Ўн тўрт нафар қози

Lotin alifbosida

Абу Ҳанифа Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари ичида ўн тўрт нафари қози ал-қузот (қозикалон) ва оддий қозилар бўлганлар. Ҳанафийлик мазҳабининг ривожланиши, исломий мамлакатларга тарқалишида мана шу қозиларнинг ҳиссаси катта бўлгани шубҳасиз. Улар қуйидагилардир:

1)Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Ансорий (731-798) раҳимаҳуллоҳ. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг бош шогирди. У зот 166/782 йилдан бошлаб Бағдодда ўн олти йил бош қози бўлиб турганлар. У зот ислом тарихида илк қози ал-қузот – қозикалон бўлган ҳанафий олимидирлар.

2)Ҳасан ибн Зиёд ал-Луълуъий ал-Кўфий (ваф. 204/819) раҳимаҳуллоҳ. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг учинчи шогирди. У зот 194/809 йилда Кўфага қози қилиб сайланган, лекин озгина муддат ишлаб, истифога чиққанлар.

3)Асад ибн Амр ибн Омир ибн Абдуллоҳ ад-Қушайрий ал-Бужалий (ваф. 188/804) раҳимаҳуллоҳ. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига илк бор устоз дея мактуб ёзган ҳанафий олими. Восит шаҳрида бир муддат қози бўлганлар, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан сўнг Бағдод қозилигини эгаллаганлар. Ҳорун ар-Рашид (786-809) раҳимаҳуллоҳ билан биргаликда ҳаж зиёратига борганлар.

4)Абу Исмат Нуҳ ибн Зайд ибн Жаъуна ал-Марвазий (ваф. 173/790) раҳимаҳуллоҳ. Халифа Мансур (754-775) раҳимаҳуллоҳ даврида Марвга қози этиб таъйинланганлар. Узоқ муддат қозилик қилганлар, у зот қози этиб сайланганидан сўнг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи унга ваъз-насиҳатлар қилиб мактуб йўллаганлар.

5)Абу Муҳаммад Нуҳ ибн Дуррож ан-Нахаъий ал-Кўфий (ваф. 182/799) раҳимаҳуллоҳ. Кўфада уч йилча, кейин Бағдодда қозилик қилган Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи шогирдларидан бири. Унинг тўрт ўғли бўлган, тўртови ҳам қозилик қилганлар.

6)Офият ибн Язид ал-Авдий (ваф. 170/787) раҳимаҳуллоҳ. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг эътиборли шогирдларидан бири. Бағдодда қози-аскар бўлганлар. Муҳаддислардан Абу Абдурраҳмон ан-Насоий (830-915) раҳимаҳуллоҳ уни ҳадис ривоятида ишончли, деганлар.

7)Али ибн Забён ал-Абасий (ваф. 192/808) раҳимаҳуллоҳ. Қармисин деган жойда вафот этган Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг бу шогирди асли кўфалик бўлиб, Бағдодда етти йилча қози ал-қузот бўлганлар.

8)Али ибн Ҳармала ал-Кўфий (ваф. 199/815) раҳимаҳуллоҳ. Бағдодда Ҳорун ар-Рашид (786-809) раҳимаҳуллоҳ даврида қози ал-қузот бўлганлар. Аввал Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи, кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан сабоқ олганлар.

9)Абу Зайд Ҳаммод ибн Далил (VIII аср) раҳимаҳуллоҳ. Мадоин шаҳрида қозилик қилганлар. Муҳаддислардан Ибн Ҳиббон (885-965) раҳимаҳуллоҳ уни ишончли, деганлар. Абу Довуд (817-889) раҳимаҳуллоҳ эса ундан битта ҳадис ривоят қилганлар.

10)Абу Абдуллоҳ ал-Қосим ибн Маън ибн Абдурраҳмон ал-Ҳузалий ал-Кўфий (ваф. 175/792) раҳимаҳуллоҳ. Кўфада қозилик қилганлар. Муҳаддислар уни ишончли деб, ундан ҳадислар ривоят қилганлар.

11)Яҳё ибн Закариё ибн Абу Зоида (738-800) раҳимаҳуллоҳ. У зот Ҳорун ар-Рашид (786-809) раҳимаҳуллоҳ даврида Мадинада қози бўлганлар, тўрт ойча Мадоинда ҳам қозилик қилганлар. У зот Кўфада фиқҳ соҳасида биринчи китоб ёзган олим сифатида ҳам танилганлар.

Муаррих Абдулқодир ибн Аби-л-Вафо ал-Қураший (1297-1373) раҳимаҳуллоҳ ўз асарида “ўн икки нафар қози” дея мана шу ўн бир нафарининг номини санаган, холос (Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший. ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа / Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2005. – Б. 147.).

Лекин, ўз вақтида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан дарс олиб, унинг мазҳабига амал қиладиган, кейинчалик қозилик вазифаларида ишлаган қуйидаги олимлар ҳам борлиги маълум:

1)Абу Ҳонеъ Нўъмон ибн Абдуссалом ибн Ҳабиб ат-Тамимий ан-Найсобурий (ваф. 183/800) раҳимаҳуллоҳ. Исфаҳонда бир муддат қози бўлганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи, Суфён ас-Саврий (716-778) раҳимаҳуллоҳ ҳамда Зуфар (728-775) раҳимаҳуллоҳ кабилардан таълим олганлар.

2)Абу Али Умар (Амр) ибн Маймун ибн Баҳр ал-Балхий (ваф. 171/788) раҳимаҳуллоҳ. Балхда йигирма йилдан кўпроқ муддат қози бўлганлар. Унинг ўғли ҳам Нишопурда қозилик қилганлар. Муҳаддислардан Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (824-892) раҳимаҳуллоҳ ундан битта ҳадис ривоят қилганлар.

3)Абдулазиз ибн Холид ибн Зиёд ат-Термизий (VIII аср) раҳимаҳуллоҳ. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдларидан бири, Термизда бир муддат қозилик қилганлар. Ишончли ровий сифатида Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (824-892) раҳимаҳуллоҳ ва Абу Абдурраҳмон ан-Насоий (830-915) раҳимаҳуллоҳ ундан ҳадис ривоят қилганлар.

   Ҳамидуллоҳ Беруний.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...