ХУФТОНДАН ОЛДИНГИ УЙҚУ

sleepраИшдан чарчаб келдингиз. Кечки овқат тановулидан кейин беихтиёр кўзга ширин уйқу келади. Қиш кунлари, ҳамманинг уйида ҳам етарли шароит мавжуд эмас. Совуқда таҳоратни янгилашга эриниб, ўзингизга: “Тун узунку, бир ухлаб туриб кейин хуфтон ўқирман” – дейсизда, таппа ётоққа ташлайсиз. Бу жуда кўпчиликда учрайдиган ҳолат. Бироз мизғиб, кейин хуфтон ўқирман деб тўшакка ётасизу, кўзингизни очганда эса аллақачон бомдод намозининг вақти кирган бўлади. Хуфтонни бой берган бўласиз…

Фуқаҳоларимиз худди шу ҳолат юзасидан ҳам ўз фиқҳий қарашларини баён қилиб ўтган экан. Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Мухтасару ихтилаф ил-улама” асарида келтиради:

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Исмоил ибн Абдулмаликдан, у Мужоҳиддан ривоят қилади, у айтган экан:

لأن اصليها وحدى احب الى من ان انام قبلها ثم اصليها فى جماعة

Хуфтондан олдин ухлаб, кейин уйғониб жамоат билан хуфтон ўқигандан кўра, уйқудан олдин ўзим якка ўқиб сўнг ухлаганим яхшироқдир!

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ: Биз шу қавлни оламиз. Хуфтондан олдинги уйқу макруҳдир. Бу масалада хилоф борлигини билмайман—деган. (Китоб ул-асор 34 — Б).

Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳам хуфтондан олдин ухлашни, ундан кейин гаплашишни макруҳ деб биламан, деганлар.

Имом Суфён Саврий ҳам хуфтондан олдинги уйқу менга ёқмайди, деган.

Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хуфтон ўқимасдан ухлаганлар ҳақида:

فلا ارقد الله عينه

Аллоҳ кўзига уйқу бермасин – деб дуо қилган эканлар. Имом Лайс ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ ҳазрати Умарнинг шу сўзига изоҳ бериб: бу туннинг учдан биридан кейин ҳам хуфтон ўқимасдан ғафлат босиб ухлаганларга тегишли, деган.

Саййор ибн Саламанинг Абу Барзадан ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтондан олдин ухлашни ва хуфтондан кейин гаплашишни хушламас эканлар. Ва яна, хуфтон намозини туннинг биринчи учдан бирига суриб ўқирканлар.

Баъзи ривоятларда Али розияллоҳу анҳу хуфтондан олдин бироз ухлаб олишни яхши кўрардилар, деган гап бор.

Абдуллоҳ ибн Умар ҳам хуфтондан олдин ухлашга ётар аммо, бир одамни хуфтон вақти чиқишидан олдин уйғотиб қўйишга тайинлаб қўйиб кейин ухлар эканлар.

Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, хуфтон вақти киришидан олдин ухлаш макруҳ, вақти киргач эса мубоҳ. (Имом Таҳовий. Мухтасару ихтилаф ил-улама).

Хулоса шуки, тунда уйғониб хуфтонни ўқий олишига кўзи етган одам хуфтондан олдин ухлаши жоиз. Аммо бир ётишда тонг оттирадиган уйқучиларга эса хуфтонни ўқимасдан ухлаши мутлақо жоиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида ўз вақтида ўқилган намозни энг яхши амаллар сирасида санаб ўтган. Шунга кўра, намозни вақтидан ўтказиб ўқиш оғир гуноҳлар қаторидан жой олади. Қуръони каримда эса намозига бепарво бўлганларга вайл бўлсин деган дуои бад бор. Аллоҳ таоло ҳар намозимизни ўқ вақтида тўла-тўкис адо этишни насиб этсин!

Ботиржон қори

Элмурод ҚЎЗИЕВ

Андижон тумани, «Холдорбой Ҳожи» жоме масжид имом-хатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *