Аллоҳ Аршда ўтирадими?!

Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

alloh-arshda-otiradimi

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло яратилган нарсалардан бирортасига ўхшамайди! Яратилиши мумкин бўлган нарсалар Аллоҳ таолога ўхшамайди! Аллоҳ таолонинг зоти ўхшамаганидан кейин, унинг сифатлари ҳам яратилган яралмишларнинг бирорта сифатларига ўхшамайди! Мана шу аҳли суннат ва жамоатнинг энг соф ақидасидир! Бу борада аҳли суннат ва жамоатнинг икки йирик йўналишидаги ашъарий ва мотуридий мутакаллимлари бир хил фикрдадирлар. Бизнинг халқимиз ҳам барча соғлом ақидали мўъмин-мусулмонлар каби ана шу ақидада устувордирлар.

Маълумки, яратилган махлуқотлар, одамлар ҳамда бошқа жонли ва жонсиз нарсаларнинг сифатларидан айримлари бир жойдан бошқа жойга ўтиш, кўчиш, ўтириб-туриш, маконга эга бўлишдир. Буюк Аллоҳ таоло ана шу сифатлардан пок ва муназзаҳдир! Фаришталар осмонда бўладилар, Аллоҳ осмонда эмас! Аллоҳ макондан холи, маконга муҳтож эмас! Аллоҳ Аршда ҳам эмас, Арш-Курсийга ўтирувчи ҳам эмас!

Бу ақидага Қуръони каримдаги муҳкам ҳисобланадиган ояти карима сабаб бўлган: ليس كمثله شئ و هو السميع البصير  – “Лайса ка-мислиҳи шайъун, ва ҳува-с-самиъ ул-басир!” (“Унга (Аллоҳга) ҳеч нарса ўхшаш эмас, у ғоят эшитувчи, ўта кўрувчидир!” (Шўро сураси, 11-оят).

Ана шунинг учун аҳли суннат ва жамоат эътиқодига мансуб ақидавий манбаларнинг ҳаммасида “Аллоҳ таолонинг бир жойдан бошқа жойга ўтиши, кўчиши, ўтириб-туриши, маконга эга бўлиши мумкин эмас, у бу хилдаги сифатлардан покдир”, дея қайд қилинган.

Жумладан, буюк имомимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Фиқҳ ал-акбар” номли асарлари аввалидаёқ бундай қоидани айтиб ўтганлар:

لا يشبه شيئا من الاشياء من خلقه و لا يشبهه شئ من خلقه

“Аллоҳ ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамас, яратганларидан бирор нарса ҳам Унга ўхшамас”. (Абу Ҳанифа. Ал-Фиқҳ ал-акбар // Ақоид матнлари. – Тошкент, 2006. – Б. 21).

“Аллоҳ таоло яралмишлардан ҳеч нарсага ўхшамайди”, деган ана шу ақидадан келиб чиқиб, аҳли суннат ва жамоат олимлари: “Унинг макони йўқ, бирор маконда қарор топмайди, бирорта маконда ўтирмайди”, деган қатъий фикрга келганлар. Буни яхши билиб олиш зарур! “Аллоҳ таоло жисм ёки жисм кабидир, у яралмишларга ўхшаши мумкин” дегувчи айрим мужассима – Аллоҳнинг жисми бор дегувчилар ва мушаббиҳа – Аллоҳни бирор нарсага ўхшатувчиларнинг ақидасидан фарқли ўлароқ аҳли суннат ва жамоат олимлари ва вакиллари “Аллоҳ таоло Аршда ўрнашган эмас, у Аршда ўтирмайди” деган ақидани илгари суриб келадилар.

Улуғ мужтаҳид Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳ ҳам “ал-Фиқҳ ал-акбар” номли ақидага оид асар битганлар. Ана шу асарларида у бундай деганлар:

و اعلموا انّ البارى لا مكان له و الدليل عليه هو انّ الله تعالى كان و لا مكان فخلق المكان و هو على صفته الازلية كما كان قبل خلقه المكان لا يجوز عليه التغيّر فى ذاته و التبديل فى صفاته و لانّ ما له مكان و له تحت فيكون متى هى الذات محدودا و المحدود مخلوق تعالى الله عن ذلك

“Билинглар, албатта Борий таолонинг макони йўқ! Бунга далил албатта Аллоҳ таоло бўлган, макон эса бўлмаган, шунда У маконни яратган. У (яратиш) унинг азалий сифатига кўра худди маконни яратишдан аввал ҳам бўлганидек бўлган. Унинг зотида ўзгариш, сифатларида эса бошқасига айланиш мумкин бўлмайди. Чунки, агар унинг макони бўлса, унинг ости бўлади, шунда Зот чегараланган бўлиб қоладими? Чегараланган нарса эса яратилгандир. Аллоҳ таоло бундан олийдир!”. (Имом аш-Шофиъий. Ал-Фиқҳ ал-акбар. – Миср: Адабия (йили кўрсатилмаган). – Б. 11).

Буюк ватандошимиз, мотуридия таълимоти тарғиботчиларидан бири Абу-л-Муин ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Баҳр ал-калом” асарларида бундай деганлар:

و لانا لو قلنا بانه فى المكان يؤدى الى امر قبيح لانه اما ان يكون كله بكل مكان او بكل مكلن من طريق الاجزاء او بمكان دون مكان. و باطل ان يكون كله بكل مكان لانه يؤدى الى ان يكون الهين اثنين لا ان يكون الها واحدا و الاله واحد و باطل ان يكون بكل مكان من طريق الاجزاء لانّ من وصف الله تعالى بالاجزاء فانه يكفر و باطل ان يكون بمكان دون مكان لانه يحتاج الى الانتقال و هو من صفات المخلوقين و أمارات المحدثين و الله منزه عن ذلك

“Чунки, албатта биз агар Уни маконда дейдиган бўлсак, қабиҳ ишни қилган бўламиз. Чунки, у ҳолда Унинг ҳаммаси барча маконда бўлади ёки барча маконда бўлакларга бўлиниб (Унинг бир қисми) қолган бўлади ёки маконда бўлмаган бир маконда бўлади. “Унинг ҳаммаси барча маконда бўлади”, деган гапнинг ботил эканига далил шуки, бу бир илоҳ эмас, балки иккита илоҳ борлигига олиб келади. Ҳолбуки, илоҳ бирдир. “Барча маконда бўлакларга бўлиниб (Унинг бир қисми) қолган бўлади”, деган гапнинг ботил эканига далил шуки, у ҳолда Аллоҳ таоло бўлаклар билан тавсифланган бўлиб қолади. Бундай дейиш эса куфр бўлади. “Маконда бўлмаган бир маконда бўлади”, деган гапнинг ботил эканига далил шуки, у ҳолда Аллоҳ кўчишга муҳтож бўлиб қолади. Кўчиш эса яралмишларнинг сифати ва яратилганларнинг белгисидир. Аллоҳ бундан муназзаҳдир!”. (Абу-л-Муин ан-Насафий. Баҳр ал-калом. Миср: Курдистони илмия, 1911. – Б. 28-29).

Яна бир ҳанафий олими Сирожиддин ал-Ўший раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Бадъ ал-амолий” манзумаларида:

 و ربّ العرش فوق العرش لكن، بلا وصف التمكّن و اتصال

“Аршнинг рабби Аршнинг юқорисида, лекин маконланиш ва тегиб туриш сифати билан эмас!”, деган эдилар. (Сирожиддин ал-Ўший. Бадъ ал-амолий // Ақоид матнлари. – Тошкент, 2006. – Б. 21).

Ҳанафий олимларининг улуғларидан Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг ақидалар мажмуасида бу мавзуга тўхталиб, бундай деганлар:

و العرش و الكرسى حقّ و هو مستغن عن العرش و ما دونه، محيط بكلّ شئ و فوقه و قد أعجز عن الاحاطة خلقه

“Арш ва Курсий ҳақдир. У (Аллоҳ) Аршдан ва ундан пастдаги нарсалардан беҳожатдир. У ҳар бир нарсани қамраб олувчи, ундан юқоридир. Яратган нарсалари эса уни иҳота қилишдан ожиздир”. (Имом ат-Таҳовий. Ал-ақидат ат-таҳовия // Ақоид матнлари. – Тошкент, 2006. – Б. 11).

Буюк муҳаддислардан бири Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Эътиқод” номли китобларида бундай деганлар:

و فى الجملة يجب ان يعلم ان استواء الله سبحانه و تعالى ليس باستواء اعتدال عن اعوجاج و لا استقرار فى مكان و لا مماسة لشئ من خلقه لكنه مستو على عرشه كما اخبر بلا كيف بلا أين بائن من جميع خلقه

“Хуллас, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг “истиво”си қийшайишдан тўғриланишнинг баробарлашуви ва бирор маконда қарорланиш ҳамда яратганидан бирор нарсага тегиниш маъноларида эмас! Лекин, Аллоҳ ўз Аршига қандайлик ва қаердаликсиз хабар берилганидек “истиво” қилувчидир. Аллоҳ жами яратганларидан фарқ қилувчидир”. (Аҳмад ал-Байҳақий. ал-Эътиқод // ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 1/68).

Умуман олганда, Аллоҳ таоло Аршда макон тутган эмас. Бу ўтган ва ҳозирги тўғри йўлдаги уммати Муҳаммадиянинг соғлом ақидасидир.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан Аллоҳнинг Аршга “истиво” қилиши борасидаги саволга бундай деб жавоб берганлари жуда машҳурдир:

الإستواء غير مجهول و الكيف غير معقول و الإيمان به واجب و السؤال عنه بدعة

“Истиво номаълум нарса эмас, унинг қандайлиги ақлда билинган эмас, бироқ, унга имон келтириш вожиб, бу борада савол бериш эса бидъатдир!”. (Абу Бакр Аҳмад ал-Байҳақий. Китоб ал-Асмоъ ва-с-Сифот. – Ҳинд: Аҳмадий, 1895. – Б. 292).

Шу хилда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳамда аҳли суннат ва жамоатнинг уламолари ўзларини ҳам, авом халқни ҳам Аллоҳнинг Аршга “истиво” қилиши масаласида баҳсу мунозара ва сўраш-изланишлардан тийиб келганлар.

Афсуски, Аҳли суннат ва жамоатнинг кўпгина иттифоқий гапларидан ва бутун Ислом умматининг ижмоъ қилган масалаларидан кўпчилигига қарши чиққанлиги билан танилган Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бу масалани қўзғаб, бутун мусулмонлар жамоасини иккиланишларга, бугунги кунда ваҳҳобий, салафий ва зоҳирий каби номлар билан аталанаётган мусулмонларнинг эса буткул адашувига сабабчи бўлди. Аслида, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бу фикрни ўзидан аввал яшаган, мутассиблиги билан танилган Х асрда яшаган Абу Бакр ал-Халлол (вафоти 923) номли олимнинг “ас-Суннат” асаридан олган эди. Мазкур асар мужассималик ва мушаббиҳалик фикрлари билан тўлиб-тошган, Аҳли суннат ва жамоат таълимотидан мутлақо узоқ ривоятлар билан тўлдирилган асар ҳисобланади.

Ваҳҳобийлар бу асарни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг ўғли Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ ёзган, деб даъво қилиб ҳам нашр этганлар. Хуллас, мазкур асарнинг биринчи жилдида Аллоҳ таолонинг: عسى ان يبعثك ربّك مقاما محمودا – “Шояд, сенга Парвардигоринг мақоми маҳмудни етказгай” (Исро сураси, 79) ояти борасида бир қанча асли йўқ ривоятларни келтириб, “Аллоҳ тоало Муҳаммад алайҳиссаломни Аршига ўзи билан бирга ўтқазади”, деган гапни зикр қилади. Буни Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ёлғон ривоят эканини айтган эканлар. Абу Бакр ал-Халлол эса Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳни роса ёмонлаб, уни жаҳмий деб ҳақорат қилади: “Бу ат-Термизий деганлари Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган Пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатларини рад қилгани учун бидъатчидир. “Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни Аршига ўзи билан бирга ўтқазади”, деган гапни жаҳмийдан бошқа кимса инкор қилган эмас. Бу фазилатни инкор қилган барча кимсадан ҳазар қилмоқ лозим. Мен бу ат-Термизийнинг ифлос бир жаҳмий эканлигига гувоҳлик бераман… Мужоҳиднинг “Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни Аршига ўзи билан бирга ўтқазади”, деган гапини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатларини инкор қилганлар яҳудий бир жаҳмийдир, уни мусулмонлар қабристонига дафн қилинмаслиги керак…”. (Абу Бакр ал-Халлол. ас-Суннат. 1-жилд. – Риёз: Дор ар-Раъйа, 1989. – Б. 234-235).

Ушбу “ас-Суннат” асарида: “Аллоҳ қачон Курсийга ўтирса, ундан темир эгарнинг ғижирлаши каби ғижирлаш бўлади”, “Раҳмон куннинг аввалида Аршни кўтариб турувчиларга ўз оғирлигини ташлайди, қачон намозхонлар туришни бошласа, Аршни кўтариб турувчиларга енгиллик бўлади”, “Жумъа куни бўлганида, Аллоҳ иллиййиндан Курсийсига тушиб келади. Унинг атрофида нурдан минбарлар бўлади. Ана шу Курсий атрофидаги минбарларга пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар ўтирадилар”, деганга ўхшаш ривоятлар ҳам мавжуд. (Абдуллоҳ ибн Аҳмад. ас-Суннат. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 56-57; 79; 160-161).

Ҳатто шу хилдаги ботил ва бўлмағур ривоятларда Аллоҳ Аршда ўтирганида чап томонидан тўрт бармоқ миқдорича жой ортиб қолади, ўнг тарафидан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтиргудек жой бўш туради, деган бутпараслик оҳанггидаги гапни ҳам кўриш мумкин. Астағфируллоҳ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эса Аршда Аллоҳ билан бирга, Унинг ёнида ўтириши у зоти шарифнинг маконатини улуғлашдир, кимки бу гапга қарши чиқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюк маконатини ерга урган ва ҳақорат қилган бўлади, деб иддио қилинади. Астағфирулоҳ! (Айтиб ўтилган “Китоб ас-Суннат” номли китоб ҳақида маълумот олиш учун Зоҳид ал-Кавсарий раҳимаҳуллоҳнинг махсус мақоласига қаранг: Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий. Китоб йусамма “Китоб ас-Суннат” ва ҳува китобу-з-зайғ // Мақолот ал-Кавсарий. – Қоҳира: Тавфиқия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 296-302).

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ана ўша асли йўқ, сохта ривоятлар билан тўлдирилган “Китоб ас-Суннат”дан таъсирланган эди. Ибн Таймиянинг “Аллоҳ Аршда ўтиради”, деган гапига илк бор унинг замондоши Абу Ҳайён ал-Андалусий раҳимаҳуллоҳ эътибор қаратиб, уни инкор қилган эди. Абу Ҳайён ан-Наҳвий ал-Андалусий раҳимаҳуллоҳ мелодий 1256-1344 йилларда яшаган улуғ олим бўлиб, аввалига Ибн Таймиянинг мухлиси сифатида уни мақтаб юрганлар. Кейинчалик унинг мужассималик ва мушаббиҳалик ақидаларига алданиб қолмасдан, унга танқидий кўз ила қарай бошлаганлар. Абу Ҳайён ал-Андалусий раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб кўп жилдли “ал-Баҳр ал-муҳийт” ҳамда унинг қисқартмаси ҳисобланган “ан-Наҳр ал-маод” номли Қуръони каримга битган тафсирлари жуда машҳур. Мазкур асарларида олим “Оят ал-курсий” тафсиридан Арш ва курсий тафсирида: و لا كرسى ثمّة و لا قعود و لا قاعد – “Курсий бу ерда ўтириш ва ўтирувчи каби эмас!”, деб таъкидлаганлар (Абу Ҳайён ал-Андалусий. Ал-Баҳр ал-муҳийт. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1993. – Б. 290). Асарнинг қисқартмасида эса айнан шу ерида Ибн Таймиянинг “Аллоҳ Аршда ўтиради”, деган бузуқ ақидасидан бизни огоҳлантирилади:

و قرأت فى كتاب لاحمد بن تيمية هذا الذى عاصرنا و هو بخطّه سماه كتاب العرش انّ الله تعالى يجلس على الكرسى و قد اخلى منه مكانا يقعد فيه معه رسول الله صلى الله عليه و سلم تميّل عليه التاج محمد بن على بن عبد الحق النارتيارى و كان اظهر انه داعية له حتى اخذه منه و قرأنا ذلك فيه

“Аҳмад ибн Таймиянинг китобида ўқидим, у бизга асрдош бўлади. Ўзининг дастхати билан “Китоб ал-Арш” деб номлаган асарида: “Албатта Аллоҳ таоло курсийда ўтиради. Ундан бир маконни ўзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтқазиш учун холи қилиб қўйган. Ушбу фикрга Муҳаммад ибн Али ибн Абдулҳақ ан-Нортиёрий ҳам майл бўлган. У ушбу фикрга чақирувчиларнинг энг зоҳирроғи бўлиб, уни ундан олган экан ва бу борада мана шуни бизга ҳам ўқиган”. (Абу Ҳайён ал-Андалусий. Тафсири ан-Наҳр ал-маод мин ал-Баҳр ал-муҳит. 2-жилд. – Дор ал-жинон. – Б. 254).

Мазкур эслатма ушбу ақидадаги кимсалар томонидан “ан-Наҳр ал-маод”нинг аввалги нашрларида тушириб қолдирилган, илмга хиёнат қилмайдиганлар уни қўлёзма нусхадан топиб қайта нашр қилиб, эълон қилганлар.

Ибн Таймия ўзининг “Мажмуат ал-фатово”сида “Аллоҳ Аршда ўтиради”, деган ақидасини табаррук санайди, уни олим ва авлиёлардан олганини, улар бу борада ҳадис келтиришганини ҳам даъво қилади, уни фақат жаҳмий инкор қилади, деб ёлғон тўқийди:

اذا تبيّن هذا، فقد حدّث العلماء المرضيون و اولياؤه المقبولون ان محمّدا رسول الله صلى الله عليه و سلم يجلسه ربّه على العرش معه

“Қачон мана шу равшан бўлган бўлса, дарҳақиқат рози қилинган уламолар ва мақбул авлиёлар ҳадис айтганки, албатта Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Парвардигори Аршга ўзи билан бирга ўтирғизади … Албатта, буни Аршга ўтқазишни инкор қилувчи гапирмайди. Уни жаҳмийлардан баъзиси инкор қилади. Инкор қилувчи оят (ал-Курсий) тафсирида уни зикр қилмайди”. (Ибн Таймия. Мажмуат ал-фатово. 4-жилд. – Миср-Мансура: Дор ал-Вафо, 2005. – Б. 229).

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ мазкур “Мажмуат ал-фатово”сининг 16-жилдида ҳам “Аллоҳ Аршда ўтиради”, деган даъвосини исботлашга ҳаракат қилиб кўрган:

“Машҳур Абдуллоҳ ибн Халифанинг ҳадиси ҳам шу жиҳатдан бўлиб, унда Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан Пайғамбар алайҳиссаломдан қилинган ривояти мавжуд. Уни Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ал-Муқаддасий ўзларининг “Мухтора”сида ривоят қилганлар. Аҳли ҳадислардан бир тоифаси унинг изтироби сабабли рад қилади. Чунончи, бу гапни Абу Бакр ал-Исмоилий, Ибн ал-Жавзий ва бошқалар айтганлар. Лекин Аҳли суннатнинг кўпчилиги уни қабул қилганлар! (Ёлғон даъво!).
Унда бундай дейилган:
انّ عرشه او كرسيه وسع السموات و الارض، و انه يجلس عليه فما يفضل منه قدر أربعة اصابع او فما يفضل منه الا قدر اربعة اصابع و انه ليئط به أطيط الرحل الجديد براكبه
“Албатта Аллоҳнинг Арши ва Курсийси Осмон ва ерлардан ҳам кенг. У (Аллоҳ) унда ўтиради, ундан тўрт бармоқ миқдори ҳам ортиб қолмайди. Ёки ундан фақат тўрт бармоқ миқдоригина ортиб қолади. У (Арш) минувчи янги юк бўлиб минганда чиқарган жиқирлаш каби овоз чиқаради”. (Ибн Таймия. Мажмуат ал-фатово. 16-жилд. – Миср-Мансура: Дор ал-Вафо, 2005. – Б. 241-244).

Ибн Таймия мазкур жойда ушбу ривоятни бошқа муҳаддислар ҳам ривоят қилганини айтиб ўтган. Аслида, ушбу ҳадисни барча лафзлари билан бирга жами муҳаддислар жамоаси ва ҳадисшунослар заиф деганлар. Қизиғи, уни ҳатто ваҳҳобийларнинг “муҳаддис”и Албоний ҳам заиф ва мавзуъ (тўқима-сохта) деганини китобнинг шу жойида саҳифа остида қайд қилиб ўтилган.

Ибн Таймия “Аллоҳнинг Аршда ўтириши” ақидасига “Мажмуат ал-фатово”нинг 5-жилдида ҳам ишора қилиб ўтган. Уни бу ерда маййитнинг ўз қабрида ўтирғизилишини баданнинг ўтириши каби эмас, деб даъво қила туриб қистириб ўтади. Пайғамбар алайҳиссаломдан Аллоҳ таолонинг “ўтириши” (қуъуд ва жулус)ни бандаларнинг жисмлари сифатига ўхшатилиш холос, деб қайд қилади. (Ибн Таймия. Мажмуат ал-фатово. 5-жилд. – Миср-Мансура: Дор ал-Вафо, 2005. – Б. 314).

Ибн Таймия “Баёну талбис ал-жаҳмия” асарида ҳам бу мавзуга батафсил тўхталган ва “Аллоҳ Аршда ўтиради”, деган даъвосини исботлашга роса урунган. У асарнинг 2-жилдида бундай ёзади:

الوجه الخامس انّ العرش فى الغة السرير بالنسبة الى ما فوقه و كالسقف بالنسبة الى ما تحته فاذا كان القرآن قد جعل لله عرشا و ليس هو بالنسبة اليه كالسقف علم انه بالنسبة اليه كالسرير بالنسبة الى غيره و ذلك يقتضى انه فوق العرش

“Бешинчи важҳ. Албатта Арш луғатда юқорисидаги нарсага нисбатан тахт, остидаги нарсага нисбатан шифт дегани. Бас, Қуръон Аллоҳ учун Арш борлигини айтган экан, у ўзига нисбатан шифт каби эмас. Шундан билинадики, у ўзига нисбатан худди бошқасига нисбатан тахт кабидир. Мана шу Аллоҳнинг Арш тепасида эканини тақозо қилади”. (Ибн Таймия. Баёну талбис ал-жаҳмия. 3-жилд. – Риёз: Мажмаъи Малик Фаҳд, (йили кўрсатилмаган). – Б. 278).

Ибн Таймия мазкур “Баёну талбис ал-жаҳмия” асарида Каъб ал-Аҳбор разийаллоҳу анҳудан қилинган, аслида ёлғон ривоят: “Аллоҳ Аршда ўтирувчи, Аршни кўтариб турувчиларга Унинг оғирлиги билиниб туради”, деган нақлни келтириб, асли яҳудий мусулмонларнинг ривоятларини олиш мумкинлиги ҳақидаги қоидани пеш қилади ва “Агар бу гап дини исломда инкор қилинган бўлса, уни бу тариқада муҳаддислар ривоят қилмаган бўлардилар”, деб даъво қилади. (Ибн Таймия. Баёну талбис ал-жаҳмия. 3-жилд. – Риёз: Мажмаъи Малик Фаҳд, (йили кўрсатилмаган). – Б. 268). Аслида, китоб ноширлари ҳам ушбу ривоятнинг заифлигини саҳифа остида қайд қилганлар.

Хуллас, бутун Ислом оламига ғавғо солган Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ “Аллоҳ Аршда ўтиради”, деган даъвосини бир қанча асарларида қайд қилганлиги рост гап. Бироқ, у ҳақиқатдан ҳам аҳли суннат ва жамоатдан айрилган икки тоифа мужассималик ва мушаббиҳалик ақидаси бўлган ушбу гапидан қайтганлиги ва тавба қилганлиги нақл қилинган. Унинг ўз гапларидан қайтганлиги ва тавба қилганлигини “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг энг эътиборли шарҳини битган ҳадисшунос олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг “ад-Дурар ал-комина” номли асарида ёзиб қолдирганлар. Унда айтилишича, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бундай деб ўз тавбаномасини битганлар:

أنا أشعرى أعتقد أنّ القرآن معنى قائم بذات الله و هو صفة من صفات ذاته القديم و هو غير مخلوق و ليس بحرف و لا صوت و أنّ قوله الرحمن على العرش استوى ليس على ظاهره و لا أعلم كنه المراد به بل لا يعلمه الا الله و القول فى النزول كالقول فى الإستواء

“Мен ашъарийман! Қуръонни Аллоҳ таолонинг зотида қоим ва Унинг қадимий сифатларидан бири деб эътиқод қиламан. Қуръон яратилган эмас. У ҳарф ҳам, овоз ҳам эмас. Аллоҳнинг: “Раҳмон Аршга “истиво” қилди”, деган гапи зоҳирига қараб ҳукм қилинмайди. Унинг асл маъносини билмайман. Балки уни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. “Нузул” (“Тушиш”) ҳақидаги гап ҳам худди “истиво”да айтилгани кабидир!”. (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. ад-Дурар ал-комина фий аъён ал-миат ас-сомина. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Жийл, 1993. – Б. 148).

Аллоҳ таоло инсонга тавфиқ берсин экан. Акс ҳолда, илм-ирфон, тақво ва парҳезгорлик, ихлосли амал инсонни нотўғри ақидадан қутқара олмас экан. Афсуски, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг асоссиз ва ботил ақидасидан ҳамда мужассималик ғавғосидан қайтганлиги ва тавба қилганига эътибор бермасдан, аниқроғи, унинг ана шу гап-сўзларини ҳам, тавбасини ҳам оммадан яширган ҳолда ана шу асоссиз ва ботил ақидаси ҳамда мужассималик ғавғосини кўтариб юрганлар кейинги даврларда пайдо бўлаверди.

Жумладан, Ибн Қаййим ал-Жавзия раҳимаҳуллоҳ ҳам устози Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ гапига қўшилади. У ўзининг “ас-Савоиқ ал-мурсала” асарида: و هل يكون الاستواء الا الجلوس – “Истиво фақат ўтиришдан иборат бўладими?”, деб савол беради (Ибн Қаййим ал-Жавзия. ас-Савоиқ ал-мурсала. 1-жилд. – Риёз: Дор ал-Осима, (йили кўрсатилмаган). – Б. 1303).

Мазкур асарнинг қисқартма вариантида Ибн Қаййим ал-Жавзия: و يجلس على كرسيه – “Аллоҳ ўз Курсийсига ўтиради”, деб қайд қилади. (Ибн Қаййим ал-Жавзия. ас-Савоиқ ал-мурсала / Муҳаммад ибн ал-Мавсилий қисқартмаси. – Б. 1095-1096).

Ибн Қаййим ал-Жавзия “Бадойеъ ал-фавоид” асарида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатлари борасида гапириб, унинг Аршга ўтирғизилиши ҳақида тўхталади ва Абу Яъло раҳимаҳуллоҳнинг ривоятларини, Ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳнинг ўз тафсирларида келтирган гапларини, Абу-л-Ҳасан ад-Дорақутний раҳимаҳуллоҳнинг шеърини келтиришга ҳаракат қилади. (Ибн Қаййим ал-Жавзия. Бадойеъ ал-фавоид. 4-жилд. – Риёз: Дор олам ал-фавоид. (йили йўқ). – Б. 1379-1380). Аслида, айтганимиздек, ушбу ривоятларни мавзуъ – тўқима ва заиф эканлигини ваҳҳобийларнинг “муҳаддис”и Албоний ҳам айтиб ўтган.

Хуллас, юқоридаги асос эътибори билан ботил бўлмиш эътиқодни ваҳҳобийлар қабул қилиб олганлар. Шуни таъкидлаш керакки, ваҳҳобийлар ва ҳозирги салафийлар Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ва ўзларининг раҳнамоларининг “Аллоҳ Аршда ўтиради!”, деган гапларини оммадан яшириб келадилар, у ҳақида кўп гапиришни хоҳламайдилар. Чунки, оддий халқ ҳам уларнинг бу хилдаги ботил ақидаларини билиб қолсалар, улардан бутунлай юз ўгириб кетган бўлардилар:

Ибн Абдулваҳҳобнинг невараси ёзган “Фатҳ ал-Мажид шарҳи китоб ат-Тавҳид” асарида “Парвардигор қачон курсийга ўтирса”, деган ривоятни келтирилган. (Абдурраҳмон ибн Ҳасан. Фатҳ ал-мажид. – Дамашқ: Дор ал-баён, 1982. – Б. 485).

Ваҳҳобийларнинг таъсисчисининг авлодидан бўлган “Оли Шайх” деб таърифланадиган шайхлардан бири Муҳаммад ибн Иброҳим ҳам ўзининг фатво ва рисолалари тўпламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақоми маҳмудлари ва шафоат даражалари борасида тўхталиб, бундай ёлғон даъвони қилади:

و قيل انّه إجلاسه معه على العرش كما هو المشهور من قول اهل السنة … و الإقعاد على العرش ابلغ

“Айтиладики, Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳни ўзи билан бирга Аршда ўтирғизиши аҳли суннат гапидан машҳурдир. Аршга ўтирғизиш балоғатлироқдир”. (Муҳаммад ибн Иброҳим. Фатово ва Расоил. – Маккаи мукаррама, 1978. – Б. 136).

Ваҳҳобийларнинг яна бир олими Абдурраҳмон ибн Носир ас-Саъдий кувайтликлар билан қилган ёзишмаларида ҳам “истиво”нинг салафи солиҳинлар томонидан “истиқрор” (қарорланиш) ва “жулус” (ўтириш) деб тафсир қилинган, деб ёлғон туҳмат тўқиган (Абдурраҳмон ибн Носир ас-Саъдий. Ал-Ажвиба ас-саъдия ъан ал-масоил ал-кувайтия. – Кувайт, 2002. – Б. 147).

Ваҳҳобийларнинг шайхи Сулаймон ибн Саҳмон “аз-Зиё аш-шориқ” асарида аҳли суннат ва жамоатнинг бир уламосининг тажсим – Аллоҳнинг жисми бор, деган эътиқод тарафдорларига қарши айтган гапини келтира туриб, унга раддия беради. Буни “Аллоҳнинг сифатларини инкор қилувчи, унинг ибодати борасида Аллоҳга мушрик бўлган жаҳмий айтган”, деб таъкидлайди. (Сулаймон ибн Саҳмон. Аз-Зиё аш-шориқ. – Миср: Минор, 1925. – Б. 94, 100, 139 ва бошқа бетлар).

Ваҳҳобийларнинг яна бир олими Усаймин ҳам ўзининг “Мажмуъу фатово” тўпламида “истиво”нинг “жулус” (ўтириш) маъносида тафсир қилинганини (ёлғон даъво!) нақл қилган. (Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин. Мажмуъу фатово. 1-жилд. – Риёз: Дор ал-ватан, 1992. – Б. 135).

Ваҳҳобийларнинг олимларидан Солиҳ ибн Фавзон муҳаррирлик қилган ва сўзбоши тақдим қилган “Қудуми катоиб ал-жиҳод” асарида “истиво”нинг фақат “ўтириш” маъносида экани айтилган ва هذا كلام صحيح لا غبار عليه – “Бу тўғри гап, унда ғубор йўқ!”, дейилган. (Абдулазиз ибн Файсал ар-Рожиҳий. Қудум катоиб ал-жиҳод. – Байрут: Дори содир, (йили йўқ). – Б. 101).

Юқорида айтганимиздек, ваҳҳобийларнинг “муҳаддис”и Албоний “истиво”нинг “ўтириш” ва “қарорланиш” маъносини инкор қилади. Бу борадаги ҳадисларни мавзуъ – тўқима ва заиф эканини таъкидлайди. Жумладан, у “Аллоҳнинг Аршга истиво қилиши Аллоҳ таоло ўз зоти билан унга қарор топишими?”, деган саволга қуйидагича жавоб берган:

لا يجوز استعمال الفاظ لم ترد فى الشرع لا يجوز ان يوصف الله بانه مستقر لانّ الاستقرار اولا صفة بشرية ثانيا لم يوصف بها ربنا عز و جل حتى نقول استقرار يليق بجلاله و كماله كما نقول فى الاستواء فنحن لا نصف الله الا بما وصف به نفسه ثم مقرونا مع التنزيل ليس كمثله شئ و هو السميع البصير

“Шариатда келтирилмаган сўзларни ишлатиш жоиз бўлмайди. Аллоҳни Аршда қарор топувчи, деб сифатлаш жоиз бўлмайди! Чунки, қарорланиш аввало башарият сифатидир. Иккинчидан, Роббимиз азза ва жалла ҳатто Уни ўз жалоли ва камоли ила лойиқ бўлган қарорланиш дейдиган “истиво” борасида айтганимиз каби сифат билан сифатланган эмас. Биз Аллоҳни фақат ўзини ўзи сифатлагандан бошқаси ила васф қилмаймиз. Сўнгра бу ақида нозил қилинган Қуръон маъносига яқинроқ: “Унга ҳеч нарса ўхшамайди. У ўта эшитгувчи ва жуда кўрувчидир!”. (Мавсуат ал-Аллома Муҳаммад Носириддин ал-Албоний. – Б. 344).
Албонийнинг фикрича, Аллоҳ таолога “жулус” (“ўтириш”) нисбатини бериладиган матнли жами ҳадислар мавзуъ – сохта ва уларнинг матнларида накорат (ишончсизлик) мавжуд (Мавсуат ал-Аллома Муҳаммад Носириддин ал-Албоний. – Б. 343).

Албонийнинг Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдек ва ваҳҳобийлардек ўз шайхлари ва ҳаммаслакларига қарши бориб, Аллоҳ таолога “жулус” (“ўтириш”) нисбатини бериб бўлмаслигини, Аллоҳ Аршда ўтирмайди, дейиш лозимлигини, Аллоҳни Аршда ўтиради, деган ривоятларнинг барчаси мавзуъ – тўқима эканлигини айтишининг сабаби унинг ёшликда олган таълимлари билан боғлиқ бўлса керак. Чунки, унинг отаси ҳанафий мазҳабига амал қилувчи бўлган. Албоний ваҳҳобийларнинг таниқли “муҳаддис”и бўлишига қарамасдан унинг кўнглининг қаърида кўмилиб ётган соғлом ақида қаршисида “Аллоҳ Аршда ўтиради”, деган гапнинг тутриқсиз ва ботиллиги аён бўлиб қолган бўлса ажаб эмас.

Тарихда ўтган таниқли олимлар ҳаёти ва ижодига бағишланган машҳур асарлардан бири “ал-Вофий би-л-вафоёт” асарида буюк мужтаҳид олимлардан бири, улуғ тафсир соҳиби Ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ ҳаёти борасида тўхталинган. У зот Табаристондан Боғдодга келганларида, ундан “Аршга ўтириш” ҳақидаги ҳадис борасида сўрашган. Шунда у “Бу ҳадис Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган деб билмайман, унинг асҳоблари ҳам уни таъвил қилганини билмайман. “Аршга ўтириш” ҳадиси ҳақ бўлиши маҳолдир!”, деб жавоб берадилар. Сўнг ушбу байтни айтадилар:

سبحان من ليس له أنيس، و لا له فى عرشه جليس

“Улфати йўқ зот ва Аршида бирга ўтирадигани йўқ зот покдир!”.

Буни эшитиб, таассубга берилган оломон туриб унга қаламдон ва довотларини ота бошлайдилар. Аллома минглаб одамлар орасидан зўрға қочиб уйига кириб кетадилар. Халқ унинг уйлари томон тош отиб, дарвозалари олдида отилган тошлардан тепалик бунёд қиладилар. Улуғ олимни мутаассиблардан сақлаш учун ўша давр ҳукумати аскарлардан қаровул қўйишга мажбур бўлади. Бир мутаассиб кечаси унинг дарвозасига мана бу байтни ёзиб кетган:

لاحمد منزل لا شك عال، اذا وافى الى الرحمن وافد
فيُدنيه و يُقعده كريما، على رغم لهم فى انف حاسد
على عرش يغلقه بطيب، على الاكابر يا باغٍ و عانِد
الا هذا المقام يكون حقا، كذاك رواه ليث عن مجاهد

“Шак-шубҳасиз Аҳмаднинг (Муҳаммад алайҳиссаломнинг) олий манзили бордир. Қачонки, Раҳмонга элчи бўлиб келганида, бас, уни яқин қилади ва икром қилиб уни Аршга ўтирғизади. Ҳасадгўйнинг бурни ерга ишқалансин. Улуғларга уни хушбўйликлар учун ёпиб қўйган. Эй қарши чиқувчи, қайсар, огоҳ бўлки, бу мақом ҳақиқат бўлади. Худди шундай Лайс раҳимаҳуллоҳ Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилганлар”.

Ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ бир қанча вақт уйларидан чиқмасдан уларга раддия бир машҳур китобларини битганлар. Бунда у зот ўз мазҳаблари – ақидавий қарашларини баён қилиб, асослаб берганлар. Бунда Аҳмад ибн ал-Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг фазилатларини зикр қилганлар, унинг асл мазҳаби ва эътиқодини кўрсатиб берганлар. Шундай бўлишига қарамасдан, у вафот қилган вақтда айрим мутаассиблар ул зотни қабрларидан чиқариб ташлаб, муборак жасадларини топтаб хор қилган. (Салоҳиддин ас-Сифадий.ал-Вофий би-л-вафаёт. 2-жилд. –Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий,2000. – Б. 213-214).

“Тафсири Табарий” ва “Таърихи Табарий” асарлари билан донг таратган, ўзларининг жаририя мазҳабига асос солган, мутлақ мужтаҳид, аҳли суннат ва жамоатнинг буюк имомларидан бири Ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, “Аршга ўтириш” ҳақида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган эмас, унинг шогирдлари ҳам ушбу ақидани таъвил қилган эмаслар. Ҳа, Ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ деганларидек, “Аршга ўтириш” ҳадиси ҳақ бўлиши маҳолдир!

Аҳли суннат ва жамоатнинг ҳаққоний олимлари: “Аллоҳ таолонинг макони йўқ, бирор маконда қарор топмайди, У бирорта маконда ўтирмайди”, деган қатъий фикрдадирлар, улар: “Аллоҳ таоло Аршда ўрнашган эмас, у Аршда ўтирмайди” деган ақидада барқарордирлар!

Бунга далил сифатида “Саҳиҳ ал-Бухорий”да келган:

 كان الله تعالى و لم يكن شئ غيره  

“Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди”, деган ҳадиси шарифни келтириш мумкин (Бухорий ривоят қилган, 4/3191).

Демак, Аллоҳ таоло бор вақтда ҳеч нарса Арш ҳам, юқори ҳам, паст ҳам, ҳеч қандай макон ҳам бўлмаган. Уларни Аллоҳ кейин ўзи махлуқотлари учун яратган. “Тафсири Насафий”да эса бундай дейилади:

و تفسير العرش بالسرير و الإستواء بالإستقرار، كما تقوله المشبهة باطل. لأنه تعالى كان قبل العرش و لا مكان، و هو الآن كما كان، لأن التغير من صفات الأكوان

“Мушаббиҳалар айтганларидек Аршни тахт билан, “истиво”ни эса қарорланиш билан изоҳлаш ботилдир! Чунки, Аллоҳ Аршдан олдин бор эди, у вақтда макон йўқ эди. У қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундайдир! Зотан, ўзгариш борлиқдаги нарсаларнинг сифатларидандир”. (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Мадорик ат-танзил. 2-жузъ. (Нўъмон ат-Тошкандий нашри). – Робита ал-олам ал-исломий, 1988. – Б. 56).

Буюк муҳаддис Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ “Китоб ал-Асмоъ ва-с-Сифот” асарида айтишича, Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳ, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ, Ҳусайн ибн Фазл раҳимаҳуллоҳ, Абу Сулаймон ал-Хаттобий раҳимаҳуллоҳ, Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ва Абу Жаъфар ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ каби зотлар бу хилдаги соғлом ақидададирлар:

و القديم سحانه عال على عرشه لا قاعد و لا قائم و لا مماسّ و لا مبائن عن العرش … و القيام و القعود من أوصاف الأجسام … فلا يجوز عليه ما يجوز على الأجسام

“Азалий қадим Зот Аршдан олийдир, унга ўтирувчи эмас, турувчи ҳам эмас, Аршга ёпишувчи ҳам эмас, ундан ажралгувчи ҳам эмас! Туриш ва ўтириш жисмларнинг сифатларидандир, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога жисмларда жоиз бўлган нарсалар жоиз бўлмайди!”. (Абу Бакр Аҳмад ал-Байҳақий. Китоб ал-Асмоъ ва-с-Сифот. – Ҳинд: Аҳмадий, 1895. – Б. 292).

“Ҳужжат ал-ислом”, яъни “Ислом динининг ҳужжати” деган фахрли номга эга бўлган, буюк олим Имом Муҳаммад ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ “ал-Арбаъин фий усул ад-дин” асарларида қуйидагиларни айтадилар:

و أنه ليس بجسم مصوّر … و أنه لا يماثل الأجسام لا فى التقدير و لا فى قبول الإنقسام … بل لا يماثل موجودا و لا يماثله موجود و ليس كمثله شئ و لا هو مثل شئ … و لا تحيط به الجهات و لا تكنفه السموات وأنه مستو على العرش على الوجه الذى قاله و بالمعنى الذى أراده إستواءً منزّها عن المماسّة و الإستقرار و التمكن و الحلول و الإنتقال لا يحمله العرش بل العرش و حملته محمولون بلطف قدرته و مقهورون فى قبضته … تعالى عن ان يحتويه مكان كما تقدّس عن ان يحدّه زمان بل كان قبل ان خلق الزمان و المكان و هو الآن على ما عليه كان

“Албатта Аллоҳ таоло жисм эмас, тасвирланган ҳам эмас. У зот ўлчовда ҳам, қисмларга бўлиниш жиҳатидан ҳам жисмларга ўхшамайди. Балки, мавжуд нарсаларга ўхшамайди, мавжуд нарсалар ҳам У зотга ўхшамайди. У зотга ҳеч нарса ўхшаш эмас. У бирор нарсанинг ўхшаши ҳам эмас. Уни томонлар иҳота қилолмайди, Унга осмонлар паноҳ беролмайди. У Аршга ўзи айтган жиҳатга кўра ва ўзи хоҳлаган маънога мувофиқ “истиво” қилган зотдир. У шундай “истиво”ки, тегиб туриш, қарорланиш, маконлашув, сингиб кетиш, кўчиш кабилардан беҳожатдир. У зотни Арш кўтариб турмайди, балки Арш ва уни кўтариб турувчи фаришталар Аллоҳнинг қудрати лутфи ила кўтарилиб турувчи ва Аллоҳнинг марҳаматида муҳтождирлар. Аллоҳни макон эгаллаб туришдан худди Уни замон чегаралаб туришдан муқаддас бўлгани каби олийдир. Балки, У зот замон ва макон яратилишидан олдин бўлган. У зот ҳозир ҳам бўлганидекдир!”. (Абу Ҳомид ал-Ғаззолий. ал-Арбаъин фий усул ад-дин. – Дамашқ: Дор ал-қалам, 2003. – Б. 18-19).

Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамайди. Демак, у зот Аршдан ҳам, унга ўтирмоқликдан ҳам олийдир, покдир, муназзаҳдир. “Аллоҳ Аршда ўтиради!”, деган гап мужассималик – Аллоҳни жисмга ўхшатишдир. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бўладими, унга эргашган тоифалар бўладими, барчасининг мазкур ақидалари, унга келтирган далиллари асоссиздир. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг ушбу гапларини ва ваҳҳобий-ю салафийлар ўзларининг “Аллоҳ Аршда ўтиради!”, деган бўлмағур эътиқодларини омманинг нафратига гирифтор бўлмаслик учун сиздан яширишлари, ҳашпўшлашлаши, бошқача таъриф беришлари мумкин. Ҳақиқат шуки, ушбу ботил ақидадан сақланмоқ керак! “Ислом динининг ҳужжати” бўлган Имом ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Арбаъин фий усул ад-дин” номли асарларида айтган гаплар аҳли суннат ва жамоатнинг энг устувор, энг мустаҳкам, энг асосли ақидасидир. Унга кўра, Аллоҳ Аршда ўтирмайди, Арш Аллоҳни кўтариб турмайди, Аллоҳ Аршга қарорланган эмас! Аллоҳ Аршдан олий ва беҳожатдир!

Аллоҳ толонинг сифатлари, қудратлари, яратган нарсалари, берган неъматлари, кўрсатган лутфу карамлари, буюрган ва қайтарган амр-наҳийлари ҳақида фикр юритмоқ керак. Аллоҳнинг зоти тўғрисида фикр юритиш нотўғридир. Унинг қандайлиги, қаердалиги каби саволлар устида бош қотириш инсонни адашувга олиб келади. Шунинг учун ҳам Сўфи Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор ҳазратлари бундай демишлар:

Фаришталар, набийлар етмадилар,
Бўйинсундилар-у, фикр этмадилар!

Ҳа, Аллоҳнинг борлиги ва бирлигини тасдиқ қилиб, уни маконсиз деб эътиқод қилмоқ, Аллоҳни Аршга ва бошқа жами нарсаларга муҳтож эмас, Аллоҳ Аршда ўтирмайди, Аллоҳ осмонда бўлмайди, балки Арш ва осмон Унга муҳтождир, дея эътиқод қилмоқ аҳли суннат ва жамоат таълимотидир!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *