Сэр Жалолиддин Лудер Брантон

circa-1900-the-british-physician-sir-thomas-lauder-brunton-picture-id3285224Англиялик Лудер Брантон Оксфорд Унисерситетида таълим олган инглиз улуғларидан бўлиб, Британияда жуда катта шуҳрат қозонган. У насронийликдан воз кечиб, ислом динини қабул қилгани ҳақида шундай ҳикоя қилади:
«Менга Ислом динини қабул қилишим сабабларини баён қилишга берилган бу фурсатдан ғоятда мамнунман.
Насроний динига эътиқод қилувчи ота-онам қўлида тарбияланиб, жуда ёшлигимдан бошлаб илоҳиётни ўрганишга киришдим ва инглиз черковига боғланиб, миссионерликка анчагина куч сарфладим. Лекин бу соҳада ҳеч қандай муваффақиятга эришолмадим.
Бир қанча вақтдан бери ҳамма инсонлар учун бўлган абадий азобдан ҳайратда, шубҳада эдим. Бу таълимотга асосан, дунёдаги ҳар бир инсон азоб-уқубатга мубтало, бундан фақатгина маълум, сайлаб олинганларгина мустаснодирлар. Тасаввуримча, ўз қудрати билан инсонларни яратган «Робб» уларнинг оқибатини азоб-уқубатдан иборат қилиб белгилаб қўйса, бундай «Робб»ни меҳрибон, доно, адолатли деб ҳисоблаб бўлмайди.
Бу шубҳа ва иккиланишларга қарамасдан, қалбимда Яратувчининг борлигига бўлган ишонч собит эди. Айни чоқда, «Аллоҳ ўзи инсон сифатида халойиққа намоён бўлган», деган эътиқодни ҳазм қилолмасдим. Шу туфайли бошқа дин-эътиқодларни ҳам ўргана бошладим. Лекин иккиланиш ва шубҳалардан бошқа нарса ҳосил қилолмадим.
Менда эса ҳақиқий Роббга бўлган иштиёқ, фақат Ўзигагина ибодат қилиш эҳтиёжи ортиб борарди.
Христиан олимларининг даъвосича, насроний дини ўз таълимотида Инжилга суянади. Лекин бу даъвонинг мутлақо зиддини кўрдим. Инжил ва Ийсо алайҳиссалом таълимоти ўзгартирилиши, қўшимчалар киргизилиши ва бузилиши менинг фикримнинг тўғрилигига ёрқин далилдир. Шу туфайли Инжилни бошдан-оёқ синчиклаб ўрганиб чиқдим ва унда мен тасвирлаб бера олмайдиган даражада нуқсонлар топилди.
Шу вақтдан бошлаб, одамларнинг эътиқодларига аҳамият бермайман, деб қасд қилдим ва ҳар бир шахснинг ўзига хос руҳи бўлиб, унда абадий махфий қувват бор, кимки, яхшилик ёки ёмонлик қилса, жазосини ҳам шу дунёда ва охиратда олади. Парвардигор Ўзининг афву марҳамати ила бандаларининг гуноҳларини кечиради, агар улар қилган ишларига ҳақиқатан ҳам пушаймон бўлсалар, деган хулосага келдим.
Аммо қатъиййан ишончим комил эдики, йўл қанчалик узоқ, машаққатли бўлмасин ҳақиқий «қимматбаҳо дур»га эришиш лозим. Шу туфайли бутун вақтимни мени маънан қаноатлантирган Исломни ўрганишга бағишладим. Иқро деган қишлоқда аҳолининг қуйи табақалари орасида Аллоҳ амрини ўрнатиш, Аллоҳни таниш даражасига олиб чиқиш, биродарлик, поклик уруғларини экишга сарфладим.
Бу мақсад йўлида қилинган ҳаракатлар, тортган машаққатларим, йўлимга қўйилган тўсиқлар ҳақида сўзламоқчи эмасман. Зеро, ишимда давом этишдан менинг ягона мақсадим бу жамоаларнинг моддий ва маънавий юксалиши эди.
Сўнгра Арабистон ярим оролида туғилиб ўсган, бутун христианлар томонидан пайғамбарлиги инкор қилинган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихларини ўргана бошладим. Лекин бу тадқиқотларимда ўзимга шарт қилдимки, бу ўрганиш холис, таассубдан холи, беҳасад бўлсин ва тезда ҳаракатларим натижаси ўлароқ билдимки, бу улуғ зотнинг Аллоҳга, Ҳақга бўлган даъватига ҳеч шак-шубҳа кириши асло мумкин эмас ва унинг жиддийлигини ҳеч нарса камсита олмайди. Мен бу зотнинг инсониятга тақдим этган ҳидоятини ўрганиб чиққанимдан сўнг шуни англадимки, бу зотни инкор қилишдан каттароқ хато бўлиши мумкин эмас. Бутларга ибодат қилувчи, жиноят, фаҳш, палидлик ботқоғига ботиб кетган бадавийларга қандай кийим кийишни ўргатиб, уларни поклик, назофат чўққисига кўтариб, олижаноблик, карам каби хислатларни пайдо қилдилар. Олижаноблик дин асосларидан деб ҳисобланадиган бўлди. Улар бутларини парчалаб, ҳақиқий маъбуд бўлмиш Аллоҳга ибодат қила бошладилар.
Ислом туфайли бутун олам тан олган, пасткашликдан ҳазар қилувчи, орадаги муносабатлар тенглик асосига қурилган ягона бир жамият вужудга келдики, бундай жамиятнинг ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам ҳеч қандай мисли йўқ. Ҳар қанча таърифланса ҳам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятга қилган хизматларини сўзлаб адо қилиб бўлмайди. Бу буюк хизматлар муқобилига христианлар томонидан бўлган айблашлар эса, кишини ҳақиқатан ҳам хафа қилади.
Кўп ва узоқ мушоҳада қилдим. Шу аснода ҳинд дўстларимдан бири Миён Амириддин мени зиёрат қилди. Бу зиёрат туфайли менда жуда катта ўзгариш содир бўлди. Менда руҳий кўтаринкилик пайдо бўлди. Ишларни шошмасдан, оҳисталик билан тадаббур қилиб, ҳозирги кундаги масиҳий эътиқодлилар билан бирин-кетин баҳслаша бошладим. Эришган натижам эса, Исломнинг улуғлигини тан олиш, ҳақиқий дин эканлигига қаноат ҳосил қилиш бўлди.
Бу дунёдаги ҳаётимнинг узоқ бўлишидан умидворман. Инша Аллоҳ, қолган умримни Ислом ривожига сарф қиламан.

«БИЗ НЕГА МУСУЛМОН БЎЛДИК?» китобидан

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *