МЕН УНИНГ ЎЗИНИ ЭМАС, ГУНОҲИНИ ЁМОН КЎРАМАН!

bratstvo002Ижтимоий тармоқларни кузатар экансиз, мусулмонларнинг ачинарли ҳолини кўриб ич-ичингиздан эзилиб кетасиз. Қаерга қараманг, арзимас айб билан бир-бирига қора чаплаган, обрўсини тўккан, сирини ошкор этган, бировини устидан кимгадир ё қаергадир арз қилган ва ҳоказо ва ҳоказо исломий биродарчиликка мутлақо зид иллатлар. Бу қилиқларимиздан шайтон семиряпти, душманларга кулгу бўляпмиз холос. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай деган эканлар:

قال رسول الله ﷺ: مثل المؤمنين في توادهم وتراحمهم وتعاطفهم مثل الجسد إذا اشتكى منه عضو تداعى له سائر الجسد بالسهر والحمى

Мўминлар ўзаро муҳаббат, рахм-шавқат ва меҳрибонликда мисоли бир жасаддир! Жасаднинг бир аъзоси дарддан шикоят қилса бошқа аъзолар ҳам уйқусизлик ва иситма билан унга қўшилиб кетишадику…

Боши ёрилган одамнинг боши эмас кўзи ёш тўкади! Юзга йўналган муштга қўл қарши чиқади! Кўзга сочилган қумга киприк қалқон бўлади! Мўминлар ҳам худди шундай бўлиши керак. Бир-бировини ҳамиша асраб авайлаб, дардига шерик бўлиши керак. Бизнинг бугунги ҳолимиз шу ҳадисга қай даражада мос тушаркина?!

Саҳобалардан Абу Дардо розияллоҳу анҳуни кўпчилик эшитган. Бул зот Мадина даврида Бадр жангидан кейин исломга кирган бўлсада, қисқа фурсат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда кўп нарса ўрганади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида Абу Дардони Дамашққа диний таълим ишларига бошлиқ қилиб юборади. Абу Дардо Дамашқ кўчаларини айланиб, жамоат жойларида одамларга динимиз таълимотини ёйиб юрар эди. Бир куни ажиб бир воқеа содир бўлдики, ўшанда улуғ саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳудан айнан бизнинг бугунги кунимиз учун зарур бир ибратли сўз чиқди.

Дамашқ. Асли Мадиналик Абу Дардо кўча айланиб  юраркан, тўпланиб турган бир тўда одамларни кўрди. Бориб қараса бир жиноятчини ушлаб олишиб ҳар томондан уриб, сўкиб, тепиб азоб беришяпти.

  • Абу Дардо: Нима гап? –деди.
  • Оломон ҳалиги одамнинг қилган гуноҳини айтишдида яна уни жазолашда давом этишди.
  • Абу Дардо уларни тўхтатди ва: агар шу одам қудуққа тушиб кетса, чиқариб олармидинглар ё устидан сув қуйиб чўктирармидинглар? – Деди.
  • Одамлар, чиқариб олардик. Нега сўраяпсиз—дейишди.
  • Абу Дардо: ундай бўлса буни ҳам уриб сўкишни бас қилинглар. Балки унга ваъз-насиҳат қилинглар, хатосини англашига кўмаклашинглар. Унинг ўрнига сизларни тушириб қўймаган Аллоҳга ҳамд айтинглар—деди.
  • Оломон: Эй Абу Дардо, сиз бу одамни ёмон кўрмайсизми?—деб таажжубланишди.
  • Шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу: Мен унинг ўзини эмас, қилган гуноҳини ёмон кўраман. Агар тавба қилса, у менинг биродаримдир!—деди.

Бу гап ўша ерда турган барчага сабоқ бўлди. Ундан тегишли хулосани биринчи бўлиб ҳалиги жиноятчи чиқарди. Дарҳол тавба қилиб, қилмишидан афсусда эканини ошкор айтди.

Азизлар, мана айбдорни йўлга солишнинг исломий йўли. Айбдорни уриб сўкишдан, камситиб таҳқирлашдан асло фойда йўқ. Биз қачонки бир тану-бир жон бўлсак, биродаримизнинг дардига шерик бўлсак, хато ва камчиликларни биргалашиб бартараф этиш ҳақида бош қотирсак ўшанда ривожланамиз, ўшанда ҳолимиз ислоҳ бўлади. Акс ҳолда таназзулда давом этамиз.

Ботиржон қори

Файзуллаев ФУРҚАТ

Сирдарё вилоят Сардоба туман «Янги қишлоқ» ж/м

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *