Танловда янглишманг!

Lotin alifbosida

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари “Илм—дунёда азизлик ва охиратда шараф” деганлар. Бу ҳақиқатни англаган ақли комил ҳар бир киши ҳаётининг мустақил даврида бахтли яшаши учун олдиндан илм-ҳунар эгаллаб, икки дунё саодатига ноил бўлиш учун ўзига замин тайёрлаб боради.

Илм орттиришни мақсад қилган талабага илм фан соҳалари ичида энг манфаатлисини, айни дам ва келажакда унинг диний ҳам дунёвий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган фан бирламчи танлови бўлиши лозим.

Диний фанларда соф аҳли сунна ақидавий илмини бошқаларидан муқаддам қўйиш зарур. Ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолони батафсил далиллар билан таниши, У ҳақда сўзлаганда қониқарли ва етарли маълумотларга эга бўлиши керак. “Ота-онам мусулмон, шунинг учун мен ҳам мусулмон”, дейишдан нарига ўта олмайдиган жоҳил муқаллидлик ярамайди. Тўғри, эътиқодимизда муқаллидларнинг иймони саҳиҳ деб тан олинади, лекин шундай бўлсада улар лоқайдликлари учун гуноҳкор ҳисобланишади.

Шунингдек, янги чиққан тоифалардан кўра муқадам салафи-солиҳларимиз илмий меросларини ўрганишга қунт қилиш, уларнинг анъаналарига содиқ қолиш фойдалироқ бўлади.

Салафи-солиҳларимиздан кейин пайдо бўлган жидол, тортишувлардан шиддат билан қочиш керак. Чунки, тортишувли баҳслар толиби илмни фиқҳдан йироқлаштиради, умрни исроф қилади, орага адоват солади, илмни кўтарилиб кетишига омил бўлади. Ўзларидан бошқаларни бидъатчи ё кофир деб ҳисобловчи тоифалардан қутурган ваҳший ҳайвондан қочгандек қочиш керак.

Илм йўлига янги қадам қўйган талаба устоз танлашда ҳам етти ўлчаб бир кесиши маъқул. Муаллимлар ичидан билимли, парҳезгор ва ёши улуғроқларини ўзига устоз танлаши лозим. Бу масалада буюк мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ўрнак олсак бўлади. Ул зот узоқ ўйланиб ва тафаккур қилиб ўзларига Ҳаммод ибн Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳни танлаган ва у кишининг хузурига илм излаб борган эканлар. Ул зот устозлари ҳақида ўз таассуротларини шундай сўзлайди: “Мен Ҳаммод ибн Сулаймоннинг хузурига борганимда унинг жуда виқорли, ҳалим, сабрли, барчага ўрнак бўла оладиган бир шайҳ эканини билганман. У кишинг хузурида собит қолдим ва ўша ерда ўсиб униб камол топдим”.

Илми саёз, тақвоси йўқ, қўпол, бесабр ва ҳаётий тажрибага эга бўлмаган шахсларга шогирд бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлиш даркор. Зотан, ўзлари тарбияга муҳтож бундай шахслар талабаларини илмдан бездирадилар холос.

Айниқса, ваҳҳобий, салафий, ҳизбчи, таблиғчилар каби янги чиққан тоифаларга мансуб шахсларга шогирд бўлиб қолишдан Худо асрасин. Ундайлар ҳидоят йўли қолиб залолат сари етаклайди.

Шунингдек, турли ғайри шаръий одатий расм-русумлар, бидъий хурофотларга муккасидан кетган мутаассибларга ихлосманд ва маънавий талаба бўлиб қолишдан ҳам йироқ бўлиш керак. Бундай ҳавойилар учун шариат аҳкомларидан кўра нафсу ҳавосининг истаклари устун саналади. Энг хатарли жиҳати шуки уларга ихлос қилганлар онггида ўз устозларидан бошқа ҳамма адашган ё илмсиз бўлиб шаклланади.

Шунингдек, хозирги техника тараққиёти даврида оммалашган турли диний сайтлардан маълумот олишда ҳам эҳтиёткорлик кони фойда. Бугунги кунда фаолият олиб бораётган диний-маърифий сайтларнинг ҳаммасини ҳам тўғри мақсадаларга йўналтирилган деб бўлмайди. Тўрт фиқҳий мазҳаб фиқҳи, мотуридий-ашъарийлик ақидаси асосида таълим беришга мўлжалланган сайтлардангина фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Илм йўлига кирган талаба тўғри танловда адашмаслик учун албатта, ҳаётий тажрибага эга аҳли зиё олимлар билан маслаҳатлашиши даркор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобларини ҳам машварат-маслаҳат билан кенггашиб иш тутишга амр қилганлар. Ва ҳолбуки Ул зот энг зийрак ва юксак фаросат соҳиби эдилар. Шунга қарамасдан доим асҳоблар билан маслаҳатлашар эдилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Маслаҳат билан иш кўрган киши пушаймон бўлмас”. Шундай экан биз каби ожизлар илм-фан, устоз танлаш каби жиддий аҳамиятга эга ишларда албатта, катталарнинг фикрларини билишимиз, кўрсатмалари асосида иш қилишимиз, улар билан кенгашиб олишимиз лозим.

Таълимул-мутааллим китобида келтирилишича, донишмандлардан бири шундай тавсия берган экан: “Агар илм излаб Бухорога бориб қолсанг, устоз танлашга шошилма! Камида икки ой сабр қил. Токи, ҳар томонлама етук олимни топиб унга шогирд бўл”.

Демак, илм толиби танловда шошилмаслиги, обдон ўйлаб икки дунёси учун манффатли йўлни танлаши, бунда улуғлар билан кенгашиши лозим экан. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган тўғри йўлга бошласин, адашиб қолишдан, адашган оқим ва таълимотлар гирдобига тушиб қолишдан асрасин!

Андижон шаҳар “Бирпўстин ота” жоме масжид имом-хатиби

Абдуллаев Ўктамжон

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...