Бемазҳаблар устози Усайминнинг катта хатоси!

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Оят ва ҳадисларда Аллоҳ таолога мажоз юзасидан нисбат қилинган нарсалар ҳам мавжуд. Мажозий маънодаги сўзларни таъвил қилиб тушунишимиз вожиб. Уларни Аллоҳ таолонинг ҳақиқий сифати дейиш ва тушуниш мутлақо мумкин эмас! Салафийлар (ваҳҳобийлар) эса Қуръонда мажоз йўқ, унда мажозий сўзлар бўлиши мумкин эмас, дейишиб, Аллоҳ таоло ўзига нисбат қилган мажозий сўзларнинг ҳаммасини Аллоҳ таолонинг ҳақиқий сифати деб айтаверадилар. Ҳатто ҳадиси шарифлардаги ана шундай мажозий нисбатларни Аллоҳ таолонинг ҳақиқий сифати деяверадилар. Шулар жумласидан, уларнинг катта уламоси Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин жанобларидир. Аллоҳ уни авф қилсин!

Усаймин Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларида зоҳирини жорий қилиш ва Аллоҳнинг ҳақиқий сифатлари деб исбот қилишни вожиб деб билади. Уларни зоҳирий маъносидан буриб, мажозий маънода деб айтишни Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалари йўлига тескари ҳамда ҳаром бўлган иш, дейди. Биз эса Аллоҳ таоло ўзига нисбат қилган мажозий сўзларни тўғри маънода тушунмаслик лозимлиги, уларни таъвил қилиб тушуниш вожиб эканлигини айтамиз. Аниқ далилларга ўтамиз:

Усаймин аҳли суннат ва жамоатнинг соф ақидаси бўлмиш: “Аллоҳ таолога нисбат қилинган ҳар бир нарса унинг сифати бўлавермайди!”, деган қоидага қарши чиқади. Жумладан, “Шарҳ ал-Восития” асарида Аллоҳ таолога нисбат қилинган “нузул” (“тушиш”)ни: “Аллоҳ таолонинг тушиши ҳақиқийдир!”, деб туриб, бундай ёзади:

أنّ كلّ شئ كان الضمير يعود فيه الى الله فهو يُنسب اليه حقيقة

“Ҳар бир нарсанинг замири – нисбати Аллоҳ таолога бериладиган бўлса, у Аллоҳга ҳақиқатдан ҳам нисбат қилинган бўлади”. (Усаймин. Шарҳ ал-Восития. 2-жилд. – Риёз: Дор Ибн ал-Жавзий, 2000. – Б. 13).

Усаймин “фараҳ” (“шодлик”, “хурсандчилик”) ни ҳам Аллоҳнинг ҳақиқий сифати деган:

فى هذا الحديث إثبات الفرح لله عز و جلّ فنقول فى هذا الفرح إنّه فرح حقيقى و أشدّ فرح و لكنه ليس كفرح المخلوقين

Бу ҳадисда Аллоҳ таолога нисбатан “фараҳ” исботи бор. Ушбу “фараҳ” ҳақида айтамиз: у ҳақиқий шодликдир ва шодликнинг энг кучлисидир. Лекин, у яралмишларнинг шодлиги каби эмас”. (Усаймин. Шарҳ ал-Восития. 2-жилд. – Риёз: Дор Ибн ал-Жавзий, 2000. – Б. 19-20).

Таниқли ҳадисшунос олим Имом Муновий раҳимаҳуллоҳ “ат-Тайсир” номли шарҳида “фараҳ”ни “ризо” деб таъвил қилар эканлар, бундай деганлар:

إطلاق الفرح فى حقّ الله مجاز عن رضاه و بسط رحمته و اقباله على عبده

“Фараҳ”нинг Аллоҳ таолога нисбат қилиниши Унинг ризоси, раҳматининг кенглиги ва бандасига иқбол қилишидан мажоздир!”. (Муновий. Ат-Тайсир би-шарҳ ал-Жомеъ ас-сағир // ал-Мактаба аш-шомила, исдори солис, 2006. – Б. 2/556).

Зайнуддин Абдуррауф ал-Муновий (952-1031 ҳ./1545-1622 м.) раҳимаҳуллоҳ Қоҳирадан чиққан таниқли ҳадисшунос олим, 80 дан ортиқ асарлар муаллифи. Унинг “Кунуз ал-ҳақоиқ” номли ҳадислар тўплами шуҳрат қозонган. Шунингдек, Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Жомеъ ас-сағир” номли ҳадислар тўпламига битган кўп жилдлик “Файз ал-қадийр” ҳамда 2 жилдли “ат-Тайсир” номли шарҳлари, Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг машҳур “Шамоили набавия” асарига битган шарҳи мавжуд.

“Тафсири Жалолайн” соҳибларидан бири, таниқли муҳаддис ва ҳадисшунос олим, муфассири киром Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ эса “фараҳ”ни: هو كناية عن رضاه“У ризодан киноядир!” деганлар. (Жалолиддин ас-Суютий. ад-Дейбож ъала ал-Муслим // ал-Мактаба аш-шомила, исдори солис, 2006. – Б. 6/91).

Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Арбаъин” ва “ал-Азкор” асарларини ўқиган бўлсангиз керак. У зот эса: قال العلماء فرح الله تعالى هو رضاه“Уламолар айтишича, “фараҳ” Аллоҳ таолонинг ризосидир!”, деганлар ва бундай таъвил қилганлар:

و المراد هنا أنّ الله تعالى يرضى توبة عبده أشدّ مما يرضى

“Бу ерда мақсад Аллоҳ таоло бандасининг тавбасига рози бўладиган нарсалар орасида энг кучлироқ рози бўладигани, деганидир!”. (Имом Нававий. Шарҳ ан-Нававий ъала ал-Муслим // ал-Мактаба аш-шомила, исдори солис, 2006. – Б. 17/60-61).   

Усаймин “зеҳк” (“кулгу”)ни ҳам Аллоҳнинг ҳақиқий сифати деган:

ففى هذا إثبات الضحك لله عز و جل و هو ضحك حقيقى لكنه لا يماثل ضحك المخلوقين ضحك يليق بجلاله و عظمته و لا يمكن أن نمثله لأننا لا يجوز أن نقول إنّ لله فما أو أسنانا او ما أشبه ذلك لكن نثبت الضحك لله على وجه يليق به سبحانه و تعالى

“Бунда “зеҳк” (“кулгу”) ни Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан исбот қилиш бор. У ҳақиқий кулгудир. Лекин, у яралмишларнинг кулгусига ўхшамайди. Ўз жалоли ва азаматига лойиқ кулгудир. Уни ўхшатишимиз мумкин эмас. чунки, биз Аллоҳнинг оғзи ёки тишлари ёхуд шунга ўхшашлари бор, дея олмаймиз. Бироқ, Аллоҳ таолога Ўзига лойиқ кулгуни исбот қиламиз”. (Усаймин. Шарҳ ал-Восития. 2-жилд. – Риёз: Дор Ибн ал-Жавзий, 2000. – Б. 24).

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ эса “Саҳиҳи Бухорий”га ёзган “Фатҳ ал-Борий” номли шарҳида Имом ал-Хаттобий раҳимаҳуллоҳнинг “зеҳк” (“кулгу”) ни Аллоҳ таолога нисбат қилиш жоиз эмаслигини айтганлигини келтира туриб, ҳатто бундай деганини келтиради:

و قد تأوّل البخارى الضحك فى موضع آخر على معنى الرحمة و قريب و تأويله على معنى الرضا أقرب فإنّ الضحك يدل على الرضا و القبول

“Дарҳақиқат, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бошқа ўринда “зеҳк”ни “раҳмат” маъносида таъвил қилганлар. У (ҳақиқатга) яқин! Унинг таъвили “ризо” маъносига яқинроқ. Зотан, кулгу розилик ва қабул қилишга далолат қилади”. (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 7-жилд. – Риёз: Дор Тийба, 2005. – Б. 95).

Бу билан кифояланмасдан Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ:

قلت و يدلّ على أنّ المراد بالضحك الإقبال بالرضا

“Мен айтаман: “зеҳк”дан мурод розилик ила иқбол қилиш эканига далолат қилади”. (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 7-жилд. – Риёз: Дор Тийба, 2005. – Б. 96).

Бироқ, шак-шубҳа йўқки, Усайминнинг тарафдорлари Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг бу гапларини ҳам, Имом Хаттобий раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини ҳам, ҳатто Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг таъвилларини ҳам инкор қилиб келадилар!

Бу ерда тилга олинган ал-Хаттобий раҳимаҳуллоҳнинг биласизми? У Абу Сулаймон ал-Бустий ал-Хаттобий (319-388 ҳ./931-998 м.) раҳимаҳуллоҳ бўлиб, Х асрда яшаб-ўтган таниқли фақиҳ ва муҳаддис олимдир. Унинг “Сунани Абу Довуд”га битган “Маолим ас-сунан” шарҳи шуҳрат қозонган. Шунингдек, “Муҳаддислар хатосининг ислоҳи” деган асари ҳам бор. “Саҳиҳи Бухорий”га битган шарҳи ҳам мавжуд.

Демак, Усаймин айтган мазкур қоидалар аҳли суннат ва жамоатнинг ақидаси эмас! Балки, у буни ўзича ўйлаб топган. Чунки, агар ушбу қоидаларни аҳли суннат ва жамоатнинг ақидаси дейдиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг: “Унга руҳимдан пуфладим …” (Сод сураси, 72) ояти каримасидаги руҳни Унинг сифати дейишимизга тўғри келади. Ҳолбуки, Ислом оламида ҳеч ким Аллоҳнинг руҳи бор ёки руҳ деган сифати бор деган эмас! Усайминнинг ўзи ҳам Аллоҳнинг руҳ деган сифати бор, деган эмас. Демак, Усаймин ўзи айтган қоидасига тескари иш қилган бўлиб чиқади.

Ҳанбалий мазҳабининг таниқли олими, ўзининг “Талбиси Иблис”, “ал-Мунтазам”, “Фунун ал-афнон”, “Руҳ ал-арвоҳ”, “ал-Вафо фий фазоил ал-Мустафо”, “аз-Зуафо ва-л-матрукин” ва “ал-Мавзуъот” каби 250 дан ортиқ асарлар муаллифи Ибн ал-Жавзий (508-597 ҳ./1114-1201 м.) раҳматуллоҳи алайҳи ҳисобланади. У зот ўзларининг мужассима тоифаси – Аллоҳни жисм деб тасаввур қилувчиларга қарши ёзган “Дафъу шубаҳ ат-ташбеҳ” асарларида бундай деганлар:

أنّهم سمّوا الأخبار أخبار صفات و إنّما هى إضافات و ليس كلّ مضاف صفة فإنه قال تعالى: «و نفخت فيه من روحى»، و ليس لله صفة تسمّى روحا. فقد إبتدع من سمّى المضاف صفة

“Албатта, улар хабарларни сифатларнинг хабари деб аташди. Шак-шубҳасиз, улар  нисбат (изофа) лардир. Нисбат қилинган барча нарса сифат бўлавермайди. Чунки, Аллоҳ таоло: “Унга руҳимдан пуфладим …” (Сод, 72), деган. Ҳолбуки, Аллоҳнинг “Руҳ” деган сифати йўқ. Демак, дарҳақиқат, кимки нисбат қилинган нарсаларни сифат деб атаса, бидъат қилган бўлади”. (Ибн ал-Жавзий. Дафъу шубаҳ ат-ташбеҳ. – Қоҳира: Мактаба ал-Азҳария, (йили кўрсатилмаган). – Б. 9).

Демак, Усаймин бу ерда Ибн ал-Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтан: “Нисбат қилинган барча нарса сифат бўлавермайди!”, деган аҳли суннат ва жамоатнинг қоидасидан оғишгандир!!!

Усаймин юқорида айтилган аҳли суннат ва жамоатнинг соф ақидасига хилоф ўлароқ Аллоҳ таолонинг азият чекишини жоиз деб ҳам айтади:

فالأذية لله ثابتة ويجب علينا إثباتها، لأن الله أثبتها لنفسه، فلسنا أعلم من الله بالله، ولكنها ليست كأذية المخلوق

“Азият чекиш Аллоҳга нисбатан собит бўлгандир ва бизга ҳам уни тасдиқ қилиш вожибдир. Чунки, Аллоҳ буни Ўзи учун исбот қилгандир. Биз Аллоҳни Аллоҳдан кўра билгувчироқ эмасмиз. Лекин, бу махлуқларнинг азият чекиши каби эмасдир”. (Усаймин. Қавл ал- муфид ала китаб ат-Тавҳид. 2-жилд. – Риёз: Дор ал-Осима, 1994. – Б. 356; Яна қаранг: Усаймин. Мажмуъ Фатово ва Расоил. 10-жилд. – Риёз: Дор ас-Сурайё, 1998. – Б. 827).

Усаймин яна Аллоҳ таолонинг “макр” деган сифати ҳам бор, деб ўйлайди:

و فى قوله تعالى «أفأمنوا مكر الله» دليل على أنّ لله مكرا … إنّ المكر فى محله محمود يدلّ على قوّة الماكر و أنّه غالب على خصمه و لذلك لا يوصف الله به على الإطلاق فلا يجوز أن تقول إنّ الله ماكر و إنّما تذكر هذه الصفة فى مقام يكون مدحا … و المكر من الصفات الفعليّة لأنّها تتعلق بمشيئة الله سبحانه

“Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳнинг “макр”идан омондамисиз?!”, деган гапида Аллоҳ тоалонинг амкри борлигига далил бор. Зотан, макр ўз ўрнида мақталган бўлиб, у макр қилувчининг қувватига ва рақибига ғолиб бўлишига далолат қилади. Шунинг учун, у билан Аллоҳни мутлақ тавсиф қилиб бўлмайди. Аллоҳни “макр қилувчи”, дейишинг жоиз бўлмайди. Бироқ, ушбу сифат билан мадҳ ўрнида эслай оласан. Макр феълий сифатлардан бўлиб, у Аллоҳ субҳонаҳунинг хоҳишига боғлиқ бўлади”. (Усаймин. Қавл ал- муфид ала китаб ат-Тавҳид. 2-жилд. – Риёз: Дор ал-Осима, 1994. – Б. 202-203).  

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ “Таъвилот аҳл ас-сунна” номли тафсирларида айтадилар:

لأنّ الله لا يجوز أن يقال إنه يتأذى بشئ او يؤذيه شئ لأنّ الأذى ضرر يلحق و الله يتعالى عن أن يلحقه ضرر او نفع بل هو القاهر الغالب القادر الغنى بذاته

“Чунки, Аллоҳ таолони бирор нарса билан азиятланади ёки бирор нарса унга азият беради, деб айтиш жоиз бўлмайди. Чунки, азият ёпишадиган зарардир. Аллоҳ таолога зарар ёки фойда ёпишишидан олийдир! Балки, У куч-қудратли, ғолиб, қодир ва ўз зоти ила ғанийдир!”. (Абу Мансур ал-Мотуридий. Таъвилот аҳл ас-сунна. 8-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Б. 412).

Аҳли суннат ва жамоат олимлари томонидан “Суннатнинг қиличи” ва “Умматнинг забони” дея тавсиф қилинган, ҳижрий тўртинчи асрнинг мужаддиди, моликий мазҳабининг буюк олими Абу Бакр ал-Боқилоний (338-403 ҳ./950-1013 м.) раҳматуллоҳи алайҳи ҳисобланади. Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳнинг асарлари жуда кўп. Унинг рофизий, мўътазилий, жаҳмий, хавориж сингари оқим вакилларига қарши ёзган асарлари бор.

Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Инсоф” номли асарларида аҳли суннат ва жамоатнинг устувор ақидасидан бири тўғрисида бундай деганлар:

أنّ كلّ ما أضيف الى الله تعالى لا يجب أن يكون صفة له فمن زعم هذا فقد كفر و أشرك لا محالة لأنّ الخبر قد جاء بقول الله تعالى: «يا ابن آدم مرضت فلم تعدنى جعت فلم تطعمنى عطشت فلم تسقنى عريت فلم تكسنى»، فأضاف هذه الأشياء اليه فى الخبر. و من زعم انه يجوع و يعطش و يمرض و يعرى فقد كفر و أشرك لا محالة. و كذلك قال تعالى: «يوم ننفخ فى الصور» على قراءة من قرأ بالنون المفتوحة و النافخ إسرافيل. و قال تعالى: «إنّ الذين يؤذون الله»، فأضاف الأذية اليه. و من زعم أنّ الأذية من صفته فقد كفر لا محالة

“Албатта, Аллоҳ таоло Ўзига изофа (нисбат) қилган барча нарса Унинг учун сифат бўлиши вожиб бўлмайди. Кимки шу тариқада Унинг сифати бўлади, деб ҳисобласа, у шаксиз кофир бўлибди ва ширк келтирибди! Чунки, ҳадисда келтирилганидек, Аллоҳ таоло: “Эй, одам фарзанди! Мен касал бўлдим, Мени зиёрат қилмадинг. Мен оч қолдим, Мени таомлантирмадинг. Мен чанқадим, лекин сув бермадинг. Ялонғоч эдим, кийинтирмадинг”, дейди. Ҳадисда бу нарсаларни Аллоҳ Ўзига нисбат қилган. Кимки Аллоҳни – касал бўлади, оч қолади, чанқайди ва ялонғоч бўлади, деб ҳисобласа, у шаксиз кофир бўлибди ва ширк келтирибди! Шунингдек, Аллоҳ таоло “нун” ҳарфи билан айтилган қироат вариантидаги маънога кўра, “Сурни чалганимиз ўша кунда”, деган (Тоҳо, 102; Намл, 87). Ҳолбуки, сурни чалувчи Исрофил фариштадир. Яна Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расулига азият берадиганлар…” (Аҳзоб, 57) деб, “азият”ни Ўзига нисбат қилган. Кимки азиятни Аллоҳнинг сифатларидан, деб ҳисобласа, у шаксиз кофир бўлибди”. (Абу Бакр ал-Боқилоний. ал-Инсоф фий ма йажибу эътиқодуҳу ва ла йажузу-л-жаҳл биҳи. – Қоҳира: ал-Мактаба ал-Азҳария ли-т-турос, 2000. – Б. 125).

Усаймин Аллоҳ таолога нисбат қилинган ҳар бир нарсани Унинг сифати деб билаверади. Жумладан, у ўзининг ақидавий савол-жавобларида бундай ёзади:

سئل الشيخ: هل نثبت صفة الملل لله عز وجل؟ فأجاب بقوله: جاء في الحديث عن النبي عليه الصلاة والسلام قوله: «فإن الله لا يمل حتى تلموا». فمن العلماء من قال إن هذا دليل على إثبات صفة الملل لله، لكن ملل الله ليس كملل المخلوق

“Усайминдан сўралди: “Аллоҳ азза ва жаллага малолланиш сифатини исбот қиламизми?”. У жавоб берди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида: “Сизлар малол олмагунингизча, Аллоҳ малолланмайди!”, сўзлари келган. Баъзи уламолар, буни Аллоҳга малолланиш сифатини исботлаш учун далил бўлишини айтганлар. Лекин, Аллоҳнинг малолланиши махлуқларнинг малолланиши каби эмасдир”. (Усаймин. Мажмуъ Фатово ва Расоил. 1-жилд. – Риёз: Дор ал-Ватан, 1992. – Б. 174).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “унутиш”ни ўзига нисбат қилган бўлиб, бу Унинг сифати эмас! Уни таъвил қилишдан бошқа иложимиз йўқ. Лекин, Усайминнинг қоидасига кўра, у ҳам Аллоҳнинг ҳақиқий сифатидир: “Бугун ушбу Кун мулоқотини унутганлари ва оятларимизни инкор этганлари каби (Биз ҳам) уларни “унутамиз” (Аъроф, 51). Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида бундай деганлар:

لا يجوز أن يضاف النسيان الى الله تعالى بحالٍ و لكن يجوز أن يقال يجزيهم جزاء نسيانهم … و أن كان الله لا يجوز أن ينسى أو يسهو عن شئ أو يغفل و لأنّ فى النسيان تركا و كلّ منسى متروك فيتركهم فى العذاب و الهوان كما تركوا هم أمر الله و نهيه فى الدنيا

“Аллоҳ таолога “унутиш”ни нисбат қилиб бўлмайди! Лекин, “уларнинг унутганининг жазоси ўлароқ уларни жазолайди” дейиш жоиз бўлади. Гарчи Аллоҳнинг унутиши, бирор нарсани эсдан чиқариши ёки ғафлатда қолиши жоиз бўлмаса ҳам, лекин “унутмоқ”ни “тарк” маъносида дейишимиз мумкин. Ҳар бир унутишда тарк қилиш бор. Демак, улар дунёда Аллоҳ таолонинг буйруқ ва таъқиқларини тарк қилганлари каби уларни азоб ва хорликда тарк қилиб ташлаб қўяди”. (Абу Мансур Мотуридий. Таъвилот аҳл ас-сунна. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Б. 437).

Шунингдек, Усаймин жаноблари ҳеч нарсага қиёс қилиб бўлмайдиган, ҳеч нарсага ўхшатиш мумкин бўлмаган Аллоҳ таолони махлуқотларга ва яралмишларга ташбеҳ қилар экан, ҳадис ва оятлар орасида хайратомуз фикрга келади. У асло аҳли суннат ва жамоатнинг фикри эмас! Қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шариф мавжуд:

و هو قوله صلى الله عليه و سلم: إذا قام أحدكم الى الصلاة فلا يبصقن قبل وجهه و لا عن يمينه فإن الله قبل وجهه و لكن عن يساره او تحت قدمه متفق عليه

“Качон бирортангиз намозга турса, юзи томонга ва ўнг тарафга тупирмасин! Чунки, Аллоҳ (раҳмати) унинг юзи томондадир. Лекин, чап томонига ёки қадами остига тупирсин!”. (Бу тақир ерда намоз ўқилгандаги ҳолат).
Мазкур ҳадисдаги “юзи томонда” деган ибора мажоз бўлиб, уни таъвил қилиб тушуниш вожиб бўлади. Яъни, Аллоҳнинг раҳмати намозхоннинг олд томонидан нозил бўлади. Чунки, Аллоҳ таолонинг ўзи бирор томонда эмас! Бироқ, Усаймин ўзининг айтган ва ишлаб чиққан: “Аллоҳга нисбат қилинган ҳар бир нарса унинг хақиқий сифатидир!”, деган ботил қоидасига кўра Аллоҳнинг айнан ўзини намозхоннинг олд томонида бўлади, деб тушунади. Бироқ, бундай демоқчи бўлса, уларнинг – ваҳҳобийларнинг “Аллоҳ осмонда!”, деган ақидаси нима булади?! Шунинг учун Усаймин бунга баҳона қилиб, бундай тушунтиришга урунади:

أنه يمكن أن يكون الشئ عاليا و هو قبل وجهك فها هو الرجل يستقبل الشمس اول النهار فتكون أمامه و هى فى السماء و يستقبلها فى آخر النهار تكون أمامه و هى فى السماء فإذا كان هذا ممكنا فى المخلوق ففى الخالق من باب أولى بلا شك

“Бирор нарсанинг сенинг юз томонингда бўлгани ҳолда тепада бўлиши мумкин бўлади. Бу шундай бир кимсага ўхшайди: у кундузнинг аввалида қуёшга қараб турса, қуёш унинг олдида туради. Ҳолбуки, у осмонда. Агар ўша кимса кундузнинг охирида қуёшга юзланса, қуёш яна унинг олдида туради. Ҳолбуки, яна қуёш самодадир. Агар бу махлуқда мумкин бўлса, шак-шубҳасиз Холиқда (Аллоҳда) аъло даражада мумкин бўлади!”. (Усаймин. Шарҳ ал-Восития. 2-жилд. — Риёз: Дор Ибн ал-Жавзий, 1421 ҳ. — Б. 46).
Бу махлуққа Аллоҳни ўхшатишнинг айнан ўзгинасидир! Наъузу биллоҳ! Холиқни махлуққа ўхшатиб бўладими?! Қуёш ботганда — қоп-қаронғуда намоз ўқисачи?! Аллоҳни қуёшга ўхшатиб бўладими?! Бир одамнинг қибласи қуёшга юзланганда тўғри бўлади, бошқа одамнинг қибласи қуёшга орқа қилганда тўғри бўлади. Хуллас, Аллоҳ таоло бирор томонда эмас. Зотан, томонларни Аллоҳнинг ўзи яратган. Аллоҳ томонлар яратилишидан олдин ҳам бор бўлган. Аллоҳ осмонда эмас. Аллоҳ осмонлар яратилишидан олдин ҳам бор бўлган. Аллоҳ яралмишларга ўхшашдан ва ўхшатилишидан олийдир! Усаймин ва унга эргашганлар “Аллоҳ осмонда!”, деган ақидаларида хато қилаётганлари аниқ. Аллоҳ адаштирмасин!

ХУЛОСА

Аҳли суннат ва жамоат таълимотининг асил вакиллари ва тарафдорлари Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога нисбат қилинадиган, изофа қилинадиган барча нарса унга сифат бўлолмаслигини айтиб ва таъкидлаб келадилар. Уларнинг айримлари мажозий ва киноя тариқасида ишлатилганини қайд қиладилар. Жумладан, ҳеч ким “байтуллоҳ” (“Аллоҳнинг уйи”), “руҳуллоҳ” (Аллоҳнинг руҳи”), “ноқатуллоҳ” (“Аллоҳнинг туяси”) кабиларни Аллоҳнинг ҳақиқий сифати деб айтмайди. Шунингдек, оят ва ҳадисларда Аллоҳ таолога нисбат қилиб айтилган “фараҳ”, “зеҳк”, “азият”, “малол” кабилар асло Аллоҳ таолонинг ҳақиқий сифати эмас! Бироқ, Усаймин жаноблари Аллоҳ таолога нисбат қилинган барча нарсани унинг ҳақиқий сифатидир, деб бот-бот такрорлайди. Юқорида бирма-бир ўтганидек, Усайминга ўхшаганлар ва уларга эргашганлар катта хато қилаётганлари шубҳасиздир!

Яратган Эгам бемазҳаб «салафий»ларга инсоф берсин! Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч кимни ҳақ йўллардан адаштирмасин, ҳеч кимни аҳли суннат ва жамоат таълимотидан оғиштирмасин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Nursulton:

    Assalomu alaykum, Alloh taolo qilayotgan ishlaringizga baraka bersin. Avvalo bu risola barchamizga manfaatli boʻlishini Alloh subhanahu va taolodan soʻrab qolaman. Salafiylarning bunday fikrda boʻlishlari boisi nimada? Agar ular ilm chashmasidan suv ichmaganlar sirasiga kiritilgan boʻlsa, nima sababdan ularni ulamo sifatida tan oladilar?

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *