Қалб офатлари (2-қисм)

Lotin alifbosida

Имом Биргивийнинг “Тариқат ул-муҳаммадия” асаридаги “қалб офатлари” бобидан


Qalb ofatlari2Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ сизларнинг гавдангиз ва қиёфангизга эмас балки, қалбингизга боқади.» (Имом Муслим.)

21)  Ғадр

Мўмин кишининг шанига ярашмайдиган ғайри исломий хулқларнинг навбатдагиси Ғаддорликдир. Ғадр деб аҳдга вафосизликка айтилади. Яъни, икки киши бирон ишга келишиб аҳдлашсалар, шулардан қай бири шеригига хабар қилмаган ҳолда аҳдини бузса, унинг бу ишини ғадр, ўзини эса ғаддор дейилади. Икки кишининг бир-бирига сўз бериши аҳд, бир кишининг бошқага сўз бериши эса ваъда, дейилади.

Ғадрнинг ҳукми ҳаромдир. Агар аҳдини бузишга зарурат туғилса, шеригини бундан огоҳ этиб қўйишлик вожиб бўлади.

Бу ҳақда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагича ҳадис келтирилган:

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Ҳар бир ғадр қилувчининг махсус байроғи бўлади. Қиёмат куни (уни шарманда қилиш учун, байроғини) орқасига жойлаб қўйилади. Байроқнинг баланд-пастлиги ғаддорнинг қилмишига қараб белгиланади». (Имом Муслим).

22) Хиёнат

Маънавий ҳасталикларнинг йигирма иккинчиси омонатга хиёнаткорликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хулқни мунофиқлик аломатлари қаторида санаб ўтган эдилар.

Бунинг ҳукми ҳам ҳудди ғадр каби ҳаромдир. Хиёнатнинг зидди ўлароқ омонатдорлик эса вожиб хислатдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиздан қуйидагича ҳадис ворид бўлган:  Анас ибн Молик р.а.дан ривоят қилинди, у киши деди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча бизга мавъиза қилсалар айтардиларки, «Омонати йўқ кишининг (комил) иймони йўқдир! Аҳди йўқ кишининг диёнати йўқдир!» (Имом Аҳмад, Баззор, Тобароний).

23) Ваъдага хилоф қилиш

Хиёнат билан ёнма-ён юрувчи иллатлардан бири ваъдага хилоф қилишлик. Бу иллат қалб офатларининг йигирма учинчисидир. Юқорида ишора қилиб ўтилганидек, бир кишининг бирор амални бажаришга сўз бериши, ундан ваъда сифатида қабул қилинади. Сўзининг устидан чиқмаслик нияти билан ёлғондан ваъда беришлик ҳаромдир. Бу турли ваъда берган кишига сўзи устидан чиқишлиги вожиб бўлади. Агар бузуқ ниятига содиқ қолган ҳолда ваъдасига хилоф қилса икки баробар гуноҳ олади. Ёлғондан ваъда бергани ва хилоф қилгани учун.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда қуйидагича ҳадислар мавжуд: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинди у киши деди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Мунофиқнинг белгиси учтадир, агарчи у рўза тутса ҳам, намоз ўқиса ҳам, ўзини мусулмон деб эътиқод қилса ҳам:

1. Гапирса, ёлғон сўзлайди;

2. Ҳар қачонки ваъда берса сўзини устидан чиқмай, хилоф қилади;

3. Бирон мол ё сирни унга омонат қилинса, хиёнат қилади». (Муслим)

Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума икковларидан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Тўртта (хабис) хислат бор. Улар бирон шахсда жамлашса, у ғирт мунофиқ(га ўхшаш) бўлади. Агар кимдаки улардан бирортаси бўлса, у феълини ташлагунча унда мунофиқликдан бир хислат бўлади:

1. Вақтики унга (ишониб) омонат қўйилса хиёнат қилади;

2. Гапирса ёлғон гапиради;

3. Биров билан аҳдлашса ғадр қилади;

4. Биров билан хусуматлашса (ҳақ йўлдан чиқиб) фожирлик қилади». (Бухорий ва Муслим).

24) Бадгумонлик

Мўминга номуносиб хислатларнинг навбатдагиси Аллоҳ таолодан ва мўминлардан шак-шубҳа туфайли бадгумон бўлишликдир. Бадгумонлар ўзлари аниқ билмаган ҳолда ёмон ўйлайдилар ва шу гумони бўйича ҳукм қиладилар. Бу феъл гўёки ғайбни билишни иддао қилган билан бир ҳил ҳисобланади. Бу ҳасталикка чалинганлар доим васваса-ю ваҳимада юришади. Одатда ҳаёлига келган шубҳа-гумонларини рост деб ишонишади. Душманлари сўзига лаққа тушиб, дўстларига ҳам душманчилик қилишдан тоймайди. Бунинг ҳукми ҳам китоб ва суннат билан ҳаромдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бадгумонликдан сақланишга амр қилиб айтади:

«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир». (Ҳужурот 12. Тафсири ҳилол).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мавзуга доир қуйидаги ҳадисни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Бадгумонликдан сақланинг. Чунки (қалбда, далилсиз пайдо бўлган) гумон ёлғондир!

Жосуслик қилманг!

Бировнинг суҳбатига пинҳона қулоқ тутманг!

Бир-бирингизга ҳасад қилманг!

Бир-бирингизга ғазаб қилманг!

Бир-бирингизни кўрганда тескари қараманг!

Аллоҳ амр қилганидек, бир-бирингиз билан ака-ука каби биродар бўлинг! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни хўрламайди ва ҳақорат қилмайди.

Тақво мана бу ердадир. (бу сўзларини кўкракларига ишора қилган ҳолда уч бора такрорладилар) Киши мусулмон биродарини ҳақорат қилиши, унинг ўзини ёмон инсон эканига етарли (далил) дир.

Ҳар бир мусулмоннинг қони, обрўси ва моли бошқа мусулмонларга ҳаромдир. (яъни, мусулмоннинг жони ҳам, моли ҳам, обрўси ҳам Аллоҳнинг ҳимоясидадир. Унга ноҳақ дахл қилишлик ҳаромдир).

Албатта, Аллоҳ сизларнинг гавдангиз, қиёфангиз ва амалингизга эмас балки, қалбингизга боқади». (Имом Муслим.)

 25) Шумланиш

Халқ орасида «нафасингни иссиқ қил..» деган гап бор. Бу хитобни кўпинча ҳар нарсадан ёмонлик қидирувчи, қалби шумланиш дардига мубтало бўлганларга айтилади. Шумланишни арабларда «татойюр, тафоъул» дейишади. Яъни, бирон белгини ёмонлик белгиси деб ишониш. Масалан, уйдан бирон иш билан чиққан одам осмонга боқади агар, осмонда қушлар ўнг тарафдан чап тарафга қараб учса, буни яхшилик аломати деб билади. Аксинча бўлса хосиятсизликка йўяди ва ишини эртага қолдиради.

Бизни ўлкаларда ҳам бунга ўхшаш жоҳилликлар учраб туради. Масалан, йўловчининг олдидан мушук кесиб ўтса, «олдимиздан мушук ўтди энди сафаримиз хайрли бўлмайди.»— деб ишонадилар. Бу иллат маънавий қусурларнинг йигирма бешинчиси бўлиб, унинг ҳукми би-л-иттифоқ ҳаромдир. Ҳатто, баъзи уламолар куфр, дейишгача борган. Уларнинг бу қарорига Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидан олинган умумий тушунчалари асос бўлган бўлса ажабмас: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Шумланиш ширкдир! (бу сўзларини уч бора такрор айтдилар) Шумланувчилар биздан эмасдир магар, қалбига беихтиёр келганлар мустасно. Лекин Аллоҳ (қалбга беихтиёр келган ёмон ҳаёлни) таваккул билан даф қилади». (Абу Довуд).

Мўмин киши зарарни ҳам фойдани ҳам Аллоҳдан, деб билиши ва шундай эътиқод қилиши керак. Фойда ёки зарарни осмондаги қушлар, ердаги жониворларнинг одатий ҳатти-ҳаракатига боғлаш асло дуруст эмас. Қалбга беихтиёр келган ёмон ўй-фикрларни эса ҳадисда айтилганидек Аллоҳга таваккал қилиш билан даволашлик лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Юқишлик йўқ нарсадир. Шумланишлик йўқ нарсадир. «Ҳома» йўқ нарсадир. Сафар йўқ нарсадир».  (Бухорий).

Мазкур ҳадисда ҳам ҳазрат пайғамбариз алайҳиссалом шумланиш ва унга яқин бўлган бошқа қалбий ҳасталиклар асли бўлмағур нарсалар эканини уқтирмоқда. Яъни, бемордаги иллат бошқасига шундайича юқмайди балки Аллоҳнинг хоҳиши билан юқади. Иллатнинг ўзида бошқага ўтиш учун асло мустақил қудрат йўқдир.

Турли-туман нарсалардан шумланиб ўша аломатлар инсон ҳаётига, тақдирига тасир қилиш кучига эга, деб эътиқод қилиш мумкин эмас. Шунингдек, жоҳилият араблари орасида тарқалган «ҳома» ҳам асло бўлмаган нарса. Жоҳилият даври одамларининг ишонишича, ўлдирилган кишининг руҳи унинг бош суягидан бой ўғли қушига айланиб учиб чиқади. Ва «менга сув беринглар, менга сув беринглар», деб безовта ҳолда учиб юради. Қачонки ўликнинг эгалари қотилдан қасос олсалар шундагина қуш тинчийди. Бу ақида ҳам ботил ақидадир.

Сафар ойидан шумланишлик ҳам дуруст эмас. Сафар ойини беҳосият деб билиш, унда тўй қилишлик, сафарга чиқишлик каби муҳим ишларни қилмасдан кейинга суришлик мутлақо дуруст эмас.

 26) Бахиллик

Қалб офатларидан йигирма олтинчи офат бу бахиллик, ҳасисликдир. Киши шариат ҳукми бўйича сарфланиши лозим молни ушлаб қолса, масалан закот, қурбонлик, ушр, қарамоғидагиларнинг нафақаси ва ҳоказоларни бермаса унга бахил, ҳасис дейилади.

Шунингдек одамгарчилик юзасидан сарф этилиши керак молни ўзида маҳкам ушлаганларни ҳам бахил деб айтилади. Масалан, қўшнисининг ҳолидан хабар олмаслик, дўстларга ҳадя бермаслик ва ҳоказо нафл садақалар қилиб туришдан йироқ кишилар.

Бахиллик тоғининг энг чўққисини забт этган ҳасислар бошқаларга бирон нима бериш у ёқда, ҳатто ўз жонлари учун ҳам тузукроқ харажат қилишдан қизғанадиган ҳасислардир. Улар мабодо касал бўлиб қолишса кўзларига жони эмас балки моли кўринади, қашшоқ бўлиб қолмаслик учун дори-дармонга ҳам пул сарфламайдилар. Бахилликнинг бу турига «Шуҳҳ» деб ҳам айтилади.

Аллоҳ таоло бахиллик ҳақида шундай дейди:

«Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир». (Оли Имрон. 180.)

Ислом дини таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади. (Тафсири ҳилол).

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Мусулмонлар орасини бузиб юрувчи фасодчи иғвогар, бахил ва чақимчи кишилар жаннатга киришмайди». (Термизий.)

27) Исрофгарлик

Йигирма еттинчи маънавий ҳасталик исрофгарчиликдир. Шариат ҳукми билан ёки одамгарчилик юзасидан ушлаб қолиш керак бўлган молни ушлаб қолмасдан сарф қилиб юборишга, молни диний ва дунявий мубоҳ манфаъат келтирмайдиган жойларга ишлатишга исрофгарчилик дейилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда  исрофгарларни яхши кўрмаслигини айтиб ўтган.

Бахиллик ва исрофгарлик иккиси агар шариатга мухолиф тарзда бўлса қатъий ҳаром бўлади. Мурувват яъни одамгарчликка мухолиф тарзда бўлса макруҳ бўлади.

Мўмин кишига бахиллик ҳам исрофгарлик ҳам ярашмайди. Балки, иккисининг ўртаси саналган меъёрий сахийлик мўминга муносиб хислатдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин.» (Исро 29).

Бахил одам кутилмаганда ҳамёнига қўл солиб бировга пул бериб юбормай, деб қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда. ҳар бир нарса тавозин ила меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади. (Тафсири ҳилол).

 28) Бойликни яхши кўрмоқ

Бахилликни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан ҳисобланмиш, бойликка муҳаббат қўймоқ қалб офатларининг йигирма саккизинчиси, деб белгиланди. Мўмин киши мол дунёни яхши кўриши, жамғариб захира қилиши мумкиндир. Бироқ унинг мақсади садақа бериш, қурбонлик қилиш каби молиявий ибодатлар учун бўлса яхши. Аксинча бўлса мақбул эмас.

Мол дунёга муҳаббат қўйиб жамғарувчи агар уни ҳаром йўлда сарфлаш учун йиғса бу иши шубҳасиз ҳаром бўлади. Мабодо ҳалол нарсаларга сарфлаш учун жамғарса ҳаром эмас, шундай бўлсада, узун орзуга берилиб ўлимни ёддан кўтарилишига сабаб бўлгани учун барибир яхши эмас, дейилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

«Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор». (Тағобун. 15).

Мол-мулк киши учун синовдир. Қўлига мол-дунё келганда ҳам ҳовлиқмасдан, тўғри йўлда сарфласа, ибодатини вақтида қилса, улкан савобларга эга бўлади. Аммо дунёга берилиб йўлдан озса, ҳаром-хариш ишларни қилса, мол топиш учун гуноҳ йўлларга ҳам кираверса, унда синовдан ўта олмаган бўлади ва гуноҳига яраша жазосини олади. Шунингдек, фарзандлар ҳам Аллоҳнинг улкан неъмати. Уларни тўғри тарбиялаб, художўй қилиб ўстирилса, икки дунёнинг обрўйини олиб беради. Агар тескариси бўлса, икки дунёда шарманда қилади. Демак, Аллоҳнинг муҳаббатини, мол-мулк ва фарзандлар муҳабатидан устун қўймоқ зарур. Чунки унинг ҳузурида улуғ ажр бор (Тафсири ҳилол).

 Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳам, мавзуга доир қатор ҳадислар мавжуд. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Шайтон айтар экан: мол-дунё эгаси менинг учта ҳийламдан қутула олмайди. Ўша ҳийлаларим билан эрталабда ҳам, кун кеч кирганда ҳам васваса қилиб тураман:

1. Молни ҳалол бўлмаган йўл орқали топиш(га ундайман);

2. Ноўрин жойга сарф этиши(га васваса қиламан);

3. Мол-дунёни яхши кўрсатиб қўяман. Натижада жойига сарф қилмай ушлаб қоладиган бўлади». (Имом Тобароний).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Динорнинг қули лаънатланди! Дирҳамнинг қули лаънатланди!». (Имом Термизий.)

Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Ҳар бир умматнинг ўзига хос фитнаси бор. Менинг умматларим фитнаси  мол-дунёдир!».

29) Шаҳватпарастлик

Қалбий касалликларнинг навбатдагиси кўнгил тусаган, лаззатли нарсаларни яхши кўриш, унга қул бўлишдир. «Шаҳват» деб халқ тилида фақат жинсий маъно тушунилади, аммо аслида унинг маъноси янада кенгроқ. Инсон кўнгли тусаган, иштаҳаси хоҳлаган ҳар бир ёқимли нарсани шаҳват, дейилади. Кўнгилни ўз хоҳишича қўйиб беришлик, у истаган нарса кетидан юриб охиратни унутишлик мўминларнинг шанига нолойиқ шаҳватпарастликдир. Бу иллат аксар ҳолда мол-дунё жамғаришга ундовчи сабаб бўлиб хизмат қилади. Вақтинчалик ўткинчи лаззатни деб, абадий бахт-саъодатдан юз ўгириш ақлли инсоннинг иши эмас. Мўмини комил дунё матоҳларидан фақат охиратга тегишли бўлган нарсаларни танлаши керак холос.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор». (Оли Имрон 14. Тафсири ҳилол).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳам бу ҳақда бир қанча панд-насиҳатлар бор: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Дунё лаънатлангандир. Унинг ичидаги нарсалар ҳам лаънатлангандир. Магар, Аллоҳни ёдга солувчилар, Аллоҳга муҳаббат уйғотувчилар, олимлар, мутаъаллим (талаба)лар мустасно». (Имом Термизий.)

Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Агар дунёнинг қадр-қиммати Аллоҳнинг наздида бир пашшанинг қанотига тенг бўлганида эди, ундан бирорта ҳам кофирга бир қултум сувча ҳам бермас эди». (Имом Термизий).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига савол қилиб айтдилар:

”Сув устида юриб қадами нам-ҳўл бўлмайдиган бирор киши борми?

—Йўқ эй Аллоҳнинг Расули.

—Дунё эгаси ҳудди шунга ўхшашдир. Гуноҳлардан омон қолмайди. (Имом Байҳақий).

30) Ҳирс

Мол-дунё ва шаҳватларга қул бўлишликнинг самараси бўлган ҳирс яъни очкўзлик маънавий қусурларнинг ўттизинчиси, деб белгиланди. Инсон қалбида бойликка муҳаббат бўлса, бунинг кетидан таъмагирлик, очкўзлик ҳам пайдо бўлади. Очкўзлар дунё ишини ҳамиша биринчи ўринга қўйиб охиратни кейинга суришади. Намоз, рўза каби ибодатларни адо этиш тугул, ҳатто улар ҳақида ўйлашга ҳам тоқатлари бўлмайди.

Мўмин учун аслида охират иши муҳим бўлиб қолгани иккинчи даражали бўлмоғи лозим. Дунёга ҳарислик, очкўзлик чин мўмин учун бегона сифатлардир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

«Дунёни дунё аҳлига қўйиб беринглар. (деб уч бора айтдилар) Кимки дунёдан ўзига етарли миқдордан ортиқчасини олса, ўзи сезмаган ҳолда охиратда ҳалок қилувчи нарсани олибди».(Баззор.)

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

«Одам боласининг ёши улғайиб борар экан, унинг икки нарсага бўлган ҳирси ёшариб боради. Мол-дунё ва яшашга бўлган ҳирслар». (Бухорий. Муслим).

Давоми бор.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...