Имом Биргивийнинг “Тариқат ул-муҳаммадия” асаридаги “қалб офатлари” бобидан
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ сизларнинг гавдангиз ва қиёфангизга эмас балки, қалбингизга боқади». (Имом Муслим).
31) САФАҲ
Қалбий ҳасталикларнинг навбатдагиси сафаҳ яъни, тентаклик, эси пастлик ва ақлий нуқсондир (бу ерда ақли заиф руҳий касаллар кўзда тутилмаган. Аксинча ақли-истеъдоди бор аммо уни тўғри мақсад сари йўналтира билмаганлар ирода этилган). Бу иллатнинг асари эгасини нотўғри йўлда давомийлигида, мол-дунёни ноўрин сарф қилиб исрофгарчилик қилишларида акс этади. Сафаҳнинг зидди рушддир. Яъни, киши ўзи учун ҳар томонлама фойдали йўлни ажрата билиши, қобилятдан унумли фойдаланиши.
Аллоҳ таоло Қурони каримда эси пастларга ишониб мол топширмасликни амр қилиб айтган:
وَلاَ تُؤْتُواْ السُّفَهَاء أَمْوَالَكُمُ
“Эси пастларга молларингизни берманг” (Нисо сураси / 5).
Мабодо эси пастларнинг ақли тўлишиб, фойда-зарарнинг фарқига боришса уларга ишониш мумкин. Зеро Аллоҳ таоло кейинги оятда шундай таълим беради:
فَإِنْ آنَسْتُم مِّنْهُمْ رُشْداً فَادْفَعُواْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُم
“Агар уларнинг (сағир-етимларнинг) эс-ҳуши жойида эканини билсангиз, энди уларга ўз молларини топширинглар” (Нисо сураси / 6).
Сафаҳ айрим ҳолларда одамларнинг ҳурмат-эътибори, мақтов ва олқишлари ортидан ҳам пайдо бўлиши мумкин. Буни кўпроқ обрўли, мансабли олий табақа вакиллари ичида кузатиш мумкин. Атрофидагиларнинг тилёғламаликларига учиб қўлларидаги бор будини исрофгарчилик билан сарфлаб юборишади.
Сафаҳ аксар ҳолатда туғма табиий бўлади. Аммо эси пастларнинг аҳмоқлиги кўпинча бошқа ориз воситалар билан аслидан ҳам кучайиб, ҳаддан ошиб кетиши кўп учрайдиган ҳолдир. Масалан, эси пастлар қўлига осонлик билан тушган мол уларнинг аҳмоқлигини янада орттиради. Чунки улар фойда-зарарни фарқига бормаганлари туфайли исрофгарчилик ботқоғига ботиб кетадилар. Отасидан мерос қолган, ё ҳадя ва ҳиба каби осонлик билан эга бўлган молларини орқа-олдига қарамасдан сарф қилиб адо қилишади.
Баъзи ҳолларда уларнинг атрофида тўпланган ёмон ошна-оғайнилари ҳам уларнинг аҳмоқлигини баттар оширишади. Улар унинг тентаклигидан фойдаланиб, бали-балига солиб молини бирга ейиш мақсадида кўкка совуртиришади. Шунинг учун ҳам Исломда диний ва дунёвий манфаати йўқ ёмон одамлар билан ошна бўлишдан қайтарилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
“Ёмон ошна билан яхши ошна мушки анбар сотувчи билан темирчи мисолидир. Мушки анбар сотувчи сизга ё атиридан беради ё ўзингиз сотиб оласиз ёки унинг хушбўй ҳидидан баҳра оласиз. Темирчи эса ўчоғига пуфлаган оловидан сизга сачратиб ё либосингизни куйдиради ё унинг бадбўй тутунидан озор топасиз.” (Бухорий ва Муслим).
32) ДАНГАСАЛИК
Мўмин бошига бало бўлиб тушган офатлардан яна бири дангасалик, бекорчиликдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
وَأَن لَّيْسَ لِلْإِنسَانِ إِلَّا مَا سَعَى
“Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ”. (Нажм сураси / 39) –деб айтган. Дангасалик қилиб охиратига ишлаб олмаган, дунёда берилган имкониятни қўлдан бой берган баттолларга бошқаларнинг амалидан асло наф бўлмайди. Тўғри, дўстларнинг дуоси, шафоатларидан фойда бор. Аммо бу фойдалар ҳам аслида кишининг бу дунёдаги солиҳ хулқ-атвори, иймони ва орттирган солиҳ дўстлари натижасидир. Аммо дунёда иймон тақозосига кўра амал қилмаган, солиҳлар билан дўст бўлмаган дангаса баттолларга охиратда бошқаларнинг дуоси ҳам шафоати ҳам бўлмас.
Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам дангасаликдан бекорга истиъоза қилмаганлар. Жумладан Ул зот шундай деганлар:
“Эй Аллоҳим мен дангасалик ва бемадорликдан паноҳ беришингни сўрайман…”(Бухорий ва Муслим).
33) ШОШҚАЛОҚЛИК
Қалб офатларидан яна бири шошқалоқликдир. Ҳаёлга келган нарсанинг яхши-ёмонлиги ҳақда тааммул қилмасдан унга дарҳол эришиш ҳаракатига, шунингдек, ишни охирига етказишда мукаммалликка эътибор бермасдан тезлик билан тугатиш ҳаракатига шошқалоқлик дейилади.
Уламолар шошқалоқлик шайтон хулқларидандир, деганлар. Аслида инсон табиатида ҳам шошқалоқлик бор. Лекин инсонга Аллоҳ ақл неъматини берган ва шошмасдан тафаккур билан иш кўришга амр этган. Ҳар бир иш бошида обдон ўйлаб ақлни тўғри ишлатиб иш кўрган киши бахтини топади. Аксинча шошиб қилинган иш эса кишини надоматга қўяди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Пухта ўйлаб иш қилиш Аллоҳдан, шошқалоқлик эса Шайтондандир” (Байҳақий).
Ҳотам ал-Асом раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
“Шошқалоқлик Шайтондан магар беш ўрин ундан мустасно:
1. Меҳмонга таом тортиқ қилиш;
2. Маййитни кафанлаб дафн этиш;
3. Бўйи етган қизни узатиш;
4. Қарзни тезроқ адо этиш;
5. Гуноҳдан тезроқ тавба қилиш
Шу беш ҳолатда шошиб иш кўриш Шайтондан эмас аксинча Расулуллоҳнинг суннатидандир” (Бариқа).
34) ТАСВИФ
Қалб офатларидан навбатдагиси тасвиф яъни, манфаатли ишларни ортга суриш. Айниқса, тасвиф ухровий жиҳатдан фойдаси бор эзгу ишларда бўлса янада ачинарли бўлади. Халқимизда “Бугунги ишни эртага қўйма” деган доно нақл бор. бу ҳам аслида ҳар бир ишни ўз вақтида бажаришга тарғиб маъносида айтилган. Исломда мўминлар учун фойдаси бор барча яхши ишларни тезроқ бажаришга даъват этилади. Зеро бугунги имконият эртага топилмаслиги мумкин. Мўмин буни яхши фаҳмламоғи даркор. Шундай инсонлар борки уларни намозга чақирсангиз “ҳали эрта, сал қариганда ўқирмиз” деганга ўхшаш важ-карсонлар билан ибодатни ортга суришади. Аслида бу уларнинг қалбига ўрнашиб олган тасвиф асоратидандир.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кун бизга насиҳат қилдилар ва айтдиларки:
“Эй инсонлар! Ўлимингиздан олдин Аллоҳга тавба қилиб қолинг. Банд бўлиб қолишингиздан олдин солиҳ амалларга шошилинг. Аллоҳни кўпроқ зикр қилиб ўзингиз ва Унинг орасидаги узилган риштани боғланг. Махфий ва ошкора садақаларни кўпайтиринг. Шунда ризқингиз кўпаяди, Аллоҳнинг нусратига эришасиз ва ёрдами билан қўлланасиз”. (Ибн Можа).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига ваъз қилиш жараёнида айтдилар:
“Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил:
1. Ҳаётингни вафотингдан олдин;
2. Соғлигингни беморлигингдан олдин;
3. Бўш вақтларингни банд бўлишдан олдин;
4. Ёшлигингни қариб—қартайишдан олдин;
5. Бойлигингни қашшоқлигингдан олдин ғанимат бил!”. (Ибн Абу Дунё ва Ҳоким).
35) ФАЗОЗАТ
Ўттиз бешинчи қалб ҳасталиги бу фазозат яъни, қалби қаттиқ, қўпол ва беодобликдир. Мўмин доимо ҳалим, хушхулқ ва баодоб бўлмоғи лозим. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни қалби қаттиқ ва қўполликдан қайтарган. Тошюрак, бераҳм қўпол кишиларнинг атрофида одам тўпланмайди. Ҳамма улардан безор бўлади. Хузурига бориш, бирга ўтириш, суҳбатини олишдан қочади. Номини эшитганда афтлари буришади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Ул зоти шариф айтганлар:
“Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди”. (Бухорий ва Муслим).
Яъни, кимки қалби тош, бераҳм бўлса унга Аллоҳнинг раҳми келмайди. Шунингдек, инсонларга яхшилик қилмаган қалби қаттиқларга Аллоҳ тарафдан савоб берилмайди.
36) БЕҲАЁЛИК
Мўмин қалбини емирувчи иллатлар ичида ўттиз олтинчиси вақоҳат яъни беҳаёлик деб белгиланди. Ҳаё деб қабиҳ ишларнинг оқибатидан хавсираб нафсни тийишга айтилади. Бу хулқ иноснни разилликдан тийиб туради.
Кўпинча ҳаё инсонда ғаризий яъни табиий туғма бўлади. Лекин баъзида ҳаё инсон илми ва тажрибаси маҳсули бўлиши ҳам мумкин. Араб шоирлари айтган:
رأيت العقل عقلين * فمطبوع و مصنوع * و لا ينفع مصنوع
إذا لم يك مطبوع * كما لا تنفع العين * و ضوء الشمس ممنوع
Бу мазмунни тўлиғича ушбу шеърда ҳам яққол кўриш мумкин:
Шубҳасизким, инсон-чун туғма ақл неъматдир!
Суқма ақл бефойда—зое кетар заҳматдир.
Кўзда нур минг мўл бўлсин, тунда нени кўрарсан?
Қуёш гар нур сочмаса, мудом кўрсан, сўқирсан!
Абдуррауф ал-Муновий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: ҳаё аслида туғма табиий бўлади. Лекин иктисобийси (ўзлаштирилгани) билан табиий ақл янада мукаммаллашади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Ҳаё иймондандир! Иймон эса жаннатда. Беҳаёлик жафодандир. Жафо эса дўзахда”. (Термизий).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Қайси амал ё қавлга фаҳш аралашса албатта унга айб етказади. Қайси амал ё қавлга ҳаё аралашса албатта унга зийнат беради”. (Термизий).
Ҳаёнинг энг афзали Аллоҳдан ҳаё қилишдир. Кейинги мақомда эса гуноҳ ва кароҳият бўлмаган ўринларда инсонлардан ҳаё қилиш туради. Аммо гуноҳ бўладиган ўринларда ҳаё қилиш шаръан мақбул эмасдир. Масалан жамоат намозларида салла кийиш ва ҳоказо суннат ва бошқа шаръий амалларни бажаришда одамлардан уялиш, ҳаё қилиш шариатимизда кескин танқид остига олинади.
37) ШАКВО
Навбатдаги қалбий офат шакво яъни шикоятчилик, мусибатга бесабрлик, сўз ва ё амалий жазавага тушиш ҳолатлари. Сабр шаквонинг зиддидир. Сабр деб бошга тушган мусибатни кўтара билиш, жазавага тушмаслик, ҳеч кимга арз-дод қилмасликка айтилади. Динимиз ҳамиша сабрли бўлишга чорлайди. Сабр ҳар бир ибодат ва ҳар қандай ҳаромдан тйилишнинг асл негизидир. Жиззакилик, чидамаслик каби разил хулқлар мўмин учун бегонадир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Кимники моли ё жонига мусибат етса-ю, у сабр қилиб мусибатини ичига ютса ва ҳеч кимга шикоят қилмаса, Аллоҳнинг мағфирати у банданинг ҳаққи бўлади”. (Тобароний).
38) КУФРОНИ НЕЪМАТ
Навбатдаги қалб офати Аллоҳ берган неъматнинг қадрига етмаслик, муносиб баҳоламаслик, шукрини келтирмасликдир. Бу иллатнинг оқибати ҳақида Аллоҳ таоло Қуръонда шундай хабар беради:
وَضَرَبَ اللّهُ مَثَلاً قَرْيَةً كَانَتْ آمِنَةً مُّطْمَئِنَّةً يَأْتِيهَا رِزْقُهَا رَغَداً مِّن كُلِّ مَكَانٍ فَكَفَرَتْ بِأَنْعُمِ اللّهِ فَأَذَاقَهَا اللّهُ لِبَاسَ الْجُوعِ وَالْخَوْفِ بِمَا كَانُواْ يَصْنَعُونَ
“Аллоҳ бир шаҳарни зарбул масал қилади: у омонлик ва хотиржамликда эди. Ризқи ҳар макондан сероб ҳолда келиб турарди. Сўнг у Аллоҳнинг неъматларига куфр келтирди. Бас, Аллоҳ унга қилган ишлари учун очлик ва хавф кийимини тоттирди”. (Наҳл сураси / 112).
Яъни, қилган ношукрчиликлари, келтирган куфрлари учун уларга очлик ва хавфни кийим қилиб кийгазиб қўйди. Аллоҳнинг амри билан Маккага етти йил қаҳатчилик келгани, унинг аҳолиси ўлимтиклар, туянинг юнги ва одатда еб бўлмайдиган бошқа нарсаларни еганлари ҳаммага маълум. Шундай қилиб, Аллоҳ уларни тўқликдан очликка чиқарди. Мусулмонлар Мадинаи Мунавварага ҳижрат этиб, ўша ерда ўз жамиятларини қурганларидан сўнг эса, аҳли Маккадан хотиржамлик неъматини ҳам олиб, уларни хавф-хатарда яшайдиган қилиб қўйди. Улар мусулмонлар Маккани фатҳ этиши учун келиб қолармикан, деган хавфда яшардилар. (Тафсири ҳилол).
Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Кимка (неъматнинг) озига шукр қилмаса кўпига (ҳам) шукр қилмайди. Кимки одамлардан миннатдор бўлмаса Аллоҳга (ҳам) шукр келтирмайди. Аллоҳнинг неъматини гапириш Аллоҳга шукр келтирмоқдир. Гапирмаслик куфрони неъматдир. Жамоат раҳматдир. Фирқа (жамоатдан ажрашнинг оқибати) азобдир”. (Имом Аҳмад).
Имом Абу Саъийд ал-Ходимий раҳматуллоҳи алайҳнинг шу ҳадисга берган изоҳига кўра, бирон банда туфайли мақсадига етишган киши ўша банда ҳаққига ошкора ва хуфёна хайрли дуо қилиши, унга миннатдорчилик изҳор этиши худди Аллоҳнинг неъматига шукр қилиш каби бир хил вожибдир. Чунки асли неъматни инъом этувчи Зот Аллоҳ бўлса-да бу банда ўша неъматга эришишига сабаб бўлди.
Байзовий раҳматуллоҳи алайҳ зуҳо сурасида келган ушбу: “Ва аммо, Роббинг неъматлари ҳақида сўзла” ояти тафсирида Худонинг неъматини гапириш бу—шукр қилиш демакдир, деган.
39) САХАТ
Қалб офатларидан яна бири бу сахат яъни, мақсадга ета олмаган чоғда ғазабланмоқдир. Аллоҳнинг қазосидан бошқа нарсани ўзи учун фойдалироқ бўларди деб ўйлаган бандаларгина иши битмаган дамда ғазабланади.
Сахатнинг зидди ризодир. Бу эса ҳамиша ҳар бир ишни нафсига ёқимли бўлсин ё аксинча, бундан қатъий назар Аллоҳнинг хоҳишидан деб билиб унга бажонудил рози бўлиш, йўқотишга учраганда ҳам ўзгармаслик ва буткул Аллоҳга таслим бўлиш демакдир.
Абу Ҳинд ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Аллоҳ таоло: “Ким қазоимга рози бўлмаса ва балоимга сабр қилмаса, ўзига мендан бошқа Парвардигор изласин”, деган”. (Ибн Ҳиббон, Тобароний).
Парвардигор бандаларини хоҳлаган кўйига солиши мумкиндир. Ким унинг ҳукмига рози бўлмай, балосига сабр қилмай ғазабланса, демак у Аллоҳнинг тасарруфига рози бўлмаяпти экан.
Имом Абдурроуф Муновий шу ҳадиснинг шарҳида имом Ғаззолийдан нақл қилади: Гўёки Аллоҳ таоло: “Бу банда бизнинг унга Робб бўлишимизга рози бўлмай ғазабланяптими? У ҳолда ўзига уни хурсанд қиладиган бошқа Робб топиб олсин”, деб айтяпти.
Сахат айни дамда банда учун асаббузарлик охиратда эса уқубатдан бошқа нарса келтирмайди.
40) ТАЪЛИҚ
Қалб офатларининг қирқинчиси таълиқдир. Яъни, ризқни Аллоҳдан бошқадан деб билиш, тирикчилигини Аллоҳ қолиб бошқа сабабга боғлиқ деб эътиқод қилишдир. Таълиқ мўмин қалбини тавҳиддан тўсади, Аллоҳдан бошқага суянтириб қўяди.
Таълиқнинг зидди таваккулдир. Таваккул бу—тирикчилик фақат Аллоҳ таолодан деб билиш, ҳар бир ишни ўз эгаси Аллоҳга топшириш ва Уни вакил деб эътиқод қилишдир.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Агар сизлар Аллоҳга том маънада таваккул қилганингизда эди, У худди қушларнинг ризқини бергандек сизларнинг ҳам ризқингизни албатта берарди. Қушлар эрталаб оч ҳолда туради ва кунни тўқ ҳолда кеч қилади”. (Термизий).
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Банданинг ризқи худди ажали каби топиб келади”. (Ибн Ҳиббон).
Давоми бор…
Ҳикматуллоҳ Иброҳим

