Мен ҚУРЪОН туфайли омон қолганман

Lotin alifbosida

Men Quron tufayli omon qoldimВоқеани бошдан кечирган инсоннинг ўз оғзидан эшитсангиз ўзгача таъсирли бўларкан. Камина, ушбу ҳикояни тинглар эканман беихтиёр кўзларимга ёш қалқиди. Илоҳий китобимиз—Қуръонга янада муҳаббатим ортиб, гўёки Каломуллоҳга бўлган иймоним нури зиёдалашгандек ҳис қилдим ўзимни. Уни бошқаларга ҳам илиниб ҳикоя қаҳрамонидан илтимос ила воқеани қайта сўзлаб беришини сўрадим ва мобил диктафонга ёзиб олгач, қоғозга туширдим. Воқеа қаҳрамони шундай ҳикоя қилади:

Ўз даврида Андижон аҳлига Қуръондан устозлик қилган Абдулбоқи қори дада Қашқардан чиққан илк даврлари оиласи билан бизга яқин қишлоққа келиб жойлашган экан. Ўрнашиб олгач, ўзи каби аҳли илмлар билан яқин бўлиш истагида атрофдан қори-муллолар, аҳли илмлар бор-йўқлигини суриштириб бизнинг қиблагоҳимиз билан танишган эканлар. Қиблагоҳимизнинг илмий савиялари юқори бўлмасада парҳезгор, тақволи солиҳ инсон бўлиб қишлоқда “рўзадор домланинг ўғли” деб танилган эди. (Бунинг сабаби бобомиз кўпинча рўзаоғиз юришлари бўлган). Дадамизнинг исмлари Абдулмалик эди. Қуръонни тўлиқ ёд олмаган-у лекин ниҳоятда хушовоз бўлиб Қуръонни ёқимли товушда тиловат қилардилар.

Абдулбоқи қори дада қиблагоҳимизнинг тиловатларини тинглаб, кўп таҳсин айтган ва бироз камчиликлари борлигини ҳам орада қистириб ўтиб, хўп десалар тажвид қоидаларига мувофиқ тиловат қилишларига кўмаклашишини айтган эканлар. Шу тариқа Абдулбоқи қори дада қиблагоҳимизга Қуръондан устозлик қилганлар. Асака, Олтинкўл туманларидаги айрим масжидларда қиблагоҳимиз имом-хатиблик ҳам қилган эдилар.

Камина эса Қуръон ўқишни қиблагоҳимдан ўрганганман. Оилада тўққиз фарзанд бўлиб каттаси мен бўлганим учунми, билмадим? Уй ишларига кўпинча мен мутасадди бўлардим. Шу туфайли Қуръонни тўлиқ ёд олишга эриша олмадим, бироқ мендан кейинги укам ҳофизи қуръон бўлган эди. Умри қисқа экан, Аллоҳ раҳмати йигитлик даврида қазо қилиб кетди.

Хуллас, саксонинчи йилларнинг баҳор ойи. Собиқ иттифоқ тузуми. Москвадан келган буйруққа биноан ҳарбий хизматга чақирилдим. Аввалда бизни Тошкентда сержант тайёрловчи қисмга жойлаштирдилар. У ерда бизни ҳам сержантлик, ҳам ҳарбий алоқачилик курсида ўқита бошлашди. Командирларимиз “ким яхши ўқиса ўз уйига яқин қисмларга юборамиз. Ўша ерда хизмат қилади”, деб рағбатлантирарди. Бундан хурсанд бўлиб, астойдил уқув билан ҳам назарий ҳам амалий жиҳатдан фаоллик ила ўқидим. Имтиҳонларни олий баҳоларга топширдим. Боя айтганимдек, бу 80-йилнинг баҳори бўлиб, ундан бир йил олдин Афғонистонда “афғон уруши” бошлангани ҳақида батафсил бўлмасада оз-моз эшитиб хабардор бўлгандим. Шундай бўлсада, у ердаги ҳолат ҳақида деярли бир тасаввурим йўқ эди.

Бир кун тунда ҳарбий буйруқ бўлди-ю ҳаммамизни ухлаб ётган жойимиздан уйғотиб, тезда сафарга тайёрланишга буйруқ берилди. Ҳаммамиз тезда кийиндик ва самалётга чиқдик. Қаерга учишимизни бирортамизга айтишмади ҳам. Манзилга қўнгач, атрофни кузатиб айрим солдатлар: “афғонга кепмиз, афғонга кепмиз”—деб шивир-шивир қила бошлашди. Ваҳима кўтарилди. Дарҳақиқат, теварак атрофга боққан киши у ердаги бетартиблик, хароба ва вайроналарни кўриб, уруш майдони эканини фаҳмлаши қийин эмасди. Ўқув курсида алоқачилик бўйича ўқиганимиз учун бизни тўғри алоқачилар баталёнига олиб боришди. Тушган еримизда ҳаловат йўқ, тун ярми бўлишига қарамасдан атрофдан тинмай визиллаган ўқ овозлари, гумбур-гумбурлар эшитилиб турарди.

Орадан тўрт кунча вақт ўтди. Шароитга кўникиб ҳам қолдик. Ўқ овозларига парво қилмайдиган бўлиб кетдик. Янги борган вақтимиз 7-8 ойгача асосий уруш ҳудудларга олиб киришмади. Тайёргарлик босқичидан ўтиб бўлганимиздан кейин аста-аста уруш ўчоқларига олиб кира бошладилар. Афғон қишлоқларини яхши билмасдик. Қайси кўча қаерга олиб боради, қаердан тугаб қаердан бошланади? — буларни асло билмасдик. Шу туфайли ҳарбий сафарга чиққанимизда биз билан Афғон ҳукуматининг солдатлари ҳамроҳ бўлиб буйруқ қилинган ерларга бошлаб боришарди. Улар намоз вақтида ҳар қандай вазият бўлишидан қатъий назар тўхтаб намозни адо қилишарди. Бизникилар эса уларни кутиб турардик.

Афғон солдатлари бизни совет иттифоқида бирлашганимиз учун мусулмон ҳисоблашмас ва сенлар“шўровийлар”сан дейишарди. Намоздан кейин кўпинча улар билан суҳбатимиз шу мавзуда бўларди. Биз уларга: “биз ҳам худди сенлардек мусулмонмиз, ота-боболаримиз ҳам исломда бўлишган, фақат хозирги даврда мажбурият юзасида қурол кўтариб келдик. Ўзимизга қолса юртларингга келиб уруш қилишни истамасдик”, деб ўзимизни оқлардик.

Шу тарзда бир кун бир афғоний аскар билан суҳбатлашиб қолдим. У исмимни сўради. Унга “исмим Абдулбосит”—дедим. У ҳайрон бўлиб менга бир разм солди. Унинг исми Довуд экан. Довуд афғон ҳукуматига шартнома асосида ишларкан. Ўша вақтларда Афғонистонда на деҳқончилик, на бошқа саноат билан тирикчилик ўтказиш қийин эди. Шундан уларнинг аксар эркаклари ҳукуматнинг таклифи билан ҳарбий бўлиб ишлаб оила боқишаркан.

Довуд мендан: сен мусулмон бўлсанг намоз ўқишни биласанми?—деб сўради. Унга намоз ўқишни билишимни, ота-онам аҳли илмлардан экани, менга Қуръон ўқишни ўргатганларигача айтиб бердим ва Қуръондан бироз тиловат ҳам қилиб бердим. Суҳбатимизга қулоқ солиб ўтирган бошқа афғон солдатлари менга таажжубланиб қараб қўйишди. Ўшандан кейин улардан бири ички чўнтагидан кичик бир китобча олиб менга совға қилди. У Ёсин сураси ёзилган кичиккина китобча экан. Уни кўйлагим ичидан юрагимни тепасига тақиб олишимни айтишди ва бу биздан сенга совға бўлсин, дейишди.

Шу-шу мен Довуд билан яқин дўст бўлиб қолдим. Уни кўзидан сал нари бўлсам, ҳавотир олиб дарҳол мени истаб қоларди. Баъзи-баъзида суҳбатимиз яна диний мавзуга кўчар, у мендан исмимни ким қўйгани, Қуръонни ким ўргатгани, юртимиз аҳолисининг дини ва ҳоказо шунга ўхшаш нарсаларни қизиқиб сўрарди. Мен эса халқимиз қадимдан мусулмон бўлиб келгани, бизни юртдан Ислом илмларининг деярли ҳамма соҳасида етук алломалар етишиб чиққани ҳақида унга сўзлаб берардим. Фақат кейинги даврларда тақдир тақозоси билан совет иттифоқига қўшилиб қолиб, ғайри мусулмон ҳукуматга қарам бўлиб қолганимизни ва мажбурият юзасидан уларга хизмат қилишимизни айтардим. Шу билан унинг тасаввурида бизга нисбатан, умуман ўрта осиёликларга нисбатан илиқлик пайдо бўлди.

Афғонга бориб тахминан бир йилча хизмат қилганимизда юқоридан бизнинг бригада яъни алоқачилар бригадасига алоҳида буйруқ бўлиб, турган еримиздан бир кунлик йўл масофасича узоқроққа кўчиб бордик. Борган еримиз чекка қишлоқ бўлиб у ерда жангарилар жуда кўпайган экан. Хуллас, икки рота бўлиб қишлоққа ҳарбий ҳолатда кирдик, олдинда бир гуруҳ, бизнинг рота орқада эди. Йўлимиз бир боғ орқали эди. Боғнинг ичида жангарилар пистирмаси бўлиб, биздан олдингилар ўтиб олишди-ю биз пистирмага дуч келиб душман қуршовида қолиб кетдик. Гуруҳимизда 80 дан ортиқ солдат, орамизда афғон ҳукуматининг солдатлари ҳам бор эди. Боғдаги дарахтлар қалин, душманни қаердан ўқ отаётганини кўриш имконсиз. Ҳаммамиз ерга ётган, олдинги силжиш у ёқда ҳатто бош кўтаришнинг ҳам иложи йўқ. Атрофдан визиллиб ўқлар учиб турарди. Жангарилар қуролларни топшириб таслим бўлишга даъват қилишар акс ҳолда ҳаммамизни қириб ташлашларини айтарди. Командиримиз уларга қулоқ солмаймиз, юқоридан нима буйруқ бўлса шуни бажарамиз—деб қатъий тайинлади. Шу билан  бирортамиз ҳам таслим бўлмадик. Панада яширинган еримизда фақат кутиб ётардик.

Алоқа рацияси менда эди. Тинмай алоқада бўлганимиз туфайли рациянинг заряди озайиб, борган сари овоз паст эшитила бошлади. Узоқ юрганимиз учун захира аккумлятори ҳам тамом бўлган эди. Ҳолатни бошлиққа тушунтириб, бирон чорасини топмасак алоқа узилиб қолишини айтдим. Биздан олдиндаги қишлоқда десантчи гуруҳ бўлиб уларда қўшимча аккумлятор бор экан. Борликка бор-у, бироқ учрашиш имкони уларда ҳам бизда ҳам йўқ эди. Чунки атроф тўла душман, қуршовдамиз ўриндан туриш имконсиз эди. Лекин алоқа узилиб қолишини ҳам оқибати ёмон эди. Шунда десантчилар алоқачиси чап тараф билан, дарахтзор ёқалаб борсак душмандан омон ўтиш мумкинлигини айтди. Командиримиз менга: “Абдулбосит сенга иккита бола қўшиб бераман, улар сени паналаб боришади. Қўшни қишлоққа ўтиб аккумляторни алмаштириб қайтасизлар”—деди. Харитага қараб йўлни аниқлаб олдик. Шерикларимдан бири ўрнидан туриб нариги тарафга ўтиб олди. Навбатда мен юришим керак. Ўрнимдан туриб уч тўрт қадам босганимда бирдан кўз олдим қоронғулашиб, ҳеч нарсани кўрмай қолдим ва ерга йиқилдим. Ҳушимни йўқотибман. Орадан қанча вақт ўтганини аниқ билмадим. Ўзимга келиб кўзимни очсам, мени Довуд кўтариб кетаётган эди. Уст бошим, ҳатто чўнтагимдаги ҳарбий гувоҳномамгача жиққа қон бўлиб кетибди. Мен яна ҳушимни йўқотдим. Йўлда учраган биринчи машинада мени афғон ҳукуматига қарашли шифохонага олиб борибди.

Одатда совет иттифоқи солдатларидан яраланганларни афғон ҳукумати шифохонасига олиб борилмас, бизни ўз шифокорларимиз бўлиб биринчи ёрдамни улар кўрсатишарди. Жиддийроқ жароҳатланганларни эса Тошкентга юбориларди. Шифокорларимизда ҳам етарли шароит мавжуд бўлмагани туфайли бизни кўп солдатларимиз биринчи ёрдамга муҳтож бўлиб аксар ҳолда ўлиб кетишарди. Биринчи ёрдам олганларидан аксари ҳам юртимиз госпталларига саломат етиб келишмас эди. Шу учун Довуд мени ўзларининг шифохонасига олиб борган экан.

Афғон ҳукумати шифокорлари ҳам, худди солдатлари каби бизни шўровий деб ёвқарашда эди. Аввалда мени қабул қилишмаган аммо дўстим Довуд уларга “бу шўровий эмас, мусулмон бола. Уни яхши биламан Қуръон ўқишни ҳам билади, Қуръонга муҳаббати бор йигит”, деб уларга тушунтиргач, мени шифохонага қабул қилишиб биринчи ёрдам кўрсатишибди.

Шифохонада ўзимга келиб кўзимни очсам, атрофимда афғон шифокорлари юришибди. Нималардир дейишяпти гапларини тушунмадим. Шунда биттаси менга салом берди. Мен “ва алайкум ассалом” деб алик олдим. У мусулмонмисан деб сўради. Мен “алҳамдулиллаҳ мусулмонман” дедим. Кейин у: қаердансан деди. Мен Ўзбекистонданлигимни, мусулмон халқидан эканимни айтдим. У: сен мусулмон эмас шўровийсан деб мени гапимни рад қилди. Шунда орага Довуд аралашиб шифокорга: у яхшироқ ўзига келсин сенга Қуръон ўқиб беради, деди. Баданим зирқираб оғрирди. Жароҳатим оғир. Орқа бўйнимдан яраланганман. Шундай бўлсада аранг ўтириб шифохонада баланд овоз билан Қуръон ўқий бошладим. Тиловатимни тинглаб бўлишгач. Шифокорлар мендан исмимни сўрашди. Уларга: исмим Абдулбосит дедим. Шундан кейин менга шифокорлар тезда жойингга ёт дейишди. Жойимга ётганимдан кейин менга қайтадан муолажа бошлашди. Уст бошимни ҳам тезда тоза кийимларга алмаштиришиб жароҳатимга қайтадан дорилар қўйишди. Ҳолатим анча яхшиланди. Ўша куни кечроқ ўзимизнинг полкимизга хабар қилишди-ки бир солдатларинг бизнинг касалхонага тушиб қолди, биринчи ёрдамни кўрсатдик энди олиб кетинглар, деб.

 Полкимиздан мени олиб кетишга бир офицер келди. У ҳайрон: нима учун сенга афғон шифокорлари ёрдам кўрсатишди? Мен салкам уч йилдан бери бу ерда урушда юрган бўлсам, ҳали бирорта ярадор солдатимизни улар қабул қилишганини эшитмадим. Сени нега қабул қилиб ёрдам кўрсатишди…? — деб мени тергай бошлади. Мен воқеани борича айтиб бердим. Довуд билан дўстлигимни, мени ўша уларга олиб боргани, қабул қилишмаганда уларга менинг мусулмон эканимни айтиб илтимос қилганини, Қуръон ўқитиб кўришгачгина менга астойдил қарашганини ҳам тушунтирдим. Офицер эса менга ишонмай сотқин, деб шубҳаланарди. Кейин: сен ростдан Қуръон ўқишни биласанми?—деб сўради. Мен ҳа биламан дедим. У қиёфасидан худди кавказ халқи одамларига ўхшарди-ю аммо қаерлик эканини аниқ билолмадим. Шундан кейин мени у афғон госпиталидан тўғри ўзимизнинг санчасга олиб келди.

Санчасга келиб тушганимнинг эртаси куни мени олдимга яна ўша офицер кириб тергов қила бошлади. Қаерда бўлдинг, нима ишлар бўлди, қандай қилиб афғонлар госпиталига тушиб қолдинг ва ҳоказо ҳаммасини ипидан игнасигача суриштира бошлади. Мен ҳам пистирмага тушиб қолганимиздан тортиб то ўша офицер билан учрашгунимизгача бўлган воқеани ҳаммасини сўзлаб бердим. Ўша пистирмада 80 дан ортиқ ҳамма шерикларим ҳатто командиримиз ҳам ҳалок бўлган экан. Менга эса қишлоқ уйларининг пахса деворига тегиб қайтган снайпер ўқи келиб теккан экан. Буни кейинроқ билдим. Бутун ротада ҳамма ўлиб фақат мен тирик қолганимдан уларда шубҳа пайдо бўлган экан. Мен бор гапни унга айтиб бердим. Суҳбат охирида ўша кавказликка ўхшаган офицер ҳам: “Қуръон ўқишни билсанг менга ҳам бир ўқиб бергинчи?”—деди. Унгаям чиройли товушда Қуръон тиловат қилиб бердим. У мени юзимга тикилиб: бу ўқишни қаерда ўргангансан?—Деди. Мен отамдан ўрганганимни айтдим. У барибир менга ишонқирамай: “сени отиш керак, эртага сени отамиз”, деди. Мен буёғи Аллоҳдан, сотқин эмасман, дедим. Айтганидек мени эртаси куни отмоқчи бўлиб бир кенг майдонга олиб чиқди ва сотқинлигингни айтсанг отмаймиз тўғрисини айт, дейишди. Мен бор гапни айтдим, сотқин эмасман дедим. Шунда у: сен Қуръон ўқиб берган вақтингдаёқ рост сўзлаганингни билгандим, тайёрлан Тошкентга госпиталга кетасан деди.

Алҳамдулиллаҳ, Тошкентга келдим госпиталда жарроҳлик муолажасидан ўтдим. Шифокорларимиз орқа бўйним ичида қолиб кетган снайпер ўқини олишди. Ўша ўқни, шунингдек афғон солдатлари совға қилган Ёсин сураси ёзилган китобчани ҳам хозиргача сақлаб қўйганман.

Мен бошимдан ўтган бу воқеаларни мушоҳада қилар эканман шундай хулоса қиламанки, мени Аллоҳ Қуръон туфайли икки ўлимдан сақлаб қолган экан: Қуръон туфайли афғон шифокорларидан биринчи тиббий ёрдам олиб тирик қолдим; Қуръон туфайли совет офицерининг қўлидан омон чиқдим. Акс ҳолда икки ҳолатда ҳам ўлимим муқаррар эди. Ҳатто мени бошқа шерикларим қатори ўлганлар рўйҳатига қўшиб Москвага ахборот бериб юборишган ҳам экан.

Асакалик Абдулбосит ҳожи аканинг ҳикояси асосида

Ҳикматуллоҳ Иброҳим тайёрлади.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *