Ҳожи Лорд Ҳэдли Ал-Форуқ (Англия)

Lotin alifbosida

Hoji Lord HedliТаниқли сиёсатчи ва ёзувчи Буюк Британиядаги Машҳур шахслардан бири   бўлмиш Лорд Ҳедли Ал Форуқ ( Жорж Аллансон ) 1855 йилда туғилган. Кембриж дорилфунини 1877 йилда имтиёзли диплом билан тугатиб, Британия армиясида капитан даражасида хизмат қилган. Колониал ишлар министрининг тўртинчи полкидан лейтенант-колониал даражасида истефога чиққан. Ихтисоси инженер. Шу билан бирга, ажойиб адабий қобилияти ҳам бўлган. “Solsher journal” газетига   муҳаррирлик қилган. Кўпгина китоблари бор. Айниқса “Ғарблик Исломга  интилмоқда” номли асари жуда  машҳурдир.
1913 йил 16 ноябрда Ислом  динини қабул қилиб, исмни “Аш шайх Раҳматуллоҳ Ал Форуқ” деб ўзгартирган. 1926 йилда Ҳиндистон сафарида бўлган.
Нега мусулмон бўлдим?
Эҳтимол баъзи дўстларим мени «Мусулмонлар таъсирига тушиб қолган», деб ўйласалар керак. Лекин менинг Ислом динини қабул қилишимнинг сабаби кўп йиллар давомида олиб борилган илмий изланишлар натижасидир.
Менинг зиёли мусулмонлар билан илмий баҳсларим фақатгина бир неча ҳафта давом этди. Илмий назарияларим бошдан-охиригача тамоман Ислом таълимотларига мувофиқ келганидаги шодлигимнинг чеки йўқ эди.
Инсоннинг бу динни (яъни, Ислом динини) қабул қилишлиги, Қуръони карим таълимотига асосан, ўзининг шахсий қаноатидан келиб чиқмоғи лозимдир, ҳаргиз зўравонлик билан динга киргизиш мумкин эмас. Исо алайҳиссалом ҳам худди шу маънони ифода қилиб, ҳаворийларга қарата:
«Бирор киши сизларнинг даъватларингизни қабул этмаса, қулоқ ҳам солмаса, сиз у ердан айрилинг, уларни мажбур қилманг!» деган эди (Авлиё Марко, ви 2).
Мен эътиқодларида собит, ғайратли кўпгина протестантларни биламан. Улар Рим католик черкови таъсиридаги ерларга бориб, католикларни протестант мазҳабига ўтказишни (даъват қилишни эмас!) ўзларининг энг муҳим ва бирламчи вазифалари деб билишади. Ҳеч шубҳа йўқки, бу усул нафсни ғазаблантирадиган, орадаги жарни яна ҳам чуқурлаштирадиган йўлдир. Бундай йўл кўпинча акс натижа бериб, диндорлар орасида ножўя низолар чиқишига сабаб бўлади.
Афсуслар бўлсинки, христиан миссионерлари мусулмонларга нисбатан тутган йўллари ҳам айнан шу сиёсат асосига қурилган. Мен бу миссионерларнинг ўзларидан кўра Исо алайҳиссалом таълимотларига яқин турувчиларни (яъни, мусулмонларни) христианликка даъват қилишларини тушуна олмайман. Мен мусулмонларни, ҳазрат Исо алайҳиссалом таълимотига яқин турувчилар, ҳа, ҳа, яқин турувчилар, дедим, чунки яхшилик, олижаноблик, фикр доирасининг кенглиги, ҳақиқатан ҳам Ислом эътиқодида Исо алайҳиссалом даъватидан ҳам муфассалроқ эътироф этилган. Насронийлик шу даражада бузилганки, Исо алайҳиссалом таблиғ этган насрониятдан бугун асар ҳам қолмаган. Эски насронийликдаги ҳақиқатларни фақат Исломда топиш мумкин. Бас шундай экан, мен мусулмон бўлиш билан ҳақиқий насронийликка эришдим, дея оламан.
Сўзимнинг исботи учун сизларга «Атнасиан» мазҳабини мисол келтираман. Бу мазҳаб католизмдаги аҳамиятли, обрўли мазҳаблардан бири ҳисобланади. Айнан шу мазҳабда христианликдаги асосий эътиқоддан бири ҳисобланган «Уч Тангри» жуда ҳам тор, ақлдан йироқ суратда талқин қилинади. Уларнинг даъвосича, таслисга ишонмаслик абадул-абад ҳалокатга сабабдир, нажот истовчилар, албатта, таслисга ишонмоқликлари шарт. Бошқача қилиб айтганда, биз Раҳмли, Меҳрибон, Улуғ деб эътиқод қилиб турган Роббимизни зулм, қаҳр ва шунга ўхшаш сифатлар билан сифатлаш лозим бўлади. Субҳоналлоҳ! Аллоҳнинг буюк сифатлари таслисга эътиқод қилувчи заиф бандаларнинг тасаввуридан баландроқдир.
Яна бошқа бир мисол келтираман. У ҳам бўлса, христианликнинг муҳаббат ва яхшилик борасидаги йўқсиллигидир. Исломни қабул қилмоқчи бўлиб юрган пайтларимда бир хат олдим. Хатда баён қилинишича, агар мен Ийсо алайҳиссаломни Илоҳ деб билмасам, ҳаргиз нажот топмаслигим билдирилган эди. Бу ердаги масала Ийсо алайҳиссаломнинг илоҳ ёқи илоҳ эмасликларида эмас, балки Исо алайҳиссалом Аллоҳ томонидан юборилган рисолатни инсонларга етказдими ё йўқми — шу ҳақдадир. Агар бу масалада озгина бўлса ҳам шубҳа бўлганида, бу мени жуда ҳам безовта қилган бўларди. Лекин Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бу хусусда менда ҳеч бир шубҳа бўлмади. Аллоҳ таолодан сўрайманки, менинг Исо алайҳиссаломга ва у кишининг таълимотларига бўлган ишончимни ҳар бир мусулмон ишончи каби давом этдирсин. Эътиқодимча, юқорида ҳам бир неча маротаба таъкидлаб ўтганимдек, Ислом ва Исо алайҳиссалом даъват қилган дин аслида эгиз динлардир. Уларнинг ораларидаги баъзи назария ва истилоҳотлардаги тафовутлар аслида аҳамиятсиз фарқлардир.
Бизнинг замонамизда одамлардан турли йўналишдаги мазҳабларга ишониш талаб қилинганида бу нарса акс таъсир бериб, умуман, Аллоҳ таолога иймоннинг тарк қилинишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, айни шу вақтнинг ўзида инсоният ақлу тафаккурни тўғри йўлга солгувчи, инсон туйғуларига муносиб динга чанқоқ ва муҳтождир.
Мен текшириб кўриб шунга амин бўлдимки, бирорта ҳам мусулмон динидан қайтиб атеист бўлмаган экан. Ягона кўринишлар бўлиши мумкин. Лекин мен бу динсиз шахсларнинг ҳаммасига ҳам шубҳа ва жирканиш билан қарайман. Эътиқодимча, милёнлаб насроний ва бошқа диндаги эркак ва аёллар қалбан муслимдирлар. Уларни қалбларидаги иймонни ошкор қилишдан тўсиб турган нарса: урф-одат, танқид, туҳмат ва ошкор қилишдан кейин бўладиган мушкулотлардир. Бизнинг мактабларимизда ҳозир ҳам Ислом дини Аллоҳга ишонмаганларнинг дини сифатида танитилмоқда.
Мен Исломни қабул қилганимни эълон қилаётганимда, қатъий ишонардимки, қариндошлар, дўст-биродарлар мени йўлдан адашди, энди унга ҳеч қандай панду насиҳат фойда бермайди, деб ҳисоблашади.
Шунга қарамасдан, менинг эътиқодим аввалгидай собитдир. Эълоним халққа фойдали бўлиши билан бирга, халқ назаридаги обрўйимнинг кўтарилишига ҳам сабаб бўлди.
Мен қисқача қилиб Исломни қабул қилишимга сабаб бўлган воситаларни баён қилиб бердим. Яна бир бор таъкидлаб айтаманки, шу муборак одим туфайли мен аввалгидан кўра кўпроқ ҳақиқий насронийликка яқинлашдим. Бошқаларни ҳам ушбу йўлга чақираман: Ана шу ҳақиқий тўғри йўлдир. Ҳақиқий саодат эса, Ҳақни топишда!

«Биз нега мусулмон бўлдик» китобидан

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *