Кабутар боқишнинг ҳукми

Lotin alifbosida

Муқаддима
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Kabutar boqish hukmiХалқимиз ичида “кабутар беҳосият қуш”, деган гап бор. Аксар одамлар кабутар боқишни ўзлари учун уятли бир иш деб билиши ҳам сир эмас. Аҳли илмларга ҳам бу масаланинг ҳукмини сўраб мурожаат қиладиганлар учраб туради. Куни кеча бир аҳли илм укамиз каминадан шу масаланинг ҳукмини сўраб қолди. Инсоният ҳаётининг ҳар жабҳасига кириб борган шариатимиз бу масалада нима дейди ўзи? Шунга кўра, кабутар (каптар) боқиш ҳақида қисқача изланиш қилиб, топган маълумотларимни ўзбекзабон кабутар ишқибозларига (каптарвозларга) ва бошқа илм толибларига ҳам илиндим.

Кабутар боқувчилар

Кабутар боқувчилар мақсадларига қараб икки турга бўлинади:

1- Ишқибозлик, кабутарни осмонга учириб завқланиш мақсадида боқувчи кабутарбозлар. Буларнинг кабутарлари баландга учиши ва узоқ муддат самода юриши билан баҳоланади.
2- Даромад олиш, гўшти, тухуми, наслини кўпайтириб сотиш каби тирикчилик мақсадида боқувчилар. Булар кабутарларини учриб ўйнашмайди. Аксинча, уларнинг кабутарлари қаноти қирқилган ё боғланган бўлади ва ёки қафасдан чиқармай боқишади.
Шариатимизда ҳар бир амалнинг ҳукми ниятга қараб баҳолангани каби кабутар боқувчиларнинг ҳукми ҳам ниятларига қараб бир-биридан фарқ қилади.

Биринчи турнинг ҳукми

Кабутарни осмонга ўчириб ўйнашнинг ҳукми макруҳдир! Чунки инсон умрини беҳуда зое қилувчи барча ўйинлар макруҳ дейилган. Айниқса, ибодатдан чалғитар даражада муҳаббат қўйган бўлса, у ўйин ҳаромга яқин бўлади. Фарзлардан қолдирса ҳаром ҳам бўлади. Агар осмонга учиришда қимор аралаштирса ишқибознинг жамиятдаги шаръий мавқеи пастлаб, гувоҳлиги ҳисобга ўтмас даражага тушиб қолади.
Бунга далил қилиб жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисини келтириш ўринли:

أن رسول الله صلى الله عليه وسلم رأى رجلاً يتبع حمامة فقال: «شيطان يتبع شيطانة

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кабутар ортидан эргашиб юрган бир кишини кўрдилар ва: “Шайтоннинг ортидан эргашиб юрган Шайтон”—дедилар.
Ҳадисни имом Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Шунингдек, яна имом ибн Можа худди шу ҳадисни Анас ибн Молик, Усмон ибн Аффон ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳумдан ҳам ривоят қилган.
Мазкур ҳадисни Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ “Ажвиба”ларида ҳасан деб баҳолаган. Шунингдек, имом Синдий ҳам ибн Можа сунанига битган ҳошиясида ҳасан деган. Имом Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган. Каттоний “Назмул-мутаносир мин ал-ҳадис ил-мутавотир” асарида мутавотир даражасида деб айтган.
Азимободийнинг Ибн Можа сунанига ёзган “Авн ул-маъбуд” асаридаги сўзига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари кабутар ортидан юрган шахсни “шайтон” деб номлашига унинг ибодатдан узоқлашиб, беҳуда нарса билан умр ўтказаётгани омил бўлган. Кабутарни эса, Аллоҳнинг зикридан узоқлаштирувчи бўлгани туфайли шайтонга қиёслаб шайтон деганлар.
Бу ҳадис биз юқорида зикр қилган биринчи тур кабутарбозларга тегишли бўлиб, унга кўра аксар уламолар бу тариқа кабутар боқишни ҳаромга яқин макруҳ деб айтганлар.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “зерикканда кўнгил ёзиш, тухум олиш, ёки хат ташиш каби ишлар учун кабутар боқишни кароҳияти йўқ, жоиздир. Лекин уни учириб ўйнаш мақсадида боқиш эса тўғрироғи макруҳдир. Мабодо кабутар учириб қимор ўйнаса унинг гувоҳлиги ҳисобга ўтмайди”.
Иброҳим ан-Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “Кабутарни учириб ўйнаганлар қашшоқлик аламини тотмагунча ўлмайди”.
Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг хутбада кабутарни сўйишга, итни ўлдиришга амр қилганига гувоҳ бўлдим”. Буни имом Бухорий ҳам айтиб ўтганлар.
Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ Усома ибн Зайддан нақл қилишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаноти қирқилган кабутарларни қолдириб, учириб ўйналадиганларини сўйиб ташлашга буюрар эканлар.

Иккинчи турнинг ҳукми

Агар тухум олиш, наслини кўпайтириб сотиб пул ишлаш, зерикканда тамошо қилиб ёзилиш, хат ташиш каби ишлар учун кабутар боқса бунинг ҳукми мубоҳдир. Яъни зарари йўқ.
Бу ҳукмга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ҳужжат қилиш мумкин:

عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال: كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يدخل علينا ولي أخ صغير يُكنى أبا عُمير، وكان له نغر يلعب به، فمات فدخل عليه النبي صلى الله عليه وسلم ذات يوم فرآه حزينًا، فقال: ما شأنه؟ قالوا: مات نغره، فقال: يا أبا عمير ما فعل النغير

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизникига кириб турардилар. Мени бир укам бўлар эди, уни Абу Умайр деб чақиришар эди. Уни кичкина бир қушчаси бор эди, уни ўйнар эди. Бир кун у қушча ўлиб қолди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни олдига кирганларида укамни хафа бўлиб турганин кўрдилар. Бу бола нега хафалигини сўрадилар, қушчаси ўлиб қолганини айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Умайр, қушчага нима қилди?”—деб хазиллашдилар. Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар ривояти. Матн Абу Довудники. Саҳиҳ, муттафақун алайҳ.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳ ул-борий”да бу ҳадисга изоҳ бериб айтади: бу ҳадисда қушларни қафас ва унга ўхшаш нарсаларда қамаб боқишнинг жоизлигига далил бор. Бирон жонзотни қамаб ё боғлаб боқувчиларга ўша жониворга чиройли муомала қилиши, унга озор бермасдан вақтида ем, дон, сувидан хабар олиши, қишда иссиқ, ёзда салқин шароит қилиб бериши вожиб бўлади. Чунки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Бир аёл мушукни боғлаб овқат бермагани ва ўзи овқат топиб ейишга қўймагани учун дўзахий бўлди”. Муттафақун алайҳ. Ибн Ҳажар Асқалонийнинг сўзи тамом.
Машҳур ҳанафий олими имом Сарахсий ҳазратлари “мабсут”да айтади: Кабутарни уйда хонакилаштириб учирмасдан боқса, уни гувоҳлиги қабул қилинади ва шаръан ишончли шахс деб исоб қилинаверади. Чунки кабутарни уйда боқиш мубоҳ. Билмайсизми, одамларнинг жуда кўпи кабутархоналар қилишган ва ҳолбуки ундан ҳеч ким ман қилмайди. 6/371Б.
Имом ибн Муфлиҳ айтган: имом Аҳмад ибн Ҳанбал қўлга ўргатиш ва зерикканда тамошо қилиб шод бўлиш учун кабутар боқишни жоиз деган. Шарти шуки қаноти қирқилган бўлсин. токи учиб бошқа бировларнинг экинзорига кириб зиён келтирмаслиги учун.
Имом ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Муғний”да айтади: Кабутарни учириб ўйнаганларни гувоҳлиги ўтмайди. Асҳоби раъй (ҳанафийлар)нинг ҳам қавли шудир. Қози Шурайҳ раҳматуллоҳи алайҳ Кабутарвоз ва ҳаммомчининг гувоҳлиги ҳисобга олмас эди. Чунки бу иш одатда инсон қадрини туширади, қолаверса, кабутарвоз осмонга кабутар учриб қўшниларига озор беради. Томма-том юриб, кабутарига тош отиб қўшнилари тинчини бузади. Агар, зийнат ва зерикишини ёзиш учун ёки хат ташиш ишларида воситачилик учун, ёки қўлга ўргатиб учирмасдан бировга зиён етказмасдан боқса гувоҳлиги рад қилинмайди. 36/12.
Аллома Косоний “Бадойе”да айтади: Кабутарни учримасдан боқса гувоҳлиги рад қилинмайди. Агар учириб ўйнаса рад қилинади. Чунки учириб ўйновчилар кўпинча томма-том юриб қўшниларнинг кўриши мумкин бўлмаган ерларига кўзи тушади. Ундан ташқари кабутар учириб намоз ва бошқа тоатлардан чалғиб қолишади. 6/29.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...