Дилида ғарази борлар ҳамда АШЪАРИЙ ва МОТУРИДИЙлар

Lotin alifbosida

Ислом динининг биринчи асри ўтмасданоқ мусулмонлар бир қанча фирқа ва гуруҳларга бўлиниб кетганлиги айни ҳақиқатдир. Мазкур бўлиниш баъзида сиёсий жиҳатларга кўра юз берган бўлса-да, бироқ, унинг асосий сабаби эътиқодий масалалар эди. Эътиқодга тааллуқли масалалардан энг кўп тортишув ва келишмовчиликка сабаб бўладигани Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари борасидадир. Шунинг учун ҳам ақоид ва калом деб аталадиган ақидалар илми «илм ат-тавҳид ва-с-сифот» («Тавҳид ва сифатлар илми») деб ҳам номланади.

Аллоҳнинг зоти ва сифатлари баён этилган оят ва ҳадисларда айрим зот ва сифатлар зоҳирий маъносига кўра одамзотнинг ёки, аниқроғи, лафзда яралмишларнинг зот ва сифатларига ўхшаш тарзда зикр қилинган. Оят ва ҳадисларнинг тушуниш қийин бўлган, аниқ маъноси қоронғу, инсоннинг ақлини шоширадиган бу хилдаги иборалари «муташобеҳ» (бир-бирига ўхшайдиган ёки шубҳали) деб аталиб келади.

Саййид Шариф Журжоний раҳимаҳуллоҳ «ат-Таърифот» асарида «муташобеҳ»га бундай: هو ما خفى بنفس اللفظ و لا يرجى دركه اصلا – «Муташобеҳ лафзнинг ўзида яширин қолган, уни идрок қилишга асло умид ҳам қилинмайдиган нарсадир», дея таъриф берган эди (Саййид Шариф Журжоний. ат-Таърифот. – Истанбул, 1882. – Б. 134).

Муташобеҳларни тушунишдаги тортишув ва келишмовчилик барча замонларда бўлиб ўтган ва бир-бирига қарама-қарши кескин фикрлар ўртага ташланган. Афсуски, мусулмонлар уларни тушунишда турли тоифаларга ажралиб кетганлар. Айнан уларнинг аҳли суннат ва жамоатдан ажралиб кетишининг сабаби Қуръони каримда башорат қилинган, дейишимиз мумкин. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Оли Имрон” сурасининг аввалида бундай деган:

هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آَيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آَمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ

У Сизга Китобни (Қуръонни) нозил қилган зотдир. Унда шу Китобнинг «онаси» саналмиш (маъноси) аниқ оятлар ва (шу билан бирга) яна муташобиҳ (маъноси Ўзидан бошқага номаълум) оятлар ҳам бор. Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса, дейдилар: «Унга имон келтирдик. Ҳамма (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир». (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Оли Имрон, 7).

Мазкур ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло дилларида оғиш бор кимсалар айнан муташобеҳ оятларга эргашиб, одамларни фитнага солишни ва ўзларича талқин қилишни кўзлайдилар, ўзларича ботил таъвиллар қилиб, ушбу сифатлар ҳақида гапираверадилар.

Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда аҳли суннат ва жамоатдан оғишган, дилларида оғиш бор кимсалар мазкур муташобеҳ сифатлар мавзусини жуда кўп гапирадилар, жуда кўп ёзадилар ва гапирадилар. Интернет саҳифаларидаги мақолаларида, Facebook даги профилларига қўйилаётган постлар ва комментлардаги изоҳларини шу мавзуда қаторлаштириб ташлаганларини кўрасиз. Маърузаларида эса бот-бот ушбу мавзуни қўзғайверадилар. YouTube даги роликларида ҳам Аллоҳ таолонинг мазкур сифатлари борасида гапиришиб, аҳли суннат ва жамоатнинг асли-асоси бўлган ашъарий ва мотуридийларни ундан эмас, деб, асли ҳанафийликнинг буюк имомлари-ю, минг йиллик вакилларини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга қарши деб бўҳтон гапларни сўзлайверадилар. Хуллас, улар ўзларини оқлаш, одамларни алдаш, Қуръон маъноси билан айтганда “фитнага солиш” мақсадида ўз фикрларини аҳли суннат ва жамоат фикри деб берадилар, бошқаларни салафи солиҳларга эргашмасликда айблайдилар, ўзларидан бошқа ҳақиқий ҳанафийларни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва бошқа мужтаҳид зотларга хилоф қилганлар, деб таъна қиладилар. Уламоларнинг номларидан иборат узун рўйхат келтириб, “Мана, сенлар буларга қаршисан-ку!”, дея ўдағайланадилар. Ўзларини ҳадеб “Абу Ҳанифа мазҳабидаман!”, “Салафи солиҳларга эргашувчиман!”, деб таъкидлайверадилар, лекин аслида аҳли суннат ва жамоатдан айрилган тоифаларнинг “олим” ва “муҳаддис”ларининг ёнини олаверадилар. Уларнинг ниқобда эканлигини шундан ҳам билиб олса, бўлади. Айнан муташобеҳ сифатлар мавзусини кўтариб туриб, ашъарийлар ва мотуридийлар адашган, деб бақириб-чақираётганини ҳам эшитасиз. Ашъарийлар ва мотуридийларни аҳли суннат ва жамоатдан эмас, “Мана, биз аҳли суннат ва жамоатданмиз!”, деганларини кўп кўрасиз.

Аллоҳ таолонинг зот ва сифатларини яралмишларнинг зот ва сифатларига ўхшаш деб тасаввур қилувчи тоифалар ҳар замонда чиқиб турган. Ҳишом ибн ал-Ҳакам ва Ҳишом ибн Солим издошлари ҳишомийлар деб аталган бўлиб, улар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони жасади бор деб тасаввур қилганлар. Уни нурлари оламга таралиб турадиган қуёшдек; у ҳиди, рангги, таъми бор зот; у жонзотлар каби ўтириб-туради; у арш устида савлат тўкиб ўтиради, деганга ўхшаш гапларни айтадилар. Сўфийларнинг айрим жамоалари эса ҳулулийлар, вужудийлар, иттиҳодийлар, ботинийлар каби номлар билан аталган. Улар Аллоҳ таолони оловга ўхшатганлар; одамзотга сингиб кетади, деганлар; Аллоҳни бутун борлиқ таркибига, жумладан, ҳайвонлар вужудига бирлашиб кетади, дейдилар ва ҳоказо. Ҳозирги ниқобдагилар эса мана шу ўтмишдошлари каби Аллоҳни тўғридан тўғри жисмга ўхшатишдан қўрқсалар ҳам, лекин тарихда ўтган карромий деб аталган оқим каби чалғитув йўлини тутадилар. Ибн Карром томонидан ташкил қилинган бу фирқаи шум: “Аллоҳ жисм, лекин жисмлар каби эмас!”, деган фикрни оламга ёйди. Уларнинг ҳозирги давомчиларига қарасангиз ҳам, “Аллоҳ таолонинг қўли бор, лекин бошқа қўлларга ўхшамайди”, “Аллоҳ Аршнинг тепасида, лекин бировнинг тепага чиққанига ўхшамайди”, “Аллоҳ осмонда, лекин бошқаларнинг осмондалигига ўхшамайди”, “Аллоҳ осмондан тушиб келади, лекин, бошқаларнинг тушгани каби бўлмайди”, деганга ўхшаш гапларни жуда кўп гапирганини ва ёзганини кўрасиз. Уларнинг муҳкам – ҳукми, маъно-мазмуни аниқ оятлар борасида гапириш ва ёзишдан кўра ана шу одамларни фитнага соладиган мавзуларда кўпроқ қалам тебратишларига гувоҳ бўласиз. Фиқҳдан бирор масала айтиб, одамларни ҳақ йўлга бошламайдилар. Агар фиқҳдан гапирсалар ҳам, уни эътиқод мавзуси қилиб оладилар. Яъни, жиҳод қилиш керак, ҳижрат қилмоқ даркор, дея одамларни уруш майдонларига тортқилайдилар. Ёки “анови ишинг ширк, ширк бўлганда ҳам ширки акбар, манави ишинг эса айни куфр”, деб одамларни қўрқувга соладилар, холос. Уларнинг энг яхши кўрган гап-сўзлари ҳам шу: оят-ҳадисларда муташобеҳ мавзуси, эътиқодда ширк ва куфр, фиқҳда эса жиҳод ва ҳижрат. Бу мавзуларни кўпайтириб юборганларини ўзлари сезиб қолганда эса соқолни узун қўйиш, иштоннинг почасини шимариб юриш, намоз мавзуси қўзғалиб қолганда эса оминни жаҳрий айтиш, “рафъ ул-ядайн” ва таровеҳни неча ракъат ўқиш кабиларни қўзғаб қўйишади. Уларнинг яхши кўрган мавсумий мавзулари ҳам бор. Булар рамазон келганда Саудияга эргашиб рўза тутишни бошлашни вожиб санаш, мавлид ойида эса уни бидъат деб аташ, янги йил ёки наврўз келганда эса ҳаммани кофирга чиқариш билан машғул бўладилар… Фитналарни ўзлари бошлашиб қўйиб, одамларни ихтилофлар гирдобига ғарқ қилганларидан кейин уларнинг бу қилмишларидан огоҳлантираётганларни, уларнинг иши фақат фитнадан иборат эканлигини кўрсатиб бераётганларни эса “фитначи”, “ихтилоф қўзғовчи” дейишларига, нима дейсиз?! …

Дилида ғарази борлар аҳли суннат ва жамоат уламоларига қарши тура олмасликларини билиб, доимо панадан туриб иш қиладилар. Асил номларини халқдан яширадилар, гарчи кўплари устоз кўрмаган бўлса-да, бироқ бор устозларининг кимлигини ҳам рўйи рост айтмайдилар. Шунинг учун, бир қарасанг, уларнинг устозлари Мисрда юрган бўлса, бир пайт Туркияга ўтганини эшитиб қоласан. Саудиядаги раҳнамолари эса яна қаергадир бориб олган бўлади. Айримлари эса қаердан чиқаётганини ҳам яширадилар. Ўзининг туғилиб-ўсган юртини кофиристон деб туриб, асил кофирлардан паноҳ олганлари қанча?! “Асли исминг нима, кимсан ўзи? Нима иш қиласан? Динга нима хизмат қилиб қўйдинг? Қаерда ўқигансан? Диний таълимни қаерда олдинг ва неча йил ўқидинг? Устозинг ким? Устозинг ҳозир нима иш қилади, халқнинг, элу юртнинг фойдасига нима иш қилган ўзи?”, деган каби саволларга ҳеч қачон тўла жавоб ололмайсиз улардан.

Аҳли суннат ва жамоат уламолари дилида ғарази ва марази борлардан огоҳлантириб келганлар. Шунинг учун муташобеҳлар мавзусини кам бўлса-да гапиришга, халққа тушунтиришга, уларни фитналар домига гирифтор бўлиб қолмасликларига ҳаракат қилганлар. Умуман олганда, вайронкор ғояларни кўтариб юрганларга қарши уларнинг ўзлари кўп гапираётган мавзулари бўйича аҳли суннат ва жамоатнинг асил ғоя ва таълимотларини рўйи рост айтиш зарурати бор. Акс ҳолда, ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашилмас экан, тўла мақсадга эришиб бўлмайди. Дин уламолари орасида динни, шариатни, аҳли суннат ва жамоат таълимотини ёядиганлар бор ҳамда уни ҳимоя қиладиганлар бор…

Юқорида биз дилида ғарази ва марази борларнинг, аҳли суннат ва жамоатнинг ҳаққоний ва соф эътиқодидан оғишганларнинг энг асосий кўриниши борасидаги “Оли Имрон” сурасининг 7-ояти каримасини келтириб ўтдик. Унга кўра бу хилдаги кимсалар ҳақида: “Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар”, деб Қуръони карим эълон қилиб қўйган. Уларнинг мазкур оятда айтилган муташобеҳ сифатлар мавзусини жуда кўп гапиришлари, жуда кўп ёзишлари ва гапиришлари бугун ҳеч кимга сир эмас. Ўзлари муташобеҳ оятларга эргашиб туриб, бошқаларни айблаб, уларни тўғри тушунтиришга урунаётган тўғри таъвил қилиб, халқни ҳаққа эргаштираётганларга ҳадеб таъна қилишларини айтиб ўтиш даркор.  Муташобеҳ оятларни тўғри таъвил қилиб берувчи ашъарий ва мотуридийларни ёмонлаётганлар, аслида улар ўтган салафи солиҳинларга эргашаётганларини халқдан яширадилар. Гапни бошқа томонларга буриб, хато талқин қиладилар. Ҳолбуки, муташобеҳларни тўғри таъвил қилишда ашъарий ва мотуридийлар “Қуръон таржимони”, муфассирлар султони бўлмиш саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳуга айнан эргашганларини инкор қиладилар. Биз ўрганаётган мазкур ояти каримада: “ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур” деган жумласи бор. Бу жумладан кейин одатда гапга нуқта қўйилади, вақф қилинади. Унинг давоми эса “Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар” ибораси билан бошланган. Таъвилни жоиз дегувчи ашъарий ва мотуридийлар бу ерда “ва” боғловчиси қўйилган деган фикрни ҳам айтадилар. У ҳолда юқоридаги жумла: “ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳ ва илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)ларгина билур”, деган маънода бўлади. Бу фикрга келинганига сабаб, муфассирлар султони саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳунинг: أنا ممن يعلم تأويله – “Мен таъвилни биладиган илмдаги мустаҳкам – ҳаққоний олимларданман!”, деган гапларидир. Унинг бу гаплари қарийб барча тафсир китобларида ҳамда “Улум ал-Қуръон” мавзусидаги асарларда ўз аксини топган. Шунинг учун ҳам, Ибн Аббос разийаллоҳу анҳунинг ўзлари муташобеҳ оятларни таъвил қилиб кўсатиб кетганлар. Кейинги давр уламолари эса у зотга эргашганлар, холос. Дилида ғарази ва марази борлар бу ҳақиқатларни одамлардан яширадилар ва ўзларининг фитналарини давом қилдираверадилар. Салафи солиҳинларнинг ҳам айнан муташобеҳ оятларни таъвил қилганларини биз исботлаб бера оламиз. ИншаАллоҳ, бу бошқа мақолалар мавзуси бўлиб қолажак.

Дилида ғарази ва марази борлар билан муташобеҳ оятларни таъвил қилувчи ашъарий ва мотуридийларнинг орасидаги фарқ нима? Бунга жавобни қироат илмининг машҳур имоми Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ “ал-Эътисом” асарларида бериб ўтганлар: “Илмда мустаҳкам бўлган уламоларнинг ҳаққа эргашишда ўзларининг тўғри йўллари бор. Дилида оғиш ва ғарази борлар эса уларнинг йўлларидан бошқа йўлдадирлар. Биз мустаҳкам уламоларнинг йўлини тутишимиз учун уларнинг йўлларини ҳам баён қилиб берганимиздек, буларнинг тутган йўлларидан сақланиш учун ҳам уни баён қилиб беришга муҳтожмиз”. Ана шундан сўнг Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ дилида ғарази ва марази борларнинг йўлларини бирма-бир зикр қилганлар. Шу ерда уларнинг йўлларидан бирини:

و منها إنحرافهم عن الأصول الواضحة الى إتباع المتشابهات التى للعقول فيها مواقف

“Шулардан баъзиси, уларнинг муташобеҳларга эргашувда ақлларга мувофиқ келувчи очиқ-равшан усуллардан юз ўгиришларидир”, деб тушунтирадилар. Шундан сўнг насронийларнинг ақидаларига ўхшаш ғайриисломий ақидаларни зикр қилиб, бунга зоҳирийларнинг эътиқодларини мисол келтирадилар:

و مثاله فى ملة الإسلام مذهب الظاهرية فى إثبات الجوارح للربّ المنزه عن النقائص من العين و اليد و الرجل و الوجه و المحسوسات و الجهة و غير ذلك من الثابت للمحدثات

“Унинг ислом миллатидаги мисоли нуқсонлардан пок Парвардигор учун аъзоларни исботлашда зоҳирийлар мазҳабидир. Улар “айн” (“кўз”), “яд” (“қўл”), “рижл” (“оёқ”), “важҳ” (“юз”) кабилар, ҳис-туйғулар, жиҳат-томон ва бошқа пайдо бўлганларда собит бўладиган сифатлардир” (Имом аш-Шотибий. ал-Эътисом. 1-жилд / Таҳқиқ: Аҳмад Абдушшофий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1988. – Б. 173-174).

Бу ерда Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ барча айбу нуқсонлар ва яралмишларнинг сифатларидан пок Парвардигори оламга нисбатан “айн” (“кўз”), “яд” (“қўл”), “рижл” (“оёқ”), “важҳ” (“юз”) каби  сифатларни собит дегувчи, Аллоҳ таолога нисбатан макон ва томон бор деб даъво қилувчи зоҳирийларни дилида оғиш, ғараз ва мараз бор тоифа сифатида баён қилиб берганлар. Ҳозирги даврдаги янги зоҳирийлар эса ваҳҳобийлар бўлиб, улар ўзларини салафий деб атадилар. Кейин эса уларнинг кирдикорлари ва бузуқ ақидалари ошкор бўлиб қолгандан сўнг ўзларини эътиқодда зоҳирий деб туриб, бирор бир фиқҳий мазҳабга, жумладан, ҳанафий қилиб кўрсатишни бошладилар. Марказий Осиё халқлари аввалдан ҳанафий мазҳабига мансуб бўлганлари сабабли дилида ғарази ва марази борлар ҳам ўзларини ҳанафий қилиб кўрсатиб, “Мен ҳанафийман!” деб туриб, минг йиллик асил ҳанафийларнинг эътиқодини бузуқликда айблашни бошладилар.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло дилларида ғарази ва марази борларга инсофу тавфиқ берсин. Уларнинг фитналари ва ихтилофларидан халқимизни Ўзи асрасин. Аҳли суннат ва жамоат таълимотидаги уламолар ва домлаларимизни Парвардигори олам ўз паноҳида асрасин! Бизни аҳли суннат ва жамоатнинг икки қанотини ташкил қилувчи ашъарий ва мотуридийларга содиқ қолишга, уларнинг йўлларидан оғишмасдан боришимизга тавфиқ берсин! Аллоҳ таоло соф ақидалардан ва тўғри таълимотлардан Ўзи адаштирмасин! Омин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *