирлиги) садақа қилгандан яхшироқдир!”, деганлар. Яна “Инсон ўз боласига гўзал ахлоқдан кўра афзалроқ мерос қолдира олмайди”, деганлар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “ал-Адаб ал-муфрад” асарларида айтилишича, инсонлар орасида ота-онасига ва фарзандларига яхшилк қилувчиларни Аллоҳ таоло “аброр” – “яхшилик қилувчилар”, деб таърифлаган. Зотан, инсонда ота-онанинг ҳаққи бўлгани каби фарзандларнинг ҳам ҳақлари мавжуд. Уларни тўла ва мукаммал адо қилиш мусулмонлик ва мўъминликнинг муқаддас бурчидир.

56) Силаи раҳим.

 

Қариндош-уруғларга яхшилик қилиш, борди-келдини узмаслик инсонийликнинг энг қадрли хислатлардан биридир. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  لا يدخل قاطع رحم الجنة- “Қариндошлари билан алоқани узган кимса жаннатга кирмайди!”, деганлар.

57) Хўжайинларга итоат.

 

Тақдир тақозоси билан қулликка гирифтор бўлганларга ўз хўжайинларига итоат қилиш ҳам буюрилган. “Қайси бир қул ўз хўжайинига итоат қилса, Парвардигорининг ибодатини ҳам гўзал қилса, унга икки баробар ажр-савоб бўлади”, деган ҳадиси шариф мавжуд.

58) Қулларга яхши муомалада бўлиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қулларингиз сизларнинг қўл остингиздаги биродарларингиздир. Демак, кимнинг қарамоғида ака-укаси бўлса, унга ўз таомидан едирсин, ўз кийимидан кийдирсин. Унинг тоқати етмайдиган ишга буюрмасин. Кимки ўз қулига куч-қуввати етмайдиган ишни буюрса, унга лаънат бўлсин!”, деб марҳамат қилганлар. Мазкур ҳадисни Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим ривоят қилганлар.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ёмон хўжайин жаннатга кирмайди!”, деганлар. Ул зоти шарифдан: “Инсон ўз ходимини неча марта кечириши керак?”, деб сўрашганида, у зот: “Бир кунда етмиш марта кечирмоғи керак”, деганлар.

59) Адолат билан ҳукмронлик қилиш.

Адолат инсоният тарихидаги энг қадрланадиган хислатлардан биридир. Ислом динида адолат билан ҳукм қилиш, адолатли бўлиш қатъий буюрилган. Жумладан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда бундай буюрган:

إنّ الله يأمركم أن تؤدّوا الأمنت الى أهلها و إذا حكمتم بين الناس أن تحكموا بالعدل

“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганигизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар” (Нисо, 58).

Ҳадиси шарифда соя йўқ кунда Аллоҳ таоло ўз Арши соясидан жой ажратадиган етти нафар кимсанинг бири адолатли подшоҳ эканлиги таъкидланган.

 

60) Жамоатга эргашиш.

 

Инсон ҳаётда адашмасдан ҳаёт кечирмоғи учун жамоат – кўпчилик билан бирга бўлиш, кўпчилик қилаётган ишни ҳамма билан бирга амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади. Якка-ёлғиз умр кечириш, бир тўп оамлар билан шубҳали ишлар қилиб юриш исломда қораланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жамоатни лозим тутинг!”, деб бурганлар. Яна мана бу ҳадиси шарифни унутмаслик даркор:

فإنه من فارق الجماعة قيد شبر فقد خلع ربقة الإسلام من عنقه إلا أن يراجع

“Кимки жамоатдан бир қарич ажралса, четга чиқса, бўйнидан то орқага қайтмагунча ислом бўйинтириғини ечган бўлади!”.

 

61) Ишбошиларга итоат этиш.

 

Ишбоши раҳбарларга итоат қилиш, буйруқларидан чиқмаслик исломий вазифалардан биридир. Зотан, буни Аллоҳ таолонинг ўзи буюрган:

يا أيها الذين آمنوا أطيعوا الله وأطيعوا الرسول وأولي الأمر منكم

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (Нисо, 59).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга Аллоҳдан қўрқишни ва гарчи ҳабаш қул бўлса ҳам (раҳбар бўлганда) эшитиб-итоат этишни васият қиламан!”, деб марҳамат қилганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исломни ўн ҳисса деб баҳолаганлар. Уларнинг бири бошлиқ ва раҳбарларга итоатдир.

62) Одамлар орасини ислоҳ қилиш.

 

Одамлар орасини ислоҳ қилиш, урушганларни яраштириб қўйиш, жангу жадаллар, тортишув ва ихтилофларнинг олдини олиш исломда жуда қадрланади. Бунга Аллоҳ таоло буюрган:

وإن طائفتان من المؤمنين اقتتلوا فأصلحوا بينهما

“Агар мўъминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!” (Ҳужурот, 9).

Хавориж каби бидъатчилар, давлатга қарши чиқувчи боғийларга қарши курашиш ҳам аслида ислоҳ қилиш – одамларни тузатишга киргани сабабли манбаларда уларни ҳам “Одамлар орасини ислоҳ қилиш” бандига киритилган.

63) Яхшиликка ёрдамчи бўлиш.

Яхшилик йўлида ҳамкорлик қилиш, яхши ишларни бирга қилиш, бировлар қилаётган яхши ишларига ёрдамлашиб юбориш исломий бурчлардан биридир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бунга буюрган: وتعاونوا على البر والتقوى  — “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида, 2).

 

64) Амри маъруф ва наҳйи мункар.

 

Шариатда яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш энг буюк хислатлардан бири сифатида улуғланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

من رأى منكم منكرا فليغيره بيده فإن لم يستطع فبلسانه فإن لم يستطع فبقلبه وذلك أضعف الإيمان

“Сизлардан кимки бир мункар – ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, уни тили билан ўзгартирсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан қайтарсин. Буниси эса имоннинг заифроғидир!”.

 

65) Жазоларни жорий қилиш.

 

Жиноятга яраша жазо бериш лозим. Акс ҳолда, жиноятчилик ортиб-кўпайиб кетади. Шариатда ҳам жиноятларга яраша жазо таъйинланган. Булар икки турга “ҳад” ва “таъзир”га бўлинади. Ҳадлар қатъий белгиланган жазолардир, таъзирлар эса ҳукумат аҳли ўзлари чиқарган қонунлар асосида белгилайдиган жазолар ҳисобланади. Зотан, Қуръонда бундай дейилган:

و لا تأخذكم بهما رأفة فى دين الله إن كنتم تؤمنون بالله و اليوم الآخر

“Агар Аллоҳга ва охират кунига имон келтирувчи бўлсангиз, Аллоҳнинг дини (ҳукми)да сизларни уларга (зинокорларга) нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин!” (Нур, 2).

Жиноятчиларга жазо белгилаш зарурлиги ва унинг аҳамияти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

إنما أهلك الذين من قبلكم أنهم كانوا إذا سرق فيهم الشريف تركوه وإذا سرق فيهم الضعيف أقاموا عليه الحد

“Сизлардан олдингиларнинг ҳалок қилинганлигининг бир сабаби, улар орасида шариф зотлар уғирлик қилса, тарк қилиб, заифлари ўғирлик қилганда жазоларни жорий қилганлари бўлган”.

Бошқа бир ҳадисда эса бундай дейилган:

إقامة حد من حدود الله خير من مطر أربعين ليلة في بلاد الله

“Аллоҳнинг ҳадларидан бирортаси ижро этиш қирқ кун ёққан (баракали) ёмғирдан кўра яхшироқдир!”.

 

66) Жиҳод ва сарҳадларни қўриқлаш.

 

Жиҳод – Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши ва Ватанни сақлаш учун қилинадиган жанг бўлиб, унинг улуғ ва буюк иш эканлиги борасида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Ватан сарҳадларини, чегараларни қўриқлаш эса жиҳоднинг энг улуғидир. Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан деб марҳамат қилганлар:

كل ميت يختم على عمله إلا الذي مات مرابطا في سبيل الله فإنه ينمى له عمله إلى يوم القيامة ويأمن فتنة القبر

“Ҳар бир маййитнинг амали тугайди. Фақатгина Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб вафот этган кимсанинг амали тугамайди. Унинг амали қиёмат кунигача ўсиб бораверади ва уни қабр фитнасидан омон сақлайди”.

 

67) Омонатларни адо қилиш.

 

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло омонатларни адо қилишга, уларга хиёнат қилмасликка буюрган. Жумладан, إن الله يأمركم أن تؤدوا الأمانات إلى أهلها — “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз, деб буюрар” (Нисо, 58), деган ояти карима мавжуд.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: لا إيمان لمن لا أمانة له  — “Омонати йўқ кимсанинг имони йўқ!”, деб марҳамат қилганлар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: المؤمن من أمنه الناس على دمائهم وأموالهم – “Мўъмин-мусулмон одамлар ундан ўз қонлари ва мол-дунёларидан омонда бўлган кимсадир!”, деганлар.

Мўъмин-мусулмон хаёнатдан сақланмоғи керак. Омонатларга хиёнат қилмаслиги керак. Биров омонат қўйган бўлса ёки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло омонат қилиб қўйган фарзанд кабиларга хиёнат қилмаслик лозим. Айниқса, инсон ўз илмига хиёнат қилмаслиги керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

ناصحوا في العلم فإن خيانة أحدكم في علمه أشد من خيانته في ماله

“Илмда насиҳатгўй бўлинглар. Чунки, сизлардан бирортангизнинг ўз илмига хиёнати мол-дунёга хиёнат қилгандан қаттиқроқдир!”.

68) Қарзга вафо қилиш, қарзларни ўз вақтида қайтариш.

 

Инсон ҳаёти давомида кимдандир қарз олишга мажбур бўлиб қолади. Қарз олгандан сўнг уни ўз вақтида қайтариш ҳам исломий бурчлардан биридир. Биринчи урунишдаёқ қарзни қайтариш лозим бўлади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:خياركم أحسنكم قضاء  — “Сизлардан яхшиларингиз бурчларини энг чиройли адо қилувчироғингиздир!”, деб марҳамат қилганлар.

69) Қўшнини ҳурмат қилиш.

 

Инсон қўни-қўшнисиз ёлғиз ўзи ҳаёт кечира олмайди. Қўшниларнинг ҳаққига амал қилиш ислом вожиботларидан биридир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салла бундай деганлар:من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فلا يؤذ جاره  — “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!”.

Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: أحسن إلى جارك تكن مؤمنا – “Қўшнингга яхшилик қил, мўъмин бўласан!”, деб марҳамат қилганлар.

70) Чиройли муомала.

 

Инсон гўзал муомалали бўлмоғи керак. Очиқ юзли, ҳамма билан чиройли муомала қилмоғи лозим. Ҳалол мол йиғишнинг асосини ҳам очиқ юзли ва гўзал ахлоқли бўлиш ташкил қилади. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:إن التجار يبعثون يوم القيامة فجارا إلا من اتقى الله وبر وصدق  — “Албатта савдогарлар фосиқ – гуноҳкор бўлиб тирилтириладилар. Фақатгина Аллоҳдан қўрққан, яхшилик қилган ва тўғри сўзлаганларгина бундан мустасно”.

Мазкур ҳадисни Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ деб ривоят қилганлар.

Бошқа бир ҳадисни эса Ибн Можа раҳимаҳуллоҳ томонидан бундай ривоят қилинган:

أيها الناس إن أحدكم لن يموت حتى يستكمل رزقه فاتقوا الله وأجملوا في الطلب خذوا ما حل ودعوا ما حرم

“Эй, одамлар! Сизлардан ҳар бирингиз ризқини тўла олмагунча вафот қилмайди. Демак, Аллоҳдан қўрқинглар. Талабда гўзал муомалада бўлинглар. Ҳалолини олинг, ҳаромини эса тарк қилинг!”.

Ҳалолдан мол йиғиш учун яхши муомала даркор бўлгани сабабли уни ҳам мазур бандга киритилган.

71) Ҳақдорларга мол сарф қилиш.

Хайру саховат барча жамиятларда қадрланади. Ислом динида эса у алоҳида буюрилган амаллардандир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда закотни кимларга бериш лозимлигини бирма-бир зикр қилган. Инсон кимларга хайру саховатда бўлиши, ўз молу дунёсидан кимлар ҳақдор сифатида фойдалана олиши кераклиги батафсил эслатиб ўтилган.

72) Исроф ва беҳуда сарфдан сақланиш.

Исрофнинг барча тури ҳаром эканини кўпчилик билади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: إن الله كره لكم إضاعة المال  — “Албатта, Аллоҳ сизларнинг мол-дунёни зойеъ қилишингизни ёқтирмайди”, деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: و لا تبذّر تبذيرا – “Ва исрофгарликка мутлақо йўл қўйманг!”, деб буюрган (Исро, 26).

73) Саломга жавоб бериш.

 

Салом бериш исломий суннатлардан бўлса, саломга алик олиш фарз – вожиб амаллардан ҳисобланади. Чунки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай деб буюрган:

وإذا حييتم بتحية فحيوا بأحسن منها أو ردوها

“Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз” (Нисо, 86).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта нарсани имондан деганлар:

ثلاث من الإيمان الإنفاق من الإقتار وبذل السلام والإنصاف من نفسك

“Уч нарса имондандир. Фақирликда садақа-эҳсон қилиш, саломни (ҳаммага) сарфлаш ва ўз нафсига инсо қилиш”.

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоятида: من جمعهن فقد جمع الايمان – “Кимки уларни жамласа, дарҳақиқат, унда имон жам бўлибди!”, дейилган.

74) Аксага жавоб қайтариш.

 

Исломий одоблардан бири акса урган кимсага: “Соғ-саломат бўлинг!”, қабилида жавоб қайтаришдир. Инсонларга соғлик тилаш муҳим хислатлардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бештадир”, деб туриб, улар қаторида саломга алик олиш ва акса урганга жавоб қайтаришни зикр қилганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилган:

إذا عطس أحدكم وحمد الله كان حقا على كل مسلم سمعه أن يقول له يرحمك الله

“Қачон сизлардан бирингиз акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, (“Алҳамдулиллоҳ” ёки “Худога шукр!” деса), уни эшитган ҳар бир мусулмон унинг учун “Йарҳамукаллоҳ!” (ёки “Саломат бўлинг!”) демоғига ҳақдор бўлади”.

 

75) Одамлардан зарарни тўсиш.

 

Исломнинг энг буюк қоидаларидан бири ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: لا ضرر ولا ضرار  — “Зарар бериш ҳам, зарарга зарар билан жавоб қайтариш ҳам йўқ!”.

76) Бекорчи нарсалардан узоқлашиш.

Бекорчи ўйин-кулгилар, ҳар хил бўлмағур ўйинлар, инсонинг вақти ва куч-қувватини кетказадиган, ҳеч кимга ва инсоннинг ўзига ҳам бирор маънавий ёки моддий фойда бермайдиган нарсалар билан машғул бўлиш динимизда қораланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:لست من دد ولا الدد مني  — “Мен бекорчиликдан эмасман, бекорчилик ҳам мендан эмас!”, деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

كل شيء ليس فيه ذكر الله فهو سهو ولغو إلا أربعا مشى الرجل بين العرضتين وتأديبه فرسه وملاعبته أهله وتعليمه السباحة

“Ҳар бир нарсада Аллоҳни эслаш бўлмаса, у унутмоқ ва бекорчиликдир. Фақат тўрт нарса бундан мустасно: инсон нишонлар орасида юриши, отини ўргатиши, оиласи билан ўйнашиши, сузишни ўрганиши”.

 

77) Йўлдан озорни олиб ташлаш.

 

Имон шохчаларининг энг кичиги сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлдан инсонларга озор етказадиган нарсаларни олиб ташлаш эканини айтганлар. Одамларга зарар етказадиган харсанг, тикон ва бошқа нарсаларни йўлдан олиб ташлаш исом вожиботларидан биридир. Йўл бутун инсонлар мулкидир, ундан жами одамларнинг ҳаққи бор. Шунинг учун, ҳуда-беҳуда йўлни бузиш, уни тўсиб қўйиш, йўлни эгаллаб олиш кабилар исломда қайтарилган. Ҳатто фиқҳий манбаларда намозни йўлда ўқиш макруҳ дейилган. Ҳатто фиқҳий манбаларда омманинг фойдаси учун йўл ўтказиш зарур бўлиб қолганда, масжидни ҳам бузишга ижозат берилиши зикр қилинган. Бу нарсалар йўлнинг нақадар аҳамиятли эканини билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: إتّقوا الطريق – “Йўлдан қўрқинглар, ундан сақланинглар!”, деб бекорга айтмаганлар.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Alisher:

    Tashakkurlar, haqiqiy iymon bog’ida sayr qilgandek bo’ldim, Alloh darajangizni oliy qilsin!

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *