Куч-қувват бўлмаса, жиҳод фарз эмас!

Lotin alifbosida

Kuch quvvat yuqligida

Жиҳод фарз бўлиши учун мусулмонларда шон-шавкат ва куч-қудрат бўлмоғи шартдир. Бу жиҳоднинг биринчи шартидир. Акс ҳолда, мусулмонларга жиҳод фарз бўлмайди. Буюк ҳанафий олими, “Умдат ар-риоя”, “Музилат ад-дироя”, “ал-Фавоид ал-баҳия”, “ан-Нофеъ ал-кабир” сингари юздан ортиқ асарлар муаллифи, фақиҳ, муҳаддис Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Мажмуъат ал-фатово” асарларида бу ҳақида фатво берганлар. Савол эса бундай:

Савол:

Дин уламолари ушбу масала тўғрисида нима дейдилар? Ҳар қачон ислом аҳли кофирлар салтанатида омонда яшасалар, кофирлар ислом дини ишларида уларга бирорта халал етказмасалар, ислом аҳлида жиҳодга ва қарши туришга қудрат етишмаса, бизнинг замонамизда Ҳиндистондаги каби бўлса, жиҳод фарз бўладими?

Албатта мусулмонлар қаерда яшамасинлар, ислом динининг устуни бўлмиш бешта арконни адо қиладиган бўлсалар, имон келтириш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ва ҳажга боришни адо қилаётган бўлсалар, жонлари ва молларига тажовуз қилинмаса, жиҳод қилишга ҳам қудратлари етмаса, кофирлар устидан мутлақ ғалаба қозонишга тайёргарлик бўлмаса, унда ҳам жиҳод фарз бўлаверадими?

Албатта, жиҳод исломнинг бош мақсади эмас. У бир буюк мақсадга бўлган воситадир. Шунинг учун ҳам, жиҳоднинг шарт-шароити мавжуд. Абдулҳай ал-Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳи ана шу шарт-шароит ҳақида бундай ёзадилар:

Жавоб:

Жиҳод “эълойи калиматуллоҳ” (“Аллоҳнинг калимасини олий қилиш”) учун, исломни азиз қилиш учун, куфр қоидалари ва расм-русумларини маҳв қилиш учун муқаррар қилинган. Динни ҳақорат қилиш учун эмас, исломни ва мусулмонларни хор қилиш учун эмас. Шунга биноан, фақиҳлар жиҳоднинг фарз бўлиши учун бир қанча шартларни ёзганлар”.

Демак, жиҳод қиламан деб қилинган ҳаракат ортида дин ҳақорат қилинадиган бўлса, ислом ва мусулмонлар хор-зор бўлсалар, у ҳолда у ҳаққоний жиҳод бўлмайди! ИШИД ёки толибон кабиларнинг ҳатти-ҳаракатлари натижасида ислом ёмонотлиқ бўлди, мусулмонлар ёмонотлиқ қилинди, мўъмин-мусулмонлар азиз ватанларида хор-зор бўлдилар, ўз юртларини ташлаб кофирлар мутлақ ҳукмрон бўлган юртларга кўчиб, аниқроғи қочиб кетишга мажбур бўлдилар. Аниқки, ИШИД ёки толибон кабиларнинг қилмишлари жиҳод эмас!

Шунинг учун, Абдулҳай ал-Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳи фақат хоҳиш-истак билангина жиҳод фарз бўлиб қолмаслигини таъкидлайдилар:

“Уларнинг энг биринчиси шуки, омонлик ва муҳофаза қилинган жой бўлсин. То кофирларнинг ёмонлигидан нажот ҳосил бўлсин. Ҳожат вақтида корга ярайдиган бўлсин. Агар ислом аҳлига кофирлар устидан ғалаба қилиш хоҳиш-истаги аниқ ғолиб бўлса ҳам ЖИҲОД ФАРЗ ЭМАС!”.

Жиҳод фарз бўлиши учун шартлар топилмоғи лозим. Шарт йўқ экан, жиҳод ҳам фарз бўлмайди. Бу ҳақида Абдулҳай ал-Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳи бир қанча иқтибослар келтирганлар:

“Жомеъ ар-румуз”да ёзилган: “Урушга, жанг қуролларига, озуқага ва бошқа шунга ўхшашларга қудрат (қодирлик) бўлиши шарти билангина жиҳод фарзи айн бўлади”.

Яъни, мусулмонлар урушга қодир бўлсинлар, жанг қуролларини ўзлари ясаб, ишлаб чиқарсинлар, етарли озуқага қодир бўлсинлар. Акс ҳолда, жиҳод фарз бўлмайди. Куч-қудрат, шон-шавкат мусулмонларда бўлсин. Битта ўқ ҳам ясай олмайдиган, замонавий қурол-аслаҳа қилишни билмайдиган, исломнинг буюк дин эканини ўзларининг одоб-ахлоқи ва ҳатти-ҳаракатлари ила исботламаган одамларга уруш ҳалол бўлмайди. Шунинг учун, дунёвий илмларни мукаммал эгалламоқ, замонавий технологиядан мутлақ хабардор бўлмоқ фарз ҳисобланади. Зотан, илм ҳам жиҳоддир! Кофирлардан қурол сотиб олиб, улар билан курашиб бўлмайди. “Фатовойи оламгирия”да шундай дейилган экан:

“Фатовойи оламгирия”да айтилади: “Иккинчидан, ислом аҳли учун қувват ва шавкат умиди бўлмоғи керак. Агар мусулмонларда урушда шавкат бўлмайдиган бўлса, уруш ҳалол бўлмайди. Чунки, бунда ўзини-ўзи ҳалокатга ташлаш мавжуд”.

“ад-Дурр ал-мухтор”да ҳам кофирлар билан курашишга қодир қурол-аслаҳа бўлмоғи лозимлиги айтилган. Акс ҳолда, жиҳод фарз бўлмайди:

“ад-Дурр ал-мухтор”да айтилган: “Жиҳоднинг вожиб бўлишига шарт шуки, қурол-аслаҳаларга қодир бўлсинлар, йўл омонлиги бўлмаса ҳам”.

“ар-Радд ал-муҳтор”да “вожиб бўлишига шарт” жумласи изоҳида айтилади: “Яъни, урушишга қодир бўлсин. Бу эса озуқа ва уловга қодир бўлиш билангина бўлиши мумкин”. Чунончи, “Қозийхон” ва бошқа асарларда келтирилган. “Қўҳистоний”да ҳам бу мавжуд.

Шарт-шароит топилмагани учун жиҳод фарз бўлмайдиган бўлса, мусулмонлар жиҳод қилмай ўтаверадиларми? Жиҳод эса қиёматгача бўладиган амал-ку. Бунга жавобан, Абдулҳай ал-Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳи буюк бобокалонимиз Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ҳидоя”сига энг машҳур шарҳ ҳисобланадиган “Фатҳ ал-қадир”даги фикрни айтадилар. Унга кўра, ватанни асраб, чегарада турмоқ, душман хуружидан сақлаб қўриқчилик қилмоқ – чегарачилик иши жиҳоднинг ўзгинаси экан:

“Фатҳ ал-қадир”да бундай дейилган: “Жиҳоднинг жумласидан бири чегарадаги қўриқчиликдир. У душман ҳужумини даф қилиш мақсадида пойлаб туриладиган жойда турмоқдир. Қўриқчилик аниқ бўлмоғи учун олимлар ҳар хил фикрларни ўртага ташлаганлар. Чунки, ҳар бир маконда турмоқ қўриқчилик бўлавермайди. “ан-Навозил”да келганки, нарёғида ислом юрти қолмаган жойда қўриқлаш керак. Чунки, мусулмонлар ўз юртларидаги қўриқчилик қилишдан ҳақиқий қўриқчи бўлиб қолмайдилар. Бироқ, айрим уламолар айтганларки, душман бир марта бостириб келган юрт чегарасидаги қўриқчилик қирқ йилгача (жиҳодга тобеъ) ҳақиқий қўриқчилик бўлиб қолаверади. Агар душманлар томонидан икки марта ҳужум қилинган бўлса, ўша юртда бир юз йигирма йилгача қўриқчилик қилмоқ лозим. Агар бирор юртга уч марта душман ҳужум қилган бўлса, ўша юртни қиёматгача душмандан сақлаб қўриқчилик қилмоқ лозим бўлади. …

Чегарачилик иши шарафли ишдир! Мусулмонлар яшаётган юртни қўриқлаш, ватанни асраш жиҳод билан тенглаштирилган.

Абдулҳай ал-Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳи жиҳоднинг биринчи шарти ҳақида сўз юритар экан, ана шу илк шартнинг топилмаганлигининг ўзиданоқ бугунги кунда жиҳод фарз эмаслигини қайд қиладилар. Ушбу фикрни таъкидлаб, бундай деганлар:

ШАК-ШУБҲА ЙЎҚКИ, ИСЛОМ АҲЛИДА УРУШИШГА, ОЗУҚА ВА УЛОВЛАРГА ҲАМДА БОШҚА НАРСАЛАРГА КУЧ-ҚУДРАТ ЕТИШМАЙДИГАН БЎЛСА, УЛАРГА ЖИҲОД ФАРЗ ЭМАС!”

(Абдулҳай ал-Лакнавий. Мажмуа-и фатово. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1907. – Б. 33-34).

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *