ТАҚДИРГА РОЗИЛИК—ИЙМОН АСОСИ

6-11-201501111155

Валид ибн Уббода раҳматуллоҳи алайҳ отасининг сўнгги насиҳатини қуйидагича сўзлаб беради:

Отам (Аллоҳ ундан рози бўлсин, охиратини обод этсин) ўзи билан ўзи оввора бўлиб, ўлим тўшагида ётганида унинг хузурига кириб:

“Эй ота, менга насиҳат қилинг”—дедим.

Шунда отам: “мени ўтиргизиб қўйинглар”—деди.

Хўп бўлади деб, ётган еридан ўтиргизиб деворга суянтириб қўйдик.

У: “Эй ўғлим, икки қулоғингга қуйиб ол: тақдирнинг яхшисига ҳам ёмонига (ёқимлисига ҳам, ёқимсизига ҳам) тўлиқ рози бўлмагунингча иймон таъмини сезмассан ва Аллоҳни танимоқнинг асл моҳиятини англаб етолмассан!”—деди.

Мен: “Эй ота, тақдирнинг яхши-ёмонини қандай биламан?”—дедим.

У: “Эй ўғлим, сенга насиб қилмаган нарса аслида сенга аталган эмас! Сенга етган ҳар нарса аслида сенга тегишли бўлган! Эй ўғлим! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, Ул зот айтар эдилар: “Аллоҳ биринчи яратган нарса бу—қалам. Кейин унга “ёз”, деган. У ўша вақтдан бошлаб то қиёматгача бўладиган ҳар бир ишни ёзиб чиққан!” Ўғлим, агар шу эътиқоддан ташқари ҳаёт кечириб ўлсанг, жаҳаннамга равона бўласан”—деди.

Дарҳақиқат, азизлар! Аллоҳнинг тақдир ва қазосига розилик бандалик шартларидандир! Ҳаётимизда дуч келган ҳар бир ёқимли ва ёқимсиз нарсалар аслида Аллоҳнинг тақдири билан бўлади. Ютуққа эришганимизда ҳам буни Аллоҳдан деб билиш, йўқотишга учраганимизда ҳам Аллоҳдан кўриш иймонимизни саломат сақлаш шартларидандир!

Ҳоний ҳожининг “Алфу қисса ва қисса” асари асосида
Андижон тумани “Довудхон тўра” жоме масжид имом хатиби
Мадраҳимов  Абдулваҳҳоб қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *