Сэр Абдуллоҳ Арчибалд Ҳамилтон

Lotin alifbosida

Ser Abdullah ArchibaldАсл исми Чарлз Эдвард Арчибалд Ҳамилтон бўлмиш Сер Абдуллоҳ 1876 йилнинг 10 декабрида туғилган. 1923 йил 23 декабрида Ислом динини қабул қилган. У Британиялик машҳур хонадонлардан бирига мансуб бўлиб, давлат хизматида баронлик даражасига кўтарилган. Британия ҳарбий хизматида маъмур вазифасида ишлаган. Кейинчалик селзи шаҳрида Адвокатлар палатасига раислик қилган.
Англаш, яхши-ёмонни фарқлай олиш ёшига етганимдан бошлаб Ислом гўзаллиги, софлиги ва соддалига билан мени ўзига жалб қилиб келади. Мен христиан муҳитида туғилганим, улғайганимга қарамай, черков фарз қилган, ишонган ақидаларга ишона олмасдим. Доимо ақлу-идрокни кўр-кўрона иймондан ортиқ кўрар эдим.

Вақт ўтиши билан Роббимни рози қиладиган равишда ҳаёт кечиришга ҳаракат қилдим. Лекин Рим черкови ҳам, инглиз черкови ҳам қалбдаги эҳтиёжни қондира олмади. Натижада қалбим даъватига ижобат этиб, Исломни қабул қилдим. Шу лаҳзадан бошлаб ўзимни том маънода инсон сифатида ҳис этмоқдаман.

Бирорта ҳам дин ё тузум жаҳолатни, табақалар орасидаги адоватни йўқотишда Исломга тенг келолмайди. Қанийди одамлар буни англасалар!
Бу динда кучлилар заифлар билан, бойлар камбағаллар билан ўзаро биродарлик муносабатидадирлар. Олам ҳозир уч табақага бўлинган:

1. Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан бойлик ато қилинганлар.
2. Ҳаёт кечириш учун ишлаётганлар.
3. Ўзларига иш топа олмаётганлар, бошқача қилиб айтганда, жамият четлаштирганлар. Бу четлатиш уларнинг айб ёки нуқсонлари сабабли эмас, балки уларнинг хоҳишларидан ташқари баъзи сабаблар туфайлидир.

Ислом ана шу уч табақанинг биродарлик ичида яшашини таъминлайди, бойларни камбағалларга ёрдам беришга чақиради.
Юқорида зикр қилинганларга қўшимча қилиб айтиш лозимки, Ислом инсонларнинг шахсий имконият, қобилият ва хусусиятларини эътиборга олиб, уларни ривожлантиришга ҳаракат қилади. Масалан, бой бир кишининг ери бор-у, лекин ўзи у ерни экмайди ва у ерга эҳтиёжи ҳам йўқ. Шундай ҳолларда бу шахсий мулк бўлган ер омма фойдасига ёки, бошқача қилиб айтганда, умумий манфаатлар йўлида ишлатилиши керак. Ислом таълимотига мувофиқ, ернинг масъулияти экувчи бир ишчи одам зиммасига тушади.
Ислом мусулмонларга қиморни, қиморга ўхшаш таваккалга, омадга қурилган амалларни, ароқ, судхўрлик каби ишларни ҳаром қилади. Чунки инсоният тотган балоларнинг деярли ҳаммаси шу нарсаларнинг касофати туфайли содир бўлган. Шу тариқа, Ислом соясида зўравонлар заифлар ва муҳтожларни эзиш воситаларидан маҳрум қилинди.

Биз мусулмонлар “жабария” ва «қадар»га (ҳар иккиси ҳам эътиқоддаги нотўғри йўналиш бўлиб, мажбурлик ва ихтиёрсизлик деган тушунчаларни ифодалайди) ишонмаймиз. Зеро, Исломдаги «қадар» тушунчаси, бошқалар иддао этганидек, амалда ҳеч иш қилмасдан ғойибдан омад кутиб ётавериш дегани эмас! Биз фақатгина Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло амаллар учун муқаррар қилиб қўйган ўзгармас ўлчовларга ва Аллоҳ томонидан ҳадя қилинган, ҳаёт мушкулотларига ёрдам берувчи қобилиятларимизга ишонамиз. Модомики иймон ҳаёт ҳақиқатлари тадбиқ қилинмас экан, ундай иймоннинг бизнинг назаримизда эътибори йўқ. Чунки у бизнинг мушкулотларимиз ечимини беролмайди. Биз бу дунёдаги ҳар бир амалимизга бўлган шахсий масъулиятимизни ва охиратдага ҳисоб беришимизни англаймиз. Ҳар бир киши ўз амалидан масъул бўлиб, биров бировнинг гуноҳини устига олмайди.
Ислом дини эътиқодига кўра, инсон Аллоҳ томонидан бенуқсон, мукаммал шаклда яратилгандир. Инсон, жинси хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ҳамма битта нафсдан яратилган ва ҳаммага тенг инсоний руҳ берилгандир. Аллоҳ таоло ҳамма бандаларига хоҳлаган йўлини танлаб олиши учун ақлий, руҳий имкониятларни тенг миқдорда ато этган.

Фикримча, бутун оламдага инсонларнинг ўзаро биродарликлари тўғрисидаги Ислом таълимотини қайтадан сўзлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат. Чунки бу динда саййид билан тобеъ, хўжайин билан хизматчи, бой билан камбағал орасида фарқ йўқ. Ҳаммалари инсонлик хусусида тенгдирлар.

Мен доимо мусулмон биродарларимда ростгўйлик, улуғлик аломатларини кўрардим. Уларнинг сўзларига, ваъдаларига доимо ишонардим. Улар менга нисбатан ҳамма вақт олижаноб муомалада бўлиб, ўз фазли карамларига кўмиб юборишди. Бирор кун ҳам улар томонидан бегонасираш ҳис қилганим йўқ. Бу ҳолатларнинг ҳаммасида улар мени ўзларининг биродарлари, инсоний шериклари деб билишди.

Сўзимнинг охирида таъкидлаб ўтмоқчиманки, Ислом ўз тобеъларига кундалик ҳаётларини умрлари давомида Ислом таълимотларига мувофиқ ўтказишларини талаб қилиб турган вақтда христианлик деб номланаётган дин ўз тобеъларига ғайри ақлий йўналишда назарий таълим бериб, амалий жиҳатдан эса, фақат якшанба кунлари Аллоҳга ибодат қилиб, ҳафтанинг қолган кунларида Аллоҳ таоло махлуқотларига зулм этишига йўл қўйиб бермоқда.

“Биз нега мусулмон бўлдик” китобидан

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *